Урф-одатларимизга зид ҳолатларни оқлашга уринадиганларни кўриб, одамнинг дили оғрийди.
Бир танишим яқинда ўғил уйлантирди. Тўрт нафар боласи бор. Тўйни ихчам ўтказиш ҳақида маслаҳатлар бердик. У бўлса: «Элдан қолмайман, менинг ҳам орзу-ҳавасларим бор», деб жавоб қилди. Хуллас, югуриб-елиб шаҳардаги қиммат тўйхоналардан бирини гаплашди. Келин бўлмишнинг ижарага олинган оқ либоси учун хийла пул тўлашди. Яна у тўйхонага, албатта, "лимузинда" бориши керак экан. Базмда даврани олиб бораётган хонандадан ташқари, яна “бирровчи"га қўшиқчилар ҳам анча бўлди. Санъаткорларнинг кўплиги тўй эгасининг обрўйи баландлигини билдирармиш. Тўй эгаси йиллаб меҳнат қилиб топган пулларини, олтиндан қимматли вақтларини елга совурди.
Эртасига тонгда келинчакни саломга олиб чиқишди. Ҳамма расм-русум, олди-берди адо этилгач, "Хайрият, бугунгиси чиройли ўтди", деб турсак, ўртачи аёл келинни курсига ўтқизиб, алла айта бошлади. Кейин у:
– Келинчак ўғил кўрди, қани, амакиси, тоғаси, аммасию холаси... суюнчини чўзинг! – деса бўладими?
Яхши ният яхши, албатта. Майли, фарзанд сўралсин. Лекин яхши тилак тама қилиш манбаига айланса, жуда хунук бўларкан.
Бир ўйлаб кўрайлик, бу ишларимиз билан савоб топяпмизми, гуноҳми? Тўйларимизни ўтказишда динимизга ҳам, миллийлигимизга ҳам ярашмайдиган одатлар қаердан келди?
Ота-оналар фарзандларининг уйларини чет эл жиҳозлари билан безашдан олдин уларнинг қалбини маънавий бойликлар билан тўлдиришсин. Қизларимиз бир марта кийиш учун фалон сўм тўланадиган оқ кўйлакни эмас, ҳаё либоси ҳақида кўпроқ ўйласин. Йигитларимиз топган пулларини илм-ҳунар ўрганишга бағишласин. Ҳақиқий ўзбекчилик ана шулар бўлади!
Тўй, маърака ва маросимларни тартибга солиш бўйича Президентимиз фармонлари, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг фатволари, махсус тавсиялар бор. Бу борада амалга оширилаётган ишлар фақат мутасадди ташкилотларга тегишли эмас. Ушбу масалада ҳар биримиз масъул эканимизни унутмайлик.
Гули АБДУРАҲИМОВА
“Ҳидоят” журналидан олинди
Эр-хотин тез-тез уришиб қолаверди. Шунда аёли эрига:
– Дадаси, қўшниларимиз бирор марта уришганини эшитмадим. Биз эса тез-тез жанжаллашиб қоляпмиз. Қарши бўлмасангиз, қўшни аёлдан бунинг сирини билиб келаман, – деди.
Эри рози бўлди. Аёл қўшни аёл билан суҳбатлашгани чиқиб, ундан оилада осойишталикни сақлаш сири ҳақида сўради.
Бу пайтда қўшни аёл ошхонада овқат қилаётган, унинг эри эса столда бир нималарни ёзиб ўтирганди. Шунда бирдан телефон жиринглади. Эри телефон олдига борар экан, бехос стол устида турган вазани туртиб юборди. Ваза ерга тушиб, синди. Бу ҳолни кўрган аёли дарров келиб вазани синиқларини тера бошлади. Эри аёлига айбдорона қараб, узр сўради. Аёли эса: “Аслида мен сиздан узр сўрайман. Чунки вазани стол устига – ноқулай жойга қўйган эканман”, деди.
Бу ҳолни кузатган қўшни аёл уйига қайтиб келди ва нималар кўрганини айтиб берди. Сўзи якунида: “Оддий бир ишда улар иккаласи ҳам ўзини айбдор ҳисобларкан. Биз эса ҳар ишда ўзимизни ҳақ, деймиз. Жанжалимиз сабаби шундан экан”, деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Ҳақ бўла туриб жанжални тарк этган кишига жаннат ёнидаги бир уйга кафилман. Ҳазилдан бўлса ҳам, ёлғонни тарк этган кишига жаннат ўртасидаги бир уйга кафилман. Чиройли хулқли кишига жаннатнинг энг юқорисидаги бир уйга кафилман» (Имом Абу Довуд ривояти).
Мана, осойишталик сири нимада экан!
Акбаршоҳ Расулов