Ҳузайфа ибн Ямон (розийаллоҳу анҳу) Расулуллоҳни (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўрмай туриб мусулмон бўлганлардан эди. Оталари Ямон асли Макканинг Бани Абс уруғидан. Ясрибга кўчиб, ўрнашиб қолгач, Бани Абдулашҳал уруғи билан дўстлашди. Кейинчалик уларга куёв бўлди ва бу никоҳдан Ҳузайфа туғилди.
Ёш Ҳузайфа мусулмон оилада улғайди, ота-онаси қатори Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобаларидан бирига айланди. Ота шаҳри Макка, она юрти Ясриб бўлган Ҳузайфага Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) муҳожирлик ёки ансорликдан бирини танлаш имкониятини бердилар. Ҳузайфа ибн Ямон (розийаллоҳу анҳу) айтади: “Расуллуллоҳни (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўришга муштоқ эдим. У зот ҳақида билганлардан сўраб турардим, билганим сари муҳаббатим ошар эди. Маккага келиб у зотга йўлиққанимда: “Мен муҳожирманми ёки ансорийманми?” деб сўрадим. “Хоҳласанг, муҳожир, хоҳласанг, ансорий бўл, ёқтирганингни танла”, – деганларида, “У ҳолда мен ансорий бўлишни танлайман”, – дедим”.
Ҳузайфани (розийаллоҳу анҳу) “Расулуллоҳ сирларини билувчи” деб ҳам аташарди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мадинага келганларида ўзини мусулмон қилиб кўрсатадиган, аслида у зотга душманлик қиладиган мунофиқлар бор эди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) улар ҳақида ҳамма нарсани билардилар, аммо номларини Ҳузайфадан бошқа ҳеч кимга айтмаганлар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ҳузайфага буни ҳеч кимга гапирмасликни ҳам буюрган эдилар.
Ҳузайфа ибн Ямон умрининг оxиригача Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сирларини ҳеч кимга очмади. Мунофиқларни аниқлаш учун саҳобалар ҳам гоҳ-гоҳ унга мурожаат қилишарди. Умар ибн Xаттоб (розийаллоҳу анҳу) мусулмонлардан бирортаси вафот этса, жанозага келганлар орасида Ҳузайфани (розийаллоҳу анҳу) қидирар, у кeлган бўлса, жанозани ўзи ўқир, акс ҳолда, бошқага буюрар эди.
Бир куни Ҳазрати Умар Ҳузайфа ибн Ямондан атрофидаги одамлар орасида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эслаганлар бор-йўқлигини сўраб қолади. Ҳузайфа (розийаллоҳу анҳу) эса шунақа бир одам борлигини айтади. Лекин Ҳазрати Умар ҳар қанча қистамасин, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билдирган сирни ошкор қилмайди. Шундай бўлса-да, Умар ибн Хаттобнинг (розийаллоҳу анҳу) ўткир фаросати унинг кимлигини сeзади, тeз кунда ўша одамни ишдан бўшатади.
Ҳузайфа ибн Ямон (розийаллоҳу анҳу) ажойиб фазилатлар эгаси бўлиб қолмай, Aллоҳ таолодан қаттиқ қўрқувчи, тақволи зот эди. Оғир касалга чалиниб, умрининг сўнгги лаҳзаларини кeчираётган тунлардан бирида саҳобалар уни кўргани кeлишди. Вақтни сўраганида, саҳобалар бомдод намозига яқин қолганини айтишди. Шунда Ҳузайфа саҳобаларга бундай васият қилди: “Илтимос, мени кафанлаганларингда қимматбаҳо мато ишлатманглар. Раббим ҳузурида мeн учун яxшилик бўлса, матолар ўша жойда бeрилади. Aгар ёмонлик бўлса, оддий кафандан ҳам маҳрум бўламан. Aллоҳ, Ўзингга маълум, мeн фақирликни бойликдан, камтарликни иззатдан ортиқ кўрганман.”
ЎМИ Матбуот хизмати
Умри илм йўлида ўтган олимнинг олдига бир ёш йигит келиб: “Сизлар тўғри йўлда эмассизлар”, деди.
Олим эса нимтабассум билан: “Нега ундай деяпсан, болам?” деди.
Шунда болакай: “Сизлар Аллоҳ таолонинг сифатларини инкор қиласизлар. Масалан, Аллоҳ Аршнинг устидалигини, туннинг учинчи қисмида дунё осмонига тушишини ва ҳоказоларни... Ҳолбуки булар оят ва ҳадислар билан собит бўлган” деб ақллилик қилди.
Кекса ёшли олим унинг юзига термулдида хаёлидан: “Жоҳил бўлишига қарамасдан нодонлигидан бехабар бу авлодни ким тарбиялаяпти? Эссиз ёшлик ва ёшлар” деган гаплар ўтди.
Кейин эса: “Болам, ҳаммамиз ҳам Аллоҳни яхши кўрамиз. Ақида борасида чуқур илм олмасдан гапириб бўлмайди. Сен яхшиси илм ўрган, одоб ўрган” деди.
Бу гапни эшитган болакай: “Жавобдан қочиб ҳар хил гаплар гапирманг. Дангал жавоб беринг” деб истеҳзо қилди.
Аслида юқоридаги гап унга яхшигина жавоб бўлганди. Аммо у буни тушунмади. Шунда олим киши болага қараб: “Майли, сен айтганча бўлақолсин. Аллоҳ таоло Аршнинг устида деяпсан а? Шундайми?” деди.
Бола “Ҳа, бу оятда келган” деб жавоб берди. “Хўп, яхши. Ҳар кеча дунё осмонига тушади, шундайми?” деб сўради олим.
Болакай яна “Шундай, бу саҳиҳ ҳадисда келган” деди.
Олим киши: “Ҳар кечанинг учинчи қисмида дунё осмонига тушса, Аршнинг устига қачон ўтиради?” деди.
“Нима деганингиз бу?” деб сўради ҳатто саволнинг ҳам мазмунига тушунмаган нодон бола.
Шунда олим: “Қара, бизда кеч кирганда қаердадир тонг отади, қаердадир пешин бўлади, яна қаерлардадир аср вақти бўлади ва ҳоказо. Туннинг учинчи қисми ҳам доимо айланиб туради. Дунёнинг қаеридадир доимо туннинг учинчи қисми бўлиб турса, Аллоҳ қачон Аршни устига бориб жойлашади?” деди.
Саволни зўрға тушунган болакай “Сизлар тўғри жавобдан қочиб фақат фалсафа қиласизлар. Бу гапингиз жавоб бўлмайди. Ояту ҳадис”... деётганда, олим: “Сенинг бемаъни саволингга жавоб бериш учун шу савияга тушяпман. Агар илмни тўғри тартибда, тўғри илм аҳлидан ўқиганингда миянгга бунақа савол келмасди аслида” деди.
Ҳа азизлар, ояту ҳадисни ҳамма ҳам ўзича тушуниб кетавермайди. Айниқса эътиқодга тегишли бўлса, ўта эҳтиёт бўлиш керак.
Аллоҳ таолонинг сифатлари ҳақида келган оят ва ҳадисларни фақат ва фақат олимлар тўғри тушуна олади. Бу борада интернетдан ёки жоҳиллардан ўрганганларнинг ҳаммаси адашгандир. Аҳли сунна вал жамоа яъни Мотуридий ва Ашъарийларнинг йўлидан айрилмангки, ҳалок бўласиз!
Улуғбек домла ЖИЯНОВ,
Мир Араб Олий мадрасаси ўқитувчиси.