Мусо алайҳиссаломга Аллоҳнинг ҳузурига боришдан олдин ўттиз кеча ибодат қилиш амр қилинди, сўнгра бу қирқ кечага чиқарилди. “Ва Биз Мусо билан ўттиз кечага ваъдалашдик. Кейин эса буни ўни билан тўлдирдик. Шунда Парвардигорингиз белгилаган вақт тўла қирқ кеча бўлди” (Аъроф, 142)
Шу йўл билан унинг қалби буюк учрашувга тайёрланди. Айни шаклда Пайғамбаримиз алайҳиссаломга ҳам нубувватнинг илк йилларида нозил бўлган Муззаммил сурасида тунларни ибодат билан ўтказиш ҳақида сўз юритилган. Пайғамбар алайҳиссалом ва илк мусулмонлар бунга жуда нозиклик ила риоя этганлар. Уламонинг таъкидлашича, Ислом келган кезларда тунги ибодат мусулмонларга фарз бўлган – дастлабки йилларда нозил бўлган – айни суранинг охирги оятида эса мусулмонларга бу борада бир оз енгиллик берилган.
Мана бу бу оятда Пайғамбар алайҳиссалом ва умматларининг бу ҳаракатлари мақталган:
“(Эй Муҳаммад!) Албатта, Раббингиз Сиз ва Сиз билан бирга бир тоифа (саҳобаларингиз) кечанинг иккисидан озроғида, баъзида унинг ярмида ва (гоҳо) учдан бирида (бедор бўлиб, намозда) туришларингизни билур…” (Муззаммал, 20)
Бошқа ояти каримада эса куфрга ботган нопок кимса билан тунларни ибодатда ўтказган мўмин қиёсланади:
“Ёки кечалари сажда қилган ва тик турган ҳолда ибодат қилувчи, охиротдан қўрқадиган ва Парвардигорининг раҳматидан умид қиладиган киши (билан бошқалар баробарми?!) (Зумар, 9).
Тунги ибодатнинг мўминнинг маънавий юксалишида ўзига хос ўрни бор. Унинг кўнгил иқлими бу соатда Раббига қуллуқ этиш ила теран бир хушу ва хузуга ғарқ бўлади. Чунки у шу соатда Рабби билан ёлғиз қолади. “Дунёда бир ғариб, бир йўлчи, қабр аҳлидан бири каби бўл” (Бухорий, Термизий ривояти) ади, ҳушунинг сирига етади. Йўл қўйган хатоларини афу этишини тилайди ва янги кунга янада бир бандалик шуури ила киради.
Тунги ибодат ичида зикр этилган бир масала – намознинг ортидан бўлсин, мустақил бўлсин – Қуръони карим тиловат қилмоқдир. Яна тунги ибодатга амр келган илк оятларда, ҳазрати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони каримни тартила ила ўқиш амр этилганидир (Муззаммил, 4)
Тартила ўқиш – Қуръони карим оятларининг лафзларига секин-аста урғу бериб бориб, ҳарфларнинг махражларини жойидан чиқариб, оятларнинг маъноларини таафккур қилиб, руҳига жойлаб ўқимоқдир. Шундай ўқиса, мўмин Қуръони каримнинг баракотидан янада кўп файз олади. Парвардигоримизнинг амрларини янада теранроқ тушунади. Зеро, давомида:
“Албатта, Сиз кечаси (ибодат учун бедор бўлиб) туриш фаолият жиҳатидан оғирроқдир, (лекин) сўз (сўзлаш, қироат қилиш) жиҳатидан қулайроқдир”, деб амр этмоқилмоқда (Муззаммил, 6)
Шундай қилиб, Пайғамбаримиз алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг бу амрига риоя этиб ўқигани жуда кўп хабарларда келтирилган. Хусусан,
“Шунингдек, Қуръонни тиловат қилишга ҳам (буюурилгандирман)...” (Намл, 92)
Оятининг тафсирида бундай дейилади:
“Қуръони каримнинг тиловати ёки уни англаш асносида ҳақиқатларнинг менга пешма-пеш очилиши учун тиловатда давом этишим амр этилди. Чунки худди шундай тиловатда давом этишим, илоҳий файз ва муқаддас сирлар эшиклари очилишига сабаб бўлади”.
Хабарларга кўра, Пайғамбар алайҳиссалом тун ярмида намоз ортидан қироат қилаётиб,
"Агар уларни азобласанг, албатта, улар (Ўз) бандаларингдир…" (Моида, 118)
Оятини тонгга қадар қайта-қайта ўқиган эканлар.
Бу – Набий алайҳиссаломнинг биз умматларига беҳад миннатдорчилигининг биргина ифодасидир.
Аҳли китоблардан мусулмон бўлиб, тунги ибодатга эътиборли бўлганларнинг ҳоллари қуйидагича маълум қилингандир:
“Уларнинг ҳаммаси баробар эмас. Аҳли китоблар орасида туни билан сажда (ибодат) қиладиган, Аллоҳнинг оятларини тиловат қилиб чиқадиган тўғри жамоа ҳам бор” (Оли Имрон, 113).
Аллоҳ таоло имон келтирган бу кишиларни мақтар экан, уларнинг ҳам Аллоҳнинг оятларини тиловат қилишлари ҳамда сажда этишларини айтмоқда. Яъни уларнинг таҳажжуд вақтидаги Қуръон ўқишлари мақтовга лойиқ топилган.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ўргатган жамики амаллар ва ибодатлар бизнинг янада онгли ҳаёт кечирмоғимиз, Рабббимизни танимоғимиз учундир. Аллоҳни ва Расулини янада яхшироқ танимоғимиз, қалбимизда ниш отаётган муҳаббатимиз барқ уриб ривожланиши учундир. Жумалар, рамазонлар, муборак кечалар… буларнинг ҳаммаси савоб ишлаб олмоғимиз учун бизга бир марҳаматдир. Мўминнинг ҳаётида беғамлик бўлмайди. Мўмин коинот мунтазам ҳаракатланиб, янгиланиб тургани каби ҳаракатда бўлади. Кунимиздаги қиш фасли ҳам унинг ҳаётида шундай ғояга хизмат қилади.
ЎМИ матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамларнинг энг яхшиси менинг асримдагилар, сўнгра уларга яқинлар, сўнгра уларга яқинлар», дедилар (Бухорий, Термизий, Ибн Можа, Ибн Ҳанбал ривоят қилишган).
Мусулмон уммати тарихидаги энг яхши давр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг саҳобалари яшаб ўтган аср бўлиб, у тарих зарварақларидан «Саодат асри» деган ном билан жой олди. Кейинги аср тўрт буюк саҳоба бошчилигида олиб борилган асрларга татигулик ишлар сабабли «Рошид халифалар даври» деган ном билан тарих саҳифаларига битиб қўйилди. Кейинги аср «Умавийлар асри» дея аталиб, мана шу даврдан поғонама-поғона пастлаш ҳолати кузатилди.
Умавийлар давлати Умайя ибн Абдушшамс ибн Абдуманофга нисбат берилади.
Умайя исмли ушбу шахс жоҳилият даврида Қурайш уруғларидан бирининг бошлиғи бўлиб, амакиси Ҳошим ибн Абдуманоф билан ҳар доим Қурайшнинг раҳбарлигини талашиб келар эди. Ислом келгач, мазкур талашув очиқ-ойдин душманликка айланди: Бану Умайя қабиласи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга, у зотнинг даъватларига қарши турди; Бану Ҳошим қабиласи эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга барча ишларда кўмакдош бўлди, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламни душманларнинг ёмонликларидан ҳимоя қилди.
Бану Умайя одамлари Макка фатҳи даврида бошқа иложлари қолмаганидан кейингина Исломни қабул қилишди. Дастлабки асрларда Исломда пешқадам бўлган уруғларнинг энг катта бобоси Абдуманоф ҳисобланади.
Бану Умайя (умавийлар) тарихини бузиш
Бану Умайянинг тарихи тафсилотларига эътибор берадиган бўлсак, унинг бузиб кўрсатилганлиги, уларни кўпроқ қоралаш ҳолатларини кузатамиз. Бу ишларнинг кўпчилиги уларнинг асосий сиёсий хусуматчилари – аббосийлар томонидан қилинган, чунки тарихга оид китобларнинг кўп қисми айнан аббосийларнинг ҳукмдорлик даврида ёзилган. Шунингдек, шийъалар, хаворижлар, тарихни яхши билмай туриб оғзаки сўзлаб юрадиган оми кишилар ҳам Бану Умайянинг сиёсий душманлари ҳисобланиб, улар ушбу қабиланинг жуда кўп туҳматларга қолишига ҳам сабаб бўлган.
Бу туҳмат ва қоралашлар турли-туман бўлиб, асосий эътибор Бану Умайянинг обрўсини тўкадиган тарихий ҳодисаларга қаратилган, улар бўрттириб кўрсатилган. Ушбу ҳодисаларни нишон қилиб, уларнинг қадрини туширишга олиб борадиган гаплар айтилган:
1. Бану Умайянинг илк даврда Исломга қарши турганлари, Исломни кечикиб қабул қилганлари жуда кўп такрорланади, лекин уларнинг Исломга кирганларидан кейинги буюк ишлари, жумладан, кўплаб юртларни фатҳ этишда кўрсатган хизматлари мутлақо эсланмайди.
2. Бану Умайя даврида содир этилган мусибатлар бўрттириб гапирилади. Карбало воқеаси, имом Ҳусайн ва у кишининг оилаларининг қатл этилиши, Ҳарра воқеаси, Мадинадаги Ҳарамни эътиборсиз қўйиш, манжаниқ билан Маккага тош отиш масалалари шулар жумласидандир.
3. Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳунинг қатл қилиниши, Зайд ибн Алий ибн Ҳусайннинг қўзғалони ва у кишининг қатл қилиниши, шунингдек, бошқа тарафларда содир бўлган хатоларни эътиборга олмаслик, халифага қарши чиқиш, тоатни бузиш каби ишларни Бану Умайяга катта айб қилиб, уларга қарши кенг тарғибот ишлари амалга оширилади.
4. Бану Умайянинг душманлари томонидан уларнинг инсоний нафсидаги заифлик нуқталарига алоҳида эътибор берилади, Бану умайялик баъзи кишилардан содир бўлган хатолар бўрттириб гапирилади, бироқ яхшиликлари беркитилади. Хусусан, ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу ҳақларида бу очиқ-ойдин кўринади.
5. Абу Суфён ва Муовия розияллоҳу анҳумо ҳақларида ҳам бу каби ноўрин гаплар ниҳоятда кўпайган. Бану умайялик баъзи волийлар ботил ишларни қилувчи мутаассиблар дея сифатланади. Бу Ҳажжож ибн Юсуф ва Зиёд ибн Абийҳлар мисолида кўринади.
6. Язид ибн Муовия ҳамда Валид ибн Язид каби халифалар ҳақида ҳам уларга қарши жуда бўлмағур миш-мишлар тўпланиб тарқатилган. Аслида эса мусулмончилик одоби бўйича Бану Умайя даврида рошид халифалар давридагидан кўра бир оз пастлаш – сустлашиш бўлганини эслашнинг ўзи кифоя қилади. Вақт ўтиши билан хатога йўл қўйиш ҳам аста-секин кўпайиб борган. Бану Умайя давридаги мусулмонлар жамияти ҳар жиҳатдан рошид халифалар жамиятига яқин бўлган. Лекин қўлга киритилган ўлжалар, мол-мулкнинг кўпайиши натижасида катта-катта уйлар, қасрлар қуриш, шунингдек, чўри тутишнинг оммалашганлиги бор. Шу билан бирга, Бану Умайянинг жуда кўп яхши фазилатлари ҳам бўлганлиги бор ҳақиқат, лекин уларга қарши бўлган тарихчилар бу фазилатларни эътиборга олмаганлар, балки унутиб қўйганлар.
Улардан баъзиларини айтиб ўтамиз:
1. Ҳазрати Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу катта саҳоба бўлиб, у киши Халифа Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга қарши масалаларда ижтиҳод қилган, фақат ижтиҳоди унчалик тўғри бўлмаган. Лекин барибир у зот одил кишилар сафида қолган. Зотан, барча саҳобалар розияллоҳу анҳум адолатлидирлар.
Бану Умайянинг энг катта арбобларидан бири саналган Марвон ибн Ҳакам тобеъинларнинг биринчи табақасидан бўлган. У Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу, Усмон розияллоҳу анҳу ва бошқа катта саҳобалардан ҳадислар ривоят қилган.
Яна бир Бану умайялик Абдуллоҳ ибн Марвон халифа бўлишидан олдин аҳли илм ва аҳли фиқҳ бўлган. Мадинаи мунавваранинг катта олимларидан ҳисобланган.
Умар ибн Абдулазиз эса мужтаҳид имомлардан бўлган. Кўпчилик у кишини рошид халифалар қаторида санайди.
Бану Умайя қабиласининг аъзолари қозилик ишларига аралашмас эдилар. Улар кўп жойларда аҳли илм ва аҳли фазлларнинг олдинги сафларида бўлганлар.
2. Бану Умайя даврида жуда кўп буюк исломий фатҳлар бўлган. Улар шарқда Хитойгача, ғарбда Франция ва Андалус юртларигача етиб борганлар.
3. Бану Умайя даврида Ислом давлати тарихлар давомида мисли кўрилмаган энг катта кенгайишни бошидан кечирди.
4. Бану Умайя даврида жуда кўп қўриқ ерлар ўзлаштирилди, улар боғ-роғларга айлантирилди, каналлар қазилди, шаҳарлар қурилиб, ободончилик ишлари олиб борилди, атроф гуллаб-яшнади, тараққий этди.
Шу ўринда таъкидлаб айтамизки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқоридаги «Одамларнинг энг яхшиси менинг асримдагилар, сўнгра уларга яқинлар, сўнгра уларга яқинлар» деган ҳадислари бежиз айтилмаган. Зеро, Бану Умайя қабиласининг аъзолари, раҳбарлари ва давлат бошлиқлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларига яқин асрда яшаб ўтганлар.
«Ислом тарихи» иккинчи жузи асосида тайёрланди