Бир танишим яқинда бошидан ўтган кўнгилсиз воқеалардан сўз очиб қолди: “Онам қазо қилдилар... Таъзия маросимларини ўтказиб ишга чиқдим. Касбдошларимдан бири мени кўрди-ю юзимга бир муддат тикилиб:
– Вой-бўй, мунча озиб кетибсиз, айрилиқ сизни анча чўктирибди. Ранг-рўйингиз ҳам бир аҳвол. Жигарингиз ҳам оғрирди-а? Дўхтирга бир кўрининг, бунақада йиқилиб қоласиз! – деди.
Бу гаплар юрагимга тиғдек ботди. Ерга қарадим, ўпкам тўлиб, кўзимга ёш келди. Жудолик ўтида ёнган юрагимга яна қалов ташланган эди. Хонамга жимгина йўл олдим. Қўшни хонадан кучли қаҳқаҳа эшитилди. Бу қадрдон дугонамнинг овози эди. Вужудим титраб кетди. Онам ҳаётлигида у бизникига кўп келган. Онамнинг пазандалиги, чеварлиги, қўли очиқлиги, меҳмондўстлигини мақтаб чакаги ёпилмас эди. Байрамларда онагинам дугонамга кичкина бўлса ҳам совға ҳозирлаб қўярди, унинг ҳақига дуолар қиларди. Вақти келиб онам тўшакка михланиб қолди, ўшанда негадир дугонамни сўради. Балки соғингандир, балки бир кўнгилдош излагандир. Ҳарҳолда уни сўраб-сўраб қўйди. Бу вақтда дугонам дунё ташвишлари билан елиб-югурарди. Таъзияга ҳам келолмади. Кейин билсам, Тошкентга тўйга кетган экан. Балки у хабарсиздир…”
Суҳбатдошимга таскин бердим. Сўнг ҳаётимизда тез-тез кузатиладиган бу каби ҳолатлар ҳақида ўйга толдим. Ҳақиқатан, баъзида бировларнинг сўзи у ёқда турсин, хатти-ҳаракатлари, қилиқлари ҳам кўнгилга беихтиёр озор беради. Самимият эса кишига катта куч, ирода бахш этади. Яхши сўзда меҳр, анчайин бир қудрат бор. Айтайлик, маҳзун юзли, беморликни бошдан кечирган танишингизни кўрдингиз. Кун сайин ранги тиниқиб, саломатлиги яхшиланиб бораётганини чин дилдан айтдингиз – унинг кўнглига яхши тилаклар индирдингиз. Аслида, ўзи бу қадар соғлом, куч-ғайратга тўла эмасдир. Лекин сиз уни умидсизлик исканжасидан қутқариб оласиз. Арзимасдай кўринган меҳр-оқибатингиз хайрли бўлади, иншоаллоҳ.
Атрофга разм солиб, ҳаётни кузатинг. Дабдабаю асъасалар ичра юрган кимсаларга, турмуш ташвишлари билан андармон одамларга эътибор беринг. Оқибат ва оқибатсизликнинг турфа манзараларини, кўнгил сўралмаган фурсатларнинг изларини илғайсиз. Жуда кичкина бўлса-да, вақтида берилган кўмак, чин юракдан айтилган оддийгина лутфу карам, тамасиз хайрихоҳлик ҳам далдага муҳтож кўнгилларга мустаҳкам таянч бўлишини ҳис этасиз.
Маъмура АБДУРАҲИМОВА
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Бухоро вилояти вакиллиги ҳамда Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида “Қуръон тинчликка буюради” шиори остида имом-хатиб ва имом ноиблари ўртасида “Заковат” интеллектуал беллашуви ташкил этилди.
Тадбирда Бухоро вилояти ҳокими ўринбосари А. Қаландаров, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Бухоро вилояти вакили ўринбосари О. Авезов, Мир Араб олий ва ўрта махсус мадрасаси устозлари, мутасадди ташкилотлар вакиллари ҳамда иштирокчилар қатнашди.
Очилиш маросимида сўзга чиққанлар интеллектуал беллашувлар диний соҳа ходимларининг билим ва салоҳиятини ошириш, ўзаро ҳамжиҳатлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар.
Беллашувда вилоятнинг 13 та ҳудудидан сараланган иштирокчилардан ташкил топган “Абу Ҳафс Кабир”, “Муҳаддислар”, “Фақиҳлар”, “Бухорийлар авлоди”, “Нақшбандийлар” ва “Янги Ўзбекистон” жамоалари ўзаро беллашди.
Мусобақа “Қуръон илмлари”, “Тажвидга оид блиц саволлари” ҳамда “Топқирлик ва чаққонлик” шартлари асосида ўтказилиб, иштирокчилар диний-маърифий, тарихий ва умумий билимларга оид саволларга жавоб бердилар.
Қизғин ва муросасиз кечган баҳслар якунига кўра:
1-ўрин — “Янги Ўзбекистон” жамоаси;
2-ўрин — “Абу Ҳафс Кабир” жамоаси;
3-ўрин — “Бухорийлар авлоди” жамоаси.
Ғолиб жамоага “Қуръон тинчликка буюради” интеллектуал беллашуви кубоги тантанали равишда топширилди. Шунингдек, барча фаол иштирокчилар эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Таъкидланганидек, мазкур беллашув диний соҳа вакиллари ўртасида билим ва тажриба алмашиш, китобхонлик маданиятини юксалтириш, интеллектуал салоҳиятни ошириш ҳамда жамиятда тинчлик, ҳамжиҳатлик ва маърифат ғояларини кенг тарғиб этишга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Бухоро вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати