Бугун, 20 декабрь куни Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ташаббуси билан Республика ёшлар ижодиёт саройида “Мустаҳкам ёш оила – юрт таянчи ва келажаги” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда элимиз ардоғидаги таниқли инсонлар иштирокида бўлиб ўтган ушбу тадбирда, диний идоранинг Масжидлар бўлими мудири Раҳимберди Раҳмонов ва Котибият бўлими мудири Улуғбек Султонов иштирок этди.
Тадбирда оиланинг барқарорлиги, мустаҳкамлиги ва фаровонлиги жамият тараққиётининг энг асосий шартларидан бири эканига урғу берилди. Бош қомусимизнинг 63-моддасида: “Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга”, деб белгилаб қўйилгани ҳам жамиятимизда оилага бўлган эътиборнинг нақадар муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Шунингдек, давра суҳбатида муборак динимиз таълимотида оила мустаҳкамлиги, унинг осойишталиги, эр-хотин ўртасидаги муносабатлар, фарзандлар тарбияси масаласига доир бир қанча ояти карималар ва ҳадиси шарифларда зикр қилингани айтилди. Ўз навбатида, Ислом динида оилага катта эътибор берилиб, уни қандай барпо қилиш, оила аъзоларининг ҳуқуқлари, улар ўртасида чиқадиган келишмовчиликларни муолажа қилиш, умуман, оилавий ҳаётнинг барча масалаларига муборак манбааларимиздан жавоб топиш мумкинлиги тушунтирилди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ўртасида ҳамкорликда маънавий ва маърифий тадбирлар ўтказиш бўйича мемарондум имзоланиши кўзда тутилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Луқмони Ҳаким ўз ўғилларига қилган насиҳатлари Қуръони каримда келтирилади.
Насиҳатнинг энг биринчиси – шикрдан қайтариш.
“Эй, ўғилчам! Аллоҳга ширк келтирмагин! Чунки ширк улкан зулмдир” (Луқмон сураси, 13-оят).
Ширк энг оғир зулм, энг қабиҳ жаҳолат ва энг катта гуноҳ саналади.
Насиҳатнинг иккинчиси – ота-онанинг ҳаққини адо этиш.
“Агар улар (яъни ота-онанг) сени ўзинг билмаган нарсаларни Менга шерик қилишга зўрласалар, у ҳолда уларга итоат этма! Уларга (гарчи кофир бўлсаларда) дунёда яхши муомалада бўлгин” (Луқмон сураси, 15-оят).
Ота-она ҳатто мушрик бўлсалар-да, уларга қўпол муносабатда бўлмаслик талаб этилади.
Насиҳатнинг учинчиси – Аллоҳ ошкор махфий ҳар бир нарсани билиб турувчи Зот.
“Эй, ўғилчам! Шубҳа йўқки, агар хантал (ўсимлигининг) уруғидек (яхши ёки ёмон амал қилинадиган) бўлса, бас, у (амал) бирор харсанг тош ичида ё осмонларда ёки ер остида бўлса, ўшани ҳам Аллоҳ келтирур. Зеро, Аллоҳ лутфли ва огоҳ зотдир” (Луқмон сураси, 16-оят).
Насиҳатнинг тўртинчиси – намоз, амри маъруф, наҳйи мункар ва сабр.
“Эй, ўғилчам! Намозни баркамол адо эт, яхшиликка буюр ва ёмонликдан қайтар ҳамда ўзингга етган (балолар)га сабр қил!...” (Луқмон сураси, 17-оят).
Насиҳатнинг бешинчиси – очиқ юзли, ширин сўзли, тавозеъли бўлиш, кибрланмаслик.
“Одамларга (кибрланиб) юзингни буриштирмагин ва ерда керилиб юрмагин! Чунки Аллоҳ барча кибрли, мақтанчоқ кимсаларни суймас” (Луқмон сураси, 18-оят).
Насиҳатнинг олтинчиси – бақир-чақир қилмаслик.
“(Юрганингда) ўртаҳол юргин ва овозингни паст қилгин! Чунки овозларнинг энг ёқимсизи эшаклар овозидир” (Луқмон сураси, 19-оят).
Даврон НУРМУҲАММАД