“Улар (Раҳмоннинг суюкли бандалари) ёлғон гувоҳлик бермаслар ва беҳуда (сўз ё иш) олдидан ўтган вақтларида олижаноблик билан (ундан юз ўгирган ҳолда) ўтарлар.” (Фурқон, 72).
“... Бас, бутлардан иборат нажосатдан узоқлашиб, ёлғон сўздан ҳам четда бўлингиз!” (Ҳаж, 30).
Абу Бакра (розийаллоҳу анҳу) айтди: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мен сизларга гуноҳларнинг энг каттасини айтиб берайми?” – деб уч мартаба сўрадилар. Саҳобийлар: “Эй Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтиб беринг”, дейишди. “Аллоҳ таолога ширк келтириш ва ота-онага оқ бўлиш”, дедилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шу вақтда ёнбошлаб ўтирган эдилар, кейин яхшилаб ўтириб олдилар-да: “Огоҳ бўлинглар! Ана ўша катта гуноҳлардан бири ёлғон гапирмоқ, туҳмат қилмоқдир”, дедилар. Ушбу охирги сўзларини шунчалик кўп такрорладиларки, мен ичимда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) чарчадилар, энди гапларини тўхтатсалар ҳам бўларди, дедим” (Имом Бухорий).
Абдуллоҳ ибн Масъуддан ривоят қилинади. “Набиййи муҳтарам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Тўғрисўз бўлинглар, чунки тўғрисўзлик яхшиликка бошлайди. Бу яхшилик эса жаннатга олиб боради. Киши рост гапираверса, Аллоҳ таоло ҳузурида тўғрисўз деб ёзилади. Ёлғон гапиришдан сақланинг, чунки ёлғон гапириш бузуқликка бошлайди, бузуқлик эса дўзахга олиб боради. Киши ёлғон гапираверса, Аллоҳ ҳузурида ёлғончи, деб ёзилади”, деганлар” (Имом Бухорий).
ЎМИ Матбуот хизмати
Савол: Биз томонларда қаттиқ ёмғир ёғиб, Жума ва икки ҳайит намозларида одамлар ташқарида намоз ўқий олмай, масжид ичига тиқилиб кетади. Суннатни алмашиб ўқиб олишади, аммо фарз намозда бунинг имкони йўқ-ку. Бу ҳолатда қандай йўл тутилади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Бу каби узрли ҳолларда яъни саволда зикр қилинганидек, Жума ва икки ҳайит намозларида орқадагилар олдинги сафдаги намозхонларнинг белларига сажда қилиб, намозни адо этсалар бўлади.
Бунинг кайфияти шундай: Аввалги сафдагилар одатдагидек руку ва сажда қиладилар. Уларнинг орқасидагилар эса, рукуда имкон қадар эгиладилар, сўнг саждада олдинги сафдаги одамларнинг орқа белларига бошларини қўйиб, сажда қиладилар. Фарзни шундай ўқисалар, суннатларни саволда айтилгандек алмашиб ўқиб олаверадилар. Чунки белга сажда қилиш зарурат туфайли жоиз бўлади. Суннат намозни ўқишда эса, бундай зарурат бўлмайди.
Бундан ташқари, бу каби узрли ҳолатларда олдиндаги одамнинг оёқлари устига ёки ўзининг сонига ҳам сажда қилиш мумкин. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.