وَمَا أَصَابَكُمْ مِنْ مُصِيبَةٍ فَبِمَا كَسَبَتْ أَيْدِيكُمْ وَيَعْفُو عَنْ كَثِيرٍِ∗وَمَا أَنْتُمْ بِمُعْجِزِينَ فِي الْأَرْضِ وَمَا لَكُمْ مِنْ دُونِ اللَّهِ مِنْ وَلِيٍّ وَلَا نَصِيرٍِ
(Эй, инсонлар!) Сизларга не мусибат етса, бас, ўз қўлларингиз қилган нарса (гуноҳ) сабаблидир. Яна У кўп (гуноҳлар)ни афв этиб турур. (Акс ҳолда мусибат бундан ҳам кўп бўлур эди.) Сизлар ерда (ҳеч кимни) ожиз қолдирувчи эмассизлар. Сизлар учун Аллоҳдан ўзга бирор (ҳақиқий) дўст ҳам, ёрдамчи ҳам йўқдир. (Шўро, 30-31)
Ибни Касир ўзининг тафсирида қуйидагиларни айтади: “Ҳой инсонлар! Қачонки сизга мусийбатлар етса, албатта у ўзларингиздан ўтган ёмонликлар сабаблидир.” “Ва У зот кўпини авф қилур”.
Яъни, Аллоҳ кўп гуноҳларингиз сабабли сизларни жазоламайди, балки кечириб юборади.
Ушбу оят нозил бўлганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“Жоним қўлида бўлган зотга қасамки, Аллоҳ таоло мўъминга етган ҳар бир дард ва касаллик, қайғу ва ташвиш сабабли унинг хатоларини кечиради. Хатто унга санчилган тикон учун ҳам” – дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривояти.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф бу оят тафсирида шундай дейдилар: инсонга, хоҳ жонига, хоҳ молига, хоҳ бошқа нарсасига бирор мусибат етса, албатта, ўзи қилган гуноҳи сабабли етади. Инсоннинг ўзидан ўтмаса, унга бирор мусибат етмайди. Лекин ўта меҳрибон бўлган Аллоҳ бандасини ҳар бир гуноҳи учун мусибатга дучор қилавермайди, фақат баъзиси учунгина мусибатга дучор қилади, кўпини кечириб юборади. Агар Аллоҳ таоло инсонни ҳар бир айби учун мусибатга учратадиган бўлса, инсон дарҳол ҳалокатга юз тутар эди.
Ибни Абий Хотим айтади: “Имрон ибн Ҳусайннинг ҳузурига дўстлари кирдилар. Унинг танаси жароҳатланган эди.
Дўстлари унга: “Биз, сизга етган жароҳатни кўраётганимиздан ҳафа бўлдик.” – дейишди.
Шунда У: “Кўраётганингиздан қайғуга ботманг. Сиз кўраётган бу нарса гуноҳ сабаблидир. Аллоҳ таоло кечириб юборган гуноҳларим ундан-да кўпроқдир”- деб: “Сизга қайси бир мусийбат етса, бас, ўз қўлингиз қилган касбдандир ва У зот кўпини авф қилур”- оятини тиловат қилди”.
Ибни Абий Хотим айтади: Жарир, Абу Билоддан айтади: “У, мен Ало ибн Бадрга айтдим: Аллоҳ таоло Қуръонда: “Сизга қайси бир мусийбат етса, бас, ўз қўлингиз қилган касбдандир.” – деган. Мени кўзим кўрмай қолди, ҳолбуки мен ёш боламан?” – деди.
Шунда у: “Бу нарса ота-онангнинг гуноҳлари сабаблидир” – деди.
Ибн Абу Хотим айтади: Али розияллоҳу анҳу: “Сизларга, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган, Аллоҳ таолонинг китобидаги энг афзал оят ҳақида хабар берайми? У зот менга бу, Аллоҳ таолонинг: “Сизга қайси бир мусийбат етса, бас, қўлингиз қилган касбдандир ва У зот кўпини авф қилур” – ояти эканини айтдилар, ва Эй Али мен уни, сенга шарҳлаб бераман” – деб қуйидаги ҳадисни сўзлаб берди:
”Сизларга, бу дунёда етган касаллик ёки бало ва офатлар қўлингиз қилган касбдандир. Аллоҳ таоло бандани охиратда бу нарсага икки марта азоблашдан меҳрибонроқдир. Аллоҳ таоло бу дунёда кечиб юборган нарсани кечгандан сўнг яна қайтаришдан карамлироқдир”.
Абу Ҳасан абу Жуҳайфадан айтади: “Мен Али ибн Аби Толибнинг ҳузурига кирдим. У киши менга: “Сизларга ҳар бир мўъмин киши англаши лозим бўлган ҳадисни айтиб берайми?” – деди.
Абу Хотим айтади: “Биз ушбу ҳадис ҳақида сўрадик шунда у: “Сизга қайси бир мусийбат етса, бас, қўлингиз қилган касбдандир ва У зот кўпини авф қилур”, оятини ўқиди ва: “Аллоҳ таоло бу дунёда азоблаган бўлса, қиёмат куни ушбу уқубатни иккинчи марта беришдан меҳрибонроқдир. Аллоҳ таоло бу дунёда кечиб юборган нарсани кечгандан сўнг яна қайтаришдан карамлироқдир” – ҳадисини айтиб берди.
Муъовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу айтади : “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаламдан эшитдим. У киши айтдилар: “Мўъминнинг танасига бирон мусийбат етса албатта Аллоҳ таоло бу сабабли унинг хатоларини кечиради”. (Имом Аҳмад ривояти.)
Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар банданинг гуноҳлари кўпайиб унда ушбу гуноҳларни кечирилишига сабаб бўладиган нарсаси бўлмаса, Аллоҳ таоло уни кечиридиган қайғу билан имтиҳон қилади”.(Имом Аҳмад ривоят қилган.)
Имом Қуртубий ўзининг тафсирида қуйидагиларни келтиради. Заҳҳок айтади: “Киши Қуръондан ўрганиб кейин уни унутган бўлса, фақатгина қилган гуноҳи сабабли унутгандир”.
Ҳамадоний айтади: Мен Шурайҳнинг елкасида шилинган ярани кўрдим ва унга: “Эй Абу Умайя бу нима?” – деб сўрадим.
Шунда у: “Сизга қайси бир мусийбат етса, бас, қўлингиз қилган касбдандир ва У зот кўпини авф қилур” – деб жавоб берди.
Ибн Авн айтади: Муҳаммад ибн Сирийн қарзга ботиб қолганида хафа бўлиб: “Мен бунинг сабабини биламан. Бу қайғу қирқ йил илгари мен қилган гуноҳ туфайлидир” – деди.
Икрима айтди: “Бандага етган бирор бахтсизлик ёки ундан каттароқ мусийбат унинг қилган гуноҳи сабаблидир. Аллоҳ таоло уни ушбу мусийбат сабабли кечиради ёки шу мусийбат билангина эришадиган даражага етказиш учун беради”.
Ривоятда келишича, бир киши Мусо алайҳиссаломга; “Эй Мусо, Аллоҳ таолодан ўзи ҳукм қиладиган менинг ҳожатим ҳақида сўра, Унинг ўзи бу ҳожатни яхши билади”, – деди. Мусо алайҳиссалом унинг айтганини қилди. Мусо келганида йиртқичлар бояги кишининг танасини бурдалаб, ўлдириб қўйганини кўрди. Мусо алайҳиссалом: “Эй Роббим бунинг ҳолига нима бўлди?” – деди. Шунда, Аллоҳ таоло: ”Эй Мусо бу мендан бир даражага етишни сўради. Мен уни бу даражага амали билан ета олмаслигини билдим. Ва уни ушбу даражага етишга восита қилиш учун сен кўраётган ушбу мусийбатни бердим” – деди.
Имом Исмоил Ҳаққий ўзларининг “Руҳул баён” номли тафсирида: “Оятда бандаларнинг ва мусийбат аҳлларининг қалбларига тасалли бордур” – дейди. Яъни агар сизларга охиратда авф қилишга сабаб бўлувчи хато ва гуноҳларнинг мусийбати етган бўлса биз уни фоний дунёда сизлардан содир бўлган беодоблик учун жазо бўлиши ҳамда сизлар қилган доғларни тозалаш учун берганимизни олдиндан огоҳлантиришимиздир. Агар бандага келаётган балоларнинг сабаблари кўпайиб кетса, у ўзининг қилаётган ёмон қилмишлари ҳақида тафаккур қилсин. Бу ояти карима ҳар бир кишини бирор хатога йўл қўйган вақтида ўзини сўроқ савол қилишга чақиради. Натижада у ўзини ҳалокатдан қутқариш учун тавба қилишга шошади” – дейдилар.
Абу Сулаймон ад Дороний раҳматуллоҳи алайҳига: “Оқилларга нима бўлдики, уларга етган ёмонликдан ўзларини қоралаб таъна қилмоқдалар?” – деб савол беришди.
Шунда у киши: “Чунки улар Аллоҳ таоло уларнинг гуноҳлари сабабли синовга тутганини билдилар”- деб жавоб берди.
“Сизлар ерда (ҳеч кимни) ожиз қолдирувчи эмассизлар. Сизлар учун Аллоҳдан ўзга бирор (ҳақиқий) дўст ҳам, ёрдамчи ҳам йўқдир.” Агар Аллоҳ таоло сизларга бало ва синов беришни ирода этса, сизлар қаерда бўлсангиз ҳам ундан қочиб қутила олмайсиз ва уни ман қилишга кучингиз ҳам етмайди. Фақат Аллоҳнинг Ўзигина сизга валий, ҳомий, дўстдир. Фақат Аллоҳнинг Ўзигина сизга ёрдам берувчидир.
Тафсир китоблари асосида
Тошкент шаҳар Бош имом-хатиби
Анвар қори ТУРСУНОВ
тайёрлади
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамларнинг энг яхшиси менинг асримдагилар, сўнгра уларга яқинлар, сўнгра уларга яқинлар», дедилар (Бухорий, Термизий, Ибн Можа, Ибн Ҳанбал ривоят қилишган).
Мусулмон уммати тарихидаги энг яхши давр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг саҳобалари яшаб ўтган аср бўлиб, у тарих зарварақларидан «Саодат асри» деган ном билан жой олди. Кейинги аср тўрт буюк саҳоба бошчилигида олиб борилган асрларга татигулик ишлар сабабли «Рошид халифалар даври» деган ном билан тарих саҳифаларига битиб қўйилди. Кейинги аср «Умавийлар асри» дея аталиб, мана шу даврдан поғонама-поғона пастлаш ҳолати кузатилди.
Умавийлар давлати Умайя ибн Абдушшамс ибн Абдуманофга нисбат берилади.
Умайя исмли ушбу шахс жоҳилият даврида Қурайш уруғларидан бирининг бошлиғи бўлиб, амакиси Ҳошим ибн Абдуманоф билан ҳар доим Қурайшнинг раҳбарлигини талашиб келар эди. Ислом келгач, мазкур талашув очиқ-ойдин душманликка айланди: Бану Умайя қабиласи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга, у зотнинг даъватларига қарши турди; Бану Ҳошим қабиласи эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга барча ишларда кўмакдош бўлди, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламни душманларнинг ёмонликларидан ҳимоя қилди.
Бану Умайя одамлари Макка фатҳи даврида бошқа иложлари қолмаганидан кейингина Исломни қабул қилишди. Дастлабки асрларда Исломда пешқадам бўлган уруғларнинг энг катта бобоси Абдуманоф ҳисобланади.
Бану Умайя (умавийлар) тарихини бузиш
Бану Умайянинг тарихи тафсилотларига эътибор берадиган бўлсак, унинг бузиб кўрсатилганлиги, уларни кўпроқ қоралаш ҳолатларини кузатамиз. Бу ишларнинг кўпчилиги уларнинг асосий сиёсий хусуматчилари – аббосийлар томонидан қилинган, чунки тарихга оид китобларнинг кўп қисми айнан аббосийларнинг ҳукмдорлик даврида ёзилган. Шунингдек, шийъалар, хаворижлар, тарихни яхши билмай туриб оғзаки сўзлаб юрадиган оми кишилар ҳам Бану Умайянинг сиёсий душманлари ҳисобланиб, улар ушбу қабиланинг жуда кўп туҳматларга қолишига ҳам сабаб бўлган.
Бу туҳмат ва қоралашлар турли-туман бўлиб, асосий эътибор Бану Умайянинг обрўсини тўкадиган тарихий ҳодисаларга қаратилган, улар бўрттириб кўрсатилган. Ушбу ҳодисаларни нишон қилиб, уларнинг қадрини туширишга олиб борадиган гаплар айтилган:
1. Бану Умайянинг илк даврда Исломга қарши турганлари, Исломни кечикиб қабул қилганлари жуда кўп такрорланади, лекин уларнинг Исломга кирганларидан кейинги буюк ишлари, жумладан, кўплаб юртларни фатҳ этишда кўрсатган хизматлари мутлақо эсланмайди.
2. Бану Умайя даврида содир этилган мусибатлар бўрттириб гапирилади. Карбало воқеаси, имом Ҳусайн ва у кишининг оилаларининг қатл этилиши, Ҳарра воқеаси, Мадинадаги Ҳарамни эътиборсиз қўйиш, манжаниқ билан Маккага тош отиш масалалари шулар жумласидандир.
3. Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳунинг қатл қилиниши, Зайд ибн Алий ибн Ҳусайннинг қўзғалони ва у кишининг қатл қилиниши, шунингдек, бошқа тарафларда содир бўлган хатоларни эътиборга олмаслик, халифага қарши чиқиш, тоатни бузиш каби ишларни Бану Умайяга катта айб қилиб, уларга қарши кенг тарғибот ишлари амалга оширилади.
4. Бану Умайянинг душманлари томонидан уларнинг инсоний нафсидаги заифлик нуқталарига алоҳида эътибор берилади, Бану умайялик баъзи кишилардан содир бўлган хатолар бўрттириб гапирилади, бироқ яхшиликлари беркитилади. Хусусан, ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу ҳақларида бу очиқ-ойдин кўринади.
5. Абу Суфён ва Муовия розияллоҳу анҳумо ҳақларида ҳам бу каби ноўрин гаплар ниҳоятда кўпайган. Бану умайялик баъзи волийлар ботил ишларни қилувчи мутаассиблар дея сифатланади. Бу Ҳажжож ибн Юсуф ва Зиёд ибн Абийҳлар мисолида кўринади.
6. Язид ибн Муовия ҳамда Валид ибн Язид каби халифалар ҳақида ҳам уларга қарши жуда бўлмағур миш-мишлар тўпланиб тарқатилган. Аслида эса мусулмончилик одоби бўйича Бану Умайя даврида рошид халифалар давридагидан кўра бир оз пастлаш – сустлашиш бўлганини эслашнинг ўзи кифоя қилади. Вақт ўтиши билан хатога йўл қўйиш ҳам аста-секин кўпайиб борган. Бану Умайя давридаги мусулмонлар жамияти ҳар жиҳатдан рошид халифалар жамиятига яқин бўлган. Лекин қўлга киритилган ўлжалар, мол-мулкнинг кўпайиши натижасида катта-катта уйлар, қасрлар қуриш, шунингдек, чўри тутишнинг оммалашганлиги бор. Шу билан бирга, Бану Умайянинг жуда кўп яхши фазилатлари ҳам бўлганлиги бор ҳақиқат, лекин уларга қарши бўлган тарихчилар бу фазилатларни эътиборга олмаганлар, балки унутиб қўйганлар.
Улардан баъзиларини айтиб ўтамиз:
1. Ҳазрати Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу катта саҳоба бўлиб, у киши Халифа Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга қарши масалаларда ижтиҳод қилган, фақат ижтиҳоди унчалик тўғри бўлмаган. Лекин барибир у зот одил кишилар сафида қолган. Зотан, барча саҳобалар розияллоҳу анҳум адолатлидирлар.
Бану Умайянинг энг катта арбобларидан бири саналган Марвон ибн Ҳакам тобеъинларнинг биринчи табақасидан бўлган. У Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу, Усмон розияллоҳу анҳу ва бошқа катта саҳобалардан ҳадислар ривоят қилган.
Яна бир Бану умайялик Абдуллоҳ ибн Марвон халифа бўлишидан олдин аҳли илм ва аҳли фиқҳ бўлган. Мадинаи мунавваранинг катта олимларидан ҳисобланган.
Умар ибн Абдулазиз эса мужтаҳид имомлардан бўлган. Кўпчилик у кишини рошид халифалар қаторида санайди.
Бану Умайя қабиласининг аъзолари қозилик ишларига аралашмас эдилар. Улар кўп жойларда аҳли илм ва аҳли фазлларнинг олдинги сафларида бўлганлар.
2. Бану Умайя даврида жуда кўп буюк исломий фатҳлар бўлган. Улар шарқда Хитойгача, ғарбда Франция ва Андалус юртларигача етиб борганлар.
3. Бану Умайя даврида Ислом давлати тарихлар давомида мисли кўрилмаган энг катта кенгайишни бошидан кечирди.
4. Бану Умайя даврида жуда кўп қўриқ ерлар ўзлаштирилди, улар боғ-роғларга айлантирилди, каналлар қазилди, шаҳарлар қурилиб, ободончилик ишлари олиб борилди, атроф гуллаб-яшнади, тараққий этди.
Шу ўринда таъкидлаб айтамизки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқоридаги «Одамларнинг энг яхшиси менинг асримдагилар, сўнгра уларга яқинлар, сўнгра уларга яқинлар» деган ҳадислари бежиз айтилмаган. Зеро, Бану Умайя қабиласининг аъзолари, раҳбарлари ва давлат бошлиқлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларига яқин асрда яшаб ўтганлар.
«Ислом тарихи» иккинчи жузи асосида тайёрланди