Абу Кабша Анморий (розияллоҳу анҳу) айтади:
«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қиладилар: «Дунёга муносабатда кишилар тўрт тоифага бўлинади:
– Аллоҳ таоло мол ва илм берган бандалар. Улар молларини Аллоҳдан қўрқиб ишлатишса, ундан қариндошларига ҳадя беришса ва молларида Аллоҳ таолонинг ҳақи борлигини билишса, энг фазилатли мақомда бўлишади.
– Аллоҳ таоло илм бериб, мол бермаган бандалар. Ниятларини тўғри қилиб, молим бўлганида фалончига ўхшаб (эзгу ишларга) сарфлардим, дейишса, ниятларига яраша савобга эга бўлишади. Бу икки тоифанинг ажри тенгдир.
– Аллоҳ таоло мол бериб илм, бермаган бандалар. Агар улар молларини ўринсиз сарфлашса, Аллоҳ таолодан қўрқмай тасарруф қилишса, ундан қариндошларига ҳадя беришмаса, молларида Аллоҳ таолонинг ҳақи борлигини билишмаса, энг паст даражада бўлишади.
– Аллоҳ таоло илм ҳам, мол ҳам бермаган бандалар. «Агар молим бўлсайди, фалончидек (ёмон – тарж.) ерларга сарфлардим, дейишса, ниятларига яраша «тақдирланишади». Бу икки тоифанинг гуноҳи тенгдир» (Имом Термизий).
Шарҳ: Ҳадисда киши билимсиз ва фақир бўлса ҳам, ниятига қараб олим ва бадавлат кишилар билан баробар савоб ёки гуноҳга эга бўлиши мумкинлиги айтилган. Камбағал, илмсиз мўминга бой ва олим каби ажр-савобга эришиш йўли кўрсатилган. Чунки «Мўминнинг нияти амалидан яхшидир» (саҳиҳ ҳадис). Мўмин ақл билан иш тутиб, фарзларни тўла-тўкис адо этгач, ҳиммат билан хайрли ишларга ният қилдими, уни амалга оширолмаса ҳам, ҳавас қилган кишиларининг савобичалик савоб олади, иншааллоҳ. Ҳадис яхши ишларда илғор шахсларга ҳавас қилишни тарғиб этяпти.
Ўзи камбағал ва билимсиз бўлиб, «Пулим кўп бўлганида, фалончига ўхшаб яшардим», дея фақат дунё кетидан қувган, дин-диёнат, ҳалол-ҳаром билан иши бўлмаган кишиларга ҳавас қиладиганлар ҳам бор. Бу ҳолда, у бечора йўқчилик заҳматини тортиши билан бирга, ўша ёмон кимса билан баробар гуноҳ орттиради. Бундай орзудан қайтариляпмиз.
Хулоса қилиб айтганда, мўмин биргина чиройли ният билан олим ва бой кишиларга тенг савобга эришиши учун, қурби етган эзгу ишларга парвосиз бўлмаслиги керак. Чунки фақат яхши ниятлар қилиб, «кўнглим пок», деб юраверса, имкони бўлатуриб эзгу ишлар қилмаса, ниятнинг ҳам, кўнгилнинг ҳам холис эмаслигини кўрсатади. Кучи етадиган яхши амалларни қилмаган, қайтарилган ишлардан сақланмаган киши ниятнинг ўзи билан савобларга эришуви қийин.
Содиқ НОСИРОВ
тайёрлади.
Бугун вилоятимизда туризм соҳасидаги асосий мақсадлардан бири сайёҳлар сонини кўпайтириш билан бирга, уларнинг ҳудудда қолиш муддатини узайтириш ва сифатли хизматлар билан таъминлашдан иборат, дейди Самарқанд вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Шербек Бўронов.
Унинг айтишича, йилнинг биринчи ярим йиллигида Самарқандга 3,4 миллион нафардан ортиқ хорижий ва 4,7 миллион нафар маҳаллий сайёҳ келди.
“Туристларнинг ташриф давомийлиги ўртача 3 кунга етди. Бу аввалги даврга нисбатан 0,5 кунга кўпдир. Шунингдек, бир нафар сайёҳнинг ўртача харажати 400 долларни ташкил этиб, 70 фоизга ошди. Бунинг натижасида туризм хизматлари экспорти ҳажми 578,1 миллион долларга етди ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 144 фоиз ўсиш таъминланди”, - Бўронов сўзидан иқтибос келтиради “Зарафшон” нашри.
Унинг фикрига кўра, Самарқанднинг туристик салоҳиятида зиёрат туризми алоҳида ўрин тутади. “Зеро, буюк алломалар ҳаёти ва илмий мероси билан боғлиқ муқаддас қадамжолар йиллар давомида дунёнинг турли мамлакатларидан келувчи меҳмонларни ўзига жалб этиб келмоқда. Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасининг тўлиқ фойдаланишга топширилиши мазкур йўналишда янги имкониятлар яратди. Мажмуа кунига 65 минг нафар зиёратчини қабул қилиш қувватига эга бўлди. Охирги уч ой давомида зиёратгоҳга 2,8 миллиондан зиёд меҳмон ташриф буюрди”, - ўз сўзини якунлади Самарқанд вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати