Ислом инсон соғлигига жиддий аҳамият қаратадиган ҳамда сиҳат-саломатликни сақлашнинг барча кўринишларини мукаммал баён этган ва бу борада керакли тавсия ва кўрсатмалар берган диндир. Унда соғликка зарар берадиган ишлардан қайтариб: “Исломда ўзига ва бировга зарар бериш йўқ!” каби сўзларнинг буюк ишорага айланиши, соғликка зарар етказадиган ҳар қандай нарсанинг ҳаром қилиниши ва бошқа кўплаб соғлиқни сақлаш борасида беқиёс аҳамиятга эга бўлган ҳадису оятлар сўзимизнинг ёрқин далилидир.
Фарзандининг ҳам жисман, ҳам ақлан соғлом бўлиб вояга етиши ҳарқандай ота-онанинг кўзини қувнатиб, кўнглига чексиз сурур бағишлаши табиий. Лекин, бу нарса унинг тарбияси ва парваришидан масъул бўлган шахслар устига бироз машаққат, эътибор ва давомли меҳнат юклайди. Зеро, бу доимий равишда фарзанд соғлигидан хабардор бўлиш, уни касалга чалинишдан, шикастланишдан муҳофаза қилиш, бордию хасталаниб қолса, дарҳол керакли чора-тадбирларни кўриш каби ишларни тақозо қилади.
Юрт фарзандларининг саломатлигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 25 декабрь куни “2018-2022 йиллар даврида болаларда туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш Давлат дастури тўғрисида”ги қарорни имзолади.
Республикада соғлом болалар туғилиши, ҳомиладор аёллар ва чақалоқларда патологияни барвақт аниқлаш учун зарур шарт-шароитларни таъминлайдиган замонавий перинатал марказлар ҳамда “Она ва бола скрининг” марказлари тармоғи яратилди, туғруққа ёрдам берувчи ва педиатрия муассасаларининг моддий-техника базаси ва кадрлар салоҳияти мустаҳкамланди, туғма ва ирсий касалликларга ташхис қўйиш, даволаш ҳамда улар профилактикасининг замонавий усуллари жорий этилди.
Амалга оширилаётган тадбирлар натижасида 1,1 миллиондан ортиқ ҳомиладор аёл текширувдан ўтказилди, бу 21 минг нафардан ортиқ ривожланишида туғма нуқсонлар бўлган бола туғилишининг олдини олиш имконини берди. 1,7 миллиондан ортиқ чақалоқ туғма ва ирсий касалликлар юзасидан текширилди, 2,7 минг нафар болага ривожланишнинг туғма нуқсонларини бартараф этиш юзасидан малакали тиббий ёрдам кўрсатилди.
Шу билан бирга, туғма ва ирсий касалликларнинг олдини олиш бўйича профилактик ва даволаш-ташхис қўйиш тадбирларини, айниқса, қишлоқ жойларда бўлажак оналар ва болаларнинг соғлиғи ҳолати устидан патронаж тизимини янада такомиллаштириш, шунингдек, жаҳон амалиётига мувофиқ туғруққа ёрдам берувчи муассасаларнинг ва “Она ва бола скрининг” марказларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш талаб этилади.
Қарорнинг тўлиқ матни билан ушбу ҳавола орқали танишишингиз мумкин.
ЎМИ Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
«Ёш фарзандларни овқатдан олдин ва кейин қўл ювишга, овқатланишни «Бисмиллаҳ» билан бошлашга, ўнг қўл билан ейишга, еб бўлганидан сўнг Яратганга шукр айтишга одатлантиришингиз лозим. Шунингдек, ўнг қўл билан ёзиш, кийим кийганда ўнгидан бошлаш, уйга ўнг оёқ билан кириш, ҳар бир ишни «Бисмиллаҳ» билан бошлашга ҳам ўргатинг.
Болаларга тозаликка риоя қилиш, тирноқларини олиш, кийимларини тоза-пок сақлаш, таҳоратхонага кириш-чиқиш тартибларидан таълим беринг.
Фарзандларга холи ҳолда, уялтирмай, бошқалар олдида шарманда қилмай насиҳат қилишингиз лозим. Баъзан шўхлик қилиб, гапингизга қулоқ солишмаса ёки бирор ишда хато қилишса, уларни урмай-сўкмай, тушунтиришингиз зарур. Жуда иложи бўлмай қолганида бир-икки кун гаплашмай қўйсангиз, кифоя.
Фарзандларингизнинг кимлар билан дўст ва ҳамсуҳбат бўлишларига эътиборли бўлинг, кўчада сабабсиз, бемақсад туриш ва юришларига, сиздан сўрамай, узоқ вақт бирор машғулот билан шуғулланишларига ёки олис жойга равона бўлишларига рухсат берманг.
Фарзандларни уйда ва кўчадаги таниш-нотаниш одамларга «Ассалому алайкум» деб салом беришга, қўни-қўшниларга яхшилик ва ёрдам кўрсатишга, азият етказмасликка, уйингизга келган меҳмонга ҳурмат кўрсатиш ва хизмат қилишга одатлантиринг.
Ўғил-қизларингизни куфр сўзлардан, бировларни ҳақорат қилишдан, беҳаё гапларни гапиришдан қайтаринг. Буларнинг ниҳоятда ёмонлигини, ярамас сўз-гаплар туфайли одам қаттиқ гуноҳкор бўлиши ва зарар кўришини мулойимлик билан тушунтиринг. Ўзингиз ҳам бу борада уларга ибрат-намуна бўлинг, чиройли ахлоқ соҳиби эканингизни исботланг.
Фарзандларни қиморнинг турли кўринишлари, қарта, ошиқ ва ўртага пул қўйиб ўйналадиган барча ўйинлардан қайтариш даркор. Қимор бўлмаса ҳам, қимматли вақтини беҳуда совурадиган, дарс тайёрлаш ва фойдали машғулотлардан айирадиган ўйинларни ҳам чеклаш лозим. Уларнинг ахлоқсиз, беҳаё, фаҳш суратли газета-журналлар, китобларни ўқишларига, жинсий муносабатларни, шафқатсизлик, ахлоқсизлик, ёвузликларни тарғиб қиладиган филм ва томошаларни кўришларига йўл берманг.
“Бамисоли сирка асални бузганидек, бадфеъллик ва ахлоқсизлик ҳам кишининг қилаётган амалларини бузади”.
Фарзандларингизни сигарет чекиш ва ароқ ичишдан қайтариб, бу иллатларнинг инсон соғлиғи ва иқтисодига қанчалар зарар келтиришини, кулфатга бошлашини эринмай тушунтиринг. Бунинг ўрнига мева ва ширинликлар истеъмол қилишга тарғиб этинг”.
Ўғил-қизларимизни ҳар қандай ҳолатда ҳам рост сўзлашга, ёлғонни ҳатто ҳазил тариқасида ҳам гапирмасликка, ваъдага албатта вафо қилишга ўргатишимиз лозим. Чунки ёш болалар одатда ўта таъсирчан ва тақлид қилишга ўч буладилар. Ёлғонни атрофидаги муҳитдан ўрганиб, ота-онаси ёки ака-укаларидан бирор манфаатга эришиш учун ёлғон ишлатишлари мумкин. Тўғрилик ҳар бир яхшиликнинг асоси, ёлғон эса ҳар қандай ёмонликнинг онаси ва бошланишидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, тўғрилик яхшиликка бошлайди. Яхшилик жаннатга бошлайди. Ёлғон ёмонликка олиб боради. Ёмонлик эса дўзахга олиб боради”, деганлар. Ўзимиз ҳам уларга бирор нарса ваъда қилсак, олиб беришимиз, борди-ю, бунинг имкони топилмай қолса, уларга тушунтириб, муддатини узайтиришимиз керак.
Давоми бор...
Муҳаммад Қуддус АБДУЛМАННОН,
Хўжаобод тумани “Етти чинор” жоме масжиди имом ноиби.