Олти ака-ука орасида ўсганим учунми, феълим сал қаттиқроқ. Шу боис умр йўлдошим бир сўзли, бошқалар ундан ҳайиқадиган одам бўлишини истардим. Тақдирни қарангки, эрим жуда ювош чиқди. Баъзан онамга: “Шунақа ҳам бўшанг бўладими, бақириб-чақирса ҳам, айтганини қилдирса майли эди...” дердим. Онам эса: “Ўтни ўт ўчирмайди, болам. Бир яхшилиги бор, Худойим шу тақдирни раво кўрган...” дерди.
Аслида эримнинг рўзғор тебратиши, эҳтиёжларимни таъминлашидан шикоятим йўқ. Фақат унда шиддат, журъат етишмаётгандек туюларди. Асабийлашсам, босиқлик билан: “Арзимас нарса учун бунчалик ғазабланишинг яхшимас”, деб қўярди. Оғир-вазминлигидан баттар аччиғим келарди. Бир қизли бўлдик. Кунларнинг бирида яна йўқ нарсадан жанжал чиқардим ва бу сафар эримнинг жаҳлини чиқаришга эришдим. Шунда ҳам бақирмади, бир оз овозини кўтариб: “Айтганим-айтган, деганим-деган бўлиши мумкин. Аммо бу ишим билан бировга зулм қилиб қўйишдан қўрқаман”, деди. Кейин менга гапирмай қўйди. Бир кун ўтди, икки кун... эримдан сас-садо йўқ. Ўзим гапириб кетаверай десам, ғурур йўл қўймасди, бунинг устига ҳайиқиб қолган эдим. Юрагим сиқилди. Таскин ахтариб, эрим ўқиб юрадиган китобларни бир-бир варақлашга тушдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва оилалари ҳақидаги ибратли китобни ўқий бошладим. Китобда баён этилган воқеада эр-хотин бир-бирининг феълида заифлик кўрса, қандай йўл тутиши зарурлиги кўрсатилган, кишининг имон-эътиқоди, тақвоси муҳим, баъзи камчиликларига эса Аллоҳ учун сабр қилиниши айтилган эди.
Бетдан-бетга ўтарканман, ёмон феълим бор бўйи билан намоён бўларди. Демак, мен энди ўқиётганларни эрим олдиндан билган экан... Мен-чи?.. У менинг хархашаларимга сабр қилиши учун тақво, имон-эътиқодга эгамидим? Эрим кўнглимни меҳр-муҳаббат билан юмшатишга ҳаракат қиларди. Мен эримнинг босиқлигини, ҳалимлигини бўш-баёвликка йўйибман. Кўз ёшларим юзимни ювди. “Аллоҳ қалбингни очсин, кўнглингга солсин...” Эрим менга кўп бор шундай дерди. Бу дуонинг ҳикматини ўша лаҳзаларда тушундим. Неча кундан бери ичимни кемираётган “Энди кечирмайди”, деган қўрқув тарқади. Чунки бир неча бетнигина ўқиганимда, кўнглимни юмшатган бундай китоблар эримнинг неча йиллик йўлдошларидир...
Ўша кунги иқрорим эримни жуда хурсанд қилди. Шу зайлда у кишидан кенгфеълликни, сабр қилишни ўргандим. Биз учун кимда ёки нимада яхшилик борлигини Аллоҳ таоло билади.
АНБАРХОН
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ўғил ҳар ойлик маошини онасига топширар, унинг юзидаги табассумни кўриб, ўзини дунёдаги энг бой инсон деб ҳисобларди.
Йиллар ўтиб, онаси оламдан ўтди. Навбатдаги маошини олган ўғил бир зум не қиларини билмай қолди-ю, бир қарорга келди: «Пулларни онамнинг номидан эҳсон қиламан».
Шу кундан эътиборан, у ҳар ой масжидларга сув куллерлари ўрнатишни одат қилди. Намозхонлар сув ичиб, онасининг ҳақига дуо қилишларидан қалби таскин топарди.
Кунлардан бир кун маҳалла масжидида янги куллер ўрнатилганини кўриб, «Аттанг, бу сафар кечикдим-а», деб ўкинди. Шунда ёнига имом келиб:
– Хайрли ҳадя учун раҳмат, – деди.
– Узр, адашдингиз, шекилли. Буни мен олиб келмадим...
– Йўқ, адашмадим. Буни сизнинг номингиздан ўғлингиз келтирди.
Орқасига ўгирилган ота жилмайиб турган ўғлига кўзи тушди.
– Болам, бунга пулни қаердан олдинг? – ҳаяжондан кўзлари ёшланди отанинг.
– Ота, анчадан бери менга берадиган пулларингизни йиғиб юргандим. Сиз бувижоним учун хайрли иш қилаётганингизни кўриб, мен ҳам сиз учун шундай қилишни истадим.
Отанинг кўзларидан қувонч ёшлари сизиб чиқди. У ўғлига насиҳат қилмаган, шунчаки ўз амали билан намуна бўлганди.
Ҳа, фарзандлар эшитган гапларини унутиши мумкин, аммо кўрган амалларини ҳеч қачон унутмайди. Бугун ота-онамизга қилган яхшилигимиз эртага фарзандларимиздан албатта қайтади.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ