Ўткинчи дунё бу. Барчамиз меҳмонмиз, охиратда умримизни қандай ўтказганимиздан сўраламиз. Аллоҳ таоло Такосур сурасида марҳамат қилиб айтганидек, «Сўнгра, албатта, Ул кунда (охиратда) неъматлар ҳақида сўралурсиз!»
Инсонга ато этилган неъматларнинг улуғи – вақт ва умр неъматидир. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб дедилар: «Банда қиёмат куни тўрт нарсадан сўралмагунча, бир қадам ҳам олдинга силжий олмайди. Бу саволлардан биринчиси, умрини нима билан ўтказгани; иккинчиси, ёшлик даврида нима билан машғул бўлгани; учинчиси, мол-дунёни қай йўсинда топгани ва нималарга сарфлагани; тўртинчиси, ўрганган илмига қандай амал қилганидир» (Баззор ва Табароний ривоят қилган).
Мол-давлатини беҳад авайлайдиган инсон аслида бебаҳо вақтига бундан-да эътиборлироқ бўлмоғи, уни фақат хайрли ўринларда, эзгу мақсадларга ишлатмоғи лозим.
Салафи солиҳлар вақтга жуда харис эдилар. Чунки у зотлар вақт қадрини яхши англардилар. Улуғ имомлар ҳар бир вақтни фойдали илм, яхши амал, нафсга қарши кураш ёки бошқаларга фойда етказиш билан ўтказиб охират ғамини ердилар.
Ҳасан Басрий раҳматуллоҳу алайҳ айтади: «Шундай зотлар бор эдики, сизлар дирҳам-динорларингизга ҳарис бўлганингиздек, улар вақтларига шундай ҳарис эдилар».
Оилада болаларга вақфтни тўғри тақсимлаб беришда ота-онанинг муҳим ўрни бор, албатта, агарда болаларни вақтдан унумли фойдалантирсак уларнинг илмини зиёда қилиб, келажакда элу юрт корига ярайдиган авлод қилиб улғайтирамиз, ишоаллоҳ.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб, айтадилар:«Беш нарсадан олдин беш нарсани ғанимат бил: кексаликдан олдин ёшликни, бетобликдан олдин саломатликни, фақирликдан олдин бойликни, бандликдан олдин бўш вақтингни, ўлимингдан олдин тирикликни».
Айтадиларки, «бўш вақтини ғанимат билмайдиган, ундан унумли фойдалана олмайдиган одам иш вақтини ҳам ғанимат билмайди».
Муҳтарам азизлар, буш вақтни ғанимат билиб, китоб ўқиб, оилада фарзандлар тарбиясига мустаҳкам бўлсак, иншоаллоҳ, вақтни ғанимат билган бўламиз.
А.ҲАБИБУЛЛАЕВ,
Шўрчи туман бош имом-хатиби
Биласизми? Силикат моддасига бой бўлган тупроққа дафн қилинган инсоннинг скелети вақт ўтиши билан тош ва харсангга айланади.
Агар у пирит (темир сульфиди) моддасига бой минтақага дафн қилинса, ундай жасад темир ҳайкалга айланиб қолиши мумкин!
Бу илмий ҳақиқат яқинда аниқланган бўлса-да, Қуръонда бу ҳақида 1445 йил олдин ҳайратланарли тарзда жуда аниқлик билан баён этилган. Қуръонда бундай дейилган:
وَقَالُوا أَإِذَا كُنَّا عِظَامًا وَرُفَاتًا أَإِنَّا لَمَبْعُوثُونَ خَلْقًا جَدِيدًا
"Улар: “Биз суякларга ва чанг- тупроқларга айланиб кетганимиздан кейин ҳам, янгитдан тирилтириламизми?” дедилар. “Сен уларга, тошга ёки темирга айланинглар”, деб айт"
(Исро сураси, 50-оят).
Бу оят яқин йилларда кашф этилган — суяклари тошга айланган ёки темир ҳайкалга айланган қазилмаларга очиқ ва равшан ишора қилмоқда. Гўёки Қуръонда хабар берилган ушбу далиллар олимлар кашф қилишларини узоқ асрлардан бери кутиб ётгандек.
Шундай экан, ақлли инсон бундай очиқ-ойдин ва равшан мўъжизани қандай инкор қила олади? Қуръоннинг бу мўъжизаси кундуздаги қуёшдек равшан эмасми?
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ