Ассалому алайкум, онажон! Яхшимисиз? Мен яхшиман, туғилишимга жудаям оз вақт қолди. Сизга айтишим керак бўлган бир гапим бор: мен баъзи нуқсонлар билан, ёруғ дунёдагилар тили билан айтганда ногирон бўлиб туғиламан. Аммо бунинг учун ҳеч кимнинг олдида бошим эгик бўлмайди, биргина сиздан ташқари…
Сиздан узр сўрайман…
Кутганларингизнинг ҳаммасига жавоб беролмаслигим учун…
Қўшнилар болаларини мен билан бирга ўйнатишни хоҳлашмаган пайтларда чекадиган изтиробларингиз учун…
Мен сабабли эшитган, қулоғингиз остидан кетмай қалбингизни поралайдиган “Боламас, бутун умрга етадиган ташвиш туғдинг”, каби гаплар учун…
Дўконма-дўкон юриб, велосипед қидиришнинг ширин завқларини ҳис этиш ўрнига, ногиронлар аравачаси ахтаришнинг азобига рўбарў қилганим учун…
Сиз чақирилмай қолиб кетадиган тўй-маърака, тадбирлар учун…
Ёки чақирилсангиз ҳам, мени ташлаб боролмайдиган йиғинлар учун узр сўрайман, Онажон!
Сиздан бир илтимосим ҳам бор: мендан воз кечманг! Ва эсингиздан чиқарманг:
Қувватсиз оёқларим билан зинапоялардан чиқишим машаққатга айланса ҳам, мени кўтариб чиқаришга уринманг. Майли, тўсиқларни биргаликда енгайлик, аммо қўлларимдан тутманг. Ёрдам беришни истасангиз, юқорига чиқинг ва “Кел!” денг. Балки уддалашга қийналиб, аламимдан йиғларман. Аммо шунда ҳам пастга тушманг, аксига, мени олға чорланг. Шундай қилмасангиз, ҳеч қачон кучли бўлолмайман.
Қулоқларим яхши эшитмагани учун гапиришга ўрганишимга анча муддат керак бўлар, балки… Бироқ, онажон, умидингизни узманг, мен билан кўпроқ гаплашинг, жим бўлиб олманг. Қўшиқлар куйланг, китоблар ўқиб беринг, шундай қилмасангиз… ҳеч қачон гапира олмаслигим ҳам мумкин…
Ҳамиша эътиборда бўлишим кераклигини имтиёз билиб, инжиқлик, қайсарлик қилсам, менга “Йўқ!” дея олинг. Раҳм-шафқатингиз ҳамма истаганларимни бажаришга ундамасин. Мени қувонтирганингиздек, йиғлата билинг. Йиғласам ҳам, мени оёқда туришга мажбур қилингки, келажакда биргаликда йиғламайлик.
Балки… дунёга келганимда бошқалардан юзу кўзим, аъзоларим бошқача бўлар, чиройли кўринмасман… Лекин сиз менга доим муҳаббат билан қаранг. Шундай қилингки, ойнага қараганимда ҳамманики сингари нуқсонсиз чеҳрани кўра олай…
Балки бошқа болалардек бир нарсани тезда тушунолмасман, англолмасман. Бироқ сиз тушунтиришдан эринманг, Онажон, юз марталаб такрорланг. Бўлмаса шундайимча ўтиб кетишим ҳам мумкин.
Яна бир гап, бу сатрларни ўқиётганда, кўзёш тўкманг, хўпми? Чунки мен буларни ёзаётиб асло йиғламадим. Ахир, сиз менинг онамсиз, Онажонимсиз, шундай эмасми?!
Ирфон тақвимидан
Кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қоринлари ниҳоятда оч эди. Ётиб ухламоқчи бўлдилар аммо ухлашга ҳам қийналдилар. Бир муддатдан кейин ўринларидан туриб, бир тошни қоринларига қўйиб ётмоқчи бўлдилар. Бу ҳолатни кўрган Оиша розияллоҳу анҳо онамиз қаттиқ ҳавотирландилар.
Оиша розияллоҳу анҳо онамизнинг кўзларига ёш келди. “Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо қилсангиз, Сиз учун ҳамма нарса муҳайё бўладику”, дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мендан олдинги Пайғамбарлар ҳам шу ҳолатда кетишди. Мен ҳам Роббимнинг ҳузурига шундай бораман”, дедилар.
Абу Толҳа розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга очликдан шикоят қилдик. Қорнимизга (боғлаб олинган) биттадан тошни олиб кўрсатдик. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иккита тошни олиб кўрсатдилар”.
Бугун уйингизда бирор таом тайёрлаётганингизда ёнингиздаги қўшнингизнинг қорни оч бўлиши мумкинлигини эсдан чиқарманг. Ҳовлингизда тутунини чиқариб тансиқ таом пиширсангиз, қўшни хонадонда ҳомиладор келин бўлса, уларга ҳам чиқаришни унутманг. Қайнатма шўрва қилсангиз овқатга кўпроқ сув солинг бир коса қўшнига ҳам берасиз.
Оиша онамиз розияллоҳу анҳо: “Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оиласи бир кунда икки марта егулик емаган, еса ҳам биттаси хурмо бўлган”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Акбаршоҳ РАСУЛОВ