Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
12 Январ, 2025   |   12 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:48
Пешин
12:36
Аср
15:34
Шом
17:18
Хуфтон
18:37
Bismillah
12 Январ, 2025, 12 Ражаб, 1446

29.12.2017 й. Умрнинг қадри

26.12.2017   7109   10 min.
29.12.2017 й. Умрнинг қадри

 بسم الله الرحمن الرحيم

Умрнинг қадри

 

         Муҳтарам биродарлар! Мана 2017 йил ҳам ниҳоясига етиб, умримиздан яна бир йили ортда қолди. Зеро, Аллоҳ таоло бу дунё ҳаётини ва ундаги барча нарсалар, жумладан сизу биз инсонларни ҳам фоний қилиб яратди. Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч нарса боқий эмаслигини Қуръони каримда баён қилди:

كُلُّ مَنْ عَلَيْهَا فَانٍ وَ يَبْقَى وَجْهُ رَبِّكَ ذُو الْجَلَالِ وَالْإِكْرَامِ   (سُورَةُ الرّحمَنِ/26-27).

яъни: (Ер) юзидаги барча мавжудот фонийдир. Улуғлик ва Икром соҳиби бўлмиш Раббингизнинг “юзи” боқий қолур” (Ар-Раҳмон сураси, 26-27-оятлар). Дарҳақиқат, умримизнинг бир қисми бўлмиш ўтказган бу йилимизда қанчалик хайрли ва савобли ишларни қилганимиз ёки гуноҳ ва хатоларга йўл қўйганлигимиз энди, охиратда ўзимизга ҳужжат бўлади. Яхшилик билан ўтказган бўлсак, алҳамду лиллаҳ, аммо гуноҳ ва хатоларни кўп қилган бўлсак, уларни тўғрилаб олиш учун ҳали имконимиз бор. Зеро, инсоннинг умри ниҳоясига етгач камчиликларни тўғрилашнинг имкони қолмайди. Қуръони каримда шундай хабар берилган:

وَهُمْ يَصْطَرِخُونَ فِيهَا رَبَّنَا أَخْرِجْنَا نَعْمَلْ صَالِحًا غَيْرَ الَّذِي كُنَّا نَعْمَلُ أَوَلَمْ نُعَمِّرْكُمْ مَا يَتَذَكَّرُ فِيهِ مَنْ تَذَكَّرَ وَجَاءَكُمُ النَّذِيرُ فَذُوقُوا فَمَا لِلظَّالِمِينَ مِنْ نَصِيرٍ  (سُورَةُ الفاطر/37).

яъни: “Улар у жойда: “Парвардигоро, бизларни (азобдан) чиқаргин – бизлар қилиб ўтган амалларимиздан бошқача яхши (амалларни) қилайлик!” – деб фарёд қилурлар. Ахир, Биз сизларга эслатма оладиган киши эслатма олгудек узун умр бермаганмидик?! Сизларга огоҳлантирувчи (пайғамбар) ҳам келган эди-ку! Бас, энди (жазоларингизни) тотаверингиз! Золимлар (кофирлар) учун ёрдамчи бўлмас” (Фотир сураси, 37-оят). Умрни ғанимат билиш ҳақида Пайғамбаримиз с.а.в.дан кўплаб ҳадислар, саҳобалардан асарлар ворид бўлган. Абдуллоҳ ибн Умар р.а. айтадилар:

عَن عَبدِ الله بنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنهُمَا قَالَ، أَخَذَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بِمَنْكِبِي، فَقَالَ: "كُنْ فِي الدُّنْيَا كَأَنَّكَ غَرِيبٌ أَوْ عَابِرُ سَبِيلٍ" وَ كَانَ ابْنُ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنهُمَا، يَقُولُ: "إِذَا أَمْسَيْتَ فَلاَ تَنْتَظِرِ الصَّبَاحَ، وَإِذَا أَصْبَحْتَ فَلاَ تَنْتَظِرِ المَسَاءَ، وَخُذْ مِنْ صِحَّتِكَ لِمَرَضِكَ وَمِنْ حَيَاتِكَ لِمَوتِكَ" (رواه الإمام البخاري).

яъни: Расулуллоҳ с.а.в. менинг елкамдан тутиб шундай дедилар: “Дунёда гўё ғарибдек ёки йўловчидек бўл”. Шундан сўнг Ибн Умар р.а. ҳам: “Кеч кирса тонгни кутиб ўтирма, тонг отса кеч киришини кутиб ўтирма, соғлик вақтингда беморлигингда қилаолмайдиган ишларингни қилиб қол, тириклигингда вафотингдан кейин асқотадиган амалларни қилиб қол”, деб юрар эди (Имом Бухорий ривояти). Ибн Аббос р.а.дан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз (с.а.в.) марҳамат қиладилар:

روي عن ابن عباس رضي الله عنهما أن النبي صلى الله عليه وسلم قال لرجل يعظه:اغْتَنِمْ خَمْسًا قَبْلَ خَمْسٍ: شَبَابَكَ قَبْلَ هِرَمِكَ، وَصِحَّتَكَ قَبْلَ سَقَمِكَ، وَغِنَاءَكَ قَبْلَ فَقْرِكَ، وَفَرَاغَكَ قَبْلَ شُغْلِكَ،
 وَحَيَاتَكَ قَبْلَ مَوْتِكَ“) رواه الإمام الحاكم.(

яъни: Расулуллоҳ (с.а.в.) бир одамга насиҳат қилиб туриб унга:
“Сен беш нарсани беш нарсадан аввал ғанимат билгин: ёшлигингни қарилигиндан аввал, саломатлигингни касал бўлишингдан аввал, бойлигингни фақирлигингдан аввал, бўш вақтингни бир ишга машғул бўлмасингдан аввал ва ҳаётлигингни  ўлимингдан аввал ғанимат билгин”, - дедилар (Имом Ҳоким ривояти).

         Ушбу ҳадисни биринчи ва бешинчи насиҳатларини кенгроқ шарҳ қиламиз.

Биринчи: “Ёшлик, ўспиринлик даврини кексайиб, мункиллаб қолишдан аввал ғанимат билмоқлик”. Ёшликда қилинган ишлар пухта, мустаҳкам бўлади, ибодатларнинг савоби ҳам ортиқ бўлади. Шунинг учун ҳам ҳамма замонда мамлакатнинг келажакдаги мустаҳкамлиги, унинг куч-қудрати, тараққиёти уша мамлакат ёшларининг салоҳияти билан чамбарчас боғланган. “Ёшликда олинган илм тошга ўйилган нақш кабидир”, дейилади ҳадисда.

Бешинчи: Тирикликни ўлим келишидан олдин ғанимат билмоқлик”. Аллоҳ таоло инсонни дунёга келтириб, унга Пайғамбар юбориб, унга шариат аҳкомларни етказди. Ўз навбатида шариат кўрсатмаларига амал қилган кишиларга улуғ савобларни ваъда қилди. Шариат қоидаларга амал қилиш – қилмаслик Аллоҳ учун ҳеч қандай фойда ёки зарар келтирмайди. Бас шундай экан, инсон ҳаётида Аллоҳнинг амрига нечоғлик итоат этса, келажакда охирати ҳам обод бўлади. Оқил инсон - ҳаётий дунёдан охирати учун фойдаланиб қолган кишидир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда:

 

الَّذِي خَلَقَ الْمَوْتَ وَالْحَيَاةَ لِيَبْلُوَكُمْ أَيُّكُمْ أَحْسَنُ عَمَلًا وَهُوَ الْعَزِيزُ الْغَفُورُ  (سُورَةُ الملك/2).

яъни: “(У) сизларнинг қайси бирингиз чиройлироқ (савоблироқ) амал қилувчи эканингизни синаш учун ўлим ва ҳаётни яратган зотдир. У Азиз (қудратли) ва Ғафур (кечиримли)дир.”,- деб марҳамат қилади (Мулк сураси, 2-оят).

Муҳтарам азизлар! Мўмин киши дунёнинг ўткинчилигини, охират ҳаётининг абадий эканлигини ҳеч қачон эсидан чиқармаслиги, айни пайтда Аллоҳ берган умрини дунё ва охирати учун фойдали бўлган амаллар билан ўтказишга ҳаракат қилмоғи, дунёнинг ёлғончи ҳою-ҳавасларига алданиб, гуноҳ ва маъсиятлар билан ўтказишдан эҳтиёт бўлмоғи лозим. Ҳозирги кунда ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг кўпайиб кетишига сабаб бўлаётган омиллардан бири уларнинг охират кунида бўладиган воқеъликларни тафаккур қилмасликлари, қилаётган жиноятларининг оқибати дунё-ю охиратда уларга фойда бермаслиги, аксинча бу амаллар уларга хасрат ва надомат бўлишлини англамаётганидандир.

Муҳтарам жамоат! Маълумки, ёш авлодни баркамол вояга етказиш
ва турли зарарли одат ва таъсирлардан эҳтиётлаб сақлаш ҳозирги замоннинг энг долзарб масаласидир. Зеро, ақл ва танани муҳофаза қилиб, уни эҳтиётлаб сақлаш ҳар бир инсон учун ҳам фарз, ҳам қарз амалдир. Шундагина инсон Аллоҳ ва унинг Расули ҳамда раҳбарлари буйруғига итоат қиладиган, иродали, иймонли, ақлли, соғлом, одоб-ахлоқли, жисмонан баркамол, ўз динига ҳимматли, халқига фидокор, юрт манфаатини кўзловчи, Ватанни севувчи ва ардоқловчи, ҳаммага баробар яхшиликни раво кўрувчи, масъулиятни тўла ҳис қилувчи, инсон бўлиши мумкин.

Айни шу маъно ва мазмун Аллоҳ табока ва таолонинг қўйидаги ояти каримасида мужассамдир:

وَالَّذِينَ آَمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ لَنُكَفِّرَنَّ عَنْهُمْ سَيِّئَاتِهِمْ وَلَنَجْزِيَنَّهُمْ أَحْسَنَ الَّذِي كَانُوا يَعْمَلُونَ

 (سُورَةُ العنكبوت/7).

яъни, “Имон келтирган ва солиҳ амалларни қилган зотларнинг гуноҳларини, албатта, ўчирурмиз ва уларни қилиб ўтган чиройли амаллари билан мукофотлагаймиз” (Анкабут сураси, 7-оят).

 

Илова

Милодий сана ҳақида

 

Муҳтарам азизлар! Милодий йил деганда қуёшнинг чиқиб-ботиши билан ҳисобланадиган шамсий санани англамоғимиз керак. Мана шу қуёш нури йил давомида қачон кучаяди, қачон камаяди, шунга қараб, деҳқонлар баҳор, ёз, куз, қиш фаслларига эътибор бериб, ўз деҳқончиликларини қачон бошлаб, қачон йиғиштириб олиш лозимлигини белгилаб келадилар. Шамсий-милодий сана ҳисобидаги 12 ойни ҳар бир халқ ўз тилида номлаган. Масалан, биз кўпроқ арабча, ўзбекча, русча номларини қўллаймиз: Ҳамал, Савр, Жавзо, Саратон, Асад, Сунбула, Мезон, Ақраб, Қавс, Жадий, Далв ва Ҳут каби номлар халқимизга азалдан таниш. Январь, февраль, март, апрель, май, июнь, июль, август, сентябрь, октябрь, ноябрь ва декабрь ойлари кенг истемолда экани ҳам барчага маълум. Мазкур ойлар номининг христиан дини билан боғлиқ жойи йўқ.

Лекин халқимиз ичида “Янги йилни, яъни 1-январь кунини кутиб олиш, байрам қилиш, бир-бирини табрик қилиш мусулмончиликка тўғри келмайди, у христианларнинг байрами” каби гапларни гапириб юрувчилар ҳам бор. 1 январь христианларнинг байрами эмас, балки шамсий-милодий сана билан йил ҳисобини юритувчи халқларнинг ҳаммаси учун йил боши сифатида қарши олинадиган кун. Ваҳоланки, христианларнинг “Роджество” куни 25 декабрь ёки 7 январга тўғри келади. 1-январни эса барча дунё халқлари қатори биз ҳам йилнинг янгиланиши сифатида кутиб оламиз ва бир йил давомида қўлга киритган ютуқ ва камчиликларимизни бирма-бир сарҳисоб қилиб оламиз. Биз янги йилни мусулмонча эътиқод билан кутиб оламиз. Ҳатто динимиз таълимоти бўйича ҳар бир кунни қарши олишда “Мана шу ёруғ кунга саломат еткизганингга шукр” – деб Аллоҳ таолога ҳамду санолар айтишимиз лозим.

“Баёнун лин-нас” номли китобда бу хусусда мусулмонлар учун анча кенглик борлиги қайд этилган. Далил сифатида “Рум” сурасининг
1-5 оятлари ва ҳадиси шарифлардан келтирилиб, икки ҳайитдан бошқа маълум кунларда барҳақ пайғамбарлар ҳаётида юз берган муҳим воқеа ва саналарни байрам қилиш ва байрамлар диний ҳамда дунёвий сабаблар муносабати билан нишонлаш дурустлиги зикр этилган.

Бинобарин, янги милодий-шамсий йилни диний байрам сифатида эмас, йилнинг янгиланиши, умримизга умр қўшилиши, эски йилда қилиб улгурмаган хайрли ишларимизни янги йилда қилиш учун яхши ниятлар билан кутиб олишимиз ақлан ва шаръан жоиздир.

 

Аллоҳ таоло кириб келаётган янги 2018 йилни барчамизга хайрли ва муборак айлаб, юртимизга тинчлик, хонадонларимизга қут-барака насиб айласин!

Жума мавъизалари
Бошқа мақолалар

Дунёнинг йўқдан бор қилингани баёни

10.01.2025   8268   5 min.
Дунёнинг йўқдан бор қилингани баёни

 - 59وَدُنْيَانَا حَدِيثٌ وَالْهَيُولَى عَدِيمُ الْكَوْنِ فَاسْمَعْ بِاجْتِذَالِ


Маънолар таржимаси: Дунёмиз йўқдан бор қилингандир ва “ҳайуло” эса бўлмаган нарсадир (буни сен) шодлик билан эшитгин.


Назмий баёни:

Дунёмиз яратилган, “ҳайуло” эса,
Шодлик-ла эшитгин бўлмаган нарса.

Луғатлар изоҳи:

وَدُنْيَانَا – мубтадо, музоф музофун илайҳ. Бу калимадан Алоҳ таолодан бошқа мавжудотлар кўзда тутилган.

حَدِيثٌ – хабар. “Ҳодис” луғатда “янги”, “яқинда бор бўлган” маъноларига тўғри келади. Дунё йўқдан бор қилингани учун унга нисбатан шу калима ишлатилади. فُعْلَى вазни музаккар ва муаннисликда тенг ишлатилгани учун хабар музаккар шаклда келтирилган.

وَ – “ибтидоия” маъносида келган.

الْهَيُولَى – ушбу калима ташдидли қилиб هَيُّولَى деб ҳам ўқилади. Бу калима, аслида, юнонча сўз бўлиб, “асл”, “асос” ва “модда” каби маъноларни англатади. Жумҳур файласуфлар ҳайулони “қадим жавҳар” ёки “бирлашиш ва ажралишни қабул қилувчи қадим нарса”, деб ҳисоблашган.

عَدِيمُ – хабар, музоф. Луғатда “номавжуд” маъносига тўғри келади.

الْكَوْنِ – музофун илайҳ. Луғатда “мавжуд” маъносига тўғри келади.

اسْمَعْ – амр феъли. Фоили зоҳир келтирилмаслиги вожиб бўлган замирдир.

بِ – “мусоҳаба” (бирга бўлиш) маъносидаги жор ҳарфи.

اجْتِذَالِ – “шодланиш”, “хурсанд бўлиш” маъноларини англатади. Жор мажрур اسْمَعْ га мутааллиқ.


Матн шарҳи:

Баъзи жоҳил файласуфлар ҳайуло ҳар бир нарсанинг аслидир, яъни бутун олам ҳайуло деб аталадиган бирламчи моддадан вужудга келган, уни биров яратмаган, деган фикрни илгари суришган. Ушбу байт ўша жоҳилларнинг даъволарига раддия сифатида ёзилган. Уларнинг “илмий” даъволари мусулмонлар томонидан кескин рад этилган. Чунки бу гапни айтаётган киши оламни қадим, яъни у ўз-ўзидан бор бўлган деяётган ва Аллоҳ таолонинг бутун борлиқни Ўзи яратгани тўғрисидаги хабарларини инкор этаётган бўлади. Бундай инкор этиш эса очиқ-ойдин куфр ҳисобланади. Ҳақиқий мўмин киши эса барча нарсаларни Аллоҳ таоло йўқдан бор қилган, деган тушунчада бўлади.

Ўший раҳматуллоҳи алайҳ ушбу “бирламчи модда” тўғрисида қандай эътиқодда бўлиш лозимлигини қисқагина қилиб “ҳайуло – бўлмаган нарса” дея баён қилган. Қуръони каримда осмонлару ердагиларнинг ҳаммаси истаса ҳам, истамаса ҳам, Аллоҳ таолонинг белгилаб қўйган қонунларига бўйсуниб яшашларини, борлиқдаги бирор нарса ўз-ўзидан бор бўлиб қолмаганини, балки барча нарсаларнинг яратувчиси Аллоҳ эканлиги баён қилинган:

“Осмонлар ва Ердаги барча жонзот ва уларнинг соялари хоҳ ихтиёрий, хоҳ мажбуран, эртаю кеч саждани Аллоҳга қиладилар. (Эй Муҳаммад!) Айтинг: “Осмонлар ва Ернинг Парвардигори ким?” (яна ўзингиз) “Аллоҳ”, – деб жавоб қилинг! “Бас, Уни қўйиб, ўзларига на фойда ва на зарар етказишга қодир бўлмайдиган (бут ва санам)ларни дўст тутдингизми?” – денг! Яна айтинг: “Кўр (гумроҳ) билан кўрувчи (ҳидоят топган киши) баробар бўлурми? Ёки зулматлар билан нур баробар бўлурми?” Ё улар Аллоҳга Унинг яратиши каби ярата оладиган бутларни шерик қилиб олишган ва улар ҳам яратганлар-у, сўнгра уларга (икки) яратиш ўхшаш бўлиб қолдими?! Айтинг: “Аллоҳ барча нарсанинг яратувчисидир ва У Танҳо ва Ғолибдир”[1].

Яъни осмон ва ер аҳлларининг барчалари истасалар ҳам, истамасалар ҳам ёлғиз Аллоҳ таолога бўйсунишдан ўзга чоралари йўқ. Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳ ушбу оят ҳақида: “Мўмин киши Аллоҳ таолога ўз ихтиёри билан бўйсунган ҳолда сажда қилади, кофир эса даҳшатга тушган ва чорасиз қолганида мажбуран сажда қилади”, – деган.
Шунингдек, уларнинг соялари ҳам куннинг аввалида ва охирида сажда қилади. Ушбу оятда коинотдаги барча мавжудотни, ҳатто одамларнинг сояларини ҳам Ўзига сажда қилишга бўйсундириб қўйган Зотнинг буюклиги хабари берилган. Ояти кариманинг давомида “Кўр (гумроҳ) билан кўрувчи (ҳидоят топган киши) баробар бўлурми?”, – дейилган. Бу ерда кўзи кўрдан кофир киши, кўрувчидан эса мўмин киши ирода қилинган. Зулматлардан залолат йўллари, нурдан эса ҳидоят ирода қилинган. Умумий маъноси шуки, кўзи кўр билан кўрувчи, зулматлар билан нур баробар бўлмагани каби, ҳақиқат зиёсини кўрадиган мўмин киши билан, бу зиёни кўра олмайдиган кофир ҳам ҳеч қачон баробар бўла олмайди. Шунга кўра шариатда берилган хабарларни тасдиқлаш ҳақиқат зиёсини кўриш, бу хабарларни инкор қилиш эса ушбу зиёни кўра олмасликдир.

Кейинги мавзу:
Жаннат ва дўзахнинг яратиб қўйилгани баёни

 


[1] Раъд сураси, 15, 16-оятлар.