بسم الله الرحمن الرحيم
ИМОМ БУХОРИЙ БУЮК АЛЛОМА
Муҳтарам жамоат! Муҳаддислар султони, Расулуллоҳ с.а.в. ҳадисларининг саҳиҳларини ажратиб, Қуръони каримдан кейинги иккинчи ишончли манба саналмиш “Саҳиҳи Бухорий” номли ҳадислар тўпламини тузган улуғ аллома, имомуд-дунё, олимлар пешвосининг номи бутун дунёда машҳур ва маълум Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим ибн Муғийра ибн Аҳнаф ибн Бардазбиҳ ал-Жўъфий ал-Бухорийдир.
Бу буюк зот Мовароуннаҳрнинг энг кўҳна ва гўзал шаҳарларидан бўлмиш Бухорои шарифда, ҳижрий 194 йил Рамазон ойининг 13-санада, жума куни таваллуд топдилар. Имом Бухорий бутун ҳаётларини, интилиш ва ҳаракатларини ҳадис илмига бахшида этган эдилар. Жуда оз ухлар, уйқудан ташқари пайтларда эса атрофдагилар у кишини ё устозлардан ҳадис эшитаётган ёхуд ёзиб олаётган, ё ўзлари шогирдларга ҳадис айтаётган, ё ёлғиз ўтириб, қўлда қалам билан жамлаган ҳадисларининг нодир жойларини қайд этиб ўтирган ҳолда кўрар эди. У кишининг ҳар бир куни илм олувчи, таълим берувчи ва китоб таълиф қилувчи мақомида ўтарди. Буларнинг гувоҳи бўлган шогирдлари Ибн Абу Ҳотим бундай дейди: “Бухорий билан сафарда бирга бўлиб, бир уйда тунашга тўғри келди. Ўшанда шунинг гувоҳи бўлдимки, у киши бир кечанинг ўзида ўн беш мартадан йигирма мартагача уйғониб, ҳар гал чақмоқ тошни ишлатиб чироғини ёқар, тўплаган ҳадисларининг саҳиҳларини ажратиб, белгилаб қўяр эди. Сўнг чироқни ўчириб, бошини ёстиққа қўяр эди”. Имом Бухорийнинг ҳадис ёдлаш қобилиятлари, зеҳнларининг ўткирлиги тилларда достон бўлиб кетган эди. У киши ўзларининг шоҳ асарлари бўлмиш “Жомеус-саҳиҳ” таълиф қилиш олдидан жами олти юз минг, шундан юз минг саҳиҳ ва икки юз минг саҳиҳ бўлмаган ҳадисни ёд олганларини зикр этган эдилар. У киши “Саҳиҳ”дага ҳар бир ҳадисни қўшиш олдидан ғусл қилиб, сўнг ҳадисни ёзар эдилар. Ҳадис илми равнақи йўлидаги буюк хизматлари учун “Имомуд-дунё” (Дунё имоми) мақомига мушарраф бўлган эдилар.
Замондошларининг гувоҳлик беришларича, Имом Бухорий ҳазратлари жисман нозик, озғин, ўрта бўйли, нафсини бир маромда ушлаган, таомни жуда кам истеъмол қиладиган фазилатли, тамкинли инсонлардан эдилар. У кишининг зуҳди-қаноати ва тақвоси ҳаммага ибрат эди. Имом Бухорий нафс риёзати, тўғрилик ва ҳалоллик билан зийнатланган ва танилган эдилар. Ҳалоллик йўлида ҳар қандай машаққатни зиммага олардилар. Ҳаётларининг энг оғир дамларида ҳам бировдан бир нарса сўрамас, одамлар миннатидан юзларини сарғайтирмас эдилар. Очликнинг қийноқларига чидаб, кўкат ейиш ёки сув ичиш билан чора топардилар. Ваҳоланки, Абу Абдуллоҳ ҳаётда бой одам эдилар, оталаридан жуда катта мол-давлат мерос қолган эди. Аммо у киши охиратдаги ҳисоб-китобда масъул бўлмаслик учун дунё неъматларидан воз кечган эдилар. Бухорийнинг ўзлари айтишларича, ҳар ойда беш юз дирҳам фойда олганлар ва ҳаммасини илм йўлида сарфлаб юборганлар. “Чунки бу сарфиёт Аллоҳ йўлида бўлгани учун энг яхши ва боқий қолувчи сарфиётдир”, деганлар. Имом Бухорий гўзал хулқли, ҳамма ёқтирадиган одам бўлганлар. Муҳаммад ибн Абу Ҳотимнинг айтишича, Имом Бухорий бундай деганлар: “Ғийбатнинг ҳаромлигини билганимдан буён бирор кишини ғийбат қилмадим. Аллоҳга рўбарў бўлганимда бирор кишини ғийбат қилмаганим ҳақида мени ҳисоб-китоб қилмаслигидан умид қиламан”. Бир гал Абу Маъшар исмли бир ожиз кишининг беихтиёр қилган қилиғига қараб табассум қилиб қўйганлари учун бориб ундан кечирим сўраганлар. Бошқа бир пайт камон отишни машқ қилаётганларида отган ўқлари ўша жойдаги кўприкнинг қозиғига тегиб, уни синдириб қўйди. Шунда у киши шогирдларидан бирига пул бериб, кўприк эгасидан узр сўраш ва кўприкни тузатиш харажатига пулни олиш таклифи билан жўнатдилар. Кўприк эгаси Имомга бўлган ҳурматидан эваз олмай, уни ўзи тузатиб қўйишга ваъда берди. Шунда Имом азбаройи хурсанд бўлганларидан шу куни шогирдларга беш юз ҳадис ўқиб бердилар ва уч юз дирҳам садақа қилдилар. Имом Бухорийнинг Аллоҳ таолога бўлган имон-ишончлари ботину зоҳирларидан яққол кўриниб турар эди. Ибодатда бутун қалблари, ҳар бир аъзолари билан хушуъ-хузуъда, ихлос билан Аллоҳнинг Ўзига юзланар эдилар. Доимо Қуръони каримни тиловат қилардилар. Аллоҳ таолога дуолари ижобат эди. Имом Бухорий ҳазратлари ўзларидан улкан илмий мерос қолдирдилар. Ёш бўлатуриб, дунёга машҳур асарларни ёздилар. Хатиб Бағдодий Имом Бухорийнинг шундай деганларини ривоят қилган: “Ўн саккиз ёшга етганимда саҳоба ва тобеинларнинг масала ва қавлларини тасниф қила бошладим... Ўша пайтда “Китобут-тарих”ни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрлари ёнида ойдин кечаларда тасниф этганман”. Имом Бухорийнинг жами асарлари йигирмадан ошади. Улар орасида “Китобут-тарих”дан ташқари одобга оид бир минг уч юздан ортиқ ҳадисни жамлаган “Адабул-муфрад” алоҳида ўрин тутади. Булардан ташқари, “Китобус-сунан фил фиқҳ”, “Халқу афъолил-ибод”, “Зуафоус-сағир”, “Ал-асмоъ ва куно”, “Биррул волидайн”, “Жомеул-кабир”, “Муснадул-кабир”, “Тафсирул-кабир”, “Китобул-илал” каби йирик асарлар бор. Булар ичида “Жомеус-саҳиҳ” китоби бу асарларнинг гултожи, ҳадис китобларининг энг аълоси ва мукаммали, Имомнинг шоҳ асарларидир. Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг вафотлари ҳижрий 256 (милодий 870) йил Рамазон ҳайити кечасида бўлди, ҳайит куни пешин намозидан сўнг дафн этилдилар. Фано дунёсида ўн уч куни кам олтмиш икки йил умр кечирдилар.
Муҳтарам жамоат! Мустақиллик йилларида миллий қадриятларимизга эътибор қаратилди, юртимиздан етишиб чиққан ўнлаб улуғ олимлар қаторида ҳадис илмининг султони Имом Бухорий ҳазратларининг ҳаётлари ва бой илмий меросларини ўрганишга киришилди. У кишининг “Ал-жомеус-саҳиҳ”, “Ал-адаб ал-муфрад” каби асарлари ўзбек тилига ўгирилиб, катта нусхада нашр қилинди. Айниқса, 1998 йили Имом Бухорий таваллудининг 1225 йиллик тўйи кенг нишонланиши муносабати билан у зотга бўлган улкан эҳтиром сифатида Имом Бухорий дафн этилган гўшада муҳташам мажмуанинг барпо этилиши бўлди. Мажмуа таркибида Имом Бухорийнинг мақбаралари, катта жомеъ масжиди, музей ва бошқа иншоотлар барпо этилди. Бир вақтлар бировга кўрсатишга ҳам хижолат бўлинган хароба жойлар бугун бутун Ислом оламининг машҳур зиёратгоҳига айланди. Буларнинг ҳаммаси буюк аждодларимизга нисбатан раҳбариятимизнинг эҳтироми ва муҳаббати самарасидир.
2017 йилда Имом Бухорий мажмуаси ёнида Имом Бухорий номидаги Халқаро илмий-тадқиқот маркази қурилиши бошланди. 6 гектар майдонни эгаллаган марказ биносида ҳадис, калом ва қироат илмини ўрганишга мўлжалланган хоналар, қўлёзмалар кутубхонаси, музей ташкил этилади. 2017 йилнинг 19 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида нутқ сўзлаб, жумладан шундай деди: “Марказий Осиё Уйғониш даврининг кўплаб ёрқин намояндаларининг ислом ва жаҳон цивилизациясига қўшган бебаҳо ҳиссасини алоҳида қайд этмоқчиман. Ана шундай буюк алломалардан бири Имом Бухорий ўз аҳамиятига кўра ислом динида Қуръони каримдан кейинги энг мўтабар китоб ҳисобланган "Саҳиҳи Бухорий"нинг муаллифи сифатида бутун дунёда тан олинган. Бу улуғ зотнинг ғоят бой меросини асраб-авайлаш ва ўрганиш, маърифий ислом тўғрисидаги таълимотини кенг ёйиш мақсадида биз Самарқанд шаҳрида Имом Бухорий номидаги Халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилдик. Тошкентда ташкил этилаётган Ислом цивилизацияси марказининг фаолияти ҳам шу мақсадга хизмат қилади”. Ўз навбатида муҳтарам юртбошимизнинг бу чиқишларини барча мусулмон аҳолиси диққат билан кузатди ва катта қизиқиш билдирди.
Муҳтарам азизлар! Қуйида Имом Бухорий р.а.нинг “Адабул муфрад” китобларида келтирилган ҳадислардан зикр қилиб ўтамиз.
عن أَنسٍ رضي الله عنه أن رسول الله صلى الله عليه وسلم قال: "مَنْ أَحبَّ أَنْ يُبْسَطَ لَهُ في رِزقِهِ ويُنْسأَ لَهُ في أَثرِهِ فَلْيصِلْ رحِمهُ".
яъни: Анас р.а.дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ с.а.в. дедилар: “Ким ризқи кенг ва умри узоқ бўлишини истаса силаи раҳм қилсин (қариндошлик алоқасини боғласин)”.
عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عَمْرِو بْنِ الْعَاصِ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "مِنَ الْكَبَائِرِ شَتْمُ الرَّجُلِ وَالِدَيْهِ" قَالُوا: "يَا رَسُولَ اللَّهِ وَهَلْ يَشْتِمُ الرَّجُلُ وَالِدَيْهِ ؟" قَالَ: "نَعَمْ يَسُبُّ أَبَا الرَّجُلِ فَيَسُبُّ أَبَاهُ وَيَسُبُّ أُمَّهُ فَيَسُبُّ أُمَّهُ".
яъни: Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ал-Ос р.а.дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ с.а.в. дедилар: “Киши ўз ота-онасини сўкиши кабира гуноҳлардан саналади”. Саҳобалар: Ё Расулуллоҳ! Киши ўз ота-онасини ҳам сўкадими? – деб сўрашди. Расулуллоҳ с.а.в.: “Ҳа, у бошқа кишининг отасини сўкса у ҳам бунинг отасини сўкади. Унинг онасини сўкса, у ҳам бунинг онасини сўкади”, дедилар.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "مَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ فَلَا يُؤْذِ جَارَهُ وَمَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ فَلْيُكْرِمْ ضَيْفَهُ وَمَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ فَلْيَقُلْ خَيْرًا أَوْ لِيَصْمُتْ".
яъни: Абу Ҳурайра р.а.дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ с.а.в. дедилар: “Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса қўшнисига озор бермасин. Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса меҳмонини ҳурмат килсин. Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса яхши гап гапирсин ёки жим турсин”.
عن أبي هريرة رضي الله تعالى عنه أن رسول الله صلى الله عليه وسلم قال: "لَيسَ الشَّدِيدُ بِالصُّرَعةِ إِنَّمَا الشَّدِيدُ الَّذِي يَملِكُ نَفْسَهُ عِندَ الغَضَبِ".
яъни: Абу Ҳурайра р.а.дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ с.а.в. дедилар: “Курашда енгган киши кучли эмас, ғазаби келганда ўзини тутган киши ҳақиқий кучлидир”.
Аллоҳ таоло у зотни раҳмати ва ризвони билан сарафроз қилиб, набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳларнинг ёнидан жой берсин! Бошланган янги йилимизни юртимиз ва халқимиз учун хайрлик ва баракотлик, тинчлик ва омонлик йили қилсин!
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Ўзингиздан юқоридагиларга эмас, ўзингиздан қуйидагиларга қаранглар, шунда Аллоҳнинг сизга берган неъматларини оз санамайсиз» (Имом Муслим ривояти).
Инсон мол-дунёда, чиройда, ижтимоий ҳолатда ўзидан устунроқ одамларга эътибор бераверса, Аллоҳ таоло ҳақида ёмон гумонга бориб қолади. «Мендан бошқаларга роса яхши неъматлар берган экан, улар неъматларга кўмилиб яшаяпти. Мен эса доим нимагадир муҳтож бўлиб яшайман» деб, ўзига берилган неъматларни оз санайди, ҳатто кўрмай қолади. Бу эса Аллоҳ таоло берган неъматларни менсимасликка олиб боради. Натижада розилик ҳиссини йўқотиб қўяди, бунинг ҳаловатини туя олмай, азоб ичида яшайди. Бу эса уни нафрат, ҳасад томон етаклайди. Натижада инсон ўзидан устун бўлганларга ёмонлик қилишга ўтади. Баъзида улардан устун бўлиш мақсадида ҳатто ўғрилик қилишдан, ёлғон сўзлашдан ҳам тоймайди. Бойлик орттириш йўлида одамлар билан мусобақалашиб, ўзини ғам-ғуссага, изтиробга кўмиб ташлайди.
Инсон мол-дунё, чирой, соғлик, қувват борасида ўзидан пастроқ бўлганларга қараса, Аллоҳ таолонинг унга кўрсатган карамини кўради, бошқа кўплаб одамларга бермаган неъматларини унга берганини ҳис қилади. Натижада сакинат, хотиржамлик туяди, одамларга нисбатан меҳр-муҳаббатли бўлади, фақир-мискинларга хайр-эҳсонлар қилиб, Аллоҳнинг марҳаматига шукр келтириб, умргузаронлик қилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматларига дунёда ҳам, охиратда ҳам саодатга эриштирувчи нарсани васият қилганларини тушуниб етади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётни яна ҳам гўзал қиладиган, қалбни бахт ва сурурга тўлдирадиган энг гўзал васиятларидан бири - Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудан нақл қилинган қуйидаги ҳадисдир.
«Халилим менга етти нарсани васият қилганлар:
мискинларни яхши кўришни, уларга яқин бўлишни буюрганлар;
ўзимдан юқоридагиларга эмас, ортдагиларга қарашни буюрганлар;
ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрамасликни буюрганлар;
силаи раҳм қилишни буюрганлар;
аччиқ бўлса ҳам, ҳақиқатни айтишни буюрганлар;
Аллоҳ йўлида маломатчининг маломатидан қўрқмасликни буюрганлар.
«Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ (қудрат ва қувват фақат олий, улуғ Аллоҳ биландир)» ни кўп айтишни буюрганлар».
Бир қиз айтади: «Бу ҳаётдаги шодлигимнинг сабаби – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Абу Зарр розияллоҳу анҳуга қилган еттита васиятларидир. Бу васиятни ўрганиш бошқа, унга амал қилиш бошқа экан. Мен Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган ишончим сабабли бу васиятларга амал қилдим. Ахир у зот биз умматлар икки дунёда ҳам бахтли-саодатли бўлишимиз учун юборилмаганмидилар? Мен бу васиятлар доим кўз олдимда, ёнимда бўлсин деб, бир нечта қоғозга кўчириб, бирини чўнтагимга, бирини ёстиғимнинг остига, бирини кийим жавонимга, бирини дарс столимга қўйиб қўйганман. Сўнгра уларга амал қила бошладим. Шу васият сабабли ўзимга ишончим ортди, қалбим сакинатга тўлди. Масалан, ўсмирлик муаммолари сабаб бирор кун ҳам психолог маслаҳатига муҳтож бўлмадим. Яқинларим, дугоналарим кўпайди. Ҳар кеча Аллоҳнинг фазли билан хотиржам уйқуга кетаман».
Бошқа бир қиз айтади: «Неча йиллар ўзимдан, ҳаётимдан, атрофдаги ҳаммадан норози бўлиб яшабман. Сиқилиш, тушкунлик, уйқусизлик – ҳаммасини бошдан ўтказдим. Ҳатто жонимга қасд қилмоқчи ҳам бўлганман. Бой оиланинг фарзанди бўла туриб, шу аҳволга тушиб қолдим. Бир куни бир дугонам мени етимларга, камбағалларга эҳсон қилайлик деб, ёрдамлашишга чақирди. Унинг яқинлари бир хайрия жамғармасида ишлар экан, бу эҳсонлар ўша жамғармадан эди. Аллоҳнинг марҳамати билан, хайрли иш экан деб, рози бўлдим. Мана шу фикр ҳаётимнинг ўзгаришида илк қадам бўлди. Бир бева аёлникига бордик. Ёш-ёш етим болалари бор экан. Унинг уйига бордиму, ҳаётимда илк бор саодат, шукрона ҳиссини туйдим. Бу аёлнинг уйини, шароитини кўрсангиз эди… Аёл мурғак гўдаклари билан ҳаётнинг аччиқ зарбаларига дош бериб яшаётган бўлса-да, Аллоҳнинг неъматлари, кўрсатган марҳаматлари учун тинмай ҳамд айтар эди. Биз озгинагина пул, рўзғор учун керакли нарсаларни берсак, ҳаққимизга узундан-узоқ дуолар қилди. Унинг дуоларида хурсандчилик, самимият, розилик ва ихлос балқиб турар эди. Ўша кунги зиёратдан йиғлаб қайтганим ҳали ҳам эсимда. Чунки шу пайтгача нақадар аҳмоқона ҳаёт кечириб келганимни ўша куни ҳис қилган эдим. Афсуски, умримнинг асосий қисми бойларга қараш, мол-дунё борасида улар билан мусобақа қилиш билан ўтиб кетибди. Бирорта дугонам меникидан чиройлироқ нарса сотиб олса ёки уникига ўхшаш нарсани излаб топа олмасам, кўзларимдан уйқу қочиб, ҳатто йиғлашга тушардим.
Бева аёлнинг зиёратидан кейин ҳаётга муносабатим бутунлай ўзгарди. Шундан кейин энди буёғига заифлар, ожизларга, камбағалларга ёрдам бераман деб бел боғладим. Моддий жиҳатдан қийналиб турган одамга ёрдам бериш шунақанги буюк саодат эканки, кўплаб инсонлар бундан мутлақо бехабар экан. Камбағаллар билан елкадош бўлиб яшасангиз, қандай аҳволда яшаётган бўлсангиз ҳам, ҳаётингиздан рози бўлиб қоласиз. Уларга янада кўпроқ ёрдам бериш учун ўқишда, ишда янада кўпроқ тер тўкасиз. Бу эса ҳаётингизга барака киргизади, хотиржам ухлашингизга сабаб бўлади. Бошимдан ўтказган тажрибаларимдан келиб чиқиб, барча маҳзун қизларга камбағалларнинг, етимларнинг оналарига яқинроқ бўлишни, уларга имкон борича моддий, маънавий ёрдам беришни, улар билан тез‑тез суҳбатлашиб туришни тавсия қиламан. Бу тавсияга амал қилсангиз, ҳақиқий ҳаловат, чинакам хотиржамлик нималигини ўшанда биласиз. Бировга ёрдам беришнинг завқи бировдан ёрдам олишнинг завқидан кўра тотли бўлар экан».
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ,
Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.