Хотиржамлик таслимиятда
– Қаттиқ хасталаниб, ётиб қолдим, – деб ҳикоя қилади бир танишим. – Тузалишдан умид қилсам ҳам, юриб кетишимга кўзим етмасди. Шу чоққача яхши юрганим учунми, беқтоқат бўлар, “Нега энди ҳамма соппа соғ-у, мен касал бўлишим керак?” деган савол хаёлимдан кетмасди. Энг хижолатлиси, соғ пайтимда гап-гаштакларимизга кам қўшилгани учун биз доим мазах қилиб юрадиган бир ўртоғим ҳолимдан тез-тез хабар оларди. Узоқ суҳбатлашиб ўтирар, айтаётган гаплари, ривоятлари кўнглимга ёруғлик соларди. У кетгач, эшитганларимни тафаккур қилиб, хулосалар чиқарардим. Ўша ўртоғим ўргатганидек, ҳар қандай ҳолатда ҳам “Алҳамдулиллаҳ” калимасини такрорлардим. Бора-бора бир жойда ётишга ҳам кўникдим. Аммо бу шунчаки, ҳамма нарсадан умид узиш эмас. Бу қазойи қадарга розилик эди. Кўнглимда тузалиб кетишга, яна оёқларим билан юришга чинакам умид уйғонди. Шунда тушундим, ҳаловат, хотиржамлик таслимиятда экан...
Саодат асридан...
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни саҳобалар йиғилган мажлисда сўрадилар:
– Сизлар мўминмисиз?
Мажлис аҳли сукутга чўмди. Шунда ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу жавоб берди:
– Ё Расулуллоҳ, мўминмиз.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам савол бердилар:
– Имонингизнинг аломати нима?
Ҳазрат Умар дедилар:
– Неъматларга шукр, балога сабр қиламиз, қазойи қадарга рози бўламиз.
Расули акром соллаллоҳу алайҳи васаллам бу жавобдан мамнун бўлиб:
:– Каъбанинг Раббига қасам, сизлар бу сифатларингиз билан ҳақиқий мўминсиз, – дедилар. (Имом Табароний).
Яқин ўтмишдан ибрат
Машҳур теннисчи, Уимблдон чемпиони Артур Эш қон қуйиш жараёнида оғир хасталикни юқтириб олди. Аҳволи кундан-кун ёмонлашарди. Умрининг сўнгги кунларини яшаётган Артур мухлисларидан кўплаб мактублар оларди. Улардан бирида бундай сўзлар бор эди: “Парвардигор бундай дард учун нега бошқани эмас, сизни танлади?”
Артур Эш мухлисига бундай жавоб ёзди: “Бутун дунёда ҳар йили эллик миллион бола теннис ўйнашни бошлайди, шундан беш миллиони ўрганади, беш юз минг нафари профессионал даражага чиқади, беш минги катта мусобақаларда қатнашиб, эллик нафари “Уимблдон”гача келади, тўрттаси ярим финалда, иккитаси финалда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади. Қўлимда чемпионлик кубогини тутиб, қувониб турарканман, бирор марта: “Нега мен?” демаган эдим. Энди хасталикка чалиниб, азоб чекаётганимда: “Нега мен?” десам, кўрнамаклик бўлмайдими?”
Мўминнинг сифати
Ҳар қандай ҳолатни ҳам розилик билан қабул қилиш мўминлик белгиси. Зеро, бунда Аллоҳ таоло розилиги бор. Илоҳий ризога эришиш эса мўминнинг энг улуғ орзуси.
Кўпчилигимизга, бирор неъмат берилса, ўзимизни лойиқ деб билганимиз учун ҳам “нега менга?” деган савол хаёлимизга келмайди. Аммо қийинчилик етса, тилимизга чиқармасак-да, дилимиздан: “Нега машаққатларга фақат мен дучор бўларкинман?” деган савол ўтиши бор гап. Шундай пайтлар ўзимиздан юқори эмас, пастдагиларга қараш ҳақидаги муборак тавсияни унутиб қўямиз...
Яна бир ҳақиқат бор, банда илоҳий ризога фақат амаллари билан етишолмайди. Балки оз бўлса ҳам, амалнинг ихлос ила бажарилгани, ўша амал эгасининг ҳар қандай ҳолатда қазойи қадарга розилиги саодатга етишиш асосидир.
Зумрад ФОЗИЛЖОН қизи
тайёрлади
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ажойиб бир рамзий қисса бор. Бир киши хотини билан товуқ еб ўтирган эди, эшик тақиллаб қолди. Хотини бориб қараса, тиланчи экан. Хотин тиланчига еб турган овқатидан беришни хоҳлаган эди, эри жеркиб ташлаб: «Тиланчини эшик олдидан ҳайдаб юбор», деди. Хотин уни ҳайдаб юборди. Кейинчалик эр-хотин орасига совуқлик тушиб, эр хотинини талоқ қилди. Сўнгра бошқа бир киши келиб, совчи қўйди ва ўша хотинга уйланди. Кунларнинг бирида хотин кейинги эри билан товуқ еб ўтирган эди, эшик тақиллаб қолди. Хотин эшикни очиш учун борса, тиланчи экан. Хотин тиланчини кўргач, қийин аҳволга тушиб қолди. Эри: «Эшикни тақиллатган ким экан?» деса, хотин: «Аввалги эрим» деди. Шунда кейинги эри: «Бир неча йил аввалги эшигинг тагига келган тиланчи ҳам мен эдим», деди.
Ал-Жаббор сифатига эга Аллоҳ бандасини Ўзи ирода қилган нарсасига йўллайди. Бир банда у нарсани хоҳласа ҳам, бошқаси бу нарсани хоҳласа ҳам, Аллоҳ хоҳлаганини амалга оширади. Шундай бўлгач, ҳар бир ўтаётган кунингга шукр қил.
Анвар Турсунов