Кўп йиллардан буён қишлоқ хўжалиги соҳасида раҳбар лавозимларда фаолият юритиб келган давлат арбоби, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети профессори Мақсуд Ибрагимовни халқимиз Орол фожиаси оқибатларини бартараф этиш билан шуғулланиб келаётган олим сифатида яхши танийди.
Етмиш ёшни қаршилаган эл оқсоқоли – тиниб-тинчимас одам. У жуда банд инсон бўлишига қарамасдан, Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси билан илмий янгиликларини бўлишишга рози бўлди.
– Мақсуд Юлдашевич, Орол фожиаси натижасида биринчи навбатда халқимиз, сўнгра бутун дунё жабрланаётгани бот-бот такрорланиб келинмоқда. Унинг оқибатларини енгиллаштириш мақсадида бир қанча чора-тадбирлар олиб борилди. Хўш, аҳвол ўзгардими?
– Биринчидан, Орол денгизининг суви тортилиб, қуриган қисмида янги тупроқ қатламининг пайдо бўлиш жараёни кетмоқда. Табиий тарзда ўт-ўланлар ўсиб чиқмоқда. Демак, қуриб қолган майдонлар заҳарли чанг-тўзонлардан тозаланиб, бу ердаги тупроқ ҳосилдорлиги ортмоқда. Иккинчидан, ҳозирги пайтда сувсизланиб қолган майдонларда юз минглаб гектар ерларга ўрмон хўжаликлари томонидан ўсимликлар (саксовул, қандим ва ҳоказо) экилиб, ўрмонлар барпо этилмоқда. Орол денгизининг 5,5 миллион гектар майдонидаги қуриб қолган ерларнинг камида 3,5 миллион гектар ерида табиатнинг кучи билан ўт-ўланлар ўсиб кетса, бу ерларда улкан яйлов майдонлари пайдо бўлиши мумкин.
Ҳозирги пайтда экологик вазиятлар сабабли Қизилқум ва Устюрт яйловларининг табиий ҳосилдорлиги камайиб бормоқда. Шу сабабли денгизнинг сувсиз майдонларини чорвачилик учун яйлов сифатида фойдаланиш келажакда долзарб муаммога ечим бўла олар эди. Бу чоралар узлуксиз амалга оширилса, ҳудуддаги экологик аҳвол ҳам яхшиланиши кутилмоқда.
– Ўт-ўлан ўсмайдиган ерларда чанг-тўзон ҳали ҳам кўтарилишда давом этмоқдами?
– Бунинг ҳам чораси топилди. Яқинда Қорақалпоқ давлат университетининг Экология ва тупроқшунослик кафедраси докторанти Маҳмуд Алламуратов илмий янгилик – денгизнинг ўсимлик ўсмайдиган қумли ерларида қумларнинг кўчишини тўхтатиш учун сепиладиган (пуркаладиган) кимёвий бирикмани ихтиро қилди. «Аму 1», «Аму 2» номи берилган ушбу бирикмалар қумнинг юзасини 8 миллиметр қалинликда қотириб ташлайди. Ҳар ёмғир ёғиши бирикманинг мустаҳкамланишига замин яратади.
– Орол денгизига сув олиб келишнинг имкони бор экан. Сиз яқинда ўтказилган илмий-амалий конференцияда шу масалани кўтарган эдингиз. Демак, денгизни тўлдириш мумкин, шундайми?
– Жиззахда катта кўллар тизими бор. 1969 йили Сирдарё сувининг тўлиб, 21 куб километр сувнинг қирғоқларидан чиқиб кетиши натижасида пайдо бўлган ушбу Айдар-Арнасай кўллар тизими ҳозир Қизилқумни ботқоқликка айлантирмоқда. Чунки, 1993 йилдан буён бир неча бор Сирдарёнинг ортиқча суви шу кўлларга қуйилиб, кўллар тизимининг майдони йилдан-йилга катталашиб бормоқда. Унинг сувини бекорга чўлга оқизиб юборилгандан кўра, Орол денгизига қуйишнинг чораси кўрилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Бундан, албатта, денгиз тўлиб қолмайди, лекин унинг минераллашув (туз кўламининг ортиши) даражасининг пасайишига хизмат қилади.
– Нима сабабдан Сирдарёнинг суви ҳали ҳам бу кўллар тизимига келиб қуйилмоқда?
– Сирдарёнинг суви Қозоғистон томондаги дамбадан тўлиқ ўтмайди. Дамбадан сувнинг ҳаммаси ўтиб кетиши ҳисобга олинмаган. 1969 йили бу кўлларнинг умумий майдони 2 минг 175 квадрат километрни ташкил қилган бўлса, ҳозир 4 минг квадрат километрдан ортиб кетди. Сўнгги маълумотларга қараганда, 200 минг гектар яйловлар сув остида қолган, сув қудуқлари, балиқчиларнинг яшаш жойлари ювилиб кетган, Қизилқум чўлини ботқоқлик эгаллаб бормоқда. Ҳозир бу кўллардаги сув юзага келган вақтдагидан 3 баробар кўпайиб кетди. Бундан ташқари, ер ости сувларининг, коллектор-дренаж сувларининг ҳам шу ерга тўпланиши кўллар тизимининг тузланиш даражасини янада орттирмоқда.
– Айдар-Арнасай кўллар тизими Орол денгизи томон йўналтирилди ҳам дейлик. Кейин шу ерда балиқчилик билан кун кечираётган халқнинг аҳволи қандай бўлади, шунингдек, кўллардаги балиқлар, тирик жонзотларга нима бўлади? Бу жараён шу ҳудуддаги иқлимнинг ўзгариб кетишига олиб келмайдими?
– Илгари ҳам айтганимдек, кўлларнинг майдони ортгани сари кўплаб яйловлар, қамишзорлар ва ўрмонларни сув босиб бормоқда. “Ўзгидромет”нинг, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги балиқчилик марказининг ўтказган тадқиқотлари шуни кўрсатдики, сув остига чўккан қамишлар билан дарахтлар кўлларнинг тубида чириб, сероводород қатламини пайдо қилмоқда. Бу қатлам кўллардаги барча жонзотларнинг йўқ бўлиб кетишига сабаб бўлади. Маълумотларга қараганда, 3 метр чуқурликда заҳарли аммоний азоти борлиги, айрим жойларида умуман кислороднинг йўқлиги аниқланган.
Нима бўлганда ҳам, сув cатҳининг бундан ҳам кўтарилиши (ҳозир максимал кўрсаткичга етган – денгиз сатҳидан 275,5 метр баланд) Марказий Осиёнинг қоқ марказида экологик фалокатнинг юз беришига олиб келади. Чунки кўллардаги тузларнинг кўтарилиши ва Тянь-Шань музликларига тушиши натижасида улар жадал тарзда эришни бошлайди. Шу кўлларга яқин масофада жойлашган заҳарли кимёвий моддалар сақланиб келаётган жойлар, қум барханлари сув тагида қолиши эҳтимолдан холи эмас. Сувнинг кўтарилиб-қайтиши электр узатиш линияларининг кўпчилигини сув остида қолдирмоқда. Шунинг учун кўпчилик ферма ва аҳоли яшаш пунктлари электрсиз қолмоқда.
Айдар-Арнасай кўллари акваториясининг кўпчилик бўлаги балиқ овлаш учун фойдаланилмайди. Давлат бионазорат томонидан тайёрланган ҳисоботда кўлларни ижарага олган Жиззах вилоятининг фермерлари томонидан кўллар тизимининг фақатгина 41,1 фоизи фойдаланилаётгани айтилган. Ижарачи-фермерларнинг кўпчилиги овланган балиқ соҳага сарфланаётган харажатни қопламаслигини айтиб, фаолиятини тўхтатмоқда. Тадқиқотлар ҳар бири 50 метрлик 30 тўрга 20-25 килограмм балиқ тушишини кўрсатди.
Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг «Ўзбекистон Республикасида атроф-муҳитнинг ва табиий ресурслардан фойдаланишнинг аҳволи тўғрисида»ги миллий баённомасида айтилишича, агар Айдар-Арнасай кўллар тизимига ҳар йили тоза сув келиб қуйилмаса, минераллашув даражаси кўтарилиб боради ва сув ҳавзаси иккинчи Оролга айланиб қолади.
Профессорнинг фикрича, жанубий Оролбуйи ҳудудларидаги экотизимда юз бераётган ҳодисаларни, экобиологик жараёнларни мукаммал ўрганадиган вақт келган.
М.Пирназарова,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси
Бир ўтириб, яшаб ўтган шунча йиллик ҳаётимизда бошдан кечирган ғам-ғуссаларимиз ҳақида фикр юритиб кўрсак, қайғулар икки хил эканини кўрамиз:
Биринчиси – ўша пайтда кўзимизга катта кўриниб, ҳатто йиғлашимизга сабаб бўлган қайғуларимиз. Лекин вақт ўтиши билан улар аслида оддий нарса экани, йиғлашга арзимаслиги маълум бўлади. Баъзан ўша кунларни эслаганимизда кулгимиз келиб, «Шу арзимас нарса учун ҳам сиқилиб, йиғлаб юрган эканманми? У пайтларда анча ёш бўлган эканмиз-да», деб қўямиз.
Иккинчиси – ҳақиқатдан ҳам катта мусибатлар. Баъзилари ҳаётимизни зир титратган. Бу қайғулар ҳам ўтиб кетади, лекин ўчмайдиган из қолдириб кетади. Бу излар узоқ йилларгача қалбга оғриқ бериб тураверади. Бу қайғулар баъзан тўхтаб, баъзан ҳаракатга келиб, янгиланиб турадиган вулқонга ўхшайди. Бундай ғам-қайғуларнинг яхши тарафи шундаки, улар ҳаётда ҳам, охиратда ҳам яхшиликларнинг кўпайишига сабаб бўлади. Улар қалбимизда ўчмас из қолдирса, ҳар эслаганда кўзларимизда ёш қалқиса, энг асосийси – ўшанда дуога қўл очиб, сабр билан туриб бера олсак, кўп-кўп яхшиликларга, ажр-савобларга эга бўламиз. Ғам-қайғу янгиланиши билан яхшиликлар ҳам янгиланиб бораверади.
Ғам-қайғусиз ҳаётни кутиб яшаётган қизга «Сиз кутаётган кун бу дунёда ҳеч қачон келмайди», деб айтиш керак.
Аллоҳ таоло «Биз инсонни машаққатда яратдик», деган (Балад сураси, 4-оят).
Бу ҳаёт – ғам-ташвишли, азоб-уқубатли, машаққатли ҳаётдир. Мўмин одам буни жуда яхши тушунади. Бу дунёда қийналса, азоб чекса, охиратда албатта хурсанд бўлишини билади. Инсон мукаммал бахтни фақатгина охиратда топади. Шунинг учун улуғлардан бирига «Мўмин қачон роҳат топади?» деб савол беришганда, «Иккала оёғини ҳам жаннатга қўйганида», деб жавоб берган экан.
Аллоҳнинг меҳрибонлигини қарангки, охират ҳақида ўйлаб, унга тайёргарлик кўриш ҳаётни гўзал қилади, қайғуларни камайтириб, унинг салбий таъсирини енгиллатади, қалбда розилик ва қаноатни зиёда қилади, дунёда солиҳ амалларни қилишга қўшимча шижоат беради, мусибатга учраганларни бу ғам-ташвишлар, азоб-уқубатлар бир кун келиб, бу дунёда бўлсин ёки охиратда бўлсин, барибир якун топишига ишонтиради. Охират ҳақида ўйлаб, фақат солиҳ амаллар қилишга интилиш инсонни бахтли қилади.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Кимнинг ғами охират бўлса, Аллоҳ унинг қалбига қаноат солиб қўяди, уни хотиржам қилиб қўяди, дунёнинг ўзи унга хор бўлиб келаверади. Кимнинг ғами дунё бўлса, Аллоҳ унинг дардини фақирлик қилиб қўяди, паришон қилиб қўяди, ваҳоланки дунёдан унга фақат тақдир қилинган нарсагина келади».
Аллоҳ таоло фақат охират ғами билан яшайдиган (охират ҳақида кўп қайғурадиган, ҳар бир амалини охирати учун қиладиган) қизнинг қалбини дунёнинг матоҳларидан беҳожат қилиб қўяди. Қарабсизки, бу қиз ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзини бахтли ҳис қилади, ҳаётидан рози бўлиб яшайди. Хотиржамликда, осойишталикда, қаноатда яшагани учун истамаса ҳам қўлига мол-дунё кириб келаверади. Зеро, Аллоҳ таоло охират ғамида яшайдиган, шу билан бирга, ҳаётий сабабларни ҳам қилиш учун ҳаракатдан тўхтамаган кишининг ризқини кесмайди, уни неъматларига кўмиб ташлайди.
Аммо Аллоҳ таоло бор ғам-ташвиши дунё бўлган қизни фақирлар қаторида қилиб қўяди. Бундай қиз мол-дунёга кўмилиб яшаса ҳам, ўзини фақир, бечора ҳис қилаверади. Натижада дарди янгиланаверади, дардига дард қўшилаверади, фикрлари тарқоқ бўлиб, изтиробга тушади. Афсуски, шунча елиб-югургани билан фақат дунёнинг неъматларига эриша олади, охиратда насибаси бўлмайди.
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ,
Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.