Урф-одатларимизга зид ҳолатларни оқлашга уринадиганларни кўриб, одамнинг дили оғрийди.
Бир танишим яқинда ўғил уйлантирди. Тўрт нафар боласи бор. Тўйни ихчам ўтказиш ҳақида маслаҳатлар бердик. У бўлса: «Элдан қолмайман, менинг ҳам орзу-ҳавасларим бор», деб жавоб қилди. Хуллас, югуриб-елиб шаҳардаги қиммат тўйхоналардан бирини гаплашди. Келин бўлмишнинг ижарага олинган оқ либоси учун хийла пул тўлашди. Яна у тўйхонага, албатта, "лимузинда" бориши керак экан. Базмда даврани олиб бораётган хонандадан ташқари, яна “бирровчи"га қўшиқчилар ҳам анча бўлди. Санъаткорларнинг кўплиги тўй эгасининг обрўйи баландлигини билдирармиш. Тўй эгаси йиллаб меҳнат қилиб топган пулларини, олтиндан қимматли вақтларини елга совурди.
Эртасига тонгда келинчакни саломга олиб чиқишди. Ҳамма расм-русум, олди-берди адо этилгач, "Хайрият, бугунгиси чиройли ўтди", деб турсак, ўртачи аёл келинни курсига ўтқизиб, алла айта бошлади. Кейин у:
– Келинчак ўғил кўрди, қани, амакиси, тоғаси, аммасию холаси... суюнчини чўзинг! – деса бўладими?
Яхши ният яхши, албатта. Майли, фарзанд сўралсин. Лекин яхши тилак тама қилиш манбаига айланса, жуда хунук бўларкан.
Бир ўйлаб кўрайлик, бу ишларимиз билан савоб топяпмизми, гуноҳми? Тўйларимизни ўтказишда динимизга ҳам, миллийлигимизга ҳам ярашмайдиган одатлар қаердан келди?
Ота-оналар фарзандларининг уйларини чет эл жиҳозлари билан безашдан олдин уларнинг қалбини маънавий бойликлар билан тўлдиришсин. Қизларимиз бир марта кийиш учун фалон сўм тўланадиган оқ кўйлакни эмас, ҳаё либоси ҳақида кўпроқ ўйласин. Йигитларимиз топган пулларини илм-ҳунар ўрганишга бағишласин. Ҳақиқий ўзбекчилик ана шулар бўлади!
Тўй, маърака ва маросимларни тартибга солиш бўйича Президентимиз фармонлари, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг фатволари, махсус тавсиялар бор. Бу борада амалга оширилаётган ишлар фақат мутасадди ташкилотларга тегишли эмас. Ушбу масалада ҳар биримиз масъул эканимизни унутмайлик.
Гули АБДУРАҲИМОВА
“Ҳидоят” журналидан олинди
Ватан – бу инсоннинг туғилиб ўсган ери, унинг гўдаклик чоғиданоқ меҳр қўйган ўчоғи, маҳалласи ва қишлоғи билан таърифланади. “Ватан” сўзи араб тилида туғилиб ўсган жой, она юрт маъносини англатади. Ватанга муҳаббат юксак инсоний фазилат. Бу борада: “Ватанни севмоқ иймондандир” ҳикматини эсга олишнинг ўзи кифоядир. Бизга маълумки, Ватанга бўлган муҳаббат жой, макон ва вақт танламайди. Бу туйғу инсон туғилиши билан вужудга келиб, вафот этиши билан ўз поёнига етади.
Ватанга меҳр эса она сути билан қалбга сингади. Шу ўринда Имом Бухорий, Имом Термизий, Бурҳониддин Марғилоний, Қаффол Шоший, Фаробий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Ал-Хоразмий, Мирзо Улуғбек, Аҳмад Фарғоний каби буюк алломаларимиз Ватанга бўлган кучли муҳаббатлари туфайли кўплаб асарларини юрт номи билан боғлаганлари тарихдан маълум.
Буюк аждодларимиз Нажмиддин Кубро Ватан ҳимоячиси қандай бўлишига ёрқин мисол бўла олади. Минглаб муридларга эга бўлган бу тариқат пешвоси мўғуллар бостириб келганлигидан хабар топгач, биринчилардан бўлиб Ватан ҳимоясига отланади. Мўғул ҳукумдорлари Нажмиддин Кубронинг халқ орасидаги обрў-эътиборини кўриб, унга шаҳарни ташлаб, ўзи ихтиёр қилган тарафга кетишини таклиф қилади. Бироқ, ватанини ўз жонидан устун билган Нажмиддин Кубро босқинчиларга қарши жангга киришади, лашкарларни олға чорлаб бораётганида шаҳид бўлади. Жалолиддин Мангубердининг эса моҳир лашкарбошилиги, жасорати ва мардлиги мўғул империяси ҳукмдори Чингизхонни лол қолдиргани тарих саҳифаларидан маълум. У Жалолиддиннинг шаънига мақтов сўзларини изҳор этиб: “Отадан дунёда ҳали бундай ўғил туғилмаган. У саҳрода шер каби ғолиб жангчи, дарёда эса наҳанг (акула) каби ботирдир”, дейди ва ўғилларига юзланиб: “Отага шундай ўғил зарурки, у икки гирдоб – олов ва сув гирдобидан озодлик майдонига чиқа олади”, деб таърифлаши унинг мардлигини тан олганини англатади.
Бир сўз билан айтганда, минг йиллар давомида юртимизга кўплаб босқинчилик ҳужумлари бўлган. Барча замонларда ўз юрти ҳимояси учун босқинчиларга қарши озодлик байроғини баланд кўтарган ватанпарвар йўлбошчилар, миллат қаҳрамонлари душманлар билан тинимсиз кураш олиб борган.
Ватанни севиш уни ҳимоя қилиш савобли иш. Унга хиёнат қилиш эса кечирилмайдиган катта гуноҳ бўлса-да, айрим кишилар ўз ватанини ташлаб ўзга юртларда ватангадолик қилиб юрганликларига нима дейиш мумкин.
Боболаримиздан мерос бўлиб келаётган “Ўзга юртда шоҳ бўлгунча ўз юртингнинг гадоси бўл” деган ҳикматли сўзга кўра, бу инсонларда на ватан, на инсонийлик, на ота-онага бўлган ҳурмат, ака-ука, опа-сингилга бўлган меҳр, қавму қариндош ва қўни қўшничиликка нисбатан оқибатни акс этмаганини кўришимиз мумкин. Уларнинг айримлари эса турли радикал диний-экстремистик ташкилот ва оқимларга қўшилиб кетаётгани кишини ажаблантиради. Улар ўзга айрим манфаатдор ёвуз кишиларнинг найрангига учиб ўз ватанидан, оиласидан ҳатто ота-онасидан ҳам воз кечиб кетмоқда… Бундай хислат инсонийлик меъзонига хам тўғри келмайди. Зеро, инсон ўз ватани равнақи учун фидоийлик кўрсатиши, бу йўлда керак бўлса, жонини ҳам беришга тайёр бўлиши лозимдир.
Донишмандлардан бирининг айтишича: “Ватан бир боғдир, Ватаннинг содиқ фарзандлари бу боғни ўз юрак қонлари ила суғармаклари даркордир”. Ўзини ватан фарзанди деб ҳисобловчи инсон бутун тану-жони билан юрак қони ила ватан боғини яшнатиш учун хизмат қилиши керак. “Ватан остонадан бошланади”, деганидек ватан ҳар бир кишининг қалбидан, виждонидан бошланади.
Маъруфхон Алоходжаев,
Наманган шаҳар “Абдулқодир қори” жоме
масжиди имом-хатиби