Инсониятни жаҳолат ботқоғидан ҳидоят нурига олиб чиққан буюк зот – Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллуд топган муборак ой робиул аввал ойи ҳам бир зумда ўтиб кетди.
Суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилган ойи муносабати билан қўлимга қалам олиб, Расулуллоҳга бўлган муҳаббатимни изҳор этишга уриндим, аммо, бунинг чорасини тополмадим. Лекин ноумид бўлмадим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббат қандай бўлади деган ўй-фикр ҳаёлимдан кетмади. Гўёки бир фикр мени саволга тутгандек бўлаверди:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тарихлари ёзилган китобларни ўқидингми?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бир кунда неча марта салавот айтаяпсан?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қиляпсанми?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни тушда кўришга ҳаракат қилдингми?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни қалб билан севишга интилдингми?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қавлий ва феълий ҳадисларига амал қиляпсанми?
Бу фикр мени имтиҳон қилгандек эди. Менга бу саволларга жавоб бериш қийин бўлди. Агар буларга мукаммал амал қилганимда менга жавоб бериш осон бўларди, балки. Барибир, менинг хаёлимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан соф ва ҳақиқий муҳаббат қандайлигини билиш турарди. Аллоҳ ва унинг Расулига бўлган муҳаббат биринчи туришини билардим. Аммо бу муҳаббат қанақа ва қандай бўлишини билишга интилардим. Буни қидириб Аллоҳнинг каломи Қуръонни қўлимга олиб биринчи бўлиб мана бу оятга кўзим тушди. “Сен: “Агар Аллоҳга муҳаббат қилсангиз, бас, менга эргашинг. Аллоҳ сизга муҳаббат қиладир ва сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қиладир”, деб айт. Аллоҳ Ғафур ва Роҳиймдир” (Оли Имрон сураси, 31-оят).
Ҳашр сурасида Пайғамбар сизга нимани берса, ўшани олинглар ва нимадан қайтарса, ўшандан қайтинглар (7-оят); Қалам сурасининг 4-оятида “Ва албатта, сен улкан хулқдасан” дейилган оятларни ўқиганимдан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари ёдимга тушди. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сиздан бирортангиз мен унга ота-онасидан, боласидан ва одамларнинг ҳаммасидан маҳбуброқ бўлмагунимча, (комил) мўмин бўла олмайди”, дедилар”.
Бу оят ва ҳадислардан хақиқий муҳаббат – Аллоҳ ва унинг Расулига бўлган муҳаббат тушунилади. Демак, бу оят ва ҳадислардан англаймизки, ота-она, фарзанд ва барча инсонлардан ҳам Аллоҳ ва унинг Расулини яхши кўришлик биринчи турар экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббат тилда эмас, балки амал ва қалб бирлашсагина рўёбга чиқар экан. Бизлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрмасдан иймон келтирганмиз, лекин, бизларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни тушда кўриш неъмати берилган. Бу неъматлардан унумли фойдаланиб, суннатларига амал қилсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатимиз зиёда бўлади.
Хайруллоҳ МАРДОНОВ
Фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари қолдирган бой илмий мероси нафақат Ўзбекистонда, балки дунёнинг турли нуқталарида, хусусан, Ислом оламининг табаррук маскани бўлмиш Масжиди Набавий кутубхонасида ҳам сақланиб келяпти.
2017 йилда шайх ҳазратларининг бир қатор китоблари илк бор Масжиди Набавий кутубхонасига тақдим этилган эди. Шундан буён зиёратга борган ҳамюртларимиз ушбу кутубхонадан ҳазратнинг асарларини ўз она тилимизда мутолаа қилиш имкониятига эга бўлиб келишяпти.
Масжиди Набавий кутубхонаси масжиднинг 10-эшиги ёнида жойлашган. Кутубхонада 170 000 дан ортиқ китоб сақланади. Асосий адабиётлар араб тилида бўлсада, 20 дан ортиқ хорижий тиллардаги диний манбалар ҳам жамланган. Кутубхонадан бир вақтнинг ўзида 300 дан ортиқ китобхон фойдаланиши мумкин.
Кутубхонада хорижий тиллардаги адабиётлар учун алоҳида хона ажратилган. У ерда инглиз, рус, француз каби жаҳон тиллари қаторида ўзбек тили бўлими ҳам бор. Ушбу бўлимда шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг қаламларига мансуб 50 дан ортиқ асар бор. Жумладан:
– «Ҳадис ва Ҳаёт» силсиласи;
– «Тафсири Ҳилол»;
– «Кифоя»;
– «Руҳий тарбия»;
– «Зикр аҳлидан сўранг»;
– «Одоблар хазинаси»;
– «Хислатли ҳикматлар шарҳи»;
– «Бахтиёр оила» ва бошқалар.
@islomuz