Куни кеча Тошкент вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан “Умра-2018” мавсуми зиёратчилари ҳамда илгари турли диний оқимлар таъсирига тушиб қолгани сабабли озодликдан маҳрум этилган ва тўғри йўлни англаб етгани эътиборидан авф қарори асосида озодликка чиқарилган фуқароларимиз учун юртимизнинг энг табаррук ва тарихий масканларига бой бўлган Самарқанд вилоятига икки кунлик зиёрат ташкил этилди.
Улар биринчи кунларини “Имом Бухорий” ёдгорлик мажмуасида муҳаддислар султони бўлган Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг марқадини зиёрат қилиш билан бошлади. Ўз навбатида ушбу масканда амалга оширилган қурилиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари билан танишдилар.
Бугун эрта тонгдан биринчи Президентимизнинг мақбарасини зиёрат айлаб, у кишининг ҳақларига хайрли дуолар қилдилар. Шундан сўнг Регистон майдонидаги қадимий мадрасалар томон йўл олишди. Улар бугун “Гўри Амир” ва бошқа қадамжоларни томоша қилиб, сафарини Самарқанднинг юраги бўлган Мирзо Улуғбек расадхонаси ва музейида якунлайдилар.
Зиёратчилар учун барча қулайликларга эга бўлган меҳмонхона, зиёрат ишларига оид мутахассис ходимлар, юмшоқ ўринли автобуслар ҳамда ЁПХ ходимлари бириктирилган.
Зиёратга масъул бўлган И.Достоновдан зиёрат юқори кайфиятда ўтгани, зиёратчиларнинг кайфияти аъло даражадалиги, хусусан, ташкил этилган ушбу сафар умра зиёрати олдида турган фуқароларимиз учун беназир совға бўлгани, авф қарори асосида озодликка чиқарилган фуқароларимиз эса юртимизда амалга оширилган бундай эзгу ишлардан мамнун экани ҳақида маълумот олдик.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йигитлик ёшларини қаршилашлари билан ризқ йўлида ҳаракат қила бошладилар. У зот кейинчалик ўзлари ҳақида бундай деганлар: “Мен Макка аҳлининг қўйларини арзимаган чақалар эвазига боқиб берардим”.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ризқ ва озуқа топиш мақсадида чўпонлиқ қилишларида учта муҳим ибрат бор:
1) У зотнинг амакилари Абу Толиб жуда ҳам меҳрибон ва ғамхўр эди. Лекин, Расулуллоҳ алайҳиссалом имконлари етганича амакиларига кўмаклашар эдилар. Гарчи топаётган фойдалари амакилариникига нисбатан жуда оз бўлса ҳам, бу нарсада ташаккур билдириш, имкон қадар ёрдамлашиш ва гўзал муносабат бор эди.
2) Аллоҳ таолонинг илоҳий ҳикмати бизга: инсон ўз қўли билан касб қилиб топган нарсалари энг тотли ва лаззатли эканини билдирмоқда. Энг қадрсиз ва ёмон нарса эса қийинчилик ва машаққатсиз топилган мол-дунё эканига ишора қилмоқда.
3) Агар инсонларни тўғри йўлга етакловчи насиҳат қилиши ортидан инсонларнинг қўлига қараб қолса, унинг эслатмалари ҳеч қандай қийматга эга бўлмайди. Шунинг учун ҳар бир инсоннинг қасб-ҳунари бўлиши керак. Шундагина инсонлардан бирортаси унга на миннат қилади ва на унинг тилини қиса олади.
Солиев Элёрбек Муҳаммад Мусо ўғли,
“Файзуллахўжа ўғли Муродхожи” жоме масжиди имом-ноиби.