Халқимизда “Меҳнатдан келса бойлик – турмуш бўлар чиройлик”, деган ажойиб мақол бор. Албатта, меҳнат кишини улуғлайди. Аммо меҳнат қилиш учун ҳам кишида илм, ақл, фаҳму фаросат бўлиши керак. Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 172-оятида “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳгагина ибодат қилувчи бўлсангиз, сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза нарсалардан еб, Унга шукр қилингиз!” деб марҳамат қилган.
Демак, меҳнатимиз ҳалоллик асосида бўлиши ва поклик мезонида ўлчанишлиги керак экан.
Тарихга назар соладиган бўлсак, Одам алайҳиссалом деҳқончилик, Идрис алайҳиссалом хаттотлик, Нуҳ алайҳиссалом дуродгарлик, Довуд алайҳиссалом эса темирчилик билан шуғулланган. Пайғамбарлар меҳнат билан шуғулланиб бизларга ўрнак бўлган экан, бизлар ҳам ўзимиз ёқтирган касбнинг устаси бўлиб, оиламизни ҳалол покиза ризқ билан боқишимиз керак.
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Кимки тиланчилик қилишдан сақланиш, оиласини боқиш ва қўни-қўшниларига мурувват қилиш мақсадида ҳалол йўл орқали ризқ топиш билан машғул бўлса, қиёмат кунида у Аллоҳ таолога юзи тўлин ойдек ёруғ бўлган ҳолда йўлиқади”. Бу ҳадиси шариф ҳар биримизнинг дастурул амалимиз бўлиши зарур.
Ҳалол меҳнат кишини улуғлайди ва жаннатга етаклайди. Табароний ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Гуноҳлар ичида шундайлари борки, унга фақат ҳалол ризқ топиш мақсадида қилинган ҳаракатгина каффорат бўлади”. Шундай экан, келажагимиз бўлмиш жондан азиз фарзандларимизга ҳалол касб-ҳунар ўргатиб, уларни ҳеч қачон ўзгаларнинг ҳақига кўз тикмайдиган, ватани, халқи, дини учун жон фидо қиладиган руҳда тарбия қилмоғимиз лозим.
Биласизми? Силикат моддасига бой бўлган тупроққа дафн қилинган инсоннинг скелети вақт ўтиши билан тош ва харсангга айланади.
Агар у пирит (темир сульфиди) моддасига бой минтақага дафн қилинса, ундай жасад темир ҳайкалга айланиб қолиши мумкин!
Бу илмий ҳақиқат яқинда аниқланган бўлса-да, Қуръонда бу ҳақида 1445 йил олдин ҳайратланарли тарзда жуда аниқлик билан баён этилган. Қуръонда бундай дейилган:
وَقَالُوا أَإِذَا كُنَّا عِظَامًا وَرُفَاتًا أَإِنَّا لَمَبْعُوثُونَ خَلْقًا جَدِيدًا
"Улар: “Биз суякларга ва чанг- тупроқларга айланиб кетганимиздан кейин ҳам, янгитдан тирилтириламизми?” дедилар. “Сен уларга, тошга ёки темирга айланинглар”, деб айт"
(Исро сураси, 50-оят).
Бу оят яқин йилларда кашф этилган — суяклари тошга айланган ёки темир ҳайкалга айланган қазилмаларга очиқ ва равшан ишора қилмоқда. Гўёки Қуръонда хабар берилган ушбу далиллар олимлар кашф қилишларини узоқ асрлардан бери кутиб ётгандек.
Шундай экан, ақлли инсон бундай очиқ-ойдин ва равшан мўъжизани қандай инкор қила олади? Қуръоннинг бу мўъжизаси кундуздаги қуёшдек равшан эмасми?
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ