Ҳизбут-таҳрирнинг “Ислом ақидаси, сиёсат устига қурилган!”, деган гаплари исломга нисбатан бўҳтон ҳисобланади. Ислом ақидаларининг барчаси ягона Аллоҳ таолога ибодат қилиш ғоясини ўзида ифода қилади ва унинг асло сиёсатга алоқаси йўқ.
Юқоридаги зикр қилинган ислом ақидалари – Аллоҳнинг якка-ю ягона эканлиги, Унинг ҳеч бир яралмишларга ўхшамаслиги, пайғамбарлар барҳақлиги, фаришталарнинг борлиги ва уларнинг махсус вазифалари, ўлгандан кейин қайта тирилиш, қабр ҳаёти, қабрдаги фаришталар савол-жавоби, жаннат ва дўзах каби масалаларнинг сиёсатга қандай алоқаси бор?!
Ҳизбчилар жар солаётган халифалик эса асло ақидавий масала эмас. Бир минг тўрт юз йиллардан бери мусулмон уммати ва мусулмонларнинг уламолари халифаликни ақидавий масала қилиб олган эмас. Уни аҳли суннат ва жамоатдан айрилган хаворижлар каби фирқалар ақидага айлантирганлар, холос. Ҳизбуттаҳрир эса хаворижларнинг бугунги кундаги ворислари ва айнан такрор қилувчиларидир.
Демак, шариат Қуръон ва ҳадислардаги маъно-мазмунни ва ундаги ҳукмларни саҳобалар, тобеъинлар, табъа тобеъинлар ва улардан кейинги аҳли суннат ва жамоат мусулмонларининг уламолари қандай тушунган ва айтган бўлса, шу хилдадир. Ундан ўзгаси гумроҳлик ва залолат ҳисобланади.
Наманган шаҳри «Мулла Исмоил» масжиди имом хатиби Муҳаммадхон Абдураҳманов
Ал-Кисоий ал-Куфий 119/737 йил Куфада дунёга келган.
Тўлиқ исми: Али ибн Ҳамза ибн Абдуллоҳ ибн Баҳман ибн Файрузм ал-Кисоий ал-Куфий. Имом ал-Кисоий ёшлигида илм ўрганишга жуда интиларди, лекин бошланғич даврда муваффақият қозона олмасди. Бир сафар Қуръонни ёд олишда қийналгач, устозига: “Мен ҳеч нарсани ёдлай олмаяпман, чарчадим”, деди.
Устоз унга сабр қилишни ва Қуръоннинг баракасига ишонишни тавсия қилди. Шундан сўнг, Имом ал-Кисоий сабр билан ҳаракат қилиб, Қуръонни мукаммал ёд олди ва кейинчалик машҳур қироат имомларидан бири бўлди. Бу воқеа сабр ва меҳнатнинг самарасини эслатади.
Ҳаёти: Ал-Кисоий Куфада туғилган ва тилшуносликда ҳам, қироатда ҳам юқори мақомга эга бўлган. Ундан нега «Кисоий» деб ном олганлиги ҳақида сўрашганида у, – "чунки мен ҳажда кисода (кийимда) эҳром боғлаганман", деб жавоб берган экан. У асли форс бўлиб, Бани Асад қабиласининг қулларидан эди.
Илмий фаолияти: Унинг асосий устозлари Ҳамза ал-Куфий ва бошқа йирик қироатчилар бўлган. Бундан ташқари Куфа мактабини асосчиси ҳисобланади.
Муоз ал-Ҳарро ва Абу Жаъфар Руасийларда наҳвдан таҳсил олди. Улар-даги илмларни олиб бўлиб, улардан қониқмай қолгач, Басрага келиб Исо ибн Умар, Абу Амр ибн ал-Ало ва Ал-Халил ибн Аҳмаддан илм ўрганган. Қироатни эса Шўба ибн Ҳажжождан таълим олган.
У зот жуда кўп асарлар ҳам ёзган: "Китаб мухтасар фи ан-наҳв" (Наҳвга оид қисқа бўлган китоб), "Китаб ал-ҳудуд фи ан-наҳв" (Наҳвдаги ҳадлар оид китоб), "Китоб ал-қироат (Қироатга доир китоб)", "Китаб ал-адад (Сонларга доир китоб)", "Китаб ихтилаф ал-адад (Сонларнинг ихтилофига оид китоб)", "Китаб ал-ҳуруф (Ҳарфларга оид китоб)", "Китаб маоний ал-Қуръан (Қуръон маънолари ҳақидаги китоб)" каби кўплаб китоблар ёзган.
Наҳвдан Фарро унинг хос шогирдларидан ҳисобланади.
Кисоий 189/805 йил Рой шаҳрида вафот этган.
Маткаримов Нурмуҳаммад,
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси.