Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
30 Май, 2026   |   12 Зулҳижжа, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:12
Қуёш
04:53
Пешин
12:26
Аср
17:32
Шом
19:52
Хуфтон
21:26
Bismillah
30 Май, 2026, 12 Зулҳижжа, 1447

Жинлар ғайб сирларини биладими?

27.12.2017   12384   7 min.
Жинлар ғайб сирларини биладими?

Жинларнинг мавжудлиги Қуръони карим, ҳадиси шариф ва ижмои уммат билан собит бўлган. Кўпчилик одамлар жин деганда қандайдир ғайритабиий, фақат ёмонлик қиладиган мавжудотларни назарда тутадилар. Аслида ҳам шундайми? Йўқ! Жинлар ҳам алоҳида бир олам. Уларнинг ҳам инсонлар каби яхшиси, ёмони, кофири, мусулмони бўлади. Бу нотаниш олам билан танишишдан олдин, аввало, унинг луғавий ва истилоҳий маънолари, нимадан яратилагани, шаклу шамойили қандай шу ва бошқа уларга тегишли маълумотларни ўрганиб чиқиш мақсадга мувофиқ бўлади.

“Жин” сўзи араб тилида اَلْجِنُّ кўплиги اَلْجَانُّ жаан, ўзбек тилида “тўсилган” маъносида “ажина” дейилади. Кўздан тўсилгани учун “жин” деб аталган. Онаси қорнидаги болани اَلْجَنِينُ “жанин”- (ўралган, тўсилган), ақли бошидан учган, ақли тўсилган одамни жинни ёки мажнун дейиш ҳам шундан олинган. Яна жангда ҳимоя қилиш ва тўсиш воситаси ҳисобланган қалқонни مِجَنٌّ деб номланди. Жоҳилият вақтида  фаришталарни ҳам кўзга кўринмагани учун “жин” деб аташган.

Бадруддин аш-Шиблий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Жинлар инсон  ва ҳайвонлар суратига кириб олишга қодирдирлар. Илон, чаён, туя, мол, қўй, от, хачир, эшак, қуш ва одам болалари суратига кириб олиши мумкин. Қурайшликлар Бадрга чиқиб кетаётганда Суроқа ибн Молик ибн Жўъшум суратида келгани бунга далил”.

Асримиздаги ва ундан олдинги асрларда яшаган кўпчилик инсонлар жинларни кўрмаган, эшитмаган ёки улар жин эканини билмаганм сабабли уларни арвоҳлар, ғайб одамлари ёки саҳро кишилари деб атаганлар.

Бу мавзуда  келган ривоятларнинг энг ишончлиси, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жинларни кўрганлари, улар билан гаплашганлари, улар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан гаплашганлари, жинларга таълим берганлари, Қуръон тиловат қилиб берганларидир.

Биз уларни кўрмасак-да баъзи ит, эшак каби ҳайвонлар уларни кўради.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ إِذَا سَمِعْتُمْ صِيَاحَ الدِّيَكَةِ فَاسْأَلُوا اللَّهَ مِنْ فَضْلِهِ فَإِنَّهَا رَأَتْ مَلَكًا وَإِذَا سَمِعْتُمْ نَهِيقَ الْحِمَارِ فَتَعَوَّذُوا بِاللَّهِ مِنْ الشَّيْطَانِ فَإِنَّهُ رَأَى شَيْطَانًارَوَاهُالْبُخَارِيُّ  وَ مُسْلِمٌ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Хўроз қичқириғини эшитганда Аллоҳнинг фазлидан сўранглар. Чунки у фариштани кўрган бўлади. Эшак ҳанграшини эшитганда Аллоҳдан шайтоннинг ёмонлигидан паноҳ сўранглар. Чунки у шайтонни кўрган бўлади», дедилар”.

Жинлар ҳақиқатда бор мавжудотлар бўлиб, асли ўтдан яратилган. “Жин” сўзининг луғавий маъноси аввал айтилганидек, “тўсилган” дегани, яъни одамлар кўзидан тўсилган нарса. Шу сабабли ҳам у инсонларга кўринмайди. Улар ўзлари кўринмай туриб, одамларни ва бошқа нарсаларни кўриши мумкин. Шу билан бирга, турли шаклларга кириши ҳам мумкин. Жинлар эркак ва аёл жинсига мансуб, дашту биёбонлар, тоғ ва ўрмонларда яшайди. Улар бир неча тоифадан иборат, ғул, ифрит, силот тоифасидагилари машҳур. Шайтонлар жинларнинг ёвузларидир.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Аллоҳ инсонларга ҳам, жинларга ҳам пайғамбар қилиб юборган. Жинларнинг бир қисми Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Укоза бозорига кетаётган вақтларида Макка ва Мадина оралиғидаги Наҳла деган жойга ётганларида, ўша жойда бомдод намозини ўқишади. Қуръон тиловатини эшитиб, динга кирган ва исломни тарғиб қилган. Уларнинг ичида ҳам худди одамларга ўхшаб имонсиз-имонли, яхши-ёмон, адашган ва ҳидоятда юрганлари, фирибгар ва соддалари бор. Жинлардан ҳам Қуръонга, Пайғамбар соллаллоҳ алайҳи васалламга иймон келтириб яхши йўлда юрганлари жаннатга, имонсиз бўлиб ёмон йўлда юрганлари дўзахга тушадилар. Улар одамларга ҳеч қачон ёрдам бера олмайди ва ғайб сирларини билмайди. Чунки Қуръони карим нозил бўлгандан сўнг улар бу хислатлардан маҳрум бўлган.

Қуръони каримда Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

Албатта бизлар (фаришталарнинг сўзларини ўғринча эшитиб олиш учун) осмонга тақилган эдик, унинг кучли қўриқчи (фаришта)лар ва (ўғри  жинларга отилгувчи учар) юлдузлар билан тўла эканлигини кўрдик. Албатта бизлар (илгари осмондан айрим) жойларга (фаришталарнинг сўзларини ўғринча) эшитиб олиш учун ўтириб олар эдик. Энди ҳозир (яъни, Мухаммад алайҳиссалом пайғамбар қилиб юборилганларидан кейин) эса ким (яъни, қайси жин ўғринча) эшитар бўлса, ўзини кузатиб турган бир (учар) юлдузни кўрар. Албатта бизлар ердаги кишиларга (Аллоҳ томонидан) ёмонлик ирода қилинганми ёки Парвардигорлари уларга  яхшиликни ирода қилганми, билмасмиз” (Жин сураси, 8,9,10).

Исломдан аввалги вақтда жинлар осмонга чиқиб малоикаларнинг ўзаро суҳбатларини, жумладан, яқин кунларда содир бўладиган ва бўлган баъзи ишлар ҳақидаги маълумотларни яширин эшитиб, ердаги фолбину мунажжимларга бирга ўнни қўшиб етказар эди. Орадан анча вақт ўтиб, осмон хабарига қулоқ осгани чиқсалар, уларни юлдузлардан узилиб чиққан учқунлар уриб ҳайдайдиган бўлиб қолди. Улар ерга ўз қавмлари ҳузурига қайтиб, “Нима бўлди экан, бизни учқунлар қувадиган бўлиб қолди-ку?” дейишади. Шунда баъзилари, дунёда улкан, оламшумул ўзгариш бўлган бўлса керак, деб ўйлашади. Машриқу мағрибни кезиб биздан осмон хабарини тўсган нарсани қидириш зарур, деган қарорга келиб, сафарга отланадилар. Ривоятларда нақл қилинишича, Насийбин номи билан аталувчи жойда яшовчи жинлардан етти нафари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бомдод намозида қироат қилаётганларини эшитиб тўхташган, биздан осмон хабарини тўсган нарса шу, деб ўз қавмларига қайтиб, бўлган ҳодисани айтадилар.

Жоҳилият вақтида араб қабилалари жинларга махфий, норавшан худолар деб эътиқод қилардилар. Улар жинларнинг насаби Аллоҳ таолога етиб боради, унинг жинлардан шериклари бор, деган бузуқ эътиқодга ҳам бўйсунарди. Шунингдек, араблар жинлар ғойибдан хабардор, фолбин ва мунажжимларга осмон сирларини айтиб туради, деган ўйда эдилар. Жоҳилият арабларида жинларнинг ҳукми ер юзида ўтади, деган хом хаёл бўлиб, агар улардан бирортаси бирор жойга бориб ётиб қолмоқчи бўлса, «Ушбу жойнинг хўжайин жинидан паноҳ сўрайман», деган маънодаги дуони қиларди. Ҳозирги вақтгача кишиларда юқоридаги айтиладиганларга ўхшаш турли-туман бузуқ, бидъат-хурофотдан иборат тушунчалар мавжуд ва улар бу ёлғон эътиқодга ишонади.

Ислом дини келиб, Қуръон нозил бўла бошлагач, жинлар учун осмоннинг барча йўллари беркилган ва юқоридаги оятда жинларнинг ўзлари эътироф этганидек, улар Аллоҳ ердаги бандалари бўлмиш инсонларга нимани  ирода қилишидан мутлақо бехабардир. Шундай экан, жинлардан паноҳ тилаш ёки улардан нажот кутиш, фолбинларга бориб улардан ёрдам сўраш ширк ва бидъатдан  ўзга нарса эмас. Аллоҳ таоло ана шундай ширк ва бидъат амаллардан ҳамиша ўз паноҳида асрасин.

Муҳаммадмусо НАБИЖОНОВ,

тайёрлади.

Бошқа мақолалар

Арафа куни бажариладиган амаллар

25.05.2026   8995   4 min.
Арафа куни бажариладиган амаллар

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Арафот сўзи луғатда – билиш, таниш маъноларини билдиради.

Макка шаҳридан 20 км, Минодан 10 км, Муздалифадан эса 6 км, Намира масжидидан 1,5 км узоқликда жойлашган. Узунлиги 11-12 км ва кенглиги 6,5 км бўлган водий. У қаттиқ катта тошлардан иборат. Жанубий томонда 168 та зинаси мавжуд.

Маълумотларга кўра, Одам Ато билан Ҳавво онамиз жаннатдан чиқариб юборилганларидан кейин бир-бирлари билан шу ерда учрашганлар, дейилади.

Бошқа бир ривоятда Жаброил алайҳиссалом Иброҳим алайҳиссаломга ушбу маконда ҳаж амалларини ўргатиб: “Арофта?” (“Ўргандингизми?”) деганларида, Иброҳим алайҳиссалом: “Ҳа”, деганлар. Шундан кейин Арафот деб номланиб қолган.

Арофат тепалигида бир баланд жой борки, у ерни “жабалул роҳма”, яъни “раҳмат тоғи” дейилади. Арафа куни ҳожиларга ёғиладиган беҳисоб раҳмат ва баракалар сабабли “раҳмат тоғи” деб номланади. Ушбу тоғ Илол, Нобит ҳамда Қурийн деб ҳам аталади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан 81 кун олдин, ҳижратнинг 10 йили Мадинадан ҳажга келиб, арафа куни шу тепаликка чиққанлар ва оқ туяларини чўктириб, унинг устида туриб “Видолашув ваъз”ини айтганлар. Бу жой узоқдан кўриниб туришлиги учун устун шаклида кўтарилиб, оққа бўяб қўйилган.

Арафотда ҳажнинг асосий аркони адо этилади. Арафа куни бомдод намози ўқилгандан сўнг Минодан Арафотга қараб йўлга тушилади. Зилҳижжа ойининг 9-куни, яъни арафа куни ҳожилар шу тепаликка чиқиб, то қуёш ботгунга қадар ибодат билан машғул бўладилар. Арафотда маълум муддат турмаган кишининг ҳажи ҳаж ҳисобланмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳаж Арафотдир”, деганлар (Имом Термизий ва Насоий ривояти).

Арафотга чиқишдан олдин ғусл қилиб олинса яхши бўлади.

Арафотга чиқишда ва у ерда турганда доим такбир, таҳлил, ҳамд ва талбия (“лаббайка”) айтилади. Арафотда дуолар ижобат бўлади. Шунинг учун ҳожилар кўпроқ дуода, зикрда, тиловатда, илтижода, чин дилдан тазарруда бўлишга интилишлари лозим.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дуоларнинг яхшиси – Арафот кунги дуодир”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

Арафотда қуйидаги оят нозил бўлган: “Бугун Мен сизлар учун динингизни комил қилдим, Мен сизларга неъматимни тўкис қилиб бердим ва сизлар учун Исломни дин қилиб танладим” (Моида сураси, 3-оят).

Арафотда ва Раҳмат тоғида қуйидаги дуоларни ўқиш тавсия этилади:

“Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи. Субҳаналлоҳил ъазийм”.

Лаа илаҳа илла анта. Субҳанака инни кунту миназ-золимийн.

Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳил ъалийил ъазийм”.

Роббана атина фид-дуня ҳасанатан ва фил ахироти ҳасанатан ва қина ъазабан-нар.

Аллоҳумма аслиҳ ли динийаллазий ҳува ъисмати амри ва аслиҳ ли дунйаяллати фиҳа маъаший ва аслиҳ лий ахиротияллати фиҳа маъадий, важъалил ҳайата зийадаталли мин кулли хойрин, важаълил мавта роҳаталли мин кулли шаррин.

Аъузу биллаҳи мин жаҳдил балаи ва даркиш-шақои ва суъил қазои ва шатаматил аъдаи.

Арафотда пешин ва аср намозлари бир азон ва икки иқомат билан қўшиб қаср қилиб ўқилади. Ҳажнинг амири хутба ўқийди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Арафа куни, Аллоҳ бандаларни дўзахдан кўп озод қилганчалик бошқа бирор кун йўқ!” (Имом Муслим ривояти).

Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Аллоҳ ҳузурида Арафот кунидан яхшироқ кун йўқ. Аллоҳ таоло дунё осмонига (фаришталарга мақтаниб) ер аҳли билан фахрланиб айтади: “Менинг чанг босган бандаларимга қаранг! Менинг раҳматимдан умидвор бўлиб,  барча жойлардан келдилар. Ваҳоланки, улар менинг азобимни кўрмаганлар. Аллоҳ таоло бирор кунда  Арафа кунидек бандани дўзахдан озод қиладиган кун йўқ, дейди”.

Аллоҳ таоло ҳажингизни мабрур, саъйингизни машкур ва гуноҳингизни мағфур қилсин!

 

Даврон НУРМУҲАММАД