Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
28 Июн, 2025   |   3 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:07
Қуёш
04:52
Пешин
12:26
Аср
17:41
Шом
20:03
Хуфтон
21:46
Bismillah
28 Июн, 2025, 3 Муҳаррам, 1447

Исломни қабул қилган Елена билан ажойиб суҳбат

04.01.2018   6895   8 min.
Исломни қабул қилган Елена билан ажойиб суҳбат

Мен Елена билан Мусулмон ёшлари фестивалида танишиб қолдим. Мени ҳар доим Исломга кирган рус миллати вакиллари қизиқтиради. Ленанинг Буюк Болгардаги Оқ масжидда ўтказилган қорилар танловида биринчи ўринни олганини эшитганимдан сўнг қизиқишим икки баробар кучайди. Ва у билан суҳбатлашишга ошиқдим.

Лена, сизнинг Исломга киришингизга нима туртки бўлди? Бу дин ҳақида биринчи марта қачон эшитган эдингиз?

– Ислом дини ҳақида мактаб ўқувчиси бўлган вақтимда эшитганман. Синфимизда бир бола намоз ўқиб, рўза тутар эди. Унинг таъсирида яна бир бола мусулмон бўлди. Мен улар билан кўп суҳбатлашар эдим, улар менга мусулмонлар ва Ислом дини ҳақида сўзлаб беришарди.  Ислом ҳақидаги дастлабки тасаввурларим ўша вақтда пайдо бўлган.

Бу дин сизни нимаси билан ўзига жалб қилди?

– Биринчи галда мени ҳайратга солгани – мусулмонларнинг спиртли ичимликлар ва кўнгилочар тадбирлардан йироқлиги бўлди. Бир сафар мусулмон синфдошимнинг уйига меҳмонга бордим ва мусулмонларнинг оилавий ҳаётини ўз кўзим билан кўрдим. Улар жуда ҳам меҳмондўст, уйлари озода ва нарсалари тартибли эди. Бундай орасталик  менга жуда ҳам ёқиб қолди. Ана шу воқеа менинг Исломга жиддий қизиқишим ва  унинг фазилатларини ҳис қилишимга асос бўлди. Ўша синфдошим, айтганимдек, болалигиданоқ мусулмон эди ва унга ота-онаси намоз ўқишни ўргатган эди. Юқори синфга ўтганимизда эса у намозни мустақил ўқир ва менга Ислом ҳақида жуда кўп қизиқарли нарсаларни гапириб берар эди. Мени ҳаммасидан ҳам илмий ихтиролар ва кашфиётларнинг Қуръони карим оятлари билан тўғри келгани қизиқтирар эди.

Шундай қилиб, менинг Ислом билан қизиқишим борган сари кучайиб бораверди, кўп китобларни ўқиб чиққанимдан сўнг яқинларимга: ислом бутун олам халқи учун нозил қилинган экан, мен ҳам муслима бўлишни истайман”, деб гапира бошладим. Мактабни тугатганимдан сўнг педагогика университетига ўқишга кирдим. Отам билан диний мавзуда суҳбатлашганимизда – у ҳали менинг Исломга кирганимни билмас эди – мен унга мусулмон бўлганимни ва Аллоҳдан бошқа ҳеч бир илоҳ йўқлигини айтдим. У менинг фикримга қўшилди ва менинг танловимни тўғри деб топди.

Демак, сизнинг эътирофингиз унга зарба бўлмади?

– Билмадим, эҳтимол, зарба бўлса ҳам бўлгандир. Аммо буни менга сездирмади. У менга: “Бу сенинг танловинг, сенинг ҳаётинг, мен сенга қайси динни ушлашинг кераклигига таъсир ўтказишга ҳаққим йўқ”, деди. У ҳайдовчи бўлиб ишлайди ва бутун мамлакат бўйлаб юк ташийди. У жуда ҳам ақлли одам. Ўша вақтда отам менинг бу қароримга ҳурмат билан ёндашади ва Ислом аҳкомларини бажаришимга қаршилик қилмайди, деб умид қилган эдим. Шукрки, янглишмаган эканман.

Бунга оиланинг бошқа аъзолари қандай муносабатда бўлди?

– Онам бир неча йил бурун вафот этган. Акамнинг ўз оиласи бор, у алоҳида яшайди. У мени ҳар тарафдан кузатиб юрди. Ўйлашимча, менинг танловимни тушуна олмади. Дарвоқе, биз бу мавзуда ҳеч фикр алмашмаган эдик. Барибир, ўзаро муносабатимиз яхши. Бошқа қариндошларим бу масалага турлича ёндашди. Кўз ёши тўкканлар ҳам, насиҳат қилганлар ҳам, таҳдид қилганлар ҳам бўлди.  Аммо, буларнинг барчасига мен жилмайиб жавоб қилдим. Мен уларга унчалик аҳамият бермадим. Мен учун энг муҳими, отамнинг муносабати эди. Албатта, ҳаммаси инсоннинг ўзига боғлиқ, бу гапларни эшитган опам жуда ҳам дарғазаб бўлди ва йиғлай бошлади.  Мен унга: «Нега йиғлаяпсан? Ахир мен бахтимни топдим-ку!» дедим. Мен қариндошларимга ҳақиқатан, бахтимни топганимни тушунтиришни хоҳладим, аммо бу осон иш эмас эди.  Мабодо, одам қарор қабул қилиб олса, уни ишонтириш жуда ҳам қийин иш. Сизга қарши бораётганларга жаҳл қилиш асло мумкин эмас. Уларга мулойим муомала қилган маъқул.

Диний байрамларни уйда қандай кутиб оласиз?

– Мусулмонларнинг байрамини биз уйда нишонламаймиз. Чунки уйда ёлғиз мен мусулмонман, холос. Шундай бўлса ҳам ўтган йили яқинларим рамазон ҳайити билан қутлашди. Улар байрамларини нишонлаётган чоқ стол устида спиртли ичимликлар пайдо бўлади, мен дарҳол ўзимни четга олишнинг пайида бўламан. Нима бўлганда ҳам, қариндошларимни Исломга оид мавзуларда бирор масала қизиқтириб қолса, саволига дадил жавоб бермоқдаман.   

Сиз исмингизни ўзгартиришни истамадингизми, одатда, Исломга кирганлар шундай қилишади?

– Шу саволга қизиқиб кўрдим. Менга исмингиз, хунук бўлмаса ёки маъноси ёмон бўлмаса ўзгартириш шарт эмас деб тушунтиришди.

Қизиқ, сизнинг бу қадамингизни мактабдаги ҳамкасбларингиз ва университетдаги курсдошларингиз қандай қарши олди?

– Улардан мени яқиндан билганлари Исломга киришга тайёр бўлиб юрганимдан хабардор эди. Ҳатто менга: “Сен ўзингни насроний деб ҳисоблаган тақдирингда ҳам, барибир, дунёқарашинг мусулмонча бўлиб қолаверади”, дейишар эди. Ўша кезларда мен эътиқодим бўйича опа-сингиллар билан унчалик яқин эмас эдим. Бироқ вақт ўтиши билан улардан қаерда таҳорат олиб, намоз ўқиса бўлиши ҳақида сўраб билиб олдим. Орадан кўп ўтмай, менинг диндош дугоналарим пайдо бўлди.  

Кейинги ҳаётингиз қандай давом этди? Шулар ҳақида сўзлаб беринг.

– Кейинчалик Америкада мусулима дугоналарим кўпайди. Биринчи марта рамазон рўзасини ҳам Америкада тутдим. Мен бу рўзани жуда ҳам интиқ кутдим ва қандай ўтар экан, ахир мусофир юртларда бўлсам, дея ғоят ташвишландим. Шукрки, Парвардигор мададкор бўлди.  Ҳалол таом масаласида ҳам муаммо бўлмади. Мен балиқ ва дуккакли овқатлар билан озиқландим. Тирикчилик учун ресторанда қўшимча иш сифатида ишлаганим сабабли озиқ-овқатда муаммо туғилмади. Ишга кирган вақтимда эса менежерга мурожаат қилиб намоз ўқишга рухсат борми деб сўрадим ва саволимга ижобий жавоб олдим. Ҳатто менинг намоз ўқишим учун алоҳида хона ҳам қилиб беришди.  Ҳамкасбларим буни тўғри тушунди ва белгиланган вақтда мен уларни хабардор қилиб намозимни ўқиб олардим.

Уммон ортида мусулмонларга муносабат қандай?

– Мен кичкина шаҳарчада яшадим ва ўша шаҳардаги ягона муслима мен эдим. Шу вақтга қадар маҳаллий аҳоли фақат мусулмон сайёҳларни кўрган экан-у, аммо улар билан суҳбатлаша олмаган экан. Янги танишларимдан бири менга ошкора: “Биз мусулмонларни севадиган тоифадан эмасмиз, биз улардан қўрқамиз. Сен билан гаплашиб туриб шунга амин бўлдимки, мусулмонлар ҳеч ҳам хатарли одамлар эмас экан”.

Ҳозирги ишлаётган жойингизда – сиз дарс бераётган мактабда сизга муносабат қандай?

– Мактаб директори муслималарнинг ҳурматини жойига қўяди. Мактабдаги дарсим ва ишим намоз ўқишимга халақит қилмайди.  Дарсларим иккида тугайди ва пешинни ўқиб олишга улгураман. Ўқувчилар билан осонгина тил топишиб олдик. Ўн биринчи синф ўқувчилари орасида Исломга, насронийликка қизиқувчилар бор ва улар кўплаб саволлар беради.

Фестивалда биринчи ўринни олдингиз ва Қуръонни намунали ўқишни кўрсатдингиз, Китоб билан танишар экансиз биринчи марта ўзингизни қачон бахтиёр ҳис қилгансиз?

– Биринчи қилган ишим араб тилини ўрганиш бўлди. Зеро, тилни билмасам ўқиётган намозимнинг маъносини тушуна олмас эдим. Дастлаб, араб алифбосини ўргандим ва бир неча қисқа сурани ўқиб ёдлаб олдим. Кейин Зеленодольск мадрасасига ўқишга кирдим ва Қуръонни ўқишни ўргандим. У ерда бизга ажойиб мударрис дарс берди. У Қуръоннинг ҳар бир сўзини тушунтириб берар эди.  Ўша даргоҳда мен Қуръони карим Аллоҳнинг сўзи эканига қатъиян имон келтирдим-да,  оят ва сураларни кўпроқ ёд олишга жазм этдим. Ҳозирги вақтда Россия ислом университетининг шариат фанлари факультетида биринчи курсда ўқияпман. Ўқишим менга шу вақтга қадар ўрганганларимни тизимлаштиришни ўргатмоқда.

Римма ГАТИНА суҳбатлашди,

Дамин ЖУМАҚУЛ таржима қилди.

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ҳижрий янги йилингиз муборак бўлсин!

20.06.2025   26335   3 min.
Ҳижрий янги йилингиз муборак бўлсин!

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

2025 йилнинг 26 июнь куни – янги 1447 ҳижрий йил – Муҳаррам ойи бошланишининг 1 кунидир. Ашуро куни 2025 йилнинг 5 июль, шанба кунига тўғри келади.

Муҳаррам ойи қандай ой?
Муҳаррам ойи – мусулмонлар тақвимининг биринчи ойидир. Бу ой Аллоҳ таоло уруш, қон тўкишни ҳаром қилган (Зулҳижжа, Зулқаъда, Муҳаррам, Ражаб) тўрт ойнинг бири бўлиб, унинг ўнинчи куни яъни, ашуро куни алоҳида фазилатларга эга.


Ашуро қандай кун?
Бу кун ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу шундай яхши кундирки, бу кунда Аллоҳ Бани Исроилни душманларидан қутқарган. Шу боис Мусо алайҳиссалом бу кунда рўза тутган. Мен Мусога кўпроқ (яқин бўлишга) ҳақлироқман”, дедилар ва у кунда рўза тутиб, одамларни ҳам унинг рўзасини тутишга буюрдилар” (Имом Бухорий ривояти).


Ашуро куни рўза тутиш ўтган бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлади.
Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ашуро кунининг рўзаси – Аллоҳдан умид қиламанки – бир йил олдинги гуноҳларга каффорат бўлади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).


Бу кун яқинларга кенгчилик қилиш, бир йиллик кенгчиликка сабаб бўлади.
Абу Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Ашуро куни аҳли аёлига кенглик яратса, Аллоҳ унга йил бўйи кенглик яратади”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).

Суфён ибн Уяйна раҳматуллоҳи алайҳ: “Бу ҳадисни олтмиш йил тажриба қилдим ва фақатгина яхшилик кўрдим”, деганлар.


Ашуро кунини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай ўтказардилар?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кунни ўтказиб юбормаслик учун қаттиқ ҳаракат қилардилар, унинг савобига эришиш учун бу куннинг келишини интиқлик билан кутардилар. Бу ҳақда Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Ашуро куни рўзасини Рамазон ойи рўзасини кутиб соғингандек, бошқа кун ва ой рўзасини кутганларини кўрмадим” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).


Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўзасини тутиб, одамларни ҳам бу куннинг рўзасини тутишга буюрганларида, саҳобалар: “Ё, Расулуллоҳ! Бу кун яҳудий ва насронийлар улуғлайдиган кун-ку!” дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ хоҳласа келаси йил тўққизинчи куни ҳам тутамиз”, дедилар. Аммо, келаси йил келмасидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этдилар (Имом Муслим ривояти).

Уламоларимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ниятларига эътиборан, Ашуро кунига қўшиб бир кун олдинги ёки бир кун кейинги кунда ҳам рўза тутмоқ афзал дейдилар.

Аллоҳ таоло ушбу ойнинг фазилатларидан барча мўмин-мусулмонларни тўлиқ баҳраманд этсин. Ўзининг розилигини топадиган амалларда бардавом қилсин.

Даврон НУРМУҲАММАД

Мақолалар