“(Аллоҳдан) сабр ва намоз ила ёрдам сўранглар. Дарҳақиқат, у (намоз) оғирдир. Фақат хушуъ қилувчиларга (оғир) эмас” (Бақара, 45).
“Сабр” луғатда ўзини тийиш, тутиш маъноларини билдиради.
Аллоҳ таоло гуноҳлардан тийилишни, сабр қилишни буюрди. Чунки гуноҳлардан тийилган, сабр қилган киши тоат-ибодатга ҳам сабр қилган бўлади. Бу хусусда энг тўғри сўз шудир, дейдилар Имом Қуртубий (раҳматуллоҳи алайҳ). Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “...Албатта, сабр қилувчиларга мукофотлари беҳисоб берилур” (Зумар, 10).
Имом Қуртубий тафсирида келтирилишича, ояти каримада ибодатлардан намоз зикр қилинишининг боиси намоз шаънининг улуғлигига ишорадир. Пайғамбаримизни (алайҳиссалом) бирор нарса ташвишга солса, намозга суянардилар (яъни, намоз билан хотиржам тортардилар) (Имом Аҳмад ривояти). Ривоят қилинишича, Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) сафарга кетаётганларида укаси Қусамнинг (бошқа бир ривоятда – қизининг) ўлими ҳақида хабар келади. Ибн Аббос дарров истиржоъ калимасини (“Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун”) айтади, сўнг четга ўтиб, намоз ўқийди, ортидан “(Аллоҳдан) сабр ва намоз ила ёрдам сўрангизлар”, оятини тиловат қилади. Бундан маълум бўладики, оятдаги “салот”дан мурод шариатдаги намоздир. Аммо баъзи муфассирлар “салот”нинг луғатдаги маъносини назарда тутишиб, бу оятда мурод дуо эканини ҳам айтишган.
Мужоҳид (раҳимаҳуллоҳ) эса оятдаги “сабр”дан мурод рўзадир, деганлар. Чунки рамазон сабр ойи дейилади. Зеро, рўза шаҳватлардан тўсади ва зуҳдни орттиради. Намоз эса ёмон ва бузуқ ишлардан қайтаради, киши қалбига хушуъ солади.
Имом Фахриддин Розий ҳам оятдаги “сабр”дан мурод рўза, дейдилар. Чунки рўзадор одам очлик ва чанқоқликка сабрли бўлади. Нафсини, меъдасини ва фаржини шаҳватдан тийган кимсадан дунё ғами, дилхиралиги узоқлашади. Бунга намоз ҳам қўшилгач, қалб маърифатуллоҳ нури билан мунаввар бўлади. Рўза намоздан олдин зикр қилиняпти. Чунки рўза кишидан нолойиқ нарсаларни кетказади. Намоз эса кишида керакли нарсаларни ҳосил қилади.
Озорларга сабр қилиш, тоат-ибодатда бўлиш билан нафснинг орзу-ҳаваслари жиловланади, қайсарлиги йўқолади, бу пайғамбарлар ва солиҳ зотларнинг хулқларидандир.
Сабр жуда улуғ фазилат, унинг охири ҳилмдир. Киши сабрни ўз фазилатига айлантириши билан хулқи ҳам ўз-ўзидан ҳалимлашиб-мулойимлашиб боради.
Шаъбий (раҳимаҳуллоҳ) айтишича, Ҳазрат Али (каррамаллоҳу важҳаҳу): “Сабр имон учун танадаги бош каби зарурдир”, деганлар.
Дарҳақиқат, у (намоз) оғирдир. Муфассирлар оятдаги “ҳо” (“у”) кўрсатгич олмошидан мурод намозми ёки сабрми, деган масалада турли фикрлар айтишган. Баъзилари “ҳо”дан мурод намоздир, дейишган. Зеро, намоз ўқиш нафсга рўза тутишдан кўра оғирроқ келади. Чунки рўзада фақатгина нафсоний шаҳватлардан (кундузи) тийилиш буюрилган. Яъни, рўзадорга ейиш-ичиш ва жинсий муносабат тақиқланган, холос. Гуноҳ бўлмаган мавзуда гаплашиш, юриш-туриш каби хоҳишлардан рўзадор қайтарилмаган. Намоз ўқиётган кишига эса, намоз амалларидан бошқа нарса қилиш мумкин эмас. Намозда барча аъзолар бутун орзу ва шаҳватлардан тўсилади. Шундай бўлгач, намоз нафсга оғир туюлади.
Айрим муфассирлар фикрига кўра, оятдаги “ҳо”дан мурод ҳам намоз, ҳам сабрдир.
“Хошиъун” сўзи “тавозели”, “камтарин” каби маъноларни билдирувчи “хошиъ” сўзининг кўплигидир. Хушуъ нафсий ҳолатдир. Аъзолардаги сокинлик ва тавозе нафсда пайдо бўлади. Қатода (раҳимаҳуллоҳ) айтади: “Хушуъ қалбда бўлади. Намозда қўрқиш ва назарни ўнгу сўлдан тўсиш хушуъдир”.
Иброҳим Нахаъий Аъмашга (раҳимаҳуллоҳи алайҳимо): “Билгин, хушуъ қаттиқ, қуруқ нарсалар ейиш, қалин ва дағал кийимлар кийиш, бошини эгиб юриш эмас. Хушуъ шарафли кишини ҳам, оддий одамни ҳам ҳақда тенг кўришдир. Аллоҳ сенга буюрган барча фарзларда итоат қилишингдир”, деган.
Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) бошини қуйи солиб кетаётган ёш йигитга: “Эй фалончи, бошингни кўтар, чунки хушуъ қалбдагидан бошқа нарса эмас”, деганлар.
Али ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳу) айтади: “Хушуъ қалбда, мусулмонларга юмшоқ муомала қилиш, намозда ўнгу сўлга қарамасликдир”.
Имом Фахриддин Розий айтади: “Оятдан мурод шу – намоз хушуъ қилмаган кимсаларга жуда оғир келади. Чунки намоз ўқиганида бирор савобга, уни тарк қилганида эса, қандайдир жазога лойиқ бўлишига ишонмагани учун унга бу иш машаққат бўлиб туюлади. Аммо қалби хушуъга тўла итоатлиларга эса, намоз ўқишнинг фойдалари кўп экани, ўқимаслик катта зарар эканига мустаҳкам ишончлари боис бу ибодат ҳеч оғир келмайди. Зеро, у намоз ўқиш билан катта ажр-савоб, улуғ неъматларга эга бўлишига ишонади”.
Имом Қуртубий ва Имом Фахриддин Розий тафсирлари асосида
Нўъмон Абдулмажид
тайёрлади.
Савол: Мен туш кўрдим ва уйғониб Ибни Сириннинг "Тушлар таъбири" китобини кўрсам ёмонроқ чиқди ва сиқилиб қолдим. Туш таъбири масалаларига мусулмон инсон қандай қараши керак?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аввало шуни айтишимиз керакки, Ибн Сирийн раҳимаҳуллоҳга нисбат берилган “Тушлар таъбири” китоби у зотга тегишли эмас. Шунинг учун бу китобни у зотга нисбат бериб бўлмайди. Динимизга кўра тушлар уч хил бўлади:
– Аллоҳ таоло томонидан бўлган, таҳорат билан ётилганда, тонгга яқин кўриладиган, солиҳ тушлар.
– Шайтондан бўлган, аниқ эсда қолмайдиган, кайфиятни туширадиган, алаҳсирашга ўхшаш ёмон тушлар.
– Касбига ёки қизиққан нарсасига тааллуқли тушлар.
Динимизда туш кўрганда нима қилиш кераклиги борасида аниқ тавсиялар келган. Агар рост тушлар шариатга мос келса, амал қилиш мумкин, агар зид келса, қатъий амал қилинмайди. Ёмон туш кўрган киши тушини бировга айтмаслиги ва тушнинг ёмонлигидан Аллоҳ таолодан паноҳ сўраши керак. Бу ҳақида Абдуллоҳ ибн Қатода розияллоҳу анҳу отасидан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рост туш Аллоҳдан, ёмон туш шайтондан. Бирортангиз қўрқинчли туш кўрса, чап томонига туфлаб қўйсин ва тушнинг ёмонлигидан (Аллоҳдан) паноҳ сўрасин. Шунда ёмон туш зарар қилмайди”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Яъни ёмон туш кўрган киши чап томонга енгилгина туфлаб: “Роббим! Кўрган тушимни ёмонлигидан паноҳ сўрайман”, деб қўяди.
Баъзи уламолар имкон бўлса ўрнидан туриб, таҳорат олиб, икки ракат нафл намоз ўқигани ҳамда бироз садақа қилиб қўйгани яна ҳам яхши, дейишган.
Шунингдек, туш инсон тақдирини белгиламайди. Тушга ортиқча баҳо бериб, уни ҳаёт мезонига айлантириш тўғри эмас. Биз динимиз кўрсатмаларига оғишмай амал қилсак, ҳам моддий, ҳам руҳий тарафдан соғлом, иродамиз мустаҳкам бўлади. Валлоҳу аълам!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.