frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Волидасидан айрилган инсон кечинмаси

05.01.2018   8899   2 min.
Волидасидан айрилган инсон кечинмаси

Бир танишим яқинда бошидан ўтган кўнгилсиз воқеалардан сўз очиб қолди: “Онам қазо қилдилар... Таъзия маросимларини ўтказиб ишга чиқдим. Касбдошларимдан бири мени кўрди-ю юзимга бир муддат тикилиб:

– Вой-бўй, мунча озиб кетибсиз, айрилиқ сизни анча чўктирибди. Ранг-рўйингиз ҳам бир аҳвол. Жигарингиз ҳам оғрирди-а? Дўхтирга бир кўрининг, бунақада йиқилиб қоласиз! – деди.

Бу гаплар юрагимга тиғдек ботди. Ерга қарадим, ўпкам тўлиб, кўзимга ёш келди. Жудолик ўтида ёнган юрагимга яна қалов ташланган эди. Хонамга жимгина йўл олдим. Қўшни хонадан кучли қаҳқаҳа эшитилди. Бу қадрдон дугонамнинг овози эди. Вужудим титраб кетди. Онам ҳаётлигида у бизникига кўп келган. Онамнинг пазандалиги, чеварлиги, қўли очиқлиги, меҳмондўстлигини мақтаб чакаги ёпилмас эди. Байрамларда онагинам дугонамга кичкина бўлса ҳам совға ҳозирлаб қўярди, унинг ҳақига дуолар қиларди. Вақти келиб онам тўшакка михланиб қолди, ўшанда негадир дугонамни сўради. Балки соғингандир, балки бир кўнгилдош излагандир. Ҳарҳолда уни сўраб-сўраб қўйди. Бу вақтда дугонам дунё ташвишлари билан елиб-югурарди. Таъзияга ҳам келолмади. Кейин билсам, Тошкентга тўйга кетган экан. Балки у  хабарсиздир…”

Суҳбатдошимга таскин бердим. Сўнг ҳаётимизда тез-тез кузатиладиган бу каби ҳолатлар ҳақида ўйга толдим. Ҳақиқатан, баъзида бировларнинг сўзи у ёқда турсин, хатти-ҳаракатлари, қилиқлари ҳам кўнгилга беихтиёр озор беради. Самимият эса кишига катта куч, ирода бахш этади. Яхши сўзда меҳр, анчайин бир қудрат бор. Айтайлик, маҳзун юзли, беморликни бошдан кечирган танишингизни кўрдингиз. Кун сайин ранги тиниқиб, саломатлиги яхшиланиб бораётганини чин дилдан айтдингиз – унинг кўнглига яхши тилаклар индирдингиз. Аслида, ўзи бу қадар соғлом, куч-ғайратга тўла эмасдир. Лекин сиз уни умидсизлик исканжасидан қутқариб оласиз. Арзимасдай кўринган меҳр-оқибатингиз хайрли бўлади, иншоаллоҳ.

Атрофга разм солиб, ҳаётни кузатинг. Дабдабаю асъасалар ичра юрган кимсаларга, турмуш ташвишлари билан андармон одамларга эътибор беринг. Оқибат ва оқибатсизликнинг турфа манзараларини, кўнгил сўралмаган фурсатларнинг изларини илғайсиз. Жуда кичкина бўлса-да, вақтида берилган кўмак, чин юракдан айтилган оддийгина лутфу карам, тамасиз хайрихоҳлик ҳам далдага муҳтож кўнгилларга мустаҳкам таянч бўлишини ҳис этасиз.

 

Маъмура АБДУРАҲИМОВА

Ибратли ҳикоялар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Саховатпеша юртдошларимиз масжидлар коммунал тўловларини қўллаб-қувватламоқда

07.08.2026   21440   1 min.
Саховатпеша юртдошларимиз масжидлар коммунал тўловларини қўллаб-қувватламоқда

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар билан ишлаш бўлимининг маълумотига кўра, 2026 йилнинг июнь–июль ойлари давомида юртдошларимиз томонидан DOMO мобил иловаси орқали масжидларнинг коммунал харажатларини қоплашга қаратилган хайрли ташаббус фаол қўллаб-қувватланди.


Ушбу давр мобайнида 650 та масжид учун жами 254,7 миллион сўм хайрия маблағлари йиғилиб, пўлатдай шаффофлик билан тўловларга йўналтирилди.


Сарфланган маблағлар тақсимоти:

  • 225,9 млн сўм (88,7%) — электр энергияси тўловларига;

  • 28,8 млн сўм (11,3%) — табиий газ харажатларини қоплашга.


Энг кўп хайрия қилинган ҳудудлар:

  • Тошкент шаҳри — 103,6 млн сўм;

  • Тошкент вилояти — 29,3 млн сўм;

  • Қорақалпоғистон Республикаси — 27,4 млн сўм;

  • Фарғона вилояти — 24,9 млн сўм. 
     

Бу каби хайрли эҳсонлар масжидларимизнинг узлуксиз фаолиятини таъминлаш ва намозхонлар учун муносиб шароит яратишга хизмат қилмоқда.


Барча саховатпеша ҳамюртларимизга самимий миннатдорлик билдириб, қилинаётган эзгу амалларга Ҳақ таолодан барака тилайди.
 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари