Сабр бахту саодатга эриштиради. Бу ҳақда Аллоҳ таоло: «Эй, имон келтирганлар! Сабр қилингиз, бағрикенг бўлингиз ва (Аллоҳ йўлига) тахт бўлиб турингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз, зора (охиратда) нажот топсангиз!», деб марҳамат қилган (Оли Имрон сураси, 200-оят).
Бинобарин:
Пайғамбарлар ҳаммадан кўра кўпроқ азият чеккан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсонлар ичида мусибати энг оғири пайғамбарлардир. Сўнгра уларга эргашган солиҳлар, ундан сўнг ўшаларга эргашган солиҳларга бўлади”, деганлар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Албатта, Аллоҳ таоло ризқ миқдорига қараб ёрдамчиларни туширади. Бало даражасига қараб сабрни туширади, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Раббимиз ҳеч бир бандасига бирор синов юбормайдики, унинг ортидан яхшиликлар, муваффақиятлар келмаса. Аллоҳ таоло айтади: «Бас, албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир. Албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир» (Шарҳ сураси, 5-6-оятлар).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кенгчиликда Аллоҳни танигин, У ҳам сени қийинчилик пайтида танийди. Билгинки, сенга етмаган нарса, сенга етадиган эмас эди. Сенга етган нарса, сенга етмайдиган эмас эди. Албатта, нусрат (ғалаба) сабр билан бирга, албатта, шодлик ғам ила бирга, қийинчилик енгиллик билан бирга бўлади”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Сабр қилувчиларга Аллоҳ таолонинг чексиз неъматлари етиши ҳақдир: «Бас, (эй, Муҳаммад!) Сабр қилинг! Албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир...» (Рум сураси, 60-оят).
Албатта, Аллоҳ таоло бандаларига ўта меҳрибон ва раҳмлидир. Аллоҳ бандаларига бирор ёмонликни раво кўрмайди. Синовлар орқали Аллоҳ ўз бандаларини синаб, Ўзига яқин қилади ва гуноҳларни мағфират этади. Муваффақиятларга эришиш учун машаққат талаб қилинганидек, Аллоҳ таолонинг розилигини топиш учун ҳам синовларга сабр қилиш лозим.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Яхшиликлар катта синовлар билан келади. Қачонки Аллоҳ бир бандасини яхши кўрса, Аллоҳ ўша бандага бир синовни юборади. Агар банда синовга сабр қилса, Аллоҳнинг раҳматига эришади, аммо сабрсизлик қилса Унинг ғазабига дучор бўлади”, деганлар.
Дарҳақиқат, мусибатнинг албатта келишини Раббимизнинг ўзи бизга хабар қилиб, унга тайёр бўлиб туришимиз зарурлигини қуйидагича огоҳлантиргандир: «Хоҳ ерга ва хоҳ ўзларингизга бирор мусибат етса, Биз уни пайдо қилишимиздан илгари Китобда (Лавҳул-маҳфузда битилган) бўлур. Албатта, бу Аллоҳга осондир» (Ҳадид сураси, 22-оят).
Энди ана шунга ҳам қарамасдан, озгина мусибат етса ҳам жазавага тушиш кўрнамакликдан ўзга нарса бўлмайди ва Аллоҳ таолонинг ғазабини қўзғайди.
Даврон НУРМУҲАММАД