Бугун, 20 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат маслаҳатчиси Рустам Камилов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва бир неча уламолардан иборат делегация Озарбайжон давлатининг Боку шаҳрида ўтказиладиган халқаро анжуманда иштирок этиш учун жўнаб кетди.
Озарбайжонда 2017 йилни “Ислом бирдамлиги йили” деб эълон қилиниши муносабати билан ушбу давлат ташаббуси билан қатор маърифий йиғинлар ўтказилиб келинмоқда.
Шу йил 18 октябрь куни Тошкент шаҳрида Озарбайжон давлати билан ҳамкорликда ўтказилган “Ислом ҳамжиҳатлиги: Ўзбекистон ва Озарбайжон мисолида” номли халқаро конференция ҳам мана шу тадбирлар сирасидан эди. Шунингдек, бу йўналишдаги анжуманлар Испания, Туркия, Россия, Эрон каби мамлакатларда ҳам ўтказилди.
Йил давомида амалга оширилган тадбирларнинг якуни сифатида 2017 йил 21-22 декабрь кунлари Озарбайжон давлатининг пойтахти Боку шаҳрида “2017 йил – Ислом ҳамжиҳатлиги йили: динлараро ва маданиятлараро мулоқот” номли халқаро анжуман бўлиб ўтади. Унда 40 дан ортиқ давлатлардан 200 га яқин дин пешволари, уламолар, олимлар, муфтийлар ва соҳа мутахассислари иштирок этиши кутилмоқда.
Мазкур тадбирлар Ислом дини қадриятларини асраб-авайлаш, турли нохолис қарашлардан ҳимоя қилиш ва мусулмон давлатлари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилганлиги билан жуда ҳам аҳамиятлидир.
Анжуманда муҳокама қилинадиган долзарб масалаларни сайтимизда мунтазам ёритиб боришни режалаштирганмиз. Бизни кузатиб боринг.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
#Ноёб_фотолар
• Беш республика муфтийси Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон, диний назорат масъул котиби Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон ҳамроҳлигида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари II қурултойи делегатлари ҳамда Россия, Шимолий Кавказ ва Озарбайжондан келган уламолар Усмон мусҳафини зиёрат қилмоқда.
1948 йил, Тошкент
•Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу халифалиги даврларида милодий 651 йили, ҳижрий 24 йили Қуръони Карим кийик терисига бир неча нусхада ёзилиб, Ислом оламининг марказий шаҳарларига юборилди. Мусҳафнинг расмда тасвирланган ўша қадимий табаррук нусхаларидан бири ҳозирги пайтда Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасида сақланмоқда.
• Ҳазрати Усмон Мусҳафининг юртимизга келиб қолиши тарихи ҳақида турли ривоятлар бор. Ҳазрати Усмон мусҳафи дастлаб Самарқандга олиб келинган. Уни Амир Темур, Қаффол Шоший, Ҳазрати Усмоннинг куёвлари Саид олиб келган деган ривоятлар машҳур. Бу ҳақда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назорати раиси ўринбосарлари, таниқли олимлар Шайх Исмоил Махдум Саттиев, Шайх Юсуфхон Шокиров, шунингдек, Ҳамид Зиёев, Ҳабибуллоҳ Солиҳ ва бошқаларнинг фикрлари эътиборга лойиқ.
• Усмон мусҳафи руслар бостириб келгунга қадар ҳижрий 1285 йилгача Самарқандда турди.
•1869 йилнинг майида Туркистон бош губернатори Фон Кауфман буйруғи билан Самарқанд шаҳри ҳокими Серов воситачилигида ерли мусулмон уламолари розилиги билан Мусҳаф Санкт-Петербургга жўнатилди ва 1917 йилга қадар ўша ердаги кутубхонада сақланади.
• Ҳукуматнинг 1923 йил 25 июндаги қарорига кўра Усмон Мусҳафи Туркистон мусулмонларига 1924 йилда қайтарилди.
Мусҳафи шариф бирмунча вақт Тошкент масжидларида сақланди, сўнг Ўзбекистон халқлари тарихи музейига кўчирилди. 1989 йил 14 март куни Тошкентда бўлган мусулмонларнинг IV қурултойида Ўзбекистон ҳукумати қарори билан Мусҳафи Усмон Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назорати ихтиёрига қайтариб берилди.
• Ҳозирда Мусҳаф Ҳазрати Имом мажмуасининг Мўйи муборак мадрасасидаги Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасида сақланмоқда.
• Мусҳафни мўътадил табиий иқлим шароитида асрашга мўлжалланган махсус мослама Германиядан келтирилган. Ҳар йили бу нодир Мусҳафни минглаб ватандошларимиз ва хорижий меҳмонлар зиёрат қилишади.
t.me/muftiylaruz