Марв шаҳри қозиси қизининг бўйи етиб қолганини сезиб, унга мос куёв қидира бошлади.
Ҳар куни эшигини совчилар тақиллатиб келар, лекин қози жаноблари шошилмасди. Чунки сўраб келганларнинг ҳеч қайси бири у кишининг дидга мос тушмасди.
Кунларнинг бирида қози туш кўради. Тушида қизини “Муборак” деган ғуломига никоҳлаб бериши айтилади.
Лекин буни ҳам пайсалга солиб юради. Туш ҳам қайта-қайта кўрилавергач, ғуломини зимдан кузата бошлайди. Бир оз вақт ўтиб унинг солиҳ инсон эканига, хайрли куёв бўлишига ишонч ҳосил қилганидан кейин бу фикрини ёру дўстларига, яқинларига маълум қилади. Айримлари бой-у бадавлат, янада муносиброқ оилалар борлигини билдириб, бу аҳдга рози бўлмаган эса-да, қози қарорида қатъий туради.
Шундай қилиб, қози қизининг ҳам розилигини олиб, ёшларнинг бошини қовуштириб қўяди.
Никоҳдан кейин бир ой ўтиб, қози қизидан хабар олиш ниятида унинг уйига боради. Қизи отасининг келганидан хурсанд бўлади, бироқ кичкина муаммо борлигини маълум қилиб: “Отажон, куёвингиз жуда ҳам яхши. Аммо ҳалигача рўмолимини бошимдан олгани йўқ, никоҳимиздан буён мендан узоқ юради. Сабабини била олмадим: едиради, ичиради, жуда ҳам меҳрибон, фақат қўлини қўлимга теккизмайди”, дейди.
Қози бу гапдан ҳайрон бўлиб куёвини чақириб, секингина бунинг сабабини сўрайди ва куёвининг жавобини эшитганидан сўнг йиғлаб юборади. Кўзининг нури қизини ўзи истаган одамга узатганига севиниб шукрлар келтиради.
Куёв одоб сақлаган ҳолда қайнотасига бундай дейди: “Отажон, сиз катта шаҳар қозисисиз. Олдингизда турли одам келиб-кетади, уйингизга ҳам турли ҳадялар юборишади. Аллоҳ таолонинг менга берган омонати ва ҳадяси бўлган қизингиз ўша шубҳали нарсалардан еб қўйгандир деб андиша қилдим. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг танадаги ҳаром луқма таъсири фақат қирқ кунда кетиши ҳақидаги сўзларини ўрганган эдим. Ҳурматга сазовор аёлимни қирқ кун пешона терим билан топган ҳалол луқма билан боқишини хоҳладим, токи Аллоҳ насиб этиб туғилажак фарзандларимиз ҳам солиҳлардан бўлсин”.
(“Ризқ ҳақида рисола”дан)
Уламолардан бирининг соҳибжамол қизи бор эди. Шаҳарнинг ҳамма улуғлари қизнинг кўнглини олиш илинжида эди. Бу уламо қизини кимга берарга ҳайрон эди. Унинг бир ғайридин ҳамсояси бор экан. Уни чақириб, деди: “Эй ҳамсоя, менинг бир қизим бор, кўпчилик унинг кўнглини олиш илинжида, уларнинг қайси бирига розилик беришга ҳайронман. Сен нима маслаҳат берасан?” Ғайридин деди: “Мен ислом динидан бегона кишиман, нечун бу сўзни мендан сўрайсан?”. Уламо деди: “Сен гарчи ислом динидан бегона бўлсанг-да, ҳар ишда тадбиркор инсонсан. Улуғлар кенгаш тўғрисида муболаға қилиб бундай деганлар: тўғри, донишманд киши билан кенгашиш керак. Ҳадисда ёзилганки: “Ал-мусташору муътаминун” (Шундай киши билан кенгашиш керакки, одам унга ишона олсин). Шундай экан, ҳозир сен қандай маслаҳат берсанг, мен шунга амал қиламан”. Ғайридин деди: “Никоҳдаги кифоят эру хотиннинг баробарлигидир. Кифоят мусулмонлар мазҳабида дин ва миллат билан бўлади, бизнинг одатимизда аслу насаб билан ва замона аҳли наздида мулк ва улуғлик биландир. Энди ўйлаб кўр, агар ўз динингга риоя қилсанг, дин йўлини ихтиёр қил, агар бизнинг расмимизга келсанг, насабга эътибор қил, агар замона аҳли одатига амал қилсанг, молу жоҳ талаб қил!””
Уламога бу жавоб хуш келди ва деди: “Дин ҳаммага баробар. Динни ихтиёр қилдим”. Унинг Муборак исмли ғоят олим ва диндор қули бор эди. У, мен Муборакдек иймонли диндорни билмайман. Демак, қизимни унга никоҳ қилиб берай, деб чақиртириб, қизини унга берди.
Ҳақ (пок ва олий) Муборакка у қиздан бир фарзанд бердики, у ислом аҳлини пешвоси ва диндорларнинг имоми, зоҳидлар ўртасида ягона ва орифлар ўртасида тенги йўқ Абдуллоҳ ибн Муборакдир”.
(“Ахлоқи муҳсиний”дан)
Буюклиги
”Абдуллоҳ ибн Муборак қ.т.с. Ани уламонинг шаҳаншоҳи дер эрмишлар ва жуду шижоатда замонининг ягонаси эрмиш. Ва тариқат асҳобининг муҳташами. Ва бу қавмнинг машойихининг кўпининг суҳбатиға мушарраф бўлубдур. Ва машҳур тасонифи бор.
Бир кун ул келур эрди ва Суфён Саврий ва Фузайл Аёз қ.с. ҳозир эрдилар.
Суфён деди: кел эй машриқ аҳлида эр!
Фузайл деди: ва мағриб аҳлида ва иккисининг орасида.
(“Насойим ул-муҳаббат”дан)
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ҳаётда ҳар бир инсон бой бўлишни истайди ва бу йўлда тинмай ҳаракат қилади. Агар бу ҳаракат Аллоҳ кўрсатган ҳалол тарзда бўлса динимизда унга бой бўлишга ҳеч қандай тақиқ йўқ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Эй Амр, солиҳ бойлик солиҳ кишининг қўлида бўлса, қандоқ ҳам яхши! деганлар (Имом Бухорий Имом, Имом Табароний ривоят қилган).
Бироқ бугун баъзи одамларнинг ҳамма нарсани бойлик билан ўлчайдиган, фойда йўлида имон, эътиқод, барча муқаддас туйғулар ва инсонийликдан ҳам воз кечаётганларини гувоҳи бўлмоқдамиз. Улар бой бўлиш йўлида ҳатто ўзининг жигарларини ҳам чув туширишдан тап тортмаяптилар. Умрларида бирор бадиий ёки илмий китоб ўқишга одатланмаган бўлсалар-да, китоб дўконларидаги “Бой бўлиш сирлари”, “Фолбинлар башоратлари” мазмунидаги китобларни топиб ўқишади. Ҳар гал янги чиққан фолбиннинг “энг яқин мижоз”ига айланиб улгурадилар. Энг ачинарлиси, мўмай даромад топиш илинжида хорижга кетаётган аёлларнинг одам савдоси бозорининг маҳсулотига айланиб қолаётганидир.
«Биз хориж давлатларидан бирига борганимиздан сўнг, алданганимизни билдик. Даромадли иш топиб берамиз, деганлар бизга ёлғон гапирганини, аслида эса фоҳишалик билан шуғулланишимиз учун сотилганимизни айтишди. Бизни бу жирканч ишга мажбурлашар, айтганларига кўнмасак, уч-тўрт эркак овозимиз чиқмай қолгунча тепкилашар, хўрлашарди...» афсуски бу гаплар ҳам айнан бойлик ортидан қувган бир ўзбек аёлига тегишли.
Маълумотларга кўра, одам савдосидан жабрланганлар сони йилига ўртача 2,7 миллион кишини ташкил этмоқда. Одам савдоси бозори наркотик ва қурол савдосидан кейинги учинчи ўринни эгаллаб келмоқда. Жаҳон бозорида одам савдосидан кўрилаётган йиллик даромад 7 миллиард доллар миқдорида баҳоланмоқда.
Нега бугун миллатдошларимиз ўз аждодлари минг йиллардан буён тарихнинг энг оғир кунларида ҳам амал қилишган дин кўрсатмаларини қўйиб, сафсаталарга ишонишмоқда. Маҳалла, турли тадбир ва жамоат жойларида уларнинг қилмишларидан эҳтиёт бўлишга қанчалик тарғиб этилмасин, уларнинг қармоғига илинганларнинг сони камаймаяпти? Бу савол жавоби сабрсизликдир.Улар сабрни бир четга суриб қўйиб, ҳамма нарсага осонгина эришмоқчи бўлмоқдалар. Қадимда ота-боболаримиз не-не қонли синовларни бошидан ўтказмаган, бир бурда нонга муҳтож бўлган бўлсаларда, лекин ҳеч қачон сабрсизлик қилмаганлар.
Фараз қилинг, бир хонадонда турли сабаблар билан бирор тангчилик бўлди. Оила аъзолари бошқа хонадонга чиқиб кетмайди-ку. Фарзандлар бошқа ота-онани ўзининг ота-онаси деб билмайди-ку.
Аксарият одамлар бойлик ортидан қанчалик югурса-да, ер юзини кезиб чиқсаларда бойликларида ҳам, умрларида ҳам барака, ҳаловатнинг йўқлигидан шикоят қиладилар. Бунга Аллоҳнинг каломи Қуръонда кўрсатиб қўйилган ҳалол йўл билан ризқ излашни унутиб қўйганлари бош сабабдир. Аслида бой бўлишнинг, бойлик, мол-дунё орттиришнинг ягона йўли тақво билан, ҳалол йўл билан бойлик топишдир. Тақводорлик ризқнинг калити ҳисобланади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Кимки Аллоҳга тақво қилса, У унга (ташвишлардан) чиқиш йўлини (пайдо) қилур. Яна, уни ўзи ўйламаган жойдан ризқлантирур. Кимки Аллоҳга таваккул қилса, бас, (Аллоҳнинг) ўзи унга кифоя қилар. Албатта, Аллоҳ ўзи (хоҳлаган) ишига етувчидир. Аллоҳ барча нарса учун миқдор (меъёр ва муддатни тайин) қилиб қўйгандир» (Талоқ сураси, 2-3-оят).
Аллоҳ таоло ҳар бир жон учун ризқ тайин қилиб қўйган. Банда хоҳ ўз юртида бўлсин хоҳ хорижда бўлсин белгилаб қўйилган ризқгагина эгалик қилади. Ундан ортиғига ҳам камига ҳам эришиб бўлмайди. Айни шу ҳақиқатни ҳар биримиз яхши тушуниб олишимиз даркор. Чунки юртдошларимизнинг хорижга кетишларига ҳам айнан шу ақидага амал қилмасликлари сабаб бўлмоқда. Ота-она дуосини олиб, қалб тинч бўлиб бир бурда бўлсада нонни ўз оила аъзолари атрофида ейишга нима етсин. Аллоҳ бундай марҳамат қилади: «Агар улар Аллоҳ ва Расули уларга ато этган нарсага рози бўлиб: “Бизга Аллоҳ кифоя. Бизга, албатта, Аллоҳ ўз фазлидан ато этур ва Расули ҳам. Биз Аллоҳ (розилиги)гагина рағбат қилувчилармиз”, – десалар эди (ўзларига яхши бўлур эди)» (Тавба сураси, 59-оят).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Бойлик мол-мулкнинг кўплигида эмас. Балки бойлик кўнгил тўқлигидир” (Имом Муслим, Термизий, Ибн Можа ва Аҳмад ривояти).
Аллоҳнинг берган неъматига шукр қилиш неъматнинг зиёда бўлишига сабаб бўлади. Ва аксинча, неъматга шукр қилмаслик, неъматнинг завол топишига олиб келади. Аллоҳ бундай марҳамат қилади: «Яна Раббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эслангиз: Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир» (Иброҳим сураси,7-оят).
Чиндан ҳам, бугун юртимиз тинч, турмушимиз фаровон. Бироқ бу неъматларнинг қадрига етмай, янада кўпроқ даромад топиш мақсадида фарзандлар, яқинларни ҳам унутиб хорижга кетаётган миллатдошларимиз яхши тушуниб олишлари лозимки аслида ота-она, фарзандлар билан бирга борига шукр, йўғига сабр қилиб, чиройли тарзда умргузаронлик қилиш, фарзандларини ўз юрти, халқи тараққиёти йўлида хизмат қиладиган авлод қилиб тарбиялаш ҳақиқий бойликдир.
Даврон НУРМУҲАММАД