Ҳаётий воқеа
Доктор Ишон Ҳусайний сафарга отланди. Тиббиёт соҳасида кўрсатган хизматлари учун халқаро анжуманга таклиф этилган.
Самолёт осмонга кўтарилди-ю, об-ҳаво айнигани боис йўналишини ўзгартириб, бошқа шаҳарга қўнди. Кейинги рейс ўн олти соатдан сўнг экан. Бундан хабар топган доктор қаттиқ асабийлашди: “Шунча вақт кута олмайман, кечга қоламан ахир!” Аэропорт ходимлари ижарага автомашина олиб, манзилга тезроқ етиб бориш мумкинлигини айтишди.
Жаноб Ҳусайний шоша-пиша йўлга чиқди, аммо аксига олиб, тез орада жала қуя бошлади. Атрофда на бир зот, на бошқа улов кўринади. Бундай ҳавода машина бошқаришнинг ўзи бўлмайди. Доктор йўл юзидаги чоғроқ бир уй ёнида тўхтаб, эшикни тақиллатган эди, қулфланмаган экан. Ёмғирда ивиб кетган мусофир мезбондан ижозат ҳам сўрамай, ўзини ичкарига урди. Унга кекса аёл пешвоз чиқди. Доктор онахонга узрини айтиб, ҳовлиққан кўйи вазиятни тушунтирди:
– Зудлик билан қўнғироқ қилишим лозим, телефонингизни бериб турсангиз.
Аёл кутилмаган меҳмоннинг аҳволини кўриб, унга ачинди:
– Болам, ичкарига киринг, бир пиёла чой ичиб, уст-бошингизни қуритиб олинг. Иш қочмас...
Доктор бу гапларга аҳамият бермай, илтимосини такрорлади:
– Телефонингиз борми, қўнғироқ қилиб олсам бўладими?
– Телефонимиз йўқ-да, болам, – хижолатомуз жавоб берди аёл.
Чорасиз қолган меҳмон онахоннинг таклифини қабул қилди, ичкарига кириб исинди, эгнини қуритди, бир оз тамадди қилди. Шунда қўшни хонада унсизгина ётган гўдакка кўзи тушди. Тепасига бориб, унинг хаста эканини англади.
– Холажон, бу болага нима бўлган?
– Бу неварам... ҳам отаси, ҳам онасидан айрилган. Шаҳарчамиз шифокорлари касалига чора топа олишмади. Уларнинг айтишича, пойтахт томонларда Ишон Ҳусайний дегани бор экан, неварамни фақат шу одам даволай олармиш. Уни қанақа қилиб топаман? Ўзим у ёқларга боролмасам, бировни жўнатиб, чақиртирай десам, қўлим калталик қилади... – Онахоннинг овози титраб кетди. – Кечаю кундуз Парвардигорга илтижо қилиб, жигарбандимнинг дардига даво топадиган ўша бандангга рўпара қил, дейман.
Хокисор бу аёлнинг гапларини тингларкан, жаноб Ҳусайнийнинг бўғзига бир нима тиқилди, кўзлари ёшланди.
Холажон, Аллоҳ дуоларингизни қабул қилибди. Сизнинг илтижоларингиз осмонда чақмоқ чақтириб, самолётни ерга қўндирди, жалалар қуйдирди ва ниҳоят, мени эшигингизга келтирди. Сиз излаётган доктор Ҳусайний мен бўламан. Яратган бандаларининг чин ихлос билан қилган дуоларини ижобат этишига, истакларини рўёбга чиқаришига яна бир бор имон келтирдим. Гўдакка шифони Аллоҳ беради, мен бир сабабчиман, холос.
Абдулла ЙЎЛДОШЕВ,
Тошкент шаҳар “Исломобод”
жоме масжиди имом-хатиби
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким: «Розийту биллаҳи Роббан ва бил Ислами дийнан ва би Муҳаммадин соллаллоҳу алайҳи васаллама Росула», деса, унга жаннат вожиб бўлади», дедилар (Абу Довуд ривояти).
Маъноси: Аллоҳни Роббим деб, Исломни диним деб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни расул деб рози бўлдим.
* * *
Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтадилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Роббингиз ҳузурида амалларнинг яхшиси, даражангизни баланд қилувчиси, пул ва олтинларни инфоқ қилишдан афзалроқ бўлган ва душманингизга йўлиқиб, унинг бўйнига қилич уришдан ҳам яхши нарсани айтайми?» дедилар. Саҳобалар: «Айтинг», дейишди. Шунда Расулуллоҳ: «Аллоҳни зикр қилиш», дедилар (Термизий ва Ибн Можа ривояти).
* * *
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Исро кечаси Иброҳим алайҳиссаломга йўлиқдим. У зот: «Эй Муҳаммад, умматингизга мендан салом айтинг ва жаннатнинг тупроғи пок, суви ширин ва ўзи текис, ўсимлиги «Субҳаналлоҳи валҳамду лиллаҳи ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар» эканини уларга хабар беринг», дедилар» (Термизий ривояти).
* * *
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки: «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи», деса, у учун жаннатда бир хурмо экилади», дедилар (Термизий ривояти).
* * *
Абу Зарр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Каломларнинг қайси бири Аллоҳ таолога маҳбуброқ?» деб сўрадилар. У зот: «Аллоҳ фаришталарига ихтиёр қилган «Субҳана Робби ва биҳамдиҳи, субҳана Робби ва биҳамдиҳи» жумласини айтиш», дедилар» (Термизий ривояти).