Мамлакатимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни кенг тарғиб этиш, тинчлик ва осойишталикни қадрлаш, Ислом дини таълимотларини тарқатиш ва турли таҳдидлардан ҳимоя қилиш, халқимиз, айниқса, ўсиб келаётган ёш авлодни тўғри тарбия қилишда фаоллик кўрсатган ижодкорларни қўллаб-қувватлаш ва муносиб рағбатлантириш мақсадида «Сарҳисоб» танлови ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинмоқда.
Ушбу анъанага мувофиқ бугун, 30 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида танловнинг Республика босқичи бўлиб ўтди. Танлов Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Тошкент ислом университети ҳамкорлигида ташкил этилди.
Бу йилги танлов ҳар йилгидан ўзгача тарзда ташкил этилди, яъни унинг ҳудудий босқичлари ҳам ўтказилди. 2017 йилнинг 1 январидан 2017 йилнинг
1 октябргача газета ва журналларда босилган, радио орқали эфирга узатилган, телевидениеда кўрсатилган ва Интернет тармоғида эълон қилинган материаллар танловда иштирок этди. Ҳудудий босқич ғолиблари республика босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Танловнинг республика босқичи «Жаҳолатга қарши – маърифат» шиори остида ўтказилди. Республика босқичи ғолиблари ҳудудий босқичда ғолиб чиққан иштирокчилар орасидан сараланди.
Ғолибларни тақдирлаш маросимида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари нутқ сўзладилар. Муфтий ҳазратлари, бугунги кунда юртимиздаги шиддат билан амалга оширилаётган ислоҳотларни ва динимиз равнақи йўлида қилинаётган ишларни ижодкор ходимлар кечаю кундуз, тиним билмай кенг халқ оммасига намойиш этишда жонбозлик кўрсатаётганини алоҳида қайд этдилар. Мўмин-мусулмонлар манфаати, дин ғами ва Ватан тақдирини юрагидан ўтказиб ишлайдиган ижод аҳлининг даъваткор сўзи, ибратли фаолиятига таҳсинлар айтдилар. Ижод аҳли Аллоҳ таолонинг «(Эй Муҳаммад,) Раббингиз йўли (дини)га ҳикмат ва чиройли насиҳат билан даъват қилинг! Улар билан энг гўзал услубда мунозара қилинг!..» (Наҳл, 125) деган хитобига амал қилган ҳолда ислом маърифатини тарқатишда янада собитқадам бўлиб, берилган имкониятлардан тўла фойдаланиш даври келганини алоҳида таъкидладилар. Танлов ғолибларига тақдим этилган совғалар рамзий экани, энг олий мукофот эса Яратган Парвардигорнинг ҳузурида бўлишини қайд этиб ўтдилар.
Шундан сўнг, телевидение, радио, матбуот ва Интернет йўналишларида энг яхши деб топилган ижодий ишларнинг муаллифлари ҳамда ушбу йўналишда алоҳида намуна кўрсатган тарғиботчилар қуйидаги йўналишлар бўйича махсус диплом ва қимматбаҳо мукофотлар билан тақдирландилар.
Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов сўзга чиқиб, ғолибларни қутлар экан, танловнинг бугунги кундаги аҳамияти, ижод аҳлининг самарали меҳнати ва уларни рағбатлантиришнинг фойдали жиҳатлари ҳақида гапирди. Шунингдек, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги директори Лазиз Тангриев сўзга чиқиб, ҳар бир мавзуни ўзининг профессонал мутахассислари ёритиши ҳақида гапириб, бу борада диний соҳа ходимлари, уламолар ва имом-хатиблар жуда фаол иштирок этаётганига алоҳида урғу берди. Шунингдек, у Президентимиз раислигида 29 декабрь куни миллий кино санъатини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳлили ва бу борада мавжуд муаммоларни ҳал этишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтганини билдириб, Президентимиз буюк боболаримиз Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий ва Имом Насафий ҳаёти ҳақида ҳам фильмлар олиш кераклигини айтганига алоҳида тўхталди.
“Сарҳисоб – 2017” ғолиблари билан танишинг:
Матбуот йўналиши бўйича:
1-ўрин Одилхон Исмоилов (Тошкент шаҳар «Шайх Зайниддин» масжиди имом-хатиби);
2-ўрин Муҳтарама Улуғова (“Мовароуннаҳр” нашриёти муҳаррири);
3-ўрин Жаҳонгир Жўраев (Дин ишлари бўйича қўмита ходими).
Телевидение йўналиши бўйича:
1-ўрин Ҳайитов Шуҳрат (“Ўзбекистон” телеканали “Маданий-маърифий ва бадиий дам олиш дастурлар” бош муҳарририятининг бош муҳаррири);
2-ўрин Уйғун Ғофуров (Тошкент ислом институти ректори);
3-ўрин Илҳом Маърупов (“Мовароуннаҳр” нашриёти муҳаррири);
Интернет йўналиши бўйича:
1-ўрин Раҳматулла Сайфуддинов (Тошкент шаҳридаги “Мирза Юсуф” жоме масжиди имом-хатиби);
2-ўрин Олимхон Юсупов (Самарқанд вилояти “Махдуми Аъзам” жоме масжиди имом-хатиби);
3-ўрин Зоиржон Содиқов (Тошкент шаҳар вакиллиги ходими).
Радио йўналиши бўйича:
1-ўрин Шамсиддин Бауатдинов (Қорақалпоғистон Республикаси мусулмонлари қозиёти қозиси);
2-ўрин Хайрулло Турматов (Тошкент вилояти бош имом-хатиби);
3-ўрин Фарҳод Абдуллаев («Зиё» медиа маркази вакили).
Йилнинг энг фаол тарғиботчиси:
1-ўрин Раҳимберди Раҳмонов (диний идора Масжидлар бўлими мудири);
2-ўрин Нозима Ибрагимова (“Хадичаи Кубро” билим юрти мудираси);
3-ўрин Дамин Жумақулов (“Мовароуннаҳр” нашриёти муҳаррири).
{gallery}//2017/SARHISOB2018{/gallery}
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Муҳтарама синглим! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларида юз берган энг оғир, у зотга энг кўп қайғу келтирган мусибат ҳақида ўқишдан олдин фикрингизни бир жойга жамлаб, яхшилаб ўйлаб, қуйидаги саволларга жавоб бериб кўринг:
Ҳаётингизда қандай ҳолатлар сизни қайғуга солган?
Уларнинг сабаби ҳақида ўйлаб кўрганмисиз?
Ўша ҳолатларда ўзингизни қандай тутгансиз?
Уларнинг қайси бирини энг оғир мусибат деб билгансиз?
Бу саволлар ҳақида кенгроқ фикр юритиб жавоб берган бўлсангиз, келинг, энди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларида юз берган энг оғир мусибат билан танишамиз.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти ҳалоллари Оиша розияллоҳу анҳо бундай деганлар:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга «Бошингизга Уҳуд кунидан ҳам оғирроқ кун келганми?» дедим. У зот шундай дедилар: «Ҳа, бу қавм менга кўп озорлар етказди. Аммо уларнинг энг оғири Ақаба куни бўлган. Ўшанда Ибн Абду Ялил ибн Абдукулолга мени ҳимояга олишни таклиф қилган эдим. Лекин у мен истаган нарсани қабул қилмади. Мен ташвишланиб, бошим оққан томонга қараб юриб кетдим. Бир жойга келганда ўзимга келиб, бошимни кўтардим. Қарасам, тепамда бир булут менга соя солиб турибди. Разм солсам, унинг устида Жаброил бор экан. У менга шундай нидо қилди: «Аллоҳ қавмингнинг сенга айтган гапини, сенга нима жавоб қайтарганини эшитди. У Зот ҳузурингга тоғ фариштасини юборди, уларни нима қилишни истасанг, буюришинг мумкин», деди. Шу пайт тоғ фариштаси менга салом бериб, «Эй Муҳаммад! Нима десангиз, шуни қиламан. Истасангиз, уларнинг устига Маккадаги иккита катта тоғни тўнтариб ташлайман», деди».
Оиша розияллоҳу анҳо Уҳуд жангида Расулуллоҳнинг қанчалар маҳзун бўлганларини кўрган эдилар. Бу жангда етмишта энг забардаст саҳоба шаҳид бўлган. Ўша жангда мушриклардан бири Расулуллоҳнинг юзларига қилич билан урганида юзлари қонаб кетган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юзларидаги қонни арта туриб, «Аллоҳга даъват қилаётган пайғамбарининг юзига жароҳат етказиб, тишини синдирган қавм қандай нажот топади?» деб, куйинган эдилар. Жанг тугагач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шаҳид бўлганларни бирма-бир кўздан кечира бошладилар. Амакилари Ҳамза ибн Абдулмутталибнинг жасади қаршисида тўхтаб қолдилар. Ҳамза у зот учун энг суюкли, қариндошлари ичида энг қадрли инсон эди. Мушриклар Ҳамзанинг қорнини ёриб, ички аъзоларини чиқариб ташлашибди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буни кўриб, қаттиқ изтироб чекдилар, «Энди менга сизнинг фироқингиздан оғир мусибат йўқ», дедилар.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ҳамза ибн Абдулмутталибга йиғлаганларидек қаттиқ йиғлаганларини кўрмаганмиз. У зот амакиларини қибла тарафга қўйиб, жанозасини ўқишга турганларида йиғидан ўзларига сиғмай кетдилар».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига, саҳобаларига етган мусибатларни дуо билан, сабр билан енгар эдилар.
Убайд ибн Рифоъа Зуроқий отасидан ривоят қилади:
Уҳуд жанги куни кўз ёшлари қонларига аралашиб, ниҳоятда оғир мусибат етиб турган лаҳзаларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тутган йўллари энг тўғри йўл эди. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларининг олдида туриб, Аллоҳ таолога дуо қилиб, уларнинг қалбидаги иймонни янада мустаҳкамладилар. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло берган нарсани тўсувчи йўқ, У Зот тўсганини эса берувчи йўқ.
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ,
Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.