Жинларнинг мавжудлиги Қуръони карим, ҳадиси шариф ва ижмои уммат билан собит бўлган. Кўпчилик одамлар жин деганда қандайдир ғайритабиий, фақат ёмонлик қиладиган мавжудотларни назарда тутадилар. Аслида ҳам шундайми? Йўқ! Жинлар ҳам алоҳида бир олам. Уларнинг ҳам инсонлар каби яхшиси, ёмони, кофири, мусулмони бўлади. Бу нотаниш олам билан танишишдан олдин, аввало, унинг луғавий ва истилоҳий маънолари, нимадан яратилагани, шаклу шамойили қандай шу ва бошқа уларга тегишли маълумотларни ўрганиб чиқиш мақсадга мувофиқ бўлади.
“Жин” сўзи араб тилида اَلْجِنُّ кўплиги اَلْجَانُّ жаан, ўзбек тилида “тўсилган” маъносида “ажина” дейилади. Кўздан тўсилгани учун “жин” деб аталган. Онаси қорнидаги болани اَلْجَنِينُ “жанин”- (ўралган, тўсилган), ақли бошидан учган, ақли тўсилган одамни жинни ёки мажнун дейиш ҳам шундан олинган. Яна жангда ҳимоя қилиш ва тўсиш воситаси ҳисобланган қалқонни مِجَنٌّ деб номланди. Жоҳилият вақтида фаришталарни ҳам кўзга кўринмагани учун “жин” деб аташган.
Бадруддин аш-Шиблий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Жинлар инсон ва ҳайвонлар суратига кириб олишга қодирдирлар. Илон, чаён, туя, мол, қўй, от, хачир, эшак, қуш ва одам болалари суратига кириб олиши мумкин. Қурайшликлар Бадрга чиқиб кетаётганда Суроқа ибн Молик ибн Жўъшум суратида келгани бунга далил”.
Асримиздаги ва ундан олдинги асрларда яшаган кўпчилик инсонлар жинларни кўрмаган, эшитмаган ёки улар жин эканини билмаганм сабабли уларни арвоҳлар, ғайб одамлари ёки саҳро кишилари деб атаганлар.
Бу мавзуда келган ривоятларнинг энг ишончлиси, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жинларни кўрганлари, улар билан гаплашганлари, улар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан гаплашганлари, жинларга таълим берганлари, Қуръон тиловат қилиб берганларидир.
Биз уларни кўрмасак-да баъзи ит, эшак каби ҳайвонлар уларни кўради.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ إِذَا سَمِعْتُمْ صِيَاحَ الدِّيَكَةِ فَاسْأَلُوا اللَّهَ مِنْ فَضْلِهِ فَإِنَّهَا رَأَتْ مَلَكًا وَإِذَا سَمِعْتُمْ نَهِيقَ الْحِمَارِ فَتَعَوَّذُوا بِاللَّهِ مِنْ الشَّيْطَانِ فَإِنَّهُ رَأَى شَيْطَانًارَوَاهُالْبُخَارِيُّ وَ مُسْلِمٌ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Хўроз қичқириғини эшитганда Аллоҳнинг фазлидан сўранглар. Чунки у фариштани кўрган бўлади. Эшак ҳанграшини эшитганда Аллоҳдан шайтоннинг ёмонлигидан паноҳ сўранглар. Чунки у шайтонни кўрган бўлади», дедилар”.
Жинлар ҳақиқатда бор мавжудотлар бўлиб, асли ўтдан яратилган. “Жин” сўзининг луғавий маъноси аввал айтилганидек, “тўсилган” дегани, яъни одамлар кўзидан тўсилган нарса. Шу сабабли ҳам у инсонларга кўринмайди. Улар ўзлари кўринмай туриб, одамларни ва бошқа нарсаларни кўриши мумкин. Шу билан бирга, турли шаклларга кириши ҳам мумкин. Жинлар эркак ва аёл жинсига мансуб, дашту биёбонлар, тоғ ва ўрмонларда яшайди. Улар бир неча тоифадан иборат, ғул, ифрит, силот тоифасидагилари машҳур. Шайтонлар жинларнинг ёвузларидир.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Аллоҳ инсонларга ҳам, жинларга ҳам пайғамбар қилиб юборган. Жинларнинг бир қисми Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Укоза бозорига кетаётган вақтларида Макка ва Мадина оралиғидаги Наҳла деган жойга ётганларида, ўша жойда бомдод намозини ўқишади. Қуръон тиловатини эшитиб, динга кирган ва исломни тарғиб қилган. Уларнинг ичида ҳам худди одамларга ўхшаб имонсиз-имонли, яхши-ёмон, адашган ва ҳидоятда юрганлари, фирибгар ва соддалари бор. Жинлардан ҳам Қуръонга, Пайғамбар соллаллоҳ алайҳи васалламга иймон келтириб яхши йўлда юрганлари жаннатга, имонсиз бўлиб ёмон йўлда юрганлари дўзахга тушадилар. Улар одамларга ҳеч қачон ёрдам бера олмайди ва ғайб сирларини билмайди. Чунки Қуръони карим нозил бўлгандан сўнг улар бу хислатлардан маҳрум бўлган.
Қуръони каримда Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
“Албатта бизлар (фаришталарнинг сўзларини ўғринча эшитиб олиш учун) осмонга тақилган эдик, унинг кучли қўриқчи (фаришта)лар ва (ўғри жинларга отилгувчи учар) юлдузлар билан тўла эканлигини кўрдик. Албатта бизлар (илгари осмондан айрим) жойларга (фаришталарнинг сўзларини ўғринча) эшитиб олиш учун ўтириб олар эдик. Энди ҳозир (яъни, Мухаммад алайҳиссалом пайғамбар қилиб юборилганларидан кейин) эса ким (яъни, қайси жин ўғринча) эшитар бўлса, ўзини кузатиб турган бир (учар) юлдузни кўрар. Албатта бизлар ердаги кишиларга (Аллоҳ томонидан) ёмонлик ирода қилинганми ёки Парвардигорлари уларга яхшиликни ирода қилганми, билмасмиз” (Жин сураси, 8,9,10).
Исломдан аввалги вақтда жинлар осмонга чиқиб малоикаларнинг ўзаро суҳбатларини, жумладан, яқин кунларда содир бўладиган ва бўлган баъзи ишлар ҳақидаги маълумотларни яширин эшитиб, ердаги фолбину мунажжимларга бирга ўнни қўшиб етказар эди. Орадан анча вақт ўтиб, осмон хабарига қулоқ осгани чиқсалар, уларни юлдузлардан узилиб чиққан учқунлар уриб ҳайдайдиган бўлиб қолди. Улар ерга ўз қавмлари ҳузурига қайтиб, “Нима бўлди экан, бизни учқунлар қувадиган бўлиб қолди-ку?” дейишади. Шунда баъзилари, дунёда улкан, оламшумул ўзгариш бўлган бўлса керак, деб ўйлашади. Машриқу мағрибни кезиб биздан осмон хабарини тўсган нарсани қидириш зарур, деган қарорга келиб, сафарга отланадилар. Ривоятларда нақл қилинишича, Насийбин номи билан аталувчи жойда яшовчи жинлардан етти нафари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бомдод намозида қироат қилаётганларини эшитиб тўхташган, биздан осмон хабарини тўсган нарса шу, деб ўз қавмларига қайтиб, бўлган ҳодисани айтадилар.
Жоҳилият вақтида араб қабилалари жинларга махфий, норавшан худолар деб эътиқод қилардилар. Улар жинларнинг насаби Аллоҳ таолога етиб боради, унинг жинлардан шериклари бор, деган бузуқ эътиқодга ҳам бўйсунарди. Шунингдек, араблар жинлар ғойибдан хабардор, фолбин ва мунажжимларга осмон сирларини айтиб туради, деган ўйда эдилар. Жоҳилият арабларида жинларнинг ҳукми ер юзида ўтади, деган хом хаёл бўлиб, агар улардан бирортаси бирор жойга бориб ётиб қолмоқчи бўлса, «Ушбу жойнинг хўжайин жинидан паноҳ сўрайман», деган маънодаги дуони қиларди. Ҳозирги вақтгача кишиларда юқоридаги айтиладиганларга ўхшаш турли-туман бузуқ, бидъат-хурофотдан иборат тушунчалар мавжуд ва улар бу ёлғон эътиқодга ишонади.
Ислом дини келиб, Қуръон нозил бўла бошлагач, жинлар учун осмоннинг барча йўллари беркилган ва юқоридаги оятда жинларнинг ўзлари эътироф этганидек, улар Аллоҳ ердаги бандалари бўлмиш инсонларга нимани ирода қилишидан мутлақо бехабардир. Шундай экан, жинлардан паноҳ тилаш ёки улардан нажот кутиш, фолбинларга бориб улардан ёрдам сўраш ширк ва бидъатдан ўзга нарса эмас. Аллоҳ таоло ана шундай ширк ва бидъат амаллардан ҳамиша ўз паноҳида асрасин.
Муҳаммадмусо НАБИЖОНОВ,
тайёрлади.
Баъзи уламолар инсоннинг ҳаёт билан видолашув дамларини “сафар чоғи”, “сафар соати” дейишади. Хусусан, машҳур олим Оиз Қарний “Саҳобалар ҳаётидан хотиралар” китобида Амр ибн Ос розияллоҳу анҳунинг “сафар соати” ҳақида сўз юритиб, бу вақтнинг ростгўйлик, руҳнинг покланиши, ошкоралик ва шаффофлик онлари эканини таъкидлайди.
Бу вақтда ўлим тўшагида ётган инсондан дунё безакларига интилиш, иғво, мунофиқлик, сохтакорлик каби иллатлар чекинар ва у ўзининг ҳақиқати билан ёлғиз қолади. Ҳатто Фиръавн ҳам жон бериш онида ичидаги махфий ҳақиқатни ошкор қилиб, бундай деган:
لا إِلَهَ إِلا الَّذِي آَمَنَتْ بِهِ بَنُو إِسْرَائِيلَ وَأَنَا مِنَ الْمُسْلِمِينَ
“Иймон келтирдимки, Исроил авлоди иймон келтирган Зотдан ўзга илоҳ йўқдир. Мен ҳам мусулмонларданман” (Юнус сураси, ٩٠-оят).
Машҳур саҳобий Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу ўлим тўшагида ётаркан, юзини деворга буриб олганди. Атрофида ўтирган дўстлари ва ўғли Абдуллоҳ Амр ибн Осга Мисрни фатҳ этиб, Исломнинг ёйилишига катта ҳисса қўшганини, Аллоҳнинг раҳматидан умидвор бўлишини эслатар, у зот бўлса, ўзини қандай оқибат кутаётганини билмагани боис қўрқувдан йиғларди.
Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу сўнгги лаҳзаларини бошдан кечирар экан, яшаб ўтган ҳаётини хотирлаб, бундай хулосага келади: “Менинг умрим уч босқичда ўтди. Исломдан олдин жаҳолат босқичида яшадим. Ўша пайтда энг ёмон кўрганим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эдилар. Ҳар қанча ҳийла-найранг ишлатиб бўлса ҳам, у зотни ўлдиришга тайёр эдим. Исломни қабул қилгач, Мадинага ҳижрат қилдим. Бу ҳаётимдаги иккинчи босқич, яъни куфрдан Исломга ўтиш босқичи эди...”
Амр ибн Ос Маккадан Мадинага Холид ибн Валид билан бирга ҳижрат қилганди. Улар Мадинага яқинлашаркан, Амр ибн Ос Холид ибн Валидга: “Ё олдинда юр ёки орқада қол. Менинг гуноҳларим кўп. Расулуллоҳга улар ҳақида айтмоқчиман. У зот билан ёлғиз қолишни истайман”, деди. Шундан сўнг Холид ибн Валид олдинга ўтиб кетди. Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келиб: “Қўлингизни беринг, байъат қиламан”, деди.
Расулуллоҳ Амр ибн Осга байъат учун қўлларини чўзганларида, у пайғамбаримизнинг муборак қўлларини маҳкам ушлаб олди. Набий алайҳиссалом: “Сенга нима бўлди, эй Амр?” деб сўрадилар. Амр ибн Ос: “Мен шарт қўймоқчиман, эй Аллоҳнинг Расули”, деди. У зот: “Нимани шарт қўясан?” дедилар. Амр ибн Ос: “Раббим ўтган гуноҳларимни мағфират қилишини шарт қилиб қўяман”, деди. Амр ибн Ос жоҳилият даврида Исломга қарши жангларда қатнашган ва кўпгина гуноҳ ишларга қўл урганди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Амр, билмайсанми? Ислом ўзидан олдинги нарсаларни йўқ қилади (гуноҳларни кечиради)”, дедилар.
Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу айтади: «Қўлимни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қўлларига қўйиб, байъат қилдим. Шундан сўнг муҳаббат ва итоаткорлик ила у зотга ҳамроҳ бўлдим. У зот мен учун инсонларнинг энг севимлиси эдилар. Исломдан аввалги нафратим муҳаббатга айланди. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган ҳурматим сабабидан у зотга тик қарай олмаганман. Агар мендан у зотни тасвирлаб беришимни сўрасангиз, бу ишни уддалай олмайман. Чунки у зотга бўлган муҳаббатим, эҳтиромим ва ҳаёим сабабли Расулуллоҳнинг юзларига қарай олмаганман. Ана шу муҳаббат туфайли қайтадан дунёга келгандек бўлдим... Кошкийди, ўша ҳолатимда вафот топган бўлсам. Чунки мазкур ҳолат дин учун кураш, илм, тавба ва ҳидоят каби ҳис-туйғуларни ўзида жамлаганди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотларидан сўнг ўзгариб қолдим. Бу ҳаётимнинг учинчи босқичи эди. Бу босқичда дунё мен билан ошкора ўйин қилди. Сиффин ва Жамал каби фитнали ҳодисалар содир бўлди. Аллоҳга қасам, жаннатга кираманми ёки дўзахгами, билмайман!.. Ҳозир биргина калима бор, холос. Уни Аллоҳнинг ҳузурида ўзим учун ҳужжат қиламан. Бу: “Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳ. Лаҳул-мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъала кулли шайъин қодир” калимасидир».
Шундан сўнг Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу кафтини маҳкам сиқди ва руҳи танасидан чиқиб кетди. Унинг ўғли Абдуллоҳ ибн Амр айтади: “Отамни ювгани олиб кирдик. Ғассоллар унинг бармоқларини ювиш учун очмоқчи бўлдилар, лекин улар маҳкам сиқилганди. Сўнг уни кафанлаш учун бармоқларини очдик, лекин улар яна ёпилиб қолди. Уни қабрга қўйганимизда ҳам қўллари маҳкам сиқилганди”...
Ушбу воқеа замирида барчамиз учун улкан сабоқ бор. Амр ибн Ос розияллоҳу анҳунинг нақадар самимийлиги, тавҳид калимасини дили ва тилида маҳкам тутиб, Раббисига юзланганига ҳавасдамиз, албатта.
Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу умрини уч босқичга бўлди. Бизнинг “сафар соати”миз қандай кечаркин? Ҳаётимиз неча босқичдан иборат бўлади? Умримиз қандай кечяпти? Раббимиз биз ожиз бандаларига бу борада ҳам Ўз “таклиф”ини тақдим этган. Оли Имрон сураси ٨-оятида бундай дуо бор:
رَبَّنَا لَا تُزِغْ قُلُوبَنَا بَعْدَ إِذْ هَدَيْتَنَا وَهَبْ لَنَا مِنْ لَدُنْكَ رَحْمَةً إِنَّكَ أَنْتَ الْوَهَّابُ
“Роббанаа лаа тузиғ қулуубанаа баъда из ҳадайтанаа ваҳаб ланаа мил-ладунка роҳмаҳ. Иннака антал Ваҳҳааб”.
“Эй Раббимиз, бизни ҳидоят йўлига солганингдан кейин дилларимизни (тўғри йўлдан) оғдирма ва бизга ҳузурингдан раҳмат ато эт! Албатта, Сен Ваҳҳоб (барча неъматларни текин ато этувчи)дирсан”.
Меҳрибон Зот барчамизни ушбу дуо-оят ҳақиқати билан ризқлантирсин!
Мавжуда НУРИДДИНОВА
тайёрлади.