Ғайрат – саъй-ҳаракат, иштиёқ, жўшқинлик; иш-ҳаркатга бўлган кучли интилиш, берилиш ҳисси ва яна бирор ишга астойдил киришиш, бирор ишни иштиёқ билан бажариш ҳисси маъноларида ишлатилади.[1] Ғайратли деса, бирор ишга бор куч-қуввати билан ҳаракат қиладиган, шижоатли киши тушунилади. Динимизда ғайрат, шижоат сингари сифатлар қадрланади ва унга тарғиб қилинади. Хусусан, буюк Имом ал-Бухорий ҳазратлари ҳам бу сифатлар билан сифатланганлар ва шу мавзуга доир бир неча ҳадисларни ривоят қилганлар. Шулардан, у зот ва Имом Табароний ривоят қилган ҳадисда жаноби Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб айтадиларки, “Албатта Аллоҳ таоло бандалари ичида ғайратлисини яхши кўради”. Яъни кимки ҳар бир ишда, ҳоҳ у диний бўлсин, ҳоҳ дунёвий бўлсин ғайрат, шижоат қиладиган бўлса, албатта, Аллоҳ таолонинг Ўзи уни ёрлақайди ва у мақсадига етишади. Чунки саъй-ҳаракат бандадан уни баракасини бериб, зиёда қилиш Аллоҳдандир.
Анушервони Одил ўзининг вазири Бузуржмеҳрдан сўради: Ғайрат, шижоат нима? Бузуржмеҳр унга: “Юракнинг қуввати”, деб жавоб берди. Анушервон яна ундан: “Нега қўлнинг қуввати эмас?” деб сўради. Бузуржмеҳр: “Агар юракда қувват бўлмаса, қўлда ҳам қувват бўлмайди. Қўл қуввати юрак қувватига боғлиқ”. деб жавоб берди.
Дарҳақиқат, инсон юракдан бирор ишга ғайрат ва шижоат билан қўл урар экан, албатта, у нафақат кўзлаган мақсадига, балки унданда юксакроққа, олийликка етади. Бу борада Муҳаммад Жавҳар Заминдор шундай дейди, “Мақсадни қўлга киритишда ғайрат иш беради. Ҳар кимда ғайрат бўлмаса, унда ўзгаларга ибрат бўла олиш қобилияти бўлмайди”.[2]
Ҳақиқатан, кўплаб ана шундай ғайрат ва шижоат эгалари бизларга доимо ибрат бўлиб келган. Хусусан, буюк фақиҳлардан Имом Абу Юсуф ҳазратлари бунга намунадир. У зотга устози Абу Ҳанифа раҳматуллоҳу алайҳ айтадики, “Сенинг зеҳнинг паст эди, сенинг доимийлигинг, ғайратинг ва шижоатинг бундан халос этди”.
Ҳамият ҳам ғайрат сингари инсоннинг юксак фазилатларидандир. Ҳамият ор-номусини, қадр-қимматини пок сақлаш туйғуси; орият ҳисобланади.[3] Халқимизда ҳамиятли сифати ўз ғурури, ор-номуси, ўз оиласи ва юрти учун курашадиган, уни осойишта, пок сақлашга ҳаракат қиладиган, виждонли инсонлар учун ишлатилади. Ҳамиятли инсон ўз қадр-қиммати, оиласи ва юрти шаъни учун қайғуради. Ор-номуси, ғурури топталишига йўл қўймайди. Ҳамият соҳиблари доимо инсонлар орасида ҳурмат-эътиборга сазовор бўлади. Бу ҳақда улуғ ҳакимларимиз ва шоирларимиз ўзларининг асарларида тўхталганлар.
Ҳамият соҳиблари иззатда бўлгай, доимо хуррам.
Ҳамиятсиз бўлса ҳар ким, куни қолгай надоматга!
Бархурдор ибн Маҳмуд.
Албатта, динимизда ҳам ҳамиятсизлик, ориятсизлик ва беҳаёлик қаттиқ қораланади. Имом Бухорий ҳазратлари ҳам ривоят қилган ҳадисларда ушбу сифатни қоралаган. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилган ҳадисларининг бирида айтиладики, “Қиёмат кунидаги одамларнинг энг ёмони –беҳаёлиги, ҳамиятсизлиги сабабли назардан четда қолдирилган одамдир”.
Ҳадисдан кўриниб турибдики, қайси бир кишини уяти, ҳамияти ва ҳаёси бўлмаса у нафақат Аллоҳнинг, балки бошқа инсонларнинг ҳам назаридан четда қолади, инсонлар ундан юз ўгиради.
Юқорида айтиб ўтганимиздек, буюк бобакалонимиз Имом Бухорий ҳазратлари ҳам ғайрат ва ҳамият каби улуғ фазилатлар билан сифатланганлар. Айниқса, у зотнинг ҳадис жамлашдаги ғайрат ва шижоатлари таҳсинга сазовордир. У зот тўғрисида кўп уламоларимиз мақтовларни изҳор қилишган. Улуғ алломалардан Ал-Муборакфурий айтадики, “Имом ал-Бухорий машаққатларга чидамли, ишда тиришқоқ бўлиб, ўз қўлидан келадиган юмушни бировга юклашни хушламас экан”.[4]
Дарҳақиқат, бобокалонимиз Имом Бухорий асарларидаги, қолаверса, у зотнинг сиймосидаги ғайрат, шижоат, ҳамият, ҳаё сингари сифатлар биз авлодларга ибрат ва намуна ҳисобланади.
Шавкатжон МАДАМИНОВ,
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси
[1]Ўзбек тилининг изоҳли луғати. Ўзбекистон миллий энциклопедияси. Тошкент 2008.
[2]Машриқзамин – ҳикмат бўстони. Ҳ.Ҳомидий. “Шарқ” нашриёти. Тошкент 2008.
[3]Ўзбек тилининг изоҳли луғати. Ўзбекистон миллий энциклопедияси. Тошкент 2008.
[4]Имом ал-Бухорий барокати. Усмонхон Алимов. “Мовароуннаҳр”. “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” давлат илмий нашриёти. Тошкент 2007.
Ривоят қилинишича, Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳнинг қўлларида Аббос деган бир йигит тавба қилган экан. У йигит авваллари жуда кўп гуноҳ қилган бўлган, сўнг тавба қилган, лекин шу ҳолда етмиш марта тавбасини бузган. Охир-оқибат умрининг сўнгги дақиқалари яқинлашганда, ўлими кўзига кўринган пайтда онасини чақириб шундай деди:
— Она, Ҳасан Басрий ҳазратларини чақиринг, мен у зотнинг ҳузурларида тавбамни янгиламоқчиман, шоядки Аллоҳ таоло тавбамни қабул қилса.
Онаси шошилиб Ҳасан Басрийнинг ҳузурига бориб, салом берди ва:
— Мен Аббоснинг онасиман, ўғлимнинг ўлим пайти етди ва у сизни сўраяпти, тавбасини янгиламоқчи, деди. Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ бунга жавобан:
— Бор, менга тавба қилиб, уни қайта-қайта бузадиган одамнинг кераги йўқ, деди.
Аёл йиғлаган ҳолда уйига қайтиб келди ва ўғлига:
— Эй, ўғлим! Шайх сенинг ёмон қилмишларинг туфайли келишдан бош тортди, деди.
Шунда Аббос осмонга боқиб:
— Ё Роббим, Парвардигорим, шайх мендан юз ўгирди, аммо Сен мендан юз ўгирма, умидимни сўндирма, деб дуо қилди.
Шундан сўнг йигит онасига қараб:
— Эй, онажон! Агар вафот этсам, оёғингизни юзимга қўйинг, кейин бўйнимга арқан боғлаб, бозорда судраб юринг ва овозингиз борича “Бу — Аллоҳга осий бўлганнинг жазосидир” деб бақириб юринг. Шояд, менинг ҳолимни кўриб, Аллоҳ Ўз фазли ва раҳмати билан мени афв этса, деди.
Онаси уни ўзи айтганидек ўғлининг юзига оёғини қўймоқчи эди, ҳотифдан бир овоз эшитилди:
— Оёғингни сажда қиладиган жойга қўйма. Шуни билгинки, Аллоҳ таоло уни афв этди ва дўзахдан озод қилди.
Шундан сўнг онаси уни дафн қилди ва уйига қайтди. Шу кеча Ҳасан Басрий тушида бир овозни эшитди:
— Эй Ҳасан! Нима учун бандамни Менинг раҳматимдан умидсиз қилиб қўйдинг? Ахир уни Мен яратганманку ва Менинг раҳматим ҳар нарсани қамраб олади. Қасамки, агар яна шундай қилсанг, сени солиҳлар дафтаридан ўчираман!
Бу қисса Аллоҳнинг раҳмати ва фазлининг улкан эканини, ҳамда тавба қилишда инсон ҳеч қачон умидсиз бўлмаслиги кераклигини ёрқин тарзда баён қилади.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ