Бугунги кунда Қуръони карим дунёнинг 120 га яқин тилларига таржима қилинган.
Шундай таржималардан бири, Қуръони каримнинг Африканинг ноёб тилларига таржима қилиниши бўлди. Бурунди давлат мусулмон ташкилоти Қуръоннинг рунди тилига таржимаси якунланганини маълум қилди. Ушбу тил Бурундидаги икки расмий тилнинг бири бўлиб, мамлакатнинг 7 миллионга яқин аҳолиси ушбу тилда сўзлашади.
Британиянинг The Muslim News сайти берган хабарга кўра, Қуръоннинг ушбу тилдаги таржимаси илк бора амалга оширилган. Бурундига ислом дини XIX асрда кириб келган.
Маълумотларга кўра, муқаддас қўлёзманинг таржимаси устида ишлар саккиз йил давом этган. Рунди тилида Бурундидан ташқари Конго, Танзания ва Уганда мамлакатларида ҳам сўзлашилади.
Бурундида умумий аҳолининг 10 фоизга яқини мусулмонлар ҳисобланади.
ЎМИ Матбуот хизмати
Бугун, 25 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари юртимизнинг турли ҳудудларидан келган фуқароларни қабул қилиб, муаммо, арз ва таклифларини тингладилар.
Қабул жараёнида Андижон, Наманган, Фарғона, Бухоро, Самарқанд, Тошкент, Қашқадарё вилоятлари ва Тошкент шаҳридан келган фуқароларнинг масжидлар ҳолати, оилавий масалалар, диний таълим, ҳаж-умра ҳамда моддий ёрдам олиш юзасидан мурожаатлари кўриб чиқилди.
Жумладан, оилавий муносабатларда келганларга муаммолар ечими бўйича маслаҳатлар, шаръий масалалар ечими юзасидан тавсиялар ва моддий ёрдам сўраганларга белгиланган тартибда кўмак берилди. Айрим масалалар бўйича мурожаатларни кўриб чиқиш учун Идора бўлимларига тегишли вазифалар юкланди.
Дарҳақиқат, бировнинг дардини енгиллатиш, унинг ташвишлари осонгина бартараф этилишига ҳисса қўшиш – савоби улуғ амал. Чунончи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “... Ким биродарининг ҳожатини раво қилса, Аллоҳ унинг ҳожатини раво қилади. Ким бир мусулмоннинг ташвишни аритса, Аллоҳ унинг Қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Мана шундай қабул жараёнлари мамлакатимиздаги барча жоме масжидларда ҳафтанинг ҳар чоршанба куни имом-домлалар томонидан амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати