Аллоҳ таоло Ўзининг иродаси билан инсон зотини барча махлуқотлардан азизи мукаррам қилиб яратди. Унга ақл ва идрок берди. Инсон ўзига берилган барча илоҳий неъматларга доимо шукр қилиб, ҳаётда дуч келадиган ҳар қандай синов, қийинчилик, мусибатларга сабр қилиши ва Аллоҳ таолонинг раҳматидан умидвор бўлиб яшаши лозим. Турли шайтоний васваса, тушкунлик ва умидсизликка берилмай, инсон деган улуғ номга мувофиқ иш тутмоғи даркор.
Ҳаётда баъзан дунёнинг арзимас матосини деб ўзини қийнаб, турли хил бедаво дардларга чалиниб қолаётган кишилар бор. Бу – Яратганнинг тақдирига норози бўлишдир. Қолаверса, Аллоҳ бизга беҳисоб неъматлар берган, мўмин эса ибодати билан ана шу неъматларга шукр қилмоғи лозим. Агар инсон яхшиликдан умид қилмай қолса, шайтон алайҳи лаъна уни умидсизликка ундайди. Агар биз илоҳий калом бўлмиш Қуръони каримга мурожаат қиладиган бўлсак, Роббимизнинг бизларга қанчалик меҳрибон эканига яна бир бора амин бўламиз. Хусусан, Зумар сурасидаги 53-оятни ўкисак:
قُلْ يَا عِبَادِيَ الَّذِينَ أَسْرَفُوا عَلَىٰ أَنْفُسِهِمْ لَا تَقْنَطُوا مِنْ رَحْمَةِ اللَّهِ ۚ إِنَّ اللَّهَ يَغْفِرُ الذُّنُوبَ جَمِيعًا ۚ إِنَّهُ هُوَ الْغَفُورُ الرَّحِيمُ
“Эй (Муҳаммад САВ) гуноҳлар қилиш билан ўз жонларига зулм қилган бандаларимга: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни кечиради. Аллох ўта мағфиратли ва ўта раҳимли зотдир, деб айтинг...”
Бугун баъзи ота-оналар болаларидан узоқлашиб, фарзандларига яқин дўст, сирдош бўла олмаяпти. Уларнинг орзу-ҳаваси, дарди, фикрини эшитмаяпти. Эҳтиёжлари, муаммолари, руҳий ҳолати билан қизиқмаяпти. Болаларини қийнаётган саволларига биргаликда жавоб изламаяпти. Бунинг оқибатида, болалари ҳаётнинг паст-баланд йўлларида адашиб боряпти.
Бу гуноҳга қадам қўйиши оқибатида нафақат ўзининг охирати барбод бўлади, вужуди, руҳи абадий дўзах оловига куяди, балки унинг ортида қолган бева аёли, етим болалари, ота-онаси, ака-ука, яқин қариндошлари ҳам руҳий, ҳам жисмоний, ҳам маънавий, ҳам иқтисодий машаққатга қолади. Бу гуноҳни ният қилганлар шуни ҳам яхши англашлари лозимки, бир инсоннинг дунёдан кетиши билан ҳаёт тўхтаб қолмайди. Бир оз вақтдан кейин ҳаммаси унут бўлиб кетади. Бу ишидан унинг фақат ўзи катта зарар кўради ва охири йўқ азобга гирифтор бўлади. Ҳар қандай муаммонинг ечими бўлади. Ҳар қандай қийинчиликдан кейин енгиллик бўлади.
Аллоҳ таоло инсонни бу дунёда имтиҳон қилади. Бошига турли мусибатлар юборади. Бу қийинчиликлар олдиди банда ўзини йўқотиб қўймай, сабр қилиб, яшаса, савоб олади.
Ёши улуғ бир киши ўғли билан масофаси икки кунлик йўл бўлган шаҳарга сафар қилди. Уларнинг юк ортган эшаги ҳам бор эди. Чол доимо: “Аллоҳ таолонинг биз учун яшириб қўйган ҳикмати буюкдир!” деган сўзни қайтараверарди. Улар йўлнинг ярмига етганда эшакнинг оёғи синиб қолди. Чол: ”Аллоҳ таолонинг биз учун яшириб қўйган ҳикмати буюкдир!” деди. Юкларини елкаларига ортиб йўлда давом этдилар. Бир оз муддатдан сўнг чолнинг оёғи қайрилиб кетиб ҳеч нарса кўтаролмай қолди. Оёғини зўрға судраб кетар ва: “Аллоҳ таолонинг биз учун яшириб қўйган ҳикмати буюкдир! “ деб айтарди. Чолнинг ўғли барча юкларни елкасига ортиб йўлда давом этдилар. Йўлда чолнинг ўғлини илон чақиб олиб оғриқдан ерга йиқилди. Чол яна: ”Аллоҳ таолонинг биз учун яшириб қўйган ҳикмати буюкдир! “ деди. Ана шунда ўғли ғазабланиб отасига: “Бошимизга шунча мусибат келган бўлса, нега ҳадеб бир гапни қайтараверасиз? деди. Ўғлининг дарди енгиллашгач йўлда давом этдилар. Шаҳарга етиб келганларида қарасалар зилзила оқибатида у ердагиларнинг барчаси ҳалок бўлган эди. Чол ўғлига қараб: “Эй ўғлим, кўрдингми, агар сафаримиздаги мусибатлар бўлмаганида ҳозир биз ҳам мана шу ҳалок бўлганлар билан бирга бўлар эдик”, дебди.
Хулосамиз шуки, ҳаётимиздаги муаммо ва қийинчиликлардан тўғри хулоса қилиб, фақат яхшиликни умид қилайлик. Аллоҳ таоло берган умр неъматининг қадрига етайлик, синов дунёсида эканимизни унутмасдан. ҳар бир кунимизга шукр қилайлик. Ўзи берган жонни фақат Ўзи олишга ҳақлидир. Бунинг ҳақиқатини атрофимиздагиларга, болаларимизга тушунтирайлик, улардан узоқлашмайлик, ўз ҳолларига ташлаб қўймайлик. “Аллоҳ таолонинг биз учун яшириб қўйган ҳикмати буюкдир!” деган ҳикматли сўз бугунги кундаги ҳаётимиз дастури бўлсин. Зеро, Раббимиз ҳукм қилувчиларнинг ҳукм қилувчироғи, раҳим қилувчиларнинг раҳим қилувчироғидир.
Нодир ҲАКИМОВ,
Мир Араб олий мадрасаси талабаси
тайёрлади
Бир ўтириб, яшаб ўтган шунча йиллик ҳаётимизда бошдан кечирган ғам-ғуссаларимиз ҳақида фикр юритиб кўрсак, қайғулар икки хил эканини кўрамиз:
Биринчиси – ўша пайтда кўзимизга катта кўриниб, ҳатто йиғлашимизга сабаб бўлган қайғуларимиз. Лекин вақт ўтиши билан улар аслида оддий нарса экани, йиғлашга арзимаслиги маълум бўлади. Баъзан ўша кунларни эслаганимизда кулгимиз келиб, «Шу арзимас нарса учун ҳам сиқилиб, йиғлаб юрган эканманми? У пайтларда анча ёш бўлган эканмиз-да», деб қўямиз.
Иккинчиси – ҳақиқатдан ҳам катта мусибатлар. Баъзилари ҳаётимизни зир титратган. Бу қайғулар ҳам ўтиб кетади, лекин ўчмайдиган из қолдириб кетади. Бу излар узоқ йилларгача қалбга оғриқ бериб тураверади. Бу қайғулар баъзан тўхтаб, баъзан ҳаракатга келиб, янгиланиб турадиган вулқонга ўхшайди. Бундай ғам-қайғуларнинг яхши тарафи шундаки, улар ҳаётда ҳам, охиратда ҳам яхшиликларнинг кўпайишига сабаб бўлади. Улар қалбимизда ўчмас из қолдирса, ҳар эслаганда кўзларимизда ёш қалқиса, энг асосийси – ўшанда дуога қўл очиб, сабр билан туриб бера олсак, кўп-кўп яхшиликларга, ажр-савобларга эга бўламиз. Ғам-қайғу янгиланиши билан яхшиликлар ҳам янгиланиб бораверади.
Ғам-қайғусиз ҳаётни кутиб яшаётган қизга «Сиз кутаётган кун бу дунёда ҳеч қачон келмайди», деб айтиш керак.
Аллоҳ таоло «Биз инсонни машаққатда яратдик», деган (Балад сураси, 4-оят).
Бу ҳаёт – ғам-ташвишли, азоб-уқубатли, машаққатли ҳаётдир. Мўмин одам буни жуда яхши тушунади. Бу дунёда қийналса, азоб чекса, охиратда албатта хурсанд бўлишини билади. Инсон мукаммал бахтни фақатгина охиратда топади. Шунинг учун улуғлардан бирига «Мўмин қачон роҳат топади?» деб савол беришганда, «Иккала оёғини ҳам жаннатга қўйганида», деб жавоб берган экан.
Аллоҳнинг меҳрибонлигини қарангки, охират ҳақида ўйлаб, унга тайёргарлик кўриш ҳаётни гўзал қилади, қайғуларни камайтириб, унинг салбий таъсирини енгиллатади, қалбда розилик ва қаноатни зиёда қилади, дунёда солиҳ амалларни қилишга қўшимча шижоат беради, мусибатга учраганларни бу ғам-ташвишлар, азоб-уқубатлар бир кун келиб, бу дунёда бўлсин ёки охиратда бўлсин, барибир якун топишига ишонтиради. Охират ҳақида ўйлаб, фақат солиҳ амаллар қилишга интилиш инсонни бахтли қилади.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Кимнинг ғами охират бўлса, Аллоҳ унинг қалбига қаноат солиб қўяди, уни хотиржам қилиб қўяди, дунёнинг ўзи унга хор бўлиб келаверади. Кимнинг ғами дунё бўлса, Аллоҳ унинг дардини фақирлик қилиб қўяди, паришон қилиб қўяди, ваҳоланки дунёдан унга фақат тақдир қилинган нарсагина келади».
Аллоҳ таоло фақат охират ғами билан яшайдиган (охират ҳақида кўп қайғурадиган, ҳар бир амалини охирати учун қиладиган) қизнинг қалбини дунёнинг матоҳларидан беҳожат қилиб қўяди. Қарабсизки, бу қиз ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзини бахтли ҳис қилади, ҳаётидан рози бўлиб яшайди. Хотиржамликда, осойишталикда, қаноатда яшагани учун истамаса ҳам қўлига мол-дунё кириб келаверади. Зеро, Аллоҳ таоло охират ғамида яшайдиган, шу билан бирга, ҳаётий сабабларни ҳам қилиш учун ҳаракатдан тўхтамаган кишининг ризқини кесмайди, уни неъматларига кўмиб ташлайди.
Аммо Аллоҳ таоло бор ғам-ташвиши дунё бўлган қизни фақирлар қаторида қилиб қўяди. Бундай қиз мол-дунёга кўмилиб яшаса ҳам, ўзини фақир, бечора ҳис қилаверади. Натижада дарди янгиланаверади, дардига дард қўшилаверади, фикрлари тарқоқ бўлиб, изтиробга тушади. Афсуски, шунча елиб-югургани билан фақат дунёнинг неъматларига эриша олади, охиратда насибаси бўлмайди.
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ,
Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.