Биринчи ташриф: долзарб масалаларни ҳал этишга доир кўрсатмалар
Давлатимиз раҳбари ўтган йили 28 сентябрда, Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи, Бош вазир лавозимида ишлаб турган кезларда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида бўлиб, ушбу минтақаларнинг ривожланиши билан танишган эди.
Ўшанда Тахиатош ИЭСда бўлиб, 230–280 МВт қувватга эга икки буғ-газ ускуналарининг қурилиши бўйича инвестицион лойиҳа реализациясини муҳокама қилиб бундай деган эди: "Бу лойиҳа амалга оширилмаса, Қорақалпоғистон ва Хоразм саноатининг ривожланиши имконсиз. Президентимиз (марҳум Ислом Каримов) бу қарорни 15–20 йиллик истиқболларни инобатга олган ҳолда, минтақа келажаги учун, ёшлар бандлигини таъминлаш учун имзолаган. Ишни тезлаштириш – бизнинг бурчимиз", деган эди.
Бундан ташқари, пахта далаларини кўздан кечириб, қишлоқ хўжалиги ишлари билан танишган ва Кегайли тумани фермерлари билан суҳбатлашган, минтақа экспорт салоҳиятини ошириш, қисқа муддатда ҳосилни йиғиб олиш, Уй-жой қуриш, коммунал хизматлар ишини такомиллаштириш, ободонлаштириш ишларини ташкил этиш каби масалалар юзасидан зарурий топшириқларни берган эди...
Иккинчи ташриф: муаммолар ечимини топа бошлади
2017 йилнинг 20-21 январь кунлари Президентимиз Қорақалпоғистон Республикасига ташрифида Қўнғирот туманига бориб, Қўнғирот-Мўйноқ йўналиши бўйича тоза ичимлик суви қувурлари тортилишига асос солди. Бу ўз навбатида Мўйноқ туманида тоза ичимлик суви танқислиги муаммосининг ҳал қилинишига, туман аҳолисининг соғлиги ёмонлашувининг олди олинишига, жигар, ошқозон ва буйруқ касалликларига барҳам берилишига, шунингдек, туман аҳолиси олдингидай тоза ичимлик сувини узоқ жойлардан ташиб келтирмасдан турар жойларига уланган сув тармоғидан таъминланишига шароит яратди.
Юртбошимиз ташрифи давомида, Нукусда қурилаётган полимер заводи билан танишган эди. Ушбу заводда йилига 8 минг тонна полиэтилен қувурлар ва қадоқлаш учун керак бўладиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш режалаштирилган.
Шунингдек, Нукус темирйўл вокзали билан танишиб у ерда йўловчилар учун қўшимча қулайликлар яратиш, таклиф қилинаётган хизматлар сонини ва хизмат кўрсатиш маданиятини оширишни таклиф қилди.
Учинчи ташриф: ғалвир сувдан кўтарилди, натижалар ижобий
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 15 декабрь куни Қорақалпоғистонга ташриф буюрди. Давлатимиз раҳбари 20−21 январь кунлари Қорақалпоғистонда бўлиб, ҳудуд иқтисодиётини ривожлантириш, ижтимоий шароитларни яхшилаш бўйича тизимли чора-тадбирларни белгилаб берган эди. Ўтган вақт мобайнида улар тўла амалга оширилди.
Ташриф якунларига кўра ишлаб чиқилган дастурга мувофиқ, саноатни ривожлантириш борасида умумий қиймати 160 миллиард сўмга яқин 242 та лойиҳа бажарилди. Бу қарийб 4 мингта иш ўрни ташкил этиш имконини берди. Масалан, Қораўзак туманидаги «Қорақалпоқ цемент» корхонасида биринчи босқичда йилига 200 минг тонна цемент, Нукус шаҳридаги «Техник глобал» корхонасида «Самсунг» бренди остида йилига 150 минг дона телевизор, «Нукус полимер» корхонасида йилига 8 минг тонна полиэтилен труба ва хўжалик буюмлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Тўрткўл туманидаги «Вегатекс глобал» корхонасида йилига 5 минг тонна ип-калава ишлаб чиқарилмоқда. Қорақалпоғистонликлар учун ниҳоятда муҳим ва долзарб масала бўлган ичимлик суви муаммоси йиллар давомида ҳал этилмай келаётган эди. Шуни инобатга олиб, қисқа вақт давомида 101 километрлик «Қўнғирот-Мўйноқ» сув қувури ва «Қўнғирот» сув тақсимлаш иншооти қуриб битказилди. Бунинг натижасида Мўйноқ туманидаги 25 минг аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланди. Бундан ташқари, инвестиция дастурига мувофиқ бюджет маблағлари ва Оролбўйи ҳудудини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан мавжуд сув тармоқлари реконструкция қилинди ва янгиланди. Шу тариқа 35 та аҳоли пунктида 50 мингдан зиёд одам ичимлик суви билан таъминлангани бу борадаги ишларнинг изчил давоми бўлди. Қорақалпоқ давлат ўлкашунослик музейи биноси, Ўзбекистон Қаҳрамони Ибройим Юсупов номидаги иқтидорли болалар мактаби, Амир Темур номидаги истироҳат боғи, замонавий имкониятларга эга бўлган йирик спорт мажмуаси бунёд этилди. “Имом Эшон Муҳаммад” жоме масжиди реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди.
Бундай ўзгаришлар барча туманларда, қишлоқ ва овулларда рўй берди. Ҳудуд иқтисодиёти ривожланди, аҳоли турмуш даражаси ошди. Энг муҳими, одамлар буни ўз ҳаётларида сезмоқда ва келажакка ишоч билан қарамоқдалар.
Давлатимиз раҳбари “Имом эшон Муҳаммад” жоме масжидига яна ташриф буюриб, бу ерда бажарилган ишлар билан танишди ҳамда нуронийлар ва имом-хатиблар билан суҳбатлашди. Мазкур табаррук маскан зиёратида Давлатимиз раҳбарига Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ҳамроҳлик қилдилар. «Ўтмишда яшаб ўтган буюк аждодларимиз ҳаёти ва маънавий меросини чуқур ўрганиш учун барча шароитларни яратамиз. Аҳоли зиёрат қилиб, чинакам маънавий озиқ оладиган бундай маънавий-маърифий масканларни янада обод қилиб, келажак авлодлар учун сақлашимиз керак», деди давлатимиз раҳбари суҳбатда. Суҳбат асносида жуда кўп топшириқ ва тавсиялар берилди. Жумладан, Қуръони карим мусобақасини жуда ҳам юқори даражада ўтказиш, айниқаса республика босқичига алоҳида тайёргарлик кўриш борасида зарур маслаҳатларини бериб ўтдилар.
Ана шу уч ташриф вақтининг ўзига эътибор қилган киши юртбошимизнинг ушбу ҳудудга куз ва қиш вақтида ташриф буюрганининг ҳикматини англайди. Чунки ушбу даврда республика ҳудудида қора совуқ ҳукмронлик қилади. Президентимиз эса қорақалпоқ халқининг ана шу совуқда қандай яшаётганидан хабар олишни ният қилиб боради бу юртга. Зотан, ўзларининг таъбири билан айтганда, “Одамлар эртага эмас, узоқ келажакда эмас, бугун яхши яшашни истайди”. Комил ишонч билан айтиш мумкинки, Президентимизнинг ана шу ибораси қанотли сўзлар қаторидан ўрин олади ва бутун олам аҳлининг, ҳар бир раҳбар шахснинг шиорига айланади. Зеро, бу – ўз халқини чин юракдан севган, унинг турмуши учун астойдил қайғурган кишининг қалбидан келган сўзлардир.
ЎМИ матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ҳеч шубҳа йўқки, халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг ўлимларига сабаб бўлган ҳодисалардан тортиб ҳазрати Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг ўлимларигача бўлган даврда бўлиб ўтган ҳодисалар Ислом учун, мусулмон уммати учун мисли кўрилмаган мусибат бўлди.
Ушбу ҳодисалар туфайли мусулмон уммати ўртасида бўлиниш юз берди. Ўша пайтгача бир тану бир жон бўлиб, бутун дунёга Ислом нурини таратиб келаётган, бутун инсониятга хайру баракани улашиб келган дунё тарихидаги энг яхши уммат ичида дарз пайдо бўлди. Авваллари бу уммат вакиллари ихтилоф нималигини билмас эдилар. Вақти келиб, улар аввал иккига, кейинроқ учга бўлиниб ихтилоф қилдилар. Худди ўша машъум ҳодисалар туфайли бошланган бу бўлинишлар секин-аста давом этиб, мусулмон умматининг соғлом танаси ичидан турли-туман тоифалар чиқди. Шийъа, рофиза, хавориж ва шунга ўхшаш бошқа ҳар хил тоифаларнинг келиб чиқиши айнан ана шу ҳодисалардан бошланган эди.
Мазкур ҳодисалар туфайли мусулмон уммати аввал ҳоким шахс ҳақидаги баъзи мулоҳазалар билан баҳс бошлаган бўлса, охири келиб иймон ва куфр борасида баҳс қиладиган, бир-бирини куфрга кетганликда айблайдиган даражага етди.
Ушбу ҳодисалар, аввало, фитначиларнинг ҳазрати Усмонга у киши ишга қўйган баъзи волийлар ҳақида шикоят қилишлари билан бошланган эди. Охири келиб хорижийлар ўзларига мухолиф бўлганларни, ҳатто ҳазрати Алийдек зотни кофирликда айблай бошлашди. Табиийки, қарши томондан ҳам ўзига яраша жавоб бўлди.
Ушбу ҳодисалар туфайли мусулмон уммати ичида бир-бирининг қонини ўзи учун ҳалол билиш ва бир-бирини ўлдиришни раво кўриш бошланди.
Биринчи марта фитначилар ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг қонлари ва молларини ўзларига ҳалол ҳисоблаб, у кишини ўлдириб, молларини талашди. Ана шу нобакорлик оқибатида ишлар ривож топиб, «Туя ҳодисаси»да, «Сиффин»да бир неча ўн минглаб киши ҳалок бўлди. Хорижийлар билан бўлган алоҳида ҳодисаларни қўшадиган бўлсак, бу ҳисоб яна ҳам ортади.
Бир тану бир жон бўлиб, дунё халқларини бирин-кетин бандаларнинг бандаларга сиғинишидан Аллоҳнинг ибодатига, нотўғри динларнинг жабридан Исломнинг адолатига, дунё торлигидан охират кенглигига, жоҳилият зулматларидан Ислом нурига чиқараётган уммат бир-бирини Роббига ибодат қилишдан чиқариш, бир-бирига жабр қилиш, Исломнинг кенглигидан ихтилоф торлигига, Ислом нуридан жаҳолат зулматига ўта бошлади.
Ушбу ҳодисалар туфайли мусулмон умматининг гули, етакчи кучи бўлмиш саҳобаи киромларнинг кўпчилиги нобуд бўлдилар. Уларнинг маънавий кучларига футур етди.
Ушбу ҳодисалар туфайли мусулмон уммати бошига тушган мусибатларни бирма-бир санаб чиқиш ниҳоятда оғир иш. Шунинг учун бу борада гапни қисқа қилганимиз маъқул.
Энди ижозатингиз билан мазкур ҳодисаларга баҳо бериш ҳақида бир неча оғиз сўз.
Бу ҳодисалар бўлиб турган вақтларнинг ўзидаёқ уларга баҳо бериш бошланган. Унда ҳар бир томон ўзини ҳақ, ўзгани ноҳақ деб билган. Тарафкашлик бўлиб турган жойда бундан бошқа нарса бўлиши мумкин ҳам эмас. Аммо мазкур ҳодисаларга баҳо бериш улар бўлиб ўтганидан кейин ниҳоятда авж олгани кутилмаган ҳол. Ушбу ҳодисалар бўлиб ўтгандан кейин турли сабабларга кўра уларни баҳолаш, «ким нима қилган-у, ким нима қилмаган, аслида нима қилиш керак эди», каби мавзуларда мунозаралар қизиб кетган. Бу борада ҳар ким ўша тўпалонлар юз берган вақтдаги ҳар бир ҳаракат ва саканот, ҳар бир оғиз гап ва сўздан ўз фикрини қўллашга, ўзганинг фикрини рад қилишга далил излаган. Тарафкашлик ва низо оловида қизиб кетиб, далил топа олмай қолган пайтларда ўзидан қўшиб юборишлар бўлмаганига эса ҳеч ким кафолат бера олмайди.
Тарафкашлик авж олган жойда ҳар ким ўзининг ҳақ эканини исбот қилишга уриниб, ўзида бўлмаган яхши сифатларни бемалол даъво қилганидек, ўзида бўлган салбий сифатларни тараддудсиз инкор этади. Шу билан бир вақтда, қарши тарафнинг барча яхшиликларини инкор этган ҳолда, барча ёмонликларни унга ағдаради. Мана шу жараёнда нима бўлса бўлади.
Ислом уммати ёлғон нима эканини билмас эди. Аммо фитначилар ўз қилмишларини хаспўшлаш, одамларни ортларидан эргаштириш мақсадида бу уммат ичига «ёлғон» деган иллатни олиб киришди. Жумладан, улар: «Бизга Алийдан хат келди» «Бизга Оишадан хат келди», «Бизга фалончидан хабар келди» «У дебди», «Бу дебди» деган ёлғонларни ҳам тарқатишган эди.
Фитначилар мазкур машъум ҳодисалар ўтиб кетганидан кейин ҳам ўз тарафини олиб, ўзгани танқид қилишда давом этаверишди. Бу нарсалар аста-секин авж ола бошлади. Тарафкашликда учига чиққан томонлар эса ўз гапларини тасдиқлаш учун оят ва ҳадисларни ноҳақ таъвил қилганлари етмагандек, ёлғонлар тўқиб, ҳатто уларга ҳадис сифатини беришгача етиб боришди.
Аммо масъул кишилар, уламолар бу нобакорликни дарҳол бўғиб ташлаш йўлига ўтдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга оид барча ривоятлар яхшилаб ҳимоя қилинди. Ҳадисларнинг даражаларини аниқлашнинг мустаҳкам қоидалари ишлаб чиқилди. Бу борада фитначиларнинг фитнаси ўтмади.
Аммо тарихчилар келтирган ривоятларга бу қадар эътибор қаратилмади, чунки тарих ҳақидаги ривоятлар дин ва эътиқод масалалари бўйича ривоятлар аҳамиятига эга эмас, деган ўй бор эди. Ўша пайтларда бўлиб ўтган ҳодисалар ҳақидаги ривоятлар тўпланди. Аммо уларни саралаш ва яроқсизини ташлаб юбориш ишлари қилинмади. Бу нарса айниқса ҳукмдорлик учун ўзаро кураш олиб борган тоифаларга қўл келди. Улар турли асоссиз ривоятлардан ўз манфаатлари йўлида фойдаланиш билан бирга, етмай қолган жойларига ўзларидан қўшиб юборишди.
Аста-секин саҳобаи киромларга тил теккизиш бошланди. Тил теккан саҳобийнинг тарафдорлари ўзига яраша жавоб беришди. Ҳар ким ўзи эргашган шахсни улуғлашга ўтди.
Айниқса, ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу ҳақларида бунга ўхшаш гап-сўзлар кўп учрайди. Баъзи ғулувга кетган тоифалар у зотни илоҳлик даражасигача кўтарган бўлишса, хорижийларга ўхшаш кимсалар: «Куфрга кетди», дейишган.
Яна бошқа бир тоифалар ҳазрати Алий розияллоҳу анҳунинг тарафларини олиш мақсадида у зотни мазлум қилиб кўрсатишга уриниб, бошқа бир нечта катта саҳобаларни эса кофирга чиқариб қўйишган.
Бу масалаларга бағишланган мажлислар, жанжаллар бўлди, китоблар ёзилди, хутбалар ўқилди. Нима бўлса бўлди, лекин ихтилоф кўпайиб бораверди.
Ниҳоят, мусулмонлар жумҳури – аҳли сунна вал жамоа бу масалада ижмоъ ила энг адолатли ва сўнгги нуқтани қўйди: орада бўлиб ўтган кўнгилсиз ҳодисаларда ҳазрати Алий ва у зотнинг тарафдорлари ҳақ бўлганлар. Улар ҳақида бошқача гап бўлиши мумкин эмас. Бунга далил ва ҳужжатлар етарли. Уларнинг энг ишончли ва кучлиси Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган саҳиҳ ҳадислардир. Хусусан, Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу ва Зул Садяйнининг ҳазрати Алий розияллоҳу анҳунинг фазилатлари ҳақидаги, келажакда бўладиган фитналар ҳақидаги ҳадислари фикримизга далил бўла олади.
Орада бўлиб ўтган кўнгилсиз ҳодисаларнинг айбдорлари Ибн Сабаъ бошлиқ фитначилар ва хорижийлардир, барча қилинган гуноҳлар уларнинг бўйнида. Улар ҳақида бошқа гап бўлиши мумкин эмас.
Фитначилар асосан Миср, Басра ва Куфада тухум қўйиб, урчиб кетишди. Фитнанинг бош қароргоҳи Миср эди. Унинг Ислом жамиятининг марказидан узоқда жойлашгани, у ерда ҳақиқий уламоларнинг, хусусан, саҳобаларнинг кам бўлгани ва бошқа шунга ўхшаш омиллар фитначиларнинг ўз фикр-мулоҳазаларини авом халққа етказишларига катта имкон берар эди.
Орада бўлиб ўтган кўнгилсиз ҳодисаларда фитначиларга ҳам, ҳазрати Алий розияллоҳу анҳуга ҳам қўшилмаган, балки у зотга талаб қўйиб, талаби бажарилгандагина байъат қилишларини айтган тоифа ҳам бор эди. Уларнинг гаплари ва қилган ишлари «Туя» ва «Сиффин» ҳодисаларидан ҳаммамизга маълум. Ушбу тоифанинг машҳур шахслари сифатида Талҳа ибн Убайдуллоҳ, Зубайр ибн Аввом, Муовия ибн Абу Суфён ва Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумни эслаш мумкин. Аҳли сунна вал жамоа мусулмонлари уларни: «Хато таъвил ва ижтиҳод қилганлар», деб баҳолайди. Улар ҳақоратланмайдилар, ёмонланмайдилар. Балки саҳобий бўлганлар бошқа саҳобаи киромлар билан бир қаторда кўрилади.
Уламоларимиз ва мусулмонлар жумҳури бу ишда ғоятда талабчан бўлгани сабабли бу ҳақда ҳар бир мусулмон шахс эътиқод қилиши лозим бўлган нарсани ақийда китобларимизга битиб ҳам қўйганлар.
Жумладан, аҳли сунна вал жамоанинг энг машҳур ақийда китобларидан бири бўлмиш «Ақийдаи Таҳовийя»да қуйидагилар айтилади:
«Биз уларнинг ҳаммалари ҳақида яхшилик билан: «Роббимиз, бизни ва биздан аввал иймон билан ўтган биродарларимизни мағфират қилгин, иймон келтирганларга нисбатан қалбимизда ғашлик қилмагин. Роббимиз, албатта, Сен ўта шафқатлисан, ўта раҳмлисан», деймиз (Ҳашр сураси, 10-оят).
Аллоҳ таоло бизнинг қўлларимизни ўз вақтида бўлиб ўтган фитнадан асраган. Биз Аллоҳдан тилларимизни ҳам мазкур фитнадан сақлашини сўраймиз».
«Ислом тарихи» биринчи жузи асосида тайёрланди