Тошкент шаҳридан 70 чақирим узоқликда жойлашган ушбу мажмуа бир неча ерости иншоотларини ўз ичига олган. Илк бор бу ерга келиб, уни ўрганган машҳур археолог М.Е.Массон ушбу жойни “корхона”, яъни “устахона” деб атаган эди. Павел Новикнинг ёзишича, ҳозирда бу ерни кўпчилик “Қорихона”, яъни Қуръон ўқиладиган хона, деб аташни афзал кўради.
Ушбу мажмуанинг пайдо бўлиш тарихини эшон Эшмат Хўжахон, “иштон солди” жамоаси ёки ундан ҳам қадимги оқим “чироқўч”ларга (машъалаларни ўчирувчилар) боғлайдилар. Ҳатто айрим тарихчилар уни қадимги насронийлар ибодатхонаси, деган тахминларни ҳам илгари сурган.
Аммо бу қадимий макон жуда ҳам овлоқ жойда, асосий йўллардан хийла ичкариликда жойлашгани, ҳозирда ҳам бу ерга етиб келиш қийинлиги, одамни ҳайратга солади.
М.Е.Массон бу мажмуага илк бор келганини бундай таърифлайди: “Йўлак кенг гумбаз шаклидаги “зал”га олиб кирадики, у яқин атрофдаги маҳаллий аҳоли учун жума намозларини ўқишга хизмат қилиб келган. Унинг бир тарафига минбар ўрнатилган, бошқа тарафида эса Қуръон ва бошқа диний мазмундаги китоблар уюм бўлиб ётибди”.
Кўкалдош ўрта махсус ислом таълим муассасасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков иштирокида билим юрти талабалари билан очиқ мулоқот ўтказилди.
Унда бугунги кунда Республикамизда бўлаётган катта ўзгаришлар, диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар ҳақида сўз борди. Талабалар одоб-ахлоқ борасида барчага намуна бўлиб, таълим олиш даврида ҳамда келажакда диний-маърифий соҳада хизмат қилиш асносида ҳаётнинг турли синовларига сабр қилишлари ҳақида ўгитлар берилиб, бу борада уламоларимиз ҳаётларидан мисоллар келтириб ўтилди.
– Бугунги кунда ислом билим юртларини тугатиб имом-хатиб бўлиб хизмат қилаётганлар жамиятимизда рўй бераётган янгиланишларни, ўзгаришларнинг туб моҳиятини яхши тушунадиган, илмий салоҳияти юксак бўлиши лозим, – деди Ҳомиджон домла Ишматбеков. – Мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида амалга оширилаётган ислоҳотлар, халқимиз ҳаёти, одамларимизнинг онгу тафаккурида рўй бераётган ўзгаришларни қалбан ҳис этган ҳолда кенг халқ оммасига етказиб беришлари бугуннинг талабидир. Чунки глобал ахборот маконида ҳамма кучлар ўз манфаатлари учун кураш олиб бормоқда. Интернетнинг имкониятларидан кенг фойдаланишни тарғиб қилар эканмиз, унинг фойдали жиҳатларига эътибор қаратиб, зарарли томонларидан огоҳликка чақиришимиз зарур бўлиб бормоқда.
Мулоқот сўнгида юртимиз равнақи, соҳалардаги ислоҳотлар тилга олиниб, бардавом бўлиши, барча мутасаддилар ва устозлар-у ходимларнинг ҳақларига дуо қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати