Мамлакатимизда барча жабҳада эришилаётган ютуқларда, энг аввало, юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Зеро, бундай заминдан файз-барака аримайди, одамлар ўртасида меҳр-оқибат, хайру саховат ҳамда ўзаро ҳурмат қарор топади, уларнинг эртанги кунга ишончи янада мустаҳкамланади. Ушбу оддий ҳаёт ҳақиқатидан келиб чиқиб, республикамизда улуғ неъматни асраб-авайлашга алоҳида эътибор қаратиб келинаяпти.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳафтанинг пайшанба куни ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни сифатида эълон қилиниб, унинг доирасида кўплаб чора-тадбирлар кўрилаётгани, асосийси, жойларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик ҳолатларининг олди олинаётгани, фуқароларнинг ҳуқуқий онги тобора юксалаётгани мазкур тадбирлар жамият ҳаётида нечоғлик муҳим аҳамиятга эга эканини кўрсатиб турибди. Уларга жалб этилган ҳуқуқ-тартибот идоралари, давлат ҳамда жамоат ташкилотлари вакиллари томонидан кенг кўламдаги тушунтириш ишлари олиб борилаётир.
Ички ишлар органлари, хусусан, профилактика инспекторлари ва маҳалла фуқаролар йиғинлари, имом-хатиблар ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилгани, айниқса, диққатга сазовор. Эндиликда хонадонларга бориб, узоқ муддат хорижга кетган ҳамда яшаш манзилига қайтиб келган фуқаролар, уларнинг оила аъзолари билан тегишли тартибда тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Шу билан бирга, тадбирлар доирасида корхона, ташкилот, муассаса ҳамда маҳаллаларда тушунтириш ишлари изчил олиб борилиши туфайли ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик ҳолатлари сезиларли даражада камайишига эришилмоқда. Умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари ҳамда академик лицейларда ўқиш даврида ўқувчилар давомати ўрганилгани, ўқув машғулотларига сабабсиз қатнашмаётган, мунтазам дарс қолдираётган ёшлар аниқланиб, тегишли чоралар белгиланаётгани ўз самарасини бераяпти.
Аҳоли саводхонлиги ўсгани сайин уларда маънавий-маърифий тадбирларига бўлган хоҳиш ҳамда қизиқиш ортиб бораётгани ҳам диққатга сазовор. Ушбу тадбирларда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастуридан келиб чиққан ҳолда, аҳоли орасига чуқур кириб бориб, улар дардига қулоқ тутиш, керак бўлса, муаммоларини жойида ҳал этишга эътибор қаратилмоқда.
Ҳуқуқбузарлик ҳамда жиноятчилик ҳолатларининг келиб чиқиш сабаблари, маҳаллалардаги нотинч оилаларда барқарор муҳит ўрнатиш, жиноятга мойил шахсларни соғлом турмуш тарзига йўналтириш каби долзарб масалалар кенг аҳоли вакиллари иштирокида муҳокама қилинмоқда.
Эътиборлиси, тадбирлар доирасида рўёбга чиқарилаётган ишлар ўз самарасини бера бошлади. Аммо бугунги тезкор замонда шунинг ўзи билан кифояланиш мумкин эмас. Зеро, Ватан тинчлиги ва осойишталиги улуғ неъмат экан, уни асраб-авайлаш ҳамда мустаҳкамлаш барчамизнинг бурчимиздир, деб хабар беради.
Гурлан тумани «Усмон Саид бобо» масжиди имом-хатиби Алишер Бобожонов.
ЎМИ Матбуот хизмати
http://zamaxshariy.uz/1463
Биринчи фойда:
Нега Қуръони каримда “анкабут” (ўргимчак) сўзи муаннас (аёл) шаклида келтирилган, гарчи у музаккар (эркак жинсида) бўлсада?
Оятда бундай дейилган:
مَثَلُ الَّذِينَ اتَّخَذُوا مِنْ دُونِ اللَّهِ أَوْلِيَاءَ كَمَثَلِ الْعَنْكَبُوتِ اتَّخَذَتْ بَيْتًا
“Аллоҳдан ўзгани дўст тутганларнинг мисоли, ўз уйини қурган ўргимчак кабидир...” (Анкабут сураси, 41-оят).
Оятдаги اتَّخَذَتْ калимасида аёл жинсига далолат қилувчи ت “т” ҳарфи келганига эътибор беринг.
Аслида “عَنْكَبُوتِ” (ўргимчак) сўзи эркак жинсига тааллуқли.
Демак оятда اتخذ бўлиши керак эди. Лекин, اتَّخَذَتْ шаклида, аёл сийғасида келди.
Замонавий илм-фан шуни исботладики, табиатан урғочи ўргимчаккина уй қуришга қодир экан. Эркак ўргимчак эса, фақат тўрдан фойдаланиб ҳаракатланар, лекин уй қуриш имкониятига эга эмас экан.
Агар Аллоҳ таоло оятда “анкабут”ни эркак сийғасида зикр қилганида, бу илмий ва биологик жиҳатдан нотўғри бўларди. Аммо Аллоҳ таоло, аёл сийғасини ифодаловчи ت “т” қўшимчасини келтириши Куръони карим ҳақ калом эканига бўлган иймонимизни янада мустаҳкамлади ва бизга ҳақиқатни кўрсатди. Субҳаналлоҳ...
Иккинчи фойда:
Урғочи ўргимчак, болалари туғилиши билан эркагини ўлдириб, уйнинг ташқарига улоқтиради.
Сўнгра болалар катталашганда, онасини ўлдириб, уни ҳам уйдан ташқарига улоқтирадилар.
Энг заиф ва нотавон уй
Аллоҳ таоло Қуръонда буни битта оят билан тасвирлаган:
“Ҳолбуки, энг заиф уй ўргимчакнинг уясидир. Кошки билсалар эди” (Анкабут сураси, 41-оят).
Одамлар ўргимчак уйининг жисмонан заифлигини билишган, лекин унинг маънавий заифлигини фақат шу замонда тушундилар. Шунинг учун, оят: “Кошки билсалар эди!”, жумласи билан якунланди.
Шунга қарамай, Аллоҳ таоло Қуръон сураларидан бирини шундай ёқимсиз ҳашаротнинг номи билан атади. Ушбу сура бошидан охиригача фитналар ҳақида ҳикоя қилади.
Суранинг бошланиши: “Одамлар “иймон келтирдик” дейишлари ила имтиҳон қилинмай, тарк этилишларини ўйладиларми?” (Анкабут сураси, 2-оят).
Давомида:
“Ва одамлардан, Аллоҳга иймон келтирдик, дейдиган, сўнгра Аллоҳнинг йўлида озорланса, одамларнинг фитнасини Аллоҳнинг азобидек қабул қиладиганлари ҳам бор. Агар Роббинг томонидан нусрат келса, улар, албатта, биз сиз билан бирга эдик, дерлар. Аллоҳ оламларнинг кўксиларидаги нарсаларни ўта билгувчи зот эмасми?!” (Анкабут сураси, 10-оят).
Эҳтимол, фитналарга “ўргимчак”нинг нима алоқаси бор деб ўйларсиз?
Жавоб шуки, фитналарнинг бир-бирига чамбарчас боғлиқлиги гўё ўргимчак тўрининг ипларига ўхшайди.
Фитналар шунчалик бир-бирига киришиб кетганки, уни бир-биридан ажратиб, фарқлаб олиш жуда мушкул. Улар жуда кўп ва мураккаб, аммо Аллоҳдан мадад тилаганлар учун улар ўта заиф ва жуда нозикдир.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ