Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
12 Январ, 2025   |   12 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:48
Пешин
12:36
Аср
15:34
Шом
17:18
Хуфтон
18:37
Bismillah
12 Январ, 2025, 12 Ражаб, 1446

«Улар» эшонми?

30.12.2017   13690   12 min.
«Улар» эшонми?

Аллоҳ таоло Ўзи хоҳлаган кунини, хоҳлаган нарсасини, хоҳлаган кишисини улуғ қилади. Ақлли бандалар Аллоҳ улуғ деб тайинлаган кимса ва нарсаларини улуғ деб билишлари лозим.

Инсонлар ичидан пайғамбарларни улуғ қилди. Шу ўринда нима учун Аллоҳ пайғамбарларни «Саййид»лар, яьни улуғ зотлар қилиб танлаганини ҳам билиб қўйишимиз керак.

Аллоҳ таоло лутфи карами билан барча пайғамбарларни гуноҳлардан сақлаган. Одам алайҳиссаломдан бошлаб, охири Муҳаммад алайҳиссаломгача ўтган барча пайғамбарлар Аллоҳнинг динига тўла-тўкис амал килиб, бутун инсониятга намуна ва ўрнак бўлганлари, қалблари мусаффо ғиллу ғишлардан, гина-ю кудуратлардан холи бўлиб, катта-ю кичик, бою-камбағал, яхши-ю ёмон демасдан ҳаммага бир хил муносабатда бўлиб, Аллоҳнинг ҳақ динини инсонларга мукаммал равишда етказганлари сабабидан улуғланганлар. Шу пайғамбарлар ичида янада улуғроғи Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламдирлар.

Имом Муслим Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат кунида одам боласини саййиди менман. Барча инсонлар тириладиган қиёмат кунида биринчи бўлиб қабрдан бош кўтариб чиқувчи, биринчи бўлиб шафоат қилувчи, биринчи бўлиб шафоати қабул қилинувчи ҳам менман. Бу билан фахрланиш йўқдир”, деганлар.

Изоҳ: “Фахрланиш йўқ” дейилгани. Аллоҳ таоло Пайғамбаримизни мартабаларини дунёю охиратда юқори қилишига қарамай, кибрланмасдан ва гердаймасдан ўзларини камтар тутиб фахрланиш йўқ, деганлари барча инсонларга ўрнак ва намунадир. Бу сўзлашув услубида айтиладиган “мақтаниш эмаску…, мақтанмоқчи эмасман…”, деган иборага тўғри келади.

Имом Муслим ривоят қилган «Риёзус солиҳийн» китобининг 345-рақамли ҳадисида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй, мусулмонлар! Хонадоним ҳақида Худони ёдларингизга солурман”, дедилар. Зайд ибн Арқамдан: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг хонадонлари ким?” деб сўралганда, “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин садақадан маҳрум этилганлар, яъни садақа ейиши мумкин бўлмаган зотлар”. “Улар кимлар?” дейишганда: “Али, Ақил, Жаъфар ва Аббосни авлодлари” дейилди.

Ушбу китобдаги Имом Бухорийдан ривоят қилинган 346-рақамли ҳадисда: Абу Бакр Сиддиқ: “Эй, мусулмонлар! Аҳли байт ҳақида Расулуллоҳни ҳурмат қилинглар”, деганлар. Яъни аҳли байт билан муомала қилишда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам риоясини қилиб, уларни улуғлаб, ҳурматларини жойига қўйинглар. Аллоҳ таолонинг Китоби – Қуръони каримнинг Аҳзоб сураси 33-оятида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам хонадонлари ҳақида:

 إِنَّمَا يُرِيدُ اللَّهُ لِيُذْهِبَ عَنْكُمُ الرِّجْسَ أَهْلَ الْبَيْتِ وَيُطَهِّرَكُمْ تَطْهِيرًا 

 “Эй, (Пайғамбарнинг) хонадон аҳли! Аллоҳ сизлардан гуноҳни кетказишни ва сизларни обдон поклашни истайди, холос”, деб марҳамат қилган, яъни Пайғамбар хонадони Аллоҳ таолога ибодат қилиб, Уни кўп зикр қилишлари натижасида гуноҳлардан покланиб, улуғлик даражасига эришганлар.

Пайғамбар авлодлари “саййид” дейилади. Саййид – ўзбек тилида хўжа, улуғ, мустақил, ҳукмдор, жаноб маъноларида келади (“Ўзбек тилининг изоҳли луғати” 3-жуз). Айрим ўзбеклар орасида саййидларни тўралар ҳам дейилади. Саййидларга Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари айтганларидек, ўзларига садақани ҳаром қилган Али, Ақил, Жаъфар ва Аббос авлодлари киради. Айрим манбаларда Ҳазрати Али разияллоҳу анҳунинг хотинлари Фотима разияллоҳу анҳодан туғилган фарзандлари “саййид”, бошқа хотинларидан туғилганлари “Хўжа” дейилади, деб ёзилган. Бу тўғри эмас. Ҳазрати Алининг бошқа хотинларидан туғилган фарзандлари ҳам саййидлар дейилади. Саййидлар фақат Ҳазрати Али зурриёдлари эмас, юқорида номлари зикр қилиган Али, Ақил, Жаъфар ва Аббос зурриёдлари ҳам саййидлар ҳисобланади. Ушбу сўз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак оғизларидан чиққан ҳадис билан тасдиқланган.

Юқорида зикр қилинган оят ва ҳадислардан Пайғамбаримиз авлодларини яъни “саййид”ларни ҳурмат килишимиз лозим бўлади. Аммо ўзлигини унутиб, Яратганни амрларига бўйсунмасдан “айниган”, “диндан узоқлашган” бўлсачи? Унда уларни асло ҳурмат қилинмайди. Зероки, “саййид”лик даражаси уларга дин туфайли берилгандир. Динини унутиб, ибодат қилмаса, у кунига юз мартабалаб “Мен саййидларданман!” деб жар солса ҳам “саййид”лик даражасидан тушиб қолади. Нега дейилганда, Пайғамбар авлоди бўлган киши амалий жиҳатдан Пайғамбар меросхўри бўлиб, у зотнинг ишларини давомчиси, дин кўрсатмаларини мукаммал бажариб, одоб-ахлоқ жиҳатидан инсонларга пешво бўлиши керак. Қуруқ “саййид”лик даъвоси билан уни насаби унга заррача ҳам наф бермайди. Бу каби сохта “саййид”ларни ҳурмат қилганлар эса гуноҳкор бўладилар.

Имом Табороний Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки фосиқни ҳурмат қилиб “Саййидим” деса, шак-шубҳасиз Роббисини ғазаблантирибди”, деганлар. Бинобарин “Фосиқ хоҳ бой, хоҳ амалдор, хоҳ саййид бўлсин баробардир”. Унга қиз ҳам берилмайди, қизини ҳам олинмайди!

Отамни Саййид Бурҳон исмли танишлари бўлиб, улар билан дўстлик алоқамиз яхши эди.

Саййид Бурҳон отани қизларидан бири балоғатга етиб, толиби илмлардан бири қизларига совчи юборди. Саййид Бурҳон ота жоҳиллик қилиб қизлари бошига қўнган бахт қушини учириб, қизларини фақат саййид авлодидан бўлганларга беришларини айтдилар. Орадан бир қанча вақт ўтиб, қизларини ўзларига ўхшаган саййид авлодига узатдилар. Рамазон ойида Сайид Бурҳон ота қуда чақириқ қилиб, ифторга – биз толиби илмларни ҳам чақирдилар. Ифтор пайтида оғиз очилиб, шом намозини ўқиганимизда, “Куёв бола” бизни рўза тутиб, намоз ўқиганимиз учун масхара қилди. Биз, толиби илмлар бечора Саййид Бурҳон ота жоҳиллиги туфайли қизини икки қўллаб жаҳаннамга итарганига ачиниб қолдик.

Дарҳақиқат, инсон қуруқ савлати, бойлиги, молу дунёси, насаби-ю мансаби, оқу қоралигига қараб эмас, тоат-ибодати, тақвоси, парҳезкорлиги билан эъзозланиб, қилган яхши амалларига яраша мукофотланади.

Зероки, Аллоҳ таоло Ҳужурот сурасининг 13-оятида:

 يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِنَّا خَلَقْنَاكُمْ مِنْ ذَكَرٍ وَأُنْثَى وَجَعَلْنَاكُمْ شُعُوبًا وَقَبَائِلَ لِتَعَارَفُوا إِنَّ أَكْرَمَكُمْ عِنْدَ اللَّهِ أَتْقَاكُمْ إِنَّ اللَّهَ عَلِيمٌ خَبِيرٌ

“…Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир…»  деб адолат мезонини қўйган.

Ўз мақомида турган, ўзлигини унутмаган аслзода “саййид”ларни ҳурмат қилинганидек, аҳли илмларни ҳам эҳтиром қилмоқлик вожибдир. Аллоҳ таоло Зумар сурасининг 9-оятида:

 قُلْ هَلْ يَسْتَوِي الَّذِينَ يَعْلَمُونَ وَالَّذِينَ لَا يَعْلَمُونَ إِنَّمَا يَتَذَكَّرُ أُولُو الْأَلْبَابِ

“Айтинг: “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!” Дарҳақиқат, фақат ақл эгаларигина эслатма олурлар”, деб марҳамат қилган.

Аҳли байт, яъни саййидлар ва уламоларни ҳурмат қилинишининг сабаби, улар Аллоҳни таниб, Унинг қил деганларига амал қилиб, қилма деганларидан четланганлари учундир. Агар улар Аллоҳ берган қадру қийматига, улуғлигига яраша амал қилмасдан куфрони неъмат қилсалар, ўзларининг кимлигини унутиб, айниган, фосиқ бўлишса, уларнинг биронтасини ҳам ҳурмат қилиб бўлмайди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам суюкли қизлари Фотимага: “Эй, қизим! Отам пайғамбар, деб насабингга суянма, амалиигни билиб қил, зеро, ҳар бир жон қилган амалига қараб мукофотланади”, деганлар.

Тарихга назар солсак, туркий қавмларда подшоҳни “хон” дейишган. хонни ака-укалари бўлса, ҳеч ким уларни хон демаган. Хон ака-укаларини бирон шаҳарга, қўрғонга ёки овулга бек қилиб тайинлаган. Бек бўлган киши вафот этиб, орқасида ўғли қолган бўлса, отасининг ўрнига бек, бўларди. Бекни ака-укалари эса оддий халқ қаторида бўларди.

Уйғур ва унинг атрофидаги элларда подшоҳни “тўра” дейишган. Тўранинг ака-укалари бўлса, уларни ўз қаромоғидаги жойларга тўра эмас, “бек” ёки “ҳоким” қилиб тайинлаган. Ҳеч ким уларни тўра авлоди дейишмаган.

Хоразм ва Эронда подшоҳни “шоҳ” дейилган. Шаҳзодаларни “султон” дейилган. Хон, Ҳоқон, Тўра, Бек, Султон, Шоҳ, Подшоҳ, Амирлар насаб эмас.

Одамларда табиатан ўзларини бошқалардан юқори олиб мақтаниш одати бор. Шу сабабдан олдинги замонда ўтган боболаридан бири хон бўлган бўлса, биз хонларданмиз, деб исмларига хон қўшиб айтиши, тўра ўтган бўлса, биз тўраларданмиз, деб тўра қўшиб айтиши, бек ўтган бўлса, бек қўшиб айтиши, шоҳ ўтган бўлса, биз шоҳларданмиз, деб шоҳ қўшиб айтиши, амир ўтган бўлса, биз мирларданмиз, деб мир қўшиб айтиши одат бўлган. Аслида эса бошқалардан ҳеч қандай ортиқлиги йўқ. Бир ота – Одам алайҳиссалом ва бир она – Момо Ҳавводан таралган оддий инсондир. Аслида инсоннинг бошқалардан ортиқлиги фақат парҳезкорлиги ва тақвоси билан бўлади.

Бу борада ҳақикат куйчиси, оташнафас Бобораҳим Машраб ҳазратлари:

Саййидсан, Ҳожасан зинҳор,

Мағрури насаб бўлма!

– деб ҳақиқатни баён қилганлар.

Насабига қараб сийланадиган бўлса, Нуҳ ва Лут алайҳиссаломларнинг аёллари сийланарди. Аммо бу иккала аёл улуғ зотларнинг жуфтлари бўлишларига қарамай, кофир бўлганликлари учун жаҳаннамга лозим топилди. Шунингдек, Нуҳ алайҳиссалом пайғамбар бўлишларига қарамай, Ём исмли ўғиллари кофир бўлиб, Тўфонда ғарқ бўлиб ўлди. Иброҳим алайҳиссалом жами пайғамбарларнинг отаси бўлишига қарамай, оталари Озар кофир бўлди. Бунинг акси, худолик даъвосини қилган ашаддий кофир Фиръавннинг хотини Осиё мусулмон бўлди. Демак, инсон кимни ўғил-қизи, кимни ота-онаси, кимни яқини ва дунёдаги мартабасига қараб эмас, қилган ишига, амали солиҳига қараб мукофот олади.

Шунинг учун илгарилари ўтган улуғларимиз насаблари саййид авлодидан бўлсалар ҳам ўзларини паст олиб, камтарлик билан исмларига қул қўшиб айтишган. Масалан, Қул Хожа Аҳмад, Асрорқул, яъни Аллоҳнинг қули, бандаси эканликларига иқрор бўлишган. Дарҳақиқат, ҳаммамиз Аллоҳнинг бандаси, яъни қулимиз. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримизнинг номлари зикр қилинган жойда Муҳаммад абдуҳу деб, у зотнинг банда эканлигини қўшиб айтилади. Биронта китобда Пайғамбаримизни Муҳаммадхон дейилган эмас.

Халқимиз орасида эшонлармиз, деб ўзини юқори оладиганлар ҳам бор. Хўш эшон ким? Бизнинг диёримизда тариқат илми ривожланган бўлиб, Баҳоуддин Нақшбанд, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Хўжа Али Ромитаний, Бобои Саммосий, Нажмиддин Кубро, Аҳмад Яссавий, Хўжа Аҳрор Валий, Шайх Хованди Таҳур, Занги ота ва бошқа бир қанча авлиёлар етишиб чиққан. Булар халқимизни комиллик сари етаклаб, комил инсон бўлиш йўл-йўриқларини ўргатишган. Буларни араб тилида шайх, форс ва ўзбек тилларида пир дейишган. Шайх ёки пирнинг луғатдаги маъноси чол, қариядир. Истилоҳда эса, устоз маъносида ишлатилади. Яъни тариқат илмининг устози. Бу йўлни хоҳловчиларни мурид, яъни шу йўлни хоҳловчилар дейилгани бўлади. Тариқат пирлари хоҳ катта, хоҳ кичик бўлишига қарамай, халқимиз уларни зъзозлаб, ҳурматларини жойига қўйиш учун беодоблик бўлмасин деб, исмларини айтмасдан эшон дейишган. Эшон форс, тожик тилларидан олинган бўлиб, “улар” маъносида келади.

Бу насаб эмас, фақат ҳурмат учун айтиладиган сўз. Демак, бир киши кўп ибодат-у зикрлар қилиб, ҳурматга сазовор бўлиб, эшон бўлган бўлса, унинг ўғил-қизи ҳам эшон бўла олмайди, уларни эшон авлодлари дейилмайди. Эшон бўлиш учун отасидек динга, шариату тариқатга хизмат қилган бўлиши керак.

Содда халқимиз тушунмаган ҳолда, ундай даъвогарларни ҳалол-ҳаромнинг фарқига бормай, чўчқа гўшти еса ҳам, ҳаром ичкиликларни истеъмол қилса ҳам, намоз ўқимаса хам, турли-туман гуноҳлардан қайтмаса ҳам эшон деб юришади. Улар асло эшон эмас.

 

Аҳмаджон БОБОМУРОД,

Тошкент ислом институти

 “Таҳфизул Қуръон” кафедраси

катта ўқитувчиси.

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Дунё тарихидаги энг яхши уммат

9.01.2025   6630   10 min.
Дунё тарихидаги энг яхши уммат

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳеч шубҳа йўқки, халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг ўлимларига сабаб бўлган ҳодисалардан тортиб ҳазрати Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг ўлимларигача бўлган даврда бўлиб ўтган ҳодисалар Ислом учун, мусулмон уммати учун мисли кўрилмаган мусибат бўлди.

Ушбу ҳодисалар туфайли мусулмон уммати ўртасида бўлиниш юз берди. Ўша пайтгача бир тану бир жон бўлиб, бутун дунёга Ислом нурини таратиб келаётган, бутун инсониятга хайру баракани улашиб келган дунё тарихидаги энг яхши уммат ичида дарз пайдо бўлди. Авваллари бу уммат вакиллари ихтилоф нималигини билмас эдилар. Вақти келиб, улар аввал иккига, кейинроқ учга бўлиниб ихтилоф қилдилар. Худди ўша машъум ҳодисалар туфайли бошланган бу бўлинишлар секин-аста давом этиб, мусулмон умматининг соғлом танаси ичидан турли-туман тоифалар чиқди. Шийъа, рофиза, хавориж ва шунга ўхшаш бошқа ҳар хил тоифаларнинг келиб чиқиши айнан ана шу ҳодисалардан бошланган эди.

Мазкур ҳодисалар туфайли мусулмон уммати аввал ҳоким шахс ҳақидаги баъзи мулоҳазалар билан баҳс бошлаган бўлса, охири келиб иймон ва куфр борасида баҳс қиладиган, бир-бирини куфр­га кетганликда айблайдиган даражага етди.

Ушбу ҳодисалар, аввало, фитначиларнинг ҳазрати Усмонга у киши ишга қўйган баъзи волийлар ҳақида шикоят қилишлари билан бошланган эди. Охири келиб хорижийлар ўзларига мухолиф бўлганларни, ҳатто ҳазрати Алийдек зотни кофирликда айблай бошлашди. Табиийки, қарши томондан ҳам ўзига яраша жавоб бўлди.

Ушбу ҳодисалар туфайли мусулмон уммати ичида бир-бирининг қонини ўзи учун ҳалол билиш ва бир-бирини ўлдиришни раво кўриш бошланди.

Биринчи марта фитначилар ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг қонлари ва молларини ўзларига ҳалол ҳисоблаб, у кишини ўлдириб, молларини талашди. Ана шу нобакорлик оқибатида ишлар ривож топиб, «Туя ҳодисаси»да, «Сиффин»да бир неча ўн минглаб киши ҳалок бўлди. Хорижийлар билан бўлган алоҳида ҳодисаларни қўшадиган бўлсак, бу ҳисоб яна ҳам ортади.

Бир тану бир жон бўлиб, дунё халқларини бирин-кетин бандаларнинг бандаларга сиғинишидан Аллоҳнинг ибодатига, нотўғри динларнинг жабридан Исломнинг адолатига, дунё торлигидан охират кенглигига, жоҳилият зулматларидан Ислом нурига чиқараётган уммат бир-бирини Роббига ибодат қилишдан чиқариш, бир-бирига жабр қилиш, Исломнинг кенглигидан ихтилоф торлигига, Ислом нуридан жаҳолат зулматига ўта бошлади.

Ушбу ҳодисалар туфайли мусулмон умматининг гули, етакчи кучи бўлмиш саҳобаи киромларнинг кўпчилиги нобуд бўлдилар. Уларнинг маънавий кучларига футур етди.

Ушбу ҳодисалар туфайли мусулмон уммати бошига тушган мусибатларни бирма-бир санаб чиқиш ниҳоятда оғир иш. Шунинг учун бу борада гапни қисқа қилганимиз маъқул.

Энди ижозатингиз билан мазкур ҳодисаларга баҳо бериш ҳақида бир неча оғиз сўз.

Бу ҳодисалар бўлиб турган вақтларнинг ўзидаёқ уларга баҳо бериш бошланган. Унда ҳар бир томон ўзини ҳақ, ўзгани ноҳақ деб билган. Тарафкашлик бўлиб турган жойда бундан бошқа нарса бўлиши мумкин ҳам эмас. Аммо мазкур ҳодисаларга баҳо бериш улар бўлиб ўтганидан кейин ниҳоятда авж олгани кутилмаган ҳол. Ушбу ҳодисалар бўлиб ўтгандан кейин турли сабабларга кўра уларни баҳолаш, «ким нима қилган-у, ким нима қилмаган, аслида нима қилиш керак эди», каби мавзуларда мунозаралар қизиб кетган. Бу борада ҳар ким ўша тўпалонлар юз берган вақтдаги ҳар бир ҳаракат ва саканот, ҳар бир оғиз гап ва сўздан ўз фикрини қўллашга, ўзганинг фикрини рад қилишга далил излаган. Тарафкашлик ва низо оловида қизиб кетиб, далил топа олмай қолган пайтларда ўзидан қўшиб юборишлар бўлмаганига эса ҳеч ким кафолат бера олмайди.

Тарафкашлик авж олган жойда ҳар ким ўзининг ҳақ эканини исбот қилишга уриниб, ўзида бўлмаган яхши сифатларни бемалол даъво қилганидек, ўзида бўлган салбий сифатларни тараддудсиз инкор этади. Шу билан бир вақтда, қарши тарафнинг барча яхшиликларини инкор этган ҳолда, барча ёмонликларни унга ағдаради. Мана шу жараёнда нима бўлса бўлади.

Ислом уммати ёлғон нима эканини билмас эди. Аммо фитначилар ўз қилмишларини хаспўш­лаш, одамларни ортларидан эргаштириш мақсадида бу уммат ичига «ёлғон» деган иллатни олиб киришди. Жумладан, улар: «Бизга Алийдан хат келди» «Бизга Оишадан хат келди», «Бизга фалончидан хабар келди» «У дебди», «Бу дебди» деган ёлғонларни ҳам тарқатишган эди.

Фитначилар мазкур машъум ҳодисалар ўтиб кетганидан кейин ҳам ўз тарафини олиб, ўзгани танқид қилишда давом этаверишди. Бу нарсалар аста-секин авж ола бошлади. Тарафкашликда учига чиққан томонлар эса ўз гапларини тасдиқлаш учун оят ва ҳадисларни ноҳақ таъвил қилганлари етмагандек, ёлғонлар тўқиб, ҳатто уларга ҳадис сифатини беришгача етиб боришди.

Аммо масъул кишилар, уламолар бу нобакорликни дарҳол бўғиб ташлаш йўлига ўтдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга оид барча ривоятлар яхшилаб ҳимоя қилинди. Ҳадисларнинг даражаларини аниқлашнинг мустаҳкам қоидалари ишлаб чиқилди. Бу борада фитначиларнинг фитнаси ўтмади.

Аммо тарихчилар келтирган ривоятларга бу қадар эътибор қаратилмади, чунки тарих ҳақидаги ривоятлар дин ва эътиқод масалалари бўйича ривоятлар аҳамиятига эга эмас, деган ўй бор эди. Ўша пайтларда бўлиб ўтган ҳодисалар ҳақидаги ривоятлар тўпланди. Аммо уларни саралаш ва яроқсизини ташлаб юбориш ишлари қилинмади. Бу нарса айниқса ҳукмдорлик учун ўзаро кураш олиб борган тоифаларга қўл келди. Улар турли асоссиз ривоятлардан ўз манфаатлари йўлида фойдаланиш билан бирга, етмай қолган жойларига ўзларидан қўшиб юборишди.

Аста-секин саҳобаи киромларга тил теккизиш бошланди. Тил теккан саҳобийнинг тарафдорлари ўзига яраша жавоб беришди. Ҳар ким ўзи эргашган шахсни улуғлашга ўтди.

Айниқса, ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу ҳақларида бунга ўхшаш гап-сўзлар кўп учрайди. Баъзи ғулувга кетган тоифалар у зотни илоҳлик даражасигача кўтарган бўлишса, хорижийларга ўхшаш кимсалар: «Куфрга кетди», дейишган.

Яна бошқа бир тоифалар ҳазрати Алий розияллоҳу анҳунинг тарафларини олиш мақсадида у зотни мазлум қилиб кўрсатишга уриниб, бош­қа бир нечта катта саҳобаларни эса кофирга чиқариб қўйишган.

Бу масалаларга бағишланган мажлислар, жанжаллар бўлди, китоблар ёзилди, хутбалар ўқилди. Нима бўлса бўлди, лекин ихтилоф кўпайиб бораверди.

Ниҳоят, мусулмонлар жумҳури – аҳли сунна вал жа­моа бу масалада ижмоъ ила энг адолатли ва сўнгги нуқтани қўйди: орада бўлиб ўтган кўнгилсиз ҳодисаларда ҳазрати Алий ва у зотнинг та­рафдорлари ҳақ бўлганлар. Улар ҳақида бошқача гап бўлиши мумкин эмас. Бунга далил ва ҳужжатлар етарли. Уларнинг энг ишончли ва кучлиси Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган саҳиҳ ҳадислардир. Хусусан, Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу ва Зул Садяйнининг ҳазрати Алий розияллоҳу анҳунинг фазилатлари ҳақидаги, келажакда бўладиган фитналар ҳақидаги ҳадислари фикримизга далил бўла олади.

Орада бўлиб ўтган кўнгилсиз ҳодисаларнинг айбдорлари Ибн Сабаъ бошлиқ фитначилар ва хорижийлардир, барча қилинган гуноҳлар уларнинг бўйнида. Улар ҳақида бошқа гап бўлиши мумкин эмас.

Фитначилар асосан Миср, Басра ва Куфада тухум қўйиб, урчиб кетишди. Фитнанинг бош қароргоҳи Миср эди. Унинг Ислом жамиятининг марказидан узоқда жойлашгани, у ерда ҳақиқий уламоларнинг, хусусан, саҳобаларнинг кам бўлгани ва бошқа шунга ўхшаш омиллар фитначиларнинг ўз фикр-мулоҳазаларини авом халққа етказишларига катта имкон берар эди.

Орада бўлиб ўтган кўнгилсиз ҳодисаларда фитначиларга ҳам, ҳазрати Алий розияллоҳу анҳуга ҳам қўшилмаган, балки у зотга талаб қўйиб, талаби бажарилгандагина байъат қилишларини айт­ган тоифа ҳам бор эди. Уларнинг гаплари ва қилган ишлари «Туя» ва «Сиффин» ҳодисаларидан ҳаммамизга маълум. Ушбу тоифанинг машҳур шахслари сифатида Талҳа ибн Убайдуллоҳ, Зубайр ибн Аввом, Муовия ибн Абу Суфён ва Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумни эслаш мумкин. Аҳли сунна вал жамоа мусулмонлари уларни: «Хато таъвил ва ижтиҳод қилганлар», деб баҳолайди. Улар ҳақоратланмайдилар, ёмонланмайдилар. Балки саҳобий бўл­ганлар бошқа саҳобаи киромлар билан бир қаторда кўрилади.

Уламоларимиз ва мусулмонлар жумҳури бу ишда ғоятда талабчан бўлгани сабабли бу ҳақда ҳар бир мусулмон шахс эътиқод қилиши лозим бўлган нарсани ақийда китобларимизга битиб ҳам қўйганлар.

Жумладан, аҳли сунна вал жамоанинг энг маш­ҳур ақийда китобларидан бири бўлмиш «Ақийдаи Таҳовийя»да қуйидагилар айтилади:

«Биз уларнинг ҳаммалари ҳақида яхшилик билан: «Роббимиз, бизни ва биздан аввал иймон билан ўтган биродарларимизни мағфират қилгин, иймон келтирганларга нисбатан қалбимизда ғашлик қилмагин. Роббимиз, албатта, Сен ўта шафқатлисан, ўта раҳмлисан», деймиз (Ҳашр сураси, 10-оят).

Аллоҳ таоло бизнинг қўлларимизни ўз вақтида бўлиб ўтган фитнадан асраган. Биз Аллоҳдан тилларимизни ҳам мазкур фитнадан сақлашини сўраймиз».

«Ислом тарихи» биринчи жузи асосида тайёрланди

Мақолалар