Умму Айман розияллоҳу анҳо асли ҳабашистонлик бўлиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг отаси Абдуллоҳнинг хизматчиси эди. Асли исми Барака бинти Саълаба, олдин Ҳазраж қабиласидан Убайд ибн Зайд никоҳида бўлган. Айман исмли ўғли боис уни “Умму Айман” деб чақиришарди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёга келганларида, биринчи бўлиб қучоғига олган меҳрибон аёл Умму Айман розияллоҳу анҳо эди. У муборак чақалоқни ўзгача меҳр билан парвариш қилган. Ҳалима онамиз ёш Муҳаммадни оналарига қайтариб берганидан кейин Умму Айман у зотга ҳам хизматчилик, ҳам энагалик қилди.
Ўша йиллари ҳазрат Омина Ясрибга бориб, эри Абдуллоҳнинг қабрини ва у ердаги қариндош-уруғларини зиёрат қилмоқчи бўлади. Ўғли Муҳаммад билан хизматчиси Умму Айманни олиб йўлга чиқади ва бир ойча Ясрибда туриб қолади.
Умму Айман бундай ривоят қилади: «Бир куни яҳудий олимларидан икки киши ёнимга келиб: “Аҳмадни олдимизга олиб келгин, бир кўрайлик”, дейишди. Мен Аҳмадни чақирдим, унга диққат билан назар солиб, қараб чиқишгандан сўнг улардан бири: “Бу бола кутилаётган охирзамон пайғамбари бўлиши мумкин, у кейинчалик бу шаҳарга ҳижрат қилиб келади. Оламшумул ҳодисалар юз беради», деди. Шу воқеадин кейин Умму Айман бошига бир хафалик тушмасин, деган ташвишда бу севимли боланинг ёнидан ҳаргиз айрилмади.
Қайтиш вақти келганида учовлари Макка томон йўлга чиқишди. Абво қишлоғига етганларида ҳазрат Омина оғриб қолди. Шу ерда бир неча кун дам олиб, соғайганидан кейин йўлга чиқмоқчи бўлишди. Лекин ҳазрат Оминанинг касали кундан кун оғирлашди. Умму Айман бир тарафдан Оминага хизмат қилса, яна бир тарафдан ёш Муҳаммад алайҳиссаломга қарар, ундан кўзини узмас эди. Икки дунё қуёши – бўлажак Пайғамбаримиз онасининг қийналаётганини кўриб, унсиз йиғлардилар.
Омина ҳам дард оғриғини унутиб: “Болам етим қоладиган бўлди”, деб ёлғизгина ўғлини ўйлар эди. Дарди оғирлашиб, касали кучаяверди. Ниҳоят она: “Ўғлим! Ҳар бир жон ўлади, ҳар бир янги нарса эскиради, ҳар бир гул қуриб тўзийди, менинг ҳам умрим тугаб боряпти”, деди ва ўғлини энг олдин Аллоҳга, сўнг Умму Айманга омонат қилиб, фоний дунёдан кўз юмди.
Ҳазрат Омина дафн қилинганидан сўнг Умму Айман бўлажак пайғамбарни бир туяга ўтқизиб, ўзи бошқа туяга миниб, чўл-саҳролар, тоғ-тошлардан ўтиб, машаққат билан Маккага етиб келди, Қурайш улуғи Абдулмутталибнинг уйига тушди.
Умму Айман жонидан ҳам кўпроқ яхши кўрадиган Муҳаммад алайҳиссалом улғайиб, оилали бўлгунларича онасидек меҳрибонлик, фидокорлик кўрсатди. У зот ҳам энагасини ҳаргиз унутмай, ҳар доим йўқлаб, хабар олиб турдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уни «иккинчи онам» деб алоҳида ҳурмат қилар, жаннат аҳлидан эканининг хабарини берган эдилар.
Умму Айман розияллоҳу анҳонинг эри вафот этиб, тул қолди. Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни саҳобалар билан ўтирганларида: «Жаннат аҳлидан бўлган аёл билан оила қуришни хоҳлаган киши Умму Айманни никоҳига олсин», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу таклифини асраб олган ўғиллари Зайд ибн Ҳориса қабул қилди. Пайғамбар алайҳиссалом Умму Айманни саҳоба Зайдга никоҳлаб бердилар. Икковларидан Исломнинг энг ёш қўмондони, улуғ саҳобий Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу дунёга келди.
Умму Айман розияллоҳу анҳо Аллоҳ таолога таваккал қиладиган, сабрли аёл эди. Энг қийин вазиятда ҳам умидсизликка тушмас, Аллоҳ таолонинг раҳмати, мадади келишига ишонарди.
Бир куни Умму Айман сафарга чиқиб, Равҳа деган жой яқинида дам олгани тўхтади. Қаттиқ чанқаган, бир қултум ҳам суви қолмаган эди. Шундай ҳолсизланиб турганида, осмондан оқ арқонга боғланган бир челак осилиб тушганини кўрди. Челак тўла муздек тотли сув экан, қонгунича ичди. Чанқоғи босилиб, роҳатланди. Кейинчалик Умму Айман бу воқеани баён қиларкан: «Шу сувдан ичганимдан сўнг ҳаргиз чанқоқ нималигини ҳис қилмадим», дейди.
Саййида Умму Айман розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни катта қилгани учун ўз боласидек кўриб, ўрни келганида койиб ҳам қўярди. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг сўзини ҳаргиз оғир олмаганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларидан кейин ҳазрат Абу Бакр бир куни ҳазрат Умарга: “Умму Айманни зиёрат қилиб келайлик, Пайғамбар алайҳиссалом уни зиёрат қилиб турардилар”, деди. Умму Айман уларни кўриб, йиғлади. Абу Бакр ва Умар: “Нега йиғлайсиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг даргоҳида эканлари яхшироқ эмасми?” деб тасалли бермоқчи бўлишди. Умму Айман: “Мен Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг Аллоҳ таоло даргоҳида экани яхшилигини билмаганим учун эмас, ваҳий тушмай қолгани учун йиғлаяпман”, деди. Унинг бу сўзи Абу Бакр ва Умар розийаллоҳу анҳумларни ҳам қаттиқ ҳаяжонга солди, улар ҳам йиғлашди.
Аллоҳ таоло Умму Айман розияллоҳу анҳога узоқ умр ато қилди. У уч улуғ саҳобий бошқарган даврларни кўрди. Ҳазрат Усмон розияллоҳу анҳу даври бошланган йили вафот этди.
“Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ислом ўрта махсус билим юрти талабаси
Мадина ҚОСИМОВА
тайёрлади.
Бир ўтириб, яшаб ўтган шунча йиллик ҳаётимизда бошдан кечирган ғам-ғуссаларимиз ҳақида фикр юритиб кўрсак, қайғулар икки хил эканини кўрамиз:
Биринчиси – ўша пайтда кўзимизга катта кўриниб, ҳатто йиғлашимизга сабаб бўлган қайғуларимиз. Лекин вақт ўтиши билан улар аслида оддий нарса экани, йиғлашга арзимаслиги маълум бўлади. Баъзан ўша кунларни эслаганимизда кулгимиз келиб, «Шу арзимас нарса учун ҳам сиқилиб, йиғлаб юрган эканманми? У пайтларда анча ёш бўлган эканмиз-да», деб қўямиз.
Иккинчиси – ҳақиқатдан ҳам катта мусибатлар. Баъзилари ҳаётимизни зир титратган. Бу қайғулар ҳам ўтиб кетади, лекин ўчмайдиган из қолдириб кетади. Бу излар узоқ йилларгача қалбга оғриқ бериб тураверади. Бу қайғулар баъзан тўхтаб, баъзан ҳаракатга келиб, янгиланиб турадиган вулқонга ўхшайди. Бундай ғам-қайғуларнинг яхши тарафи шундаки, улар ҳаётда ҳам, охиратда ҳам яхшиликларнинг кўпайишига сабаб бўлади. Улар қалбимизда ўчмас из қолдирса, ҳар эслаганда кўзларимизда ёш қалқиса, энг асосийси – ўшанда дуога қўл очиб, сабр билан туриб бера олсак, кўп-кўп яхшиликларга, ажр-савобларга эга бўламиз. Ғам-қайғу янгиланиши билан яхшиликлар ҳам янгиланиб бораверади.
Ғам-қайғусиз ҳаётни кутиб яшаётган қизга «Сиз кутаётган кун бу дунёда ҳеч қачон келмайди», деб айтиш керак.
Аллоҳ таоло «Биз инсонни машаққатда яратдик», деган (Балад сураси, 4-оят).
Бу ҳаёт – ғам-ташвишли, азоб-уқубатли, машаққатли ҳаётдир. Мўмин одам буни жуда яхши тушунади. Бу дунёда қийналса, азоб чекса, охиратда албатта хурсанд бўлишини билади. Инсон мукаммал бахтни фақатгина охиратда топади. Шунинг учун улуғлардан бирига «Мўмин қачон роҳат топади?» деб савол беришганда, «Иккала оёғини ҳам жаннатга қўйганида», деб жавоб берган экан.
Аллоҳнинг меҳрибонлигини қарангки, охират ҳақида ўйлаб, унга тайёргарлик кўриш ҳаётни гўзал қилади, қайғуларни камайтириб, унинг салбий таъсирини енгиллатади, қалбда розилик ва қаноатни зиёда қилади, дунёда солиҳ амалларни қилишга қўшимча шижоат беради, мусибатга учраганларни бу ғам-ташвишлар, азоб-уқубатлар бир кун келиб, бу дунёда бўлсин ёки охиратда бўлсин, барибир якун топишига ишонтиради. Охират ҳақида ўйлаб, фақат солиҳ амаллар қилишга интилиш инсонни бахтли қилади.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Кимнинг ғами охират бўлса, Аллоҳ унинг қалбига қаноат солиб қўяди, уни хотиржам қилиб қўяди, дунёнинг ўзи унга хор бўлиб келаверади. Кимнинг ғами дунё бўлса, Аллоҳ унинг дардини фақирлик қилиб қўяди, паришон қилиб қўяди, ваҳоланки дунёдан унга фақат тақдир қилинган нарсагина келади».
Аллоҳ таоло фақат охират ғами билан яшайдиган (охират ҳақида кўп қайғурадиган, ҳар бир амалини охирати учун қиладиган) қизнинг қалбини дунёнинг матоҳларидан беҳожат қилиб қўяди. Қарабсизки, бу қиз ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзини бахтли ҳис қилади, ҳаётидан рози бўлиб яшайди. Хотиржамликда, осойишталикда, қаноатда яшагани учун истамаса ҳам қўлига мол-дунё кириб келаверади. Зеро, Аллоҳ таоло охират ғамида яшайдиган, шу билан бирга, ҳаётий сабабларни ҳам қилиш учун ҳаракатдан тўхтамаган кишининг ризқини кесмайди, уни неъматларига кўмиб ташлайди.
Аммо Аллоҳ таоло бор ғам-ташвиши дунё бўлган қизни фақирлар қаторида қилиб қўяди. Бундай қиз мол-дунёга кўмилиб яшаса ҳам, ўзини фақир, бечора ҳис қилаверади. Натижада дарди янгиланаверади, дардига дард қўшилаверади, фикрлари тарқоқ бўлиб, изтиробга тушади. Афсуски, шунча елиб-югургани билан фақат дунёнинг неъматларига эриша олади, охиратда насибаси бўлмайди.
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ,
Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.