Жорий йилнинг 23 декабрь куни Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида талаба ёшларнинг диний ва дунёвий билимларини янада ошириш, миллий қадриятларга бўлган ҳурматини юксалтириш, инсонлар ўртасида муомала маданияти ва айниқса, институтнинг ўрнатилган тартиб-қоидалари, кийиниш маданияти борасидаги билим, кўникмаларини ошириш ва уни тарғиб қилиш мақсадида худди шу ном остида маърифий-тарбиявий тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари, “Ислом ота” жоме масжиди имом-хатиби Жасурбек Раупов иштирок этди. Тадбир давомида миллий қадриятлар ва ўзбекона одоб-ахлоқ, шарму ҳаё, миллий менталетитимизга хос бўлган фазилатларни ёшларимиз ўзларида шакллантиришлари лозимлигини, ота-боболаримиздан йиллар силсиласидан ўтиб бизгача етиб келган ўзига хос таълим-тарбия қоидаларига бўйсуниш, уни ҳурмат қилиш, қадрлаш ва фарзандларимизга етказишимиз лозимлигини ва айнан мана шу жиҳатлар Юрт тинчлиги, Ватан тараққиётида дастуруламал бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.
Ж.Раупов айниқса, аёл-қизларимизнинг кийинишларида, жамоат жойларида ўзларини тутишларида мусулмон кишининг энг муҳим сифатларидан бўлмиш ҳаё, иффат кўтарилиб кетаётганлигини тилга олиб, бу нафақат ўша қиз ёки аёлнинг балки, ўзгаларнинг ҳам гуноҳга ботишига сабаб бўлишини ҳадиси шарифлар билан таъсирчан тушунтириб берди.
Шариатимизда эркак ва аёлларнинг ўз кийиниш усуллари бор. Эркаклар хотинларнинг кийимини кийиши қанчалик хунук бўлса, эркакларнинг кийимларини кийган хотинлар ҳам шундай бўлади. Рус адиби Лев Толстой таъбири билан айтганда эркакка ўхшамоқчи бўлган аёл, худди хотинсифат эркак каби тасқарадир.
Тадбирда талаба-ёшлар мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоблар олишди.
ЎМИ Матбуот хизмати
حدثنا محمد بن معاذ بن يوسف المروزي نا محمد بن معاوية نا الليث بن سعد نا الحكيم بن عبد الله بن قيس عن عامر بن سعد بن أبي وقاص عن أبيه سعد بن أبي وقاص قال: قال رسول الله صلى الله عليه وعلى آله وسلم: من سمع المؤذن يؤذن فقال: وأنا أشهد أن لا إله إلا الله وحده لا شريك له وأن محمدا عبده ورسوله رضيت بالله ربا وبالإسلام دينا وبمحمد صلى الله عليه وعلى آله وسلم نبيا غفر له.
Саъд ибн Абу Ваққос айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва ъалаа олиҳи васаллам: “Ким муаззиннинг азон айтаётганини эшитганда: “Ва ана ашҳаду аллаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу ва анна Муҳаммадан ъабдуҳу ва Расулуҳу.
Розийту биллааҳи Роббан ва бил Ислаами дийнан ва би Муҳаммадин соллаллоҳу алайҳи ва ъалаа олиҳи васаллам набиййан” деб айтса, унинг гуноҳлари кечирилади”, дедилар.
Маъноси: Гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, У яккаю ягонадир, шериги йўқдир ва Муҳаммад Унинг бандаси ва Расулидир. Аллоҳни Робб, Муҳаммадни Расул ва Исломни дин деб рози бўлдим.
Абу Саид Ҳайсам ибн Кулайб Шошийнинг
“Муснади Шоший” асаридан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси