Албатта, фарзанд Аллоҳ таоло томонидан ато этиладиган улуғ неъмат ҳисобланади. Фарзанд инсон қалбидаги энг олий мақсадларидан бири бўлиб, ота она ўз ҳаётларини шулар орқали янгилаб давом эттиради. Шунинг учун Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилиб:
«Мол мулк, фарзандлар дунё ҳаётининг зийнатидир…» деб таъкидлаган.
Ҳақиқатан ҳам, агар мол мулк ва фарзанд бўлмаса бу дунёнинг ҳеч қандай қизиғи йўқдек. Бу дунё ҳаётига инсоннинг қалбини мойил қилиш сабабидан бўлган шу икки нарса зийнат бўлиб ўзига ром қилиб туради. Ҳар бир оила қурган шахс ўзидан зурриёд қолишини орзу қилиб, ўз ҳаётидан олган ўгит ва тажрибаларини жигаргўшаларига баҳшида қилиш умидида яшайди.
Ўзига муносиб жуфти ҳалолни танлаб у билан турмуш қуриш эса фарзанд кўришлик учун илк қадамдир.
“Аллоҳ таоло фарзандни яхши кўрганига бериб ёмон кўрганига бермайди” дейишлик нотўғри фикр ҳисобланади. Балки Аллоҳ таоло фарзандни кимга қайси биридан Ўзи хоҳлаганидек ва хоҳлаган вақтида беради. Чунки Аллоҳ таоло Ўзининг дўсти бўлган Иброҳим ҳалилуллоҳ пайғамбардек зотга ҳам фарзанд кўришлари амри маҳол бўлган кексалик ёшларида бердику. Шунинг учун Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
Инсонга ҳамма нарсани фақат Аллоҳ таоло беришининг ёрқин намунаси фарзанд масаласида кўринади. Айни шу масалада инсон ўзининг ожизлигини хис этади. Ўз хоҳишига кўра бирон нарсани бор қилаолмаслигини, балки доимо Аллоҳ таолонинг мадади ва иноятига мухтож бўлиб туришини англаб етади. Ҳатто фарзанд бермай туриб инсон томонидан барча ҳаракатлар бажарилган бўлса ҳам Ўзи хоҳлаган вақтида беришлиги, фарзанд дунёга келишлигида икки жуфтлик унинг сабабчиси холос эканлигини билдиради. Бу ҳақиқатни барча инсонлар орасида мусулмон одам кўпроқ тан олишлиги керак.
Гўё инсон бирор молу дунёга ҳар чанд чиранмасин ҳаргиз уни қўлга киритаолмаганидек фарзанд кўриш учун ҳам бошқалардан кўпроқ истаб, кўпроқ ҳаракат қилса ҳам Аллоҳ таоло бермаслиги мумкин.
Инсоннинг қўлидан неъмат берилишлик сабабини бажариш келади холос, уни ато қилинишлигини эса ато қилгувчи бўлган Аллоҳга топширилади. Яъни икки ёш фарзанд кўришлари учун турмуш қурдилар, иккаласи ҳам соғлом, фарзанд умидида юрибдилар ва Аллоҳдан фарзанд беришини сўрайдилар, ҳақиқат шу.
Турмуш қурган икки ёш ўзларини фарзанд кўриб тезроқ ота-она бўлишларини истайдилар. Чунки Аллоҳ таоло инсон зотига фарзанд муҳаббатини унинг жисмида қўшиб яратган.
Аммо, баъзилар фарзанд кўришда бесабрлик қиладилар. Маълум муддат ўтиши билан икки ёш бир бирларига шубҳа назари билан қарай бошлайдилар, икки тараф ҳам айбдорни исбот қилишга ҳаракат қиладилар. Бу иш қанча узоқ чўзилгани сари шунча ўртада муросалар ўзгариб бир бирларини туғмас ва бепуштликда айблай болайдилар.
Баъзи ҳолатларда икки ёш сабр қилишса ҳам, ота-оналар, ён-атрофдагилар тинч қўйишмайди. Бу иш авж олганидан ҳатто оилани бузишни таклиф қила бошлайдилар. Бундай қилиш тўғри эмас. Аслида икки ёш шошилиб бесабрлик қилганда ҳам катталар насиҳат қилиб, уларни тинчлантиришлари лозим. Зеро аксар вақтларда бир неча муддат фарзанд кўрмай туриб вақти келиб ўз тенқурларидан ҳам кўп фарзандли бўлиб кетганларга гувоҳ бўлганмиз.
Аслида фарзанддан бошқа бериладиган неъматларни ҳам эгаси Аллоҳ. Инсон ҳар бир берилган неъмат устида Аллоҳ ҳузурида сўралади. Инсон бу ҳаётда бирор нарсага эга бўлишлигида ўзи учун яхшилик борми ёки ундан бенасиб бўлганида яхшилик бормибуни билмай бесабрлик қилади. Ҳаётни эса имтиҳон дунёлигини унутиб қўядида Эҳ Аллоҳ мен сенга нима гуноҳ қилгандим» деб нолийди.
Аллоҳ таоло бизларни берган неъмати устида шукр қилгувчи, бермаганига эса сабр этгувчи бандалардан қилсин. Зеро Аллоҳ таоло бир бандасига сўраган нарсасини бу дунёда бермаса, агар у банда сабр қилса албатта, жаннатда бу дунёда ўйлаганидан ҳам зиёда қилиб охират дунёда ато қилади.
Илҳомжон МАДАЛИЕВ,
“Мўйи-Муборак Уккоша” жоме масжиди имом хатиби.
Мен уйланган эдим. Аёлим паст бўйли, нимжон қоматли ва менга нисбатан кичик жуссали эди.
Мен эса Аллоҳни инояти ила спортчиларга хос қоматга эга, мушакларим бақувват ва салобатли эдим.
Хотинимнинг бўйи пастлиги учун мен унга кўп маротаба ҳазил-мазаҳ қилиб жиғига тегар, унинг устидан кулар эдим. Масалан, баъзан бирор нарсанинг ортига яшириниб олиб, у келганда қўққисдан олдида пайдо бўлиб қўрқитар эдим. Баъзан эса, унинг кундалик хотираларини қайд этиб борадиган дафтарини олиб, бўйи етмайдиган жойга қўйиб қўяр эдим ва бўйи пастлиги учун ололмай қийналаётганини кўриб ҳузурланиб кулар эдим.
Гоҳида телевизор кўраётганида, гоҳида эса, кечки овқатни тайёрлаётганида уни ҳар хил усулларда безовта қилиб ҳазил-мазаҳ қилар эдим.
Мен ҳазиллашиб уни безовта қилишни жуда яхши кўрар эдим, чунки унинг мендан қасос олишга урингани, лекин бунга кучи етмаганини кўриш ҳам менга завқ бағишлар эди.
Аввал бошида хотиним бундан ёқимли кайфият олганини кўрар эдим. Лекин вақт ўтиши билан у менинг болаларча қилиқларимдан безиб қолаётганини сеза бошладим.
Бир куни ишга бориш учун уйқудан эрта турдим. Қарасам, у нонушта тайёрлаётган экан. Ҳар доимгидек, уни ҳазиллашиб қўрқитдим. Шунда у қаттиқ қўрқув билан:
— Бу гал кечқурун уйга қайтганингизда, мени топа олмайсиз, — деди.
Мен уни ҳазиллашаяпти деб ўйладим, чунки ҳар сафар уни қўрқитганимда у шунақа таҳдид қилар эди.
Бироқ кечқурун уйга қайтиб келганимда, у йўқ эди. Уни чақирдим, у жавоб бермади. Яна ва яна чақирдим, аммо у ҳеч нарса демади.
Ҳамма ерни қидириб чиқдим, лекин уни топа олмадим. Охири ошхонага кириб, бир қоғозга кўзим тушди. Унда:
— Ўзингизни асранг, мен энди қайтмайман, — деган ёзувни кўрдим.
Шунда оёқларим бўшашиб, боса олмай қолдим. Бутун бошли танам қувватсизланиб, ўтириб қолдим, ўзимни ҳудди устимдан муздек сув қуйгандек ҳис қилдим.
Ўша пайтда мен дунёдаги энг заиф инсонлардан бирига айландим.
Ўша кичиккина жуссали, нозиккина хотиним менинг асосий қувват манбаим бўлганлигини, усиз мен ҳеч ким эмас эканлигимни англадим.
Деворга суянганча ўтириб, ҳудди онасини йўқотган гўдак боладай йиғладим...
Бир пайт овқатланиш столи остида қандайдир нарса қимирлаётганини кўриб қолдим ва ўша ердан паст овоздаги кулги эшитилди.
Ҳа, у эди! У ўша ерга яшириниб олган экан.
Шунда мен унга ўзимни отдим ва уни қаттиқ бағримга босиб қучоқлар эканман, кўзларимдан шашқатор ёш оқар эди.
У эса мени қўрқитишни уддалай олганидан қувониб ўзини кулишдан тия олмас эди.
Шундай қилиб, ўғрини қароқчи урди деганларидек, ўзимнинг ҳийлам ўзимга қарши ишлади. Шундагина тушундимки, ўша кучсизгина аёлимсиз мен дунёдаги энг заиф инсон эканман.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ