Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
10 Январ, 2025   |   10 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:48
Пешин
12:36
Аср
15:32
Шом
17:16
Хуфтон
18:35
Bismillah
10 Январ, 2025, 10 Ражаб, 1446

Қиш – мўминнинг баҳори рукнидан (6-мақола) Мўминнинг ҳаётида беғамлик бўлмайди

23.12.2017   3951   4 min.
Қиш – мўминнинг баҳори рукнидан (6-мақола)  Мўминнинг ҳаётида беғамлик бўлмайди

 

 Мусо алайҳиссаломга Аллоҳнинг ҳузурига боришдан олдин ўттиз кеча ибодат қилиш амр қилинди, сўнгра бу қирқ кечага чиқарилди. Ва Биз Мусо билан ўттиз кечага ваъдалашдик. Кейин эса буни ўни билан тўлдирдик. Шунда Парвардигорингиз белгилаган вақт тўла қирқ кеча бўлди (Аъроф, 142)

Шу йўл билан унинг қалби буюк учрашувга тайёрланди. Айни шаклда Пайғамбаримиз алайҳиссаломга ҳам нубувватнинг илк йилларида нозил бўлган Муззаммил сурасида тунларни ибодат билан ўтказиш ҳақида сўз юритилган. Пайғамбар алайҳиссалом ва илк мусулмонлар бунга жуда нозиклик ила риоя этганлар. Уламонинг таъкидлашича, Ислом келган кезларда тунги ибодат мусулмонларга фарз бўлган – дастлабки йилларда нозил бўлган – айни суранинг охирги оятида эса мусулмонларга бу борада бир оз енгиллик берилган.

Мана бу бу оятда Пайғамбар алайҳиссалом ва умматларининг бу ҳаракатлари мақталган:

“(Эй Муҳаммад!) Албатта, Раббингиз Сиз ва Сиз билан бирга бир тоифа (саҳобаларингиз) кечанинг иккисидан озроғида, баъзида унинг ярмида ва (гоҳо) учдан бирида (бедор бўлиб, намозда) туришларингизни билур…” (Муззаммал, 20)

Бошқа ояти каримада эса куфрга ботган нопок кимса билан тунларни ибодатда ўтказган мўмин қиёсланади:

“Ёки кечалари сажда қилган ва тик турган ҳолда ибодат қилувчи, охиротдан қўрқадиган ва Парвардигорининг раҳматидан умид қиладиган киши (билан бошқалар баробарми?!) (Зумар, 9).

Тунги ибодатнинг мўминнинг маънавий юксалишида ўзига хос ўрни бор. Унинг кўнгил иқлими бу соатда Раббига қуллуқ этиш ила теран бир хушу ва хузуга ғарқ бўлади. Чунки у шу соатда Рабби билан ёлғиз қолади. “Дунёда бир ғариб, бир йўлчи, қабр аҳлидан бири каби бўл” (Бухорий, Термизий ривояти) ади,  ҳушунинг сирига етади. Йўл қўйган хатоларини афу этишини тилайди ва янги  кунга янада бир бандалик шуури ила киради.

Тунги ибодат ичида зикр этилган бир масала – намознинг ортидан бўлсин, мустақил бўлсин – Қуръони карим тиловат қилмоқдир. Яна тунги ибодатга амр келган илк оятларда, ҳазрати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони каримни тартила ила ўқиш амр этилганидир (Муззаммил, 4)  

Тартила ўқиш – Қуръони карим оятларининг лафзларига  секин-аста урғу бериб бориб, ҳарфларнинг махражларини жойидан чиқариб, оятларнинг маъноларини таафккур қилиб, руҳига жойлаб ўқимоқдир. Шундай ўқиса, мўмин Қуръони каримнинг баракотидан янада кўп файз олади. Парвардигоримизнинг амрларини янада теранроқ тушунади. Зеро, давомида:

Албатта, Сиз кечаси (ибодат учун бедор бўлиб) туриш фаолият жиҳатидан оғирроқдир, (лекин) сўз (сўзлаш, қироат қилиш) жиҳатидан қулайроқдир”, деб амр этмоқилмоқда (Муззаммил, 6)

Шундай қилиб, Пайғамбаримиз алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг бу амрига  риоя этиб ўқигани жуда кўп хабарларда келтирилган. Хусусан,

Шунингдек, Қуръонни тиловат қилишга ҳам (буюурилгандирман)... (Намл, 92)

Оятининг тафсирида бундай дейилади:

“Қуръони каримнинг тиловати ёки уни англаш асносида ҳақиқатларнинг менга пешма-пеш очилиши учун тиловатда давом этишим  амр этилди. Чунки худди шундай тиловатда давом этишим, илоҳий файз ва муқаддас сирлар эшиклари очилишига сабаб бўлади”.

Хабарларга кўра, Пайғамбар алайҳиссалом тун ярмида намоз ортидан қироат қилаётиб,

"Агар уларни азобласанг, албатта, улар (Ўз) бандаларингдир…" (Моида, 118)

Оятини тонгга қадар қайта-қайта ўқиган эканлар.

Бу – Набий алайҳиссаломнинг биз умматларига беҳад миннатдорчилигининг биргина ифодасидир.

Аҳли китоблардан мусулмон бўлиб, тунги ибодатга эътиборли бўлганларнинг ҳоллари қуйидагича маълум қилингандир:

Уларнинг ҳаммаси баробар эмас. Аҳли китоблар орасида туни билан сажда (ибодат) қиладиган, Аллоҳнинг оятларини тиловат қилиб чиқадиган тўғри жамоа ҳам бор” (Оли Имрон, 113).

Аллоҳ таоло имон келтирган бу кишиларни мақтар экан, уларнинг ҳам Аллоҳнинг оятларини тиловат қилишлари ҳамда сажда этишларини айтмоқда. Яъни уларнинг таҳажжуд вақтидаги Қуръон ўқишлари мақтовга лойиқ топилган.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ўргатган жамики амаллар ва ибодатлар бизнинг янада онгли ҳаёт кечирмоғимиз, Рабббимизни танимоғимиз учундир. Аллоҳни ва Расулини янада яхшироқ танимоғимиз, қалбимизда ниш отаётган муҳаббатимиз барқ уриб ривожланиши учундир. Жумалар, рамазонлар, муборак кечалар… буларнинг ҳаммаси савоб ишлаб олмоғимиз учун бизга бир марҳаматдир. Мўминнинг ҳаётида беғамлик бўлмайди. Мўмин коинот мунтазам ҳаракатланиб, янгиланиб тургани каби ҳаракатда бўлади. Кунимиздаги қиш фасли ҳам унинг ҳаётида шундай ғояга хизмат қилади.

ЎМИ матбуот хизмати

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ё Расулуллоҳ, Сиз кимни яхши кўрасиз?

10.01.2025   680   8 min.
Ё Расулуллоҳ, Сиз кимни яхши кўрасиз?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг барча сифатлари ҳам камолот сифатларига дахлдор эканига шубҳа бўлиши мумкин эмас. У кишининг буюк ҳаётларини диққат билан ўрганган уламолар Оиша онамиз розияллоҳу анҳода бошқаларда бўлмаган қирқта комилалик сифатлари бор эканини таъкидлайдилар. Ана шунинг учун ҳам бу ҳақда бир-икки оғиз сўз айтмоқни раво кўрдик.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг камолот сифатлари ҳақида сўз юритар эканмиз, бу сифатлар рўйхатининг бошида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган ҳадиси шарифлар туришини айтиб ўтмоғимиз лозим. У зот Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ҳақларида ажойиб мадҳларни айтганлар.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Оиша! Мана бу Жаброил, у сенга салом айтмоқда», дедилар.

«Ва алайҳиссалому ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу! Эй Аллоҳнинг Расули, сиз мен кўрмаган нарсани кўрасиз», дедим».

Жаброил алайҳиссалом бу дунёда пайғамбарлардан бошқа кимга салом айтганлар?

Жаброил алайҳиссалом бу дунёда пайғамбарлардан бошқа биргина инсонга – Оиша онамиз розияллоҳу анҳога салом айтганлар.

Мана шу улуғ мақомнинг ўзи бир оламга татийди.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Эркаклардан кўпчилик баркамол бўлдилар. Аёллардан Марям Имрон қизи ва Фиръавннинг аёли Осиёдан бошқаси баркамол бўлмади. 

Оишанинг бошқа аёллардан устунлиги сарийднинг бошқа таомлардан устунлигига ўхшайдир», дедилар».

Иккисини Бухорий, Муслим ва Термизий ривоят қилганлар.

Ушбу ҳадиси шарифда аслида аёлларнинг, хусусан, Марям онамиз, Осиё онамиз ва Оиша онамизнинг бошқа аёллардан устун бўлган фазллари ҳақида сўз боради.

«Эркаклардан кўпчилик баркамол бўлдилар».

Эркаклардан баркамол бўлганлар рўйхатининг аввалида Пайғамбар алайҳиссаломлар турадилар. Улардан бошқа баркамол эркаклар ҳам бор. Бу ҳақиқат ҳаммага маълум.

«Аёллардан Марям Имрон қизи ва Фиръавннинг аёли Осиёдан бошқаси баркамол бўлмади».

Бу икки улуғ зотнинг баркамол бўлганликлари Қуръони каримда уларнинг биргаликда, хос зикр қилинишларидан ҳам билиб олинади.

Аллоҳ таоло «Таҳрим» сурасида:

«‎Аллоҳ иймон келтирганларга Фиръавннинг ‎хотинини мисол қилиб келтирди. Ўшанда у: ‎‎«Роббим! Менга Ўз ҳузурингда, жаннатда бир уй ‎бино қилгин. Менга Фиръавндан ва унинг ишидан ‎нажот бергин ва менга золим қавмдан нажот ‎бергин», деб айтди‎», деган (11-оят).

Фиръавннинг хотини ўша пайтдаги энг катта подшоҳнинг аёли эди. Емак-киймакда тўкин эди. Нимани хоҳласа, шуни қилиши мумкин эди. Қасрларда, турли неъматлар ичида фароғатда яшашига қарамасдан, у кофир ва золим эрига ҳамда қавмига қарши чиқди. Аллоҳга иймон келтирди. Аллоҳдан жаннатда уй қуриб беришини сўради. Бу ҳол эса дунё ҳою ҳавасидан устун келишнинг олий мисолидир.

Мўминларнинг иккинчи мисоли Марям бинти Имрондир.

«Ва фаржини пок сақлаган Имрон қизи Марямни ‎‎(мисол келтирди). Бас, унга Ўз руҳимиздан ‎пуфладик ва У Роббининг сўзларини ҳамда ‎китобларини тасдиқ қилди ва итоаткорлардан ‎бўлди» (12-оят).

Имроннинг қизи Марям Аллоҳга соф эътиқодда бўлганлар ва ўзларини ҳам соф тутганлар. Яҳудийлар туҳмат қилганларидек, нопок бўлмаганлар. Аллоҳ таоло Жаброил фаришта орқали ана шу пок жасадга ўз руҳидан «пуф» дейиши билан Ийсо алайҳиссаломни ато қилган.

«Оишанинг бошқа аёллардан устунлиги сарийднинг бошқа таомлардан устунлигига ўхшайдир».

Энди Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутоҳҳаралари – Оиша онамизнинг фазллари ҳақида сўз кетмоқда. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг бошқа аёллардан фазлларини сарийд деб номланадиган таомнинг ўша вақтдаги бошқа таомлардан устунлигига ўхшатмоқдалар.

Ўша пайтда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаи киромлар яшаб турган жамиятнинг шароити ва таомилига кўра, сарийд бошқа таомлардан афзал таом ҳисобланар эди.

Худди шунга ўхшаб, Оиша онамиз ҳам бошқа аёллардан афзал эдилар.

Бу дунёда ким ушбу мақомга сазовор бўлибди?!

Ушбу мақомга бу дунёда фақат Оиша онамиз розияллоҳу анҳо сазовор бўлдилар.

Термизий ва Бухорий Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мени Зотус-Салосил аскарига бошлиқ қилдилар. Қайтиб келганда:

«Эй Аллоҳнинг Расули, одамларнинг қайсиниси сиз учун энг маҳбубдир?» дедим.

«Оиша», дедилар.

«Эркаклардан-чи?» дедим.

«Унинг отаси», дедилар.

«Сўнгра ким?» дедим.

«Сўнгра Умар», дедилар ва бир неча одамларни санадилар. Бас, мени охирларида қилиб қўймасинлар, деб, сукут сақладим».

Аллоҳнинг Расули учун одамларнинг қайсиниси энг маҳбуб экан?

Аллоҳнинг Расули учун одамлар ичида Оиша онамиз розияллоҳу анҳо энг маҳбуб эканлар.

Бу дунёда ким ушбу мақомга сазовор бўлибди?

Ушбу мақомга бу дунёда Оиша онамиз розияллоҳу анҳо сазовор бўлибдилар.

Имом Абу Яъло «Муснад»ларида Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар:

«Менга ҳеч бир аёлга берилмаган тўққиз нарса берилган:

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга уйланишга амр қилинганларида Жаброил алайҳиссалом суратимни олиб тушиб, у зотга кўрсатган.

– У зот менга бокира ҳолимда уйланганлар. Мендан бошқага бокира ҳолида уйланмаганлар.

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлари менинг қучоғимда турган ҳолда вафот этдилар.

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менинг уйимда дафн қилиндилар.

– Фаришталар менинг уйимни ўраб олган эдилар. У зотга мен у кишининг кўрпаларида турганимда ваҳий нозил бўлар эди. У зот мени ўзларидан узоқлаштирмас эдилар.

– Мен у зотнинг халифалари ва сиддиқларининг қизиман.

– Менинг оқловим осмондан нозил бўлган.

– Мен покнинг ҳузурида пок яратилганман.

– Менга мағфират ва карамли ризқ ваъда қилинган».

Имом Қуртубий ўз тафсирларида Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг камолот сифатлари ҳақида сўз юритар эканлар, жумладан, қуйидагиларни айтганлар:

«Баъзи аҳли таҳқиқлар айтурлар:

«Юсуф алайҳиссалом фаҳш ишда туҳмат қилинганида Аллоҳ у кишини бешикдаги гўдакнинг тили билан оқлади.

Марям фоҳишаликда туҳмат қилинганида Аллоҳ у кишини ўғиллари Ийсо алайҳиссаломнинг тили билан оқлади.

Оиша фаҳш ишда туҳмат қилинганида Аллоҳ у кишини Қуръон билан оқлади. Аллоҳ у киши учун гўдакнинг оқлашини ёки набийнинг оқлашини раво кўрмади. Аллоҳ у кишини туҳматдан Ўз каломи ила оқлади».

Аллоҳ таоло бу дунёда кимни туҳматдан Ўз каломи ила оқлабди?

Аллоҳ таоло бу дунёда фақат Оиша онамиз розияллоҳу анҳони туҳматдан Ўз каломи ила оқлаган.

"Нубувват хонадони хонимлари" китобидан.

Мақолалар