Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Аллоҳ таолонинг қабул этишига ишонган ҳолда дуо қилинглар. Чунки У ғафлатдаги қалб дуосини қабул этмайди”
(Термизий, Ҳоким ривояти).
“Ё Аллоҳ, Сендан фойдасиз илм, қабулсиз амал ва ижобатсиз дуодан паноҳ тилайман”
(Имом Аҳмад, Байҳақий ривояти).
“Ё Аллоҳ, жисмимни қандай чиройли яратган бўлсанг, хулқимни ҳам шундай чиройли қилгин”
(Имом Аҳмад ривояти)
“Ё Аллоҳ, Сендан қашшоқликдан, етишмовчиликдан, хорликдан, бировга зулм қилишдан ёки зулм қилинишдан паноҳ тилайман”
(Абу Довуд, Насаий, Ибн Можа ривояти).
“Ё Аллоҳ, Сендан ғам-ташвишдан, хафаликдан, ожизликдан, дангасаликдан, бахилликдан, қўрқоқликдан, қарздорликдан ва хорликдан паноҳ тилайман”
(Бухорий, Муслим, Насаий ривояти).
“Ё Аллоҳ, мени илм билан бойит, ҳилм билан безат, тақво билан мукаррам эт, хотиржамлик билан гўзал қил!”
(Ибн Нажжор ривояти).
Савол: Беш вақт намозда имомга иқтидо қилганимизда, Фотиҳа ва зам сураларни ўқимаймиз. Жаноза намозида қандай йўл тутамиз? Унда ҳам қулоқ қоққандан кейин жим турамизми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Жаноза намозида беш вақт намоздан фарқли равишда, имомга иқтидо қилганлар тўрт такбирни ва сано, салавот ҳамда дуоларни ўқийди. Яъни биринчи такбирдан кейин санони, иккинчи такбирдан кейин салавотни, учинчи такбирдан кейин жаноза дуосини ўқийди. Тўрт такбир жаноза намозининг рукни яъни фарз, бошқа зикрлар эса, суннат ҳисобланади. Агар иқтидо қилганлар такбирни ҳам, бошқа зикрларни ҳам айтмай, жим турса, жаноза ўқиган ҳисобланмайди. Агар такбирларни айтса-ю, бошқа зикрларни айтмаса, суннатни тарк этган бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.