Бир гал шайтон шикоят қилади: “Бу нимаси? Бу не адолатсизлик? Инсонлар қилғиликни қилиб, айбни менга тўнкашади. Менинг гуноҳим нима? Мен гуноҳкор эмасман. Ишонмасангиз, ўзингиз кўриб, хулоса чиқазинг...”
Бир қўчқор қозиққа боғлаб қўйилган эди. Шайтон келиб, қозиқни нари-бери қимирлатиб: “Қилган ишим бор-йўғи шу”, дейди.
Қўчқор у ёқ-бу ёққа силтаниб, қозиқни қўпоради. Хўжайин уйининг эшиги очиқ, даҳлизда қадимий, гўзал тошойна турар эди. Қўчқор ойнада ўз аксини кўриб, бир шох уриб уни чил-чил қилади.
Уй бекаси зинадан шошилинч тушиб, ота-онасидан қолган ойна чил-чил синиб ётганини кўради ва алам ичида хизматкорларига: “Қўчқорни сўйинг! Ҳозироқ!” деб буюради.
Қўчқор хонадон эгасининг арзандаси эди, қўзичоқ эканлигида сотиб олиб, ўз қўли билан боқиб, катта қилган. Хуллас, у кечқурун уйга келиб, севимли қўчқори сўйилганини кўради.
“Қўчқорни ким сўйди? – деб бақиради у. – Қайси аблаҳ бунга журъат этди?”
Хотини унга жавобан дейди: “Қўчқорни мен сўйдирдим. У ота-онамдан қолган ойнани чил-чил синдирди!”
Эр ғазаби қайнаб қичқирди: “Унда мен сен билан ажрашаман!”
Гап-сўз кўпайиб, бир оила бузилиб кетади.
Қиссадан ҳисса: қоққан қозиғингизга эҳтиёт бўлинг...
Жамол КАМОЛ
Таржимаси
Hidoyat jurnali
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким жума куни эрталабки намоздан олдин:
أَسْتَغْفِرُاللهَ الَّذِي لاَ إِلَهَ إِلاَّ هُوَ الْحَيُّ القَيُّومُ وَأَتُوبُ إِلَيْهِ
"Астағфируллоҳаллазий лаа илаҳа илла ҳувал ҳаййул қоййум ва атубу илайҳ", деб уч марта айтса, Аллоҳ таоло унинг гуноҳларини денгиз кўпигича бўлса ҳам, кечириб юборади», дедилар (Ибн Сунний ривоятлари).
Маъноси: Ҳай ва қаййум сифатига эга бўлган Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ. Унга истиғфор айтиб, Унга тавба қиламан.