Яхши касб-ҳунар ўрганиб, ҳалолдан ризқ топиш - гўзал фазилат. Аллоҳ таоло барча жонзотлар қатори инсоннинг ризқини ҳам азалда белгилаб қўйган. Динимиз ана шу ризқни ҳалол-пок йўллар билан топишга буюради.
Қуръони каримда: «Эй, имон келтирганлар! Аллоҳгагина ибодат қилувчи бўлсангиз, сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза нарсалардан еб, Унга шукр қилингиз!» (Бақара, 171), деб мараҳамат қилинади. Аллоҳ таоло бу оятда бизларга фақат покиза нарсалардан еб-ичишни буюрган.
Афсус, баъзилар нопок йўллардан ризқ ахтаришади. Ана шу йўллардан бири порахўрликдир. Бу иллат барча халқларда қаттиқ қораланади.
Бу борада Моида сурасининг 42-оятида бундай дейилади: «(Улар) ёлғон (тўқиш учун Сиз)га қулоқ соладиган ва суҳт (порани) ейдиганлардир...»
Олусийнинг «Руҳул маоний...» тафсирида айтилишича, ушбу оятдаги «суҳт»дан мурод порадир. «Суҳт» сўзи ҳалокатга, азоб-уқубатга йўлиқтирмоқ, таги билан йўқ қилмоқ маъноларини англатувчи «саҳт» сўзидан келиб чиққан. Кейинчалик ҳар қандай нопок йўллар билан топилган даромадни «суҳт» дейиш одат бўлган. Араблар бу сўзни қўллайдиган ўринларда биз «нопок» сўзини ишлатамиз. Аммо араб тили изоҳли луғатларида «суҳт» сўзи киши ошкора айтишга ор қиладиган даромадларни ифодалайди, дейилади.
Ҳадисларда ўлимтикнинг пули, фаҳш йўли билан топилган, қимордан ютиб олинган пул ҳам суҳт дейилиши учраса-да, Қуръони каримда бу сўз меҳнатсиз даромадга, хусусан, порага нисбатан қўлланган.
Абдуллоҳ ШОКИРОВ,
«Искандархўжа»
жоме масжиди имом-хатиби
Биласизми? Силикат моддасига бой бўлган тупроққа дафн қилинган инсоннинг скелети вақт ўтиши билан тош ва харсангга айланади.
Агар у пирит (темир сульфиди) моддасига бой минтақага дафн қилинса, ундай жасад темир ҳайкалга айланиб қолиши мумкин!
Бу илмий ҳақиқат яқинда аниқланган бўлса-да, Қуръонда бу ҳақида 1445 йил олдин ҳайратланарли тарзда жуда аниқлик билан баён этилган. Қуръонда бундай дейилган:
وَقَالُوا أَإِذَا كُنَّا عِظَامًا وَرُفَاتًا أَإِنَّا لَمَبْعُوثُونَ خَلْقًا جَدِيدًا
"Улар: “Биз суякларга ва чанг- тупроқларга айланиб кетганимиздан кейин ҳам, янгитдан тирилтириламизми?” дедилар. “Сен уларга, тошга ёки темирга айланинглар”, деб айт"
(Исро сураси, 50-оят).
Бу оят яқин йилларда кашф этилган — суяклари тошга айланган ёки темир ҳайкалга айланган қазилмаларга очиқ ва равшан ишора қилмоқда. Гўёки Қуръонда хабар берилган ушбу далиллар олимлар кашф қилишларини узоқ асрлардан бери кутиб ётгандек.
Шундай экан, ақлли инсон бундай очиқ-ойдин ва равшан мўъжизани қандай инкор қила олади? Қуръоннинг бу мўъжизаси кундуздаги қуёшдек равшан эмасми?
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ