Куфр сўзи луғатда “бекитиш” ва “тўсиш” маъноларини англатади. Шу маънода барча моддий ва маънавий нарсаларни тўсишга нисбатан араб тилида куфр сўзи ишлатилади.
Куфр сўзи Қуръони каримда бир қанча маъноларда келган:
كَمَثَلِ غَيْثٍ أَعْجَبَ الْكُفَّارَ نَبَاتُهُ
“У худди ўсимлиги деҳқонларни ажаблантирган ёмғирга ўхшайдир” (Ҳадид сураси, 20-оят).
Ушбу оятдагиالْكُفَّارَ (кофирлар) калимаси “тупроққа уруғни бекитувчилар” яъни деҳқонлар маъносида келган.
لَئِنْ شَكَرْتُمْ لَأَزِيدَنَّكُمْ وَلَئِنْ كَفَرْتُمْ إِنَّ عَذَابِي لَشَدِيدٌ
“Қасамки, (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир” (Иброҳим сураси, 7-оят).
Ушбу оятдаги كَفَرْتُمْ сўзи (куфр келтирсангиз) сўзи “ношукрлик қилсангиз” маъносида келган.
وَقَالُوا مَا هِيَ إِلَّا حَيَاتُنَا الدُّنْيَا نَمُوتُ وَنَحْيَا وَمَا يُهْلِكُنَا إِلَّا الدَّهْرُ
“Ўзларига таниш зот (Муҳаммад) келганда, уни инкор этдилар” (Бақара сураси, 89-оят).
Ушбу оятдаги كَفَرُوا (куфр келтирдилар) сўзи билиб туриб инкор этдилар маъносида келган.
وَمَنْ يَكْفُرْ بِاللَّهِ وَمَلَائِكَتِهِ وَكُتُبِهِ وَرُسُلِهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ فَقَدْ ضَلَّ ضَلَالًا بَعِيدًا
“Ким Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, Пайғамбарларига ва охират кунига куфр келтирса, батаҳқиқ, қаттиқ адашган бўлади” (Нисо сураси, 136-оят).
Ушбу оятдаги يَكْفُرْ (куфр келтирса) сўзи иймон келтирмаса маъносида келган.
Ҳадиси шарифларда ҳам куфр сўзи бир қанча фарқли маъноларда келган:
عَنْ اَبِى هُرَيْرَةَ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهُ اِنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: « اُمِرْتُ اَنْ اُقَاتِلَ النَّاسَ حَتَّى يَقُولُوا لَا اِلَهَ اِلاَّ اللَّهُ فَمَنْ قَالَ لَا اِلَهَ اِلاَّ اللَّهُ عَصَمَ مِنِّى مَالَهُ وَنَفْسَهُ اِلاَّ بِحَقِّهِ وَحِسَابُهُ عَلَى اللَّه». رَوَاهُ مُسْلِمٌ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен “ла илаҳа иллаллоҳ” дегунларигача инсонларга қарши курашишга буюрилдим. Бас, кимки “ла илаҳа иллаллоҳ” деган бўлса, мендан молини ва жонини сақлаб қолибди, фақат бунинг (Исломнинг) ҳаққи бундан мустаснодир. Унинг ҳисоби Аллоҳга ҳаволадир”, дедилар”. Муслим ривоят қилган.
Ушбу ҳадисда шаҳодат калималарини айтмасликка бирор узри бўлмасдан туриб уларни айтмаган кишига дунёда мўминлик ҳукми берилмаслиги баён қилинган. Инсон умри давомида бир марта “ла илаҳа иллаллоҳ” дейиши унинг мўмин бўлишига кифоя қилади. Аммо ушбу шаҳодатини бузиб қўйювчи сўз ва амаллардан сақланиши шартдир.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: « إِذَا قَالَ الرَّجُلُ لِأَخِيهِ يَا كَافِرُ فَقَدْ بَاءَ بِهِ أَحَدُهُمَا». رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар бир киши ўз мусулмон қардошига “эй кофир” деса, албатта улардан бири унга қайтади”, дедилар”. Бухорий ривоят қилган.
Ушбу ҳадисда мусулмонни куфрда айблашда айтувчининг ўзини куфрга олиб бориш хавфи борлиги баён қилинган. Яъни бу гапни айтувчининг сўзи ёлғон бўлса, иймонни куфр деган бўлиб қолади. Мўминнинг иймонини куфр дейиш эса куфр бўлади.
عَنْ جَابِرٍ عَنِ النَّبِىِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: « مَنْ أُعْطِىَ عَطَاءً فَوَجَدَ فَلْيَجْزِ بِهِ وَمَنْ لَمْ يَجِدْ فَلْيُثْنِ فَإِنَّ مَنْ أَثْنَى فَقَدْ شَكَرَ وَمَنْ كَتَمَ فَقَدْ كَفَرَ». رَوَاهُ التِرْمِذِيُّ.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимга бирор совға берилса имкони бўлса уни ҳам (совға билан) тақдирласин, кимнинг имкони бўлмаса раҳмат айтиб дуо қилсин. Албатта ким раҳмат айтиб дуо қилган бўлса уни тақдирлаган бўлади. Кимки бекитса (раҳмат айтиб дуо қилмаса) (ушбу неъматга) куфр келтирган (ношукрлик қилган бўлади)...” дедилар”. Теримизий ривоят қилган.
Ушбу ҳадисдаги كَفَرَ (куфр келтирган бўлса) сўзи “ношукрлик қилган бўлса” маъносида келган.
عَنْ سَعْدِ بْنِ عُبَيْدَةَ أَنَّ ابْنَ عُمَرَ سَمِعَ رَجُلاً يَقُولُ لاَ وَالْكَعْبَةِ. فَقَالَ ابْنُ عُمَرَ لاَ يُحْلَفُ بِغَيْرِ اللَّهِ فَإِنِّى سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: « مَنْ حَلَفَ بِغَيْرِ اللَّهِ فَقَدْ كَفَرَ أَوْ أَشْرَكَ». رَوَاهُ التِرْمِذِيُّ.
Саъд ибн Убодадан ривоят қилинади: “Ибн Умар бир кишининг “Каъбага қасамки йўқ”, деганини эшитиб қолиб унга: “Аллоҳдан ўзга билан қасам ичилмайди. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ким Аллоҳдан ўзга билан қасам ичса албатта кофир бўлибди (катта гуноҳ қилибди) ёки (у зотнинг) ширк келтирибди (улкан гуноҳ қилибди)”, деяётганларини эшитганман”, деди”. Термизий ривоят қилган.
Ушбу ҳадисдаги كَفَرَ (кофир бўлибди) сўзи шариатда ман қилинган ишдан қаттиқ қайтариш маъносида келган.
Булардан бошқа яна кўплаб оят ва ҳадисларда ҳам куфр сўзи бир-биридан фарқли маъноларда келган. Шунинг учун ҳам Аҳли сунна вал жамоа уламолари доимо “такфир” (мусулмонни кофирга чиқариш) масаласида ўта эҳтиёт бўлиш лозимлигини таъкидлаб келганлар. Жумладан мотуридия мазҳабининг мўътабар уламоларидан бири бўлган Мулла Али Қори раҳматуллоҳи алайҳ “Шарҳу китаб ала алфози куфр” китобида қуйидагиларни ёзган:
“Баъзи адашган фирқалар кишиларни шаҳодат калималарини айтаётган бўлсалар-да, Ислом арконларини адо этаётган бўлсалар-да кофирга чиқаришга уринганлар. Бошқа баъзи фирқалар эса юқоридагилардан мутлақо тескари йўл тутишиб, шаҳодат калималарини талаффуз қилганларни бирор ҳолатда ҳам куфрга чиқариб бўлмайди, деб ҳисоблашган. Аҳли сунна вал-жамоадагилар эса куфрга чиқаришни мутлақо инкор ҳам қилмайдилар ва ҳар бир гуноҳ туфайли куфрга ҳам ҳукм қилмайдилар, балки аҳли қибла тўғрисида доимо яхши фикрда бўлишга уринадилар”.
Абдулқодир Абдур Раҳим
тайёрлади
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Банда оламдан ўтса, уни ювиб кафанлаш, жаноза ўқиб дафн этиш ортда қолган мусулмонлар зиммасига тушади. Одамлар маййит ҳурматини жойига қўйиб, жаноза ўқиб дафн этишлари, Қуръон тиловат қилиб савобини бағишлашлари мумкин. Бироқ улар марҳум зиммасидаги фарз ибодатларни тўкис бажаролмайдилар. Ҳамма гап шунда.
Бошқа тарафдан олиб қараганда, кўпчилик Қуръон ўқимай юргани учун ҳам руҳий тушкунликка, депрессияга тушиб қоляпти. Ҳар қадамда стресс (руҳий зўриқиш, асаббузарлик) кузатилади. Баъзи одамлар асаби чатоқ, сал нарсага ловуллаб ёниб кетади, сиркаси сув кўтармайди. Бунинг сабабини суриштирсангиз, Қуръон ўқимаслиги, Исломдан бехабарлигидан экани билиниб қолади. Ҳатто Қуръон таржимасини олиб ўқишга ҳам қунт қилмайди. Аллоҳнинг Каломини ўқимасдан қандай қилиб хотиржам яшаш мумкин?!
Хуллас, айни дамда ечими қийин бўлиб турган глобал руҳий муаммонинг оддий давоси – Қуръон ўқиш, охиратни эслаш.
Унутмайлик: Қалб зангини, кўз ширасини зеб-зийнатлар, бойлик, обрў-эътибор билан кетказиб бўлмайди. Қалби зилол сувдек мусаффо, икки дунёси обод бўлишини истаган инсон охиратни унутмайди, Аллоҳнинг Каломини қунт билан ўқиб-ўрганади.
Ҳозирги пайтда ҳар хил касалликлар кўпайган, авваллари маълум бўлмаган иллатлар пайдо бўлган. Одамлар улардан қутулиш учун пулларини, олтиндан қиммат вақтларини сарфлаяптилар. Шунга қарамай, шифохоналар касаллар билан тўла, беморлар сафи камайишидан дарак йўқ. Бунинг боиси нимада?
Сабаби, кўп одамлар мукаммал шифо нимадалигига аҳамият бермайдилар. Тиббиёт ходимлари бор эътиборларини моддий муолажаларга қаратиб, руҳий жиҳатларга унчалик парво қилишмайди. Шунинг учун беморлар дарддан тўлиқ соғайиб кетишлари қийин кечади.
Танадаги дарддан бутунлай халос бўлишда Қуръоннинг аҳамияти беқиёс. Зеро, Қуръон тушкунлик, паришонхотирлик, ғам-андуҳ, сеҳр, кўз тегиши каби иллатларга тенги йўқ шифодир. Замонавий тиббиёт бундай касалликларни таг томири билан даволашга кўп ҳолларда ожизлик қилади.
Уламолар айтишича, табобат иккига бўлинади: бадан табобати, қалб табобати.
Бадан табобатида инсон танасининг ҳолати, касалликни даволаш йўл-йўриқлари ўрганилади. Қалб табобатида эса инсон қалбини касал қилувчи иллатлар, уларнинг давоси ўрганилади.
Динимиз, исломда ҳар икки жиҳатга эътибор берилади. Айниқса, қалб табобатига – руҳий тарбияга алоҳида аҳамият қаратилади.
Қуръон ҳар қандай касалликни тузатади, руҳий ёки танадаги касалликми, сеҳрми, жин тегишими, тери касалликларими, барчасига шифо бўлади. Бунинг учун беморнинг эътиқоди тўғри бўлса, кифоя. Зотан, соғлом ақида шифонинг ярмидир.
Т.Хурсанмуродов,
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси.