Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Умар ибн Ҳусайн ибн Ҳасан ибн Али Фахриддин Розий Рай шаҳрида туғилган. Отаси шу ердаги масжиднинг имом-хатиби бўлгани учун уни “Розий ибн Хатиб” ҳам дейишган. Фахриддин Розийнинг туғилган йили хусусида баъзи тарихчилар ҳижрий 543, баъзилари 544 (милодий 1148) йилни кўрсатишади. Аллома ҳаёти ва илмий-ижодий фаолиятини чуқур ўрганган араб олими Муҳаммад Солиҳ Зарконнинг фикрича, у 544 йилда туғилган.
Ёшлигидан турли илмларга қизиққан Фахриддин Хуросон ва Ўрта Осиёнинг бир қанча шаҳарларида бўлиб, кўплаб олим, шоир, файласуф ва давлат арбоблари билан мулоқотда бўлади. У таълим олишни Хуросоннинг Мароға шаҳрида бошлаган бўлса-да, ҳаётининг кўп қисми Бухоро, Самарқанд, Насаф, Хоразм, Банокат ва Марвда ўтади. Жумладан, Бухорода буюк мутафаккирлар Абу Али ибн Сино ва Абу Наср Форобий таълимотларидан таҳсил олади, илмий баҳсларда қатнашади.
Олим қайси шаҳарга бормасин, унга ҳурмат кўрсатилган. Хоразмда шоҳ Алоуддин Такаш иззат-икром эҳтиром билан кутиб олган. Фарзандларига устозлик қилишини сўраган. Отаси вафотидан кейин тахтга ўтирган Муҳаммад устози Фахриддин Розийга алоҳида илтифот кўрсатиб, мартабасини оширган.
Фахриддин Розийнинг вафоти ҳақида ҳам олимлар орасида турли фикрлар мавжуд. Баъзилари Хоразмда, баъзилари Рай шаҳрида, яна бошқалари Ҳиротда вафот этган дейишади. Аммо кўпчилиги унинг Хоразмда оғир касаликка чалинганини эътироф этиб, у ерда вафот қилганига гувоҳлик беради. Шунга кўра, Фахриддин Розий ҳижрий 606 (милодий 1209) йили рамазон ойининг 15 кунида боқий дунёга кўчгани айтилади.
Тафсир, фиқҳ, калом, усул, тарих, адабиёт, фалсафа фанлари бўйича даврининг қомусий олими ҳисобланган Фахриддин Розий бой илмий-маънавий мерос қолдирган. Алломанинг биргина “Жомеъул улум” асари ақида, фиқҳ, фароиз, васият, тафсир, тарих, грамматика, тиб, табиат, ов қилиш, деҳқончилик ҳақида батафсил маълумотлар беради. Тафсир илмига оид “Мафотиҳул ғайб” асари чуқур мазмун-моҳияти ва кенгқамровли билан бошқа тафсирлардан ажралиб туради. Розий тафсирида оят ва сураларнинг ўзаро боғлиқлиги ва муносабати тўғрисида бир эмас, бир неча далил келтиради. Олим Ибн Халликон бу ҳақда: “Розий ўз тафсирида кўп ажойиб ва ноёб маълумотларни жамлаган”, дейди.
Оламлар ва бутун борлиқни илмий асосда теран англашда зарур бўладиган фикратлар ва қарашларни ёйишда алломанинг ноёб асарлари катта аҳамиятга эга. Унинг “Маҳсулул афкор ал-мутақадимин ва мутааххирин” (“Қадимгилар ва кейингилар афкорларининг маҳсули”) асари жамият ҳаётида алоҳида эътиборга лойиқ. Аллома унда ёш авлодни буюк аждодлар ҳаётидан ўрнак олиб, турмуш тарзлари учун фойдали хулоса ва сабоқлар чиқариб олишга даъват этади.
Фахриддин Розийнинг инсонларни ҳамиша имон-эътиқодли, ҳалол, адолатли, ватанпарвар, меҳнатсевар, раҳм-шафқатли, мурувватли бўлишга чорлаб келган асарлари ҳозирги кунда ҳам илм-фан ва маданиятнинг ноёб дурдоналари сифатида жамият аъзоларининг маънавий юксалишига катта ҳисса қўшмоқда.
Дилбар УБАЙДУЛЛАЕВА,
Тошкент ислом университети магистранти
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Қуръон тиловатини муҳофаза қилиш.
Аллоҳ таоло Қуръонда бундай марҳамат қилган:
إِنَّ الَّذِينَ يَتْلُونَ كِتَابَ اللَّهِ وَأَقَامُوا الصَّلَاةَ وَأَنْفَقُوا مِمَّا رَزَقْنَاهُمْ سِرًّا وَعَلَانِيَةً يَرْجُونَ تِجَارَةً لَنْ تَبُورَ
“Аллоҳнинг Китобини тиловат қиладиган, намозни баркамол адо этадиган ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора эҳсон қиладиган зотлар сира касод бўлмайдиган тижоратдан (ажру савоб бўлишидан) умидвордирлар” (Фотир сураси, 29-оят).
Мўмин киши ҳар ойда Қуръонни камида бир марта хатм қилиб туриши керак. Қуръондан бир пора ўқиш учун ярим соатдан бироз кўпроқ вақт кетади. Бизни яратган, қаддингни ростлаган, зоҳирий ва ботиний неъматларини устингдан ёғдириб турган, сенга офият берган, сенга молу дунё, бола чақа берган, сенга ақл-заковат берган Роббингнинг Каломи учун ҳар куни ярим соат ёки бир соат вақт ажрата олмаймиз-ми?! Шунча неъматларни берган Зотга бу борада бахиллик қилган бўламиз-ку ахир деб ўйламайман!
Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръон тиловатини, Аллоҳнинг зикрини лозим тут! Чунки у сенга ерда нур, осмонда захирадир”, дедилар (Имом Ибн Ҳиббон ривояти).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Қуръонни ўқинглар. Албатта, у қиёмат куни соҳибига шафоатчи бўлади” (Имом Муслим ривояти).
Қуръон ёдлашга уриниш.
Бу иш олийҳиммат ва азми чин бўлган кишиларнинг ўлжасидир. Аллоҳдан улар учун дўзахдан саломат бўлиш башорати бордир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Агар Қуръон бир терида жамланса, Аллоҳ уни дўзахда куйдирмайди”.
Қуръон оятларини тадаббур қилиш ва унинг маъноларини тушуниш.
Бу Қуръоннинг энг катта ҳақларидандир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади:
كِتَابٌ أَنْزَلْنَاهُ إِلَيْكَ مُبَارَكٌ لِيَدَّبَّرُوا آَيَاتِهِ وَلِيَتَذَكَّرَ أُولُو الْأَلْبَابِ
“(Эй, Муҳаммад! Ушбу Қуръон) оятларини тафаккур қилишлари ва ақл эгалари эслатма олишлари учун Биз Сизга нозил қилган муборак Китобдир” (Сод сураси, 29-оят).
Қуръонга амал қилиш ва у билан хулқланиш.
Қуръон билан хулқланиш банданинг дунё ва охиратда нажотга эришишининг асосидир. Қуръонни ўқишдан, ёдлашдан ва тадаббур қилишдан мақсад ҳам шудир. Аллоҳ таоло Қуръонда бундай деган:
وَهَذَا كِتَابٌ أَنْزَلْنَاهُ مُبَارَكٌ فَاتَّبِعُوهُ وَاتَّقُوا لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُونَ
“Мана бу Биз нозил қилган муборак Китоб (Қуръон)дир, унга эргашингиз ва тақволи бўлингиз, токи раҳм қилингайсиз” (Анъом сураси, 155-оят).
Бошқа бир оятда Аллоҳ таоло бундай деган:
كَذَلِكَ يُبَيِّنُ اللَّهُ آَيَاتِهِ لِلنَّاسِ لَعَلَّهُمْ يَتَّقُونَ
“Одамлар (ман этилган ишлардан) сақланишлари учун Аллоҳ ўз оятларини мана шундай аниқ баён қилади” (Бақара сураси, 187-оят).
Қуръонни бошқаларга ўргатиш.
Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганганларингиз ва ўргатганларингиздир”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).
"Исломда саломатлик" китобидан
Муҳаммад Зариф Муҳаммад Олим ўғли