“Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ала кулли шайин қодир”
Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳу айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ким “Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ала кулли шайин қодир”, деб ўн марта айтса, Исмоил зурриётидан тўрт кишини озод қилгандек бўлади, дедилар (Маъноси: Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, У ёлғиз, Унинг шериги ҳам йўқ, бутун мулк Уники, ҳамд ҳам Унга хос ва У ҳар бир нарсага қодирдир) (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ким: “Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ала кулли шайин қодир”, деб бир кунда юз марта айтса, ўнта қул озод қилган баробарида бўлибди. Унга юзта ҳасанот ёзилиб, юзта ёмонлиги ўчирилади, кеч киргунича шайтондан омонда бўлади. Унинг бу амалидан афзалроқ ишни ҳеч ким қила олмайди. Фақат шу калималарни кўпроқ айтган киши ўзиб кетиши мумкин, дедилар.
Даврон НУРМУҲАММАД
тўплади
Бугунги кунда инсонийлик, қадр-қиммат ва маънавият каби олий тушунчаларни жамиятимизда мустаҳкамлашда илму ирфон соҳиблари, хусусан, диний соҳа устозлари ва фахрий имомларнинг тутган ўрни беқиёс. Шу маънода, ҳудудларда улуғ ва фахрий имомлар ҳамда ҳаёт тажрибаси бой устозларни зиёрат қилиш, уларнинг дуо-насиҳатларини эшитиш, ёш авлодга маънавий кўприк вазифасини ўтаётган муҳим амаллардан бирига айланмоқда.
Фарғона вилояти бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев бошчилигида устозлар ва фахрий имомлар билан учрашувлар ташкил этилди. Зиёрат чоғида уларнинг ўтган ҳаёт йўли, дин ва жамият учун қилган хизматлари, оғир шароитлардаги сабр ва матонатлари ҳақида самимий суҳбатлар бўлиб ўтди.
Ҳаётдаги барча неъматлар, тинчлик, эркин ибодат, илм олиш каби имкониятларнинг қадрини англашда ўтмишдаги оғир синов ва қийинчиликларни эслаш, улардан сабоқ чиқариш жуда муҳим. Зиёрат чоғида устозлар ўз ҳаётларидаги шундай даврлар ҳақида сўз юритар эканлар, “Бугунгидек шароит бизга насиб бўлмаган, ёшлар эса неъматлар қадрига етишлари лозим”, деган фикрларини баён этдилар.
Улар ўз насиҳатларида шукроналикни ҳаёт шиори қилиш, инсоннинг ўз аҳволига рози бўлиб, бирор неъмат берилар экан, ундан илм ва амал билан фойдаланиш кераклигини таъкидладилар.
Шунингдек, масжидларда фаолият қилаётган имомлар томонидан амалга оширилаётган ишларни эътироф этарканлар, уларга доимий изланишда, пок ният ва холислик ила хизмат қилиш лозимлиги ҳақида панду насиҳатлар қилишди. Бундай сўзлар ҳар бир ёш имомнинг қалбида масъулият туйғусини кучайтириши, шубҳасиз.
Фарғона вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати