Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга етти нарсани буюрдилар ва етти нарсадан қайтардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга жанозага эргашишни, касални бориб кўришни, чақирилган жойга боришни, мазлумга ёрдам беришни, қасамни оқлашни, саломга алик олишни, акса урган кишини дуо қилишни буюрдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизни кумуш идишни ишлатишдан, тилла узук тақишдан, ипак матодан кийим кийишдан, жуда юпқа (нафис) либос кийишдан, тилла ипдан тўқилган матодан кийим кийишдан қайтардилар” (Имом Бухорий ривояти).
Шарҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга нимани буюрган бўлсалар, унга амал қилишимиз, нимадан қайтарган бўлсалар, ундан тийилишимиз дунё ва охиратимиз саодати гаровидир.
Жаноза – фарзи кифоя. Жаноза дейилганда, жаноза намози ва маййитни дафн этиш тушунилади. Жаноза намози каби маййитни дафн этиши ҳам фарзи кифоядир. Жаноза намозида қатнашган киши бир қийрот ажр олади, маййитни дафн этишда ҳам иштирок этса, икки қийрот савобга эга бўлади.
Тобутни тўрт киши кўтариши суннатдир. Тобутдан олдин юрилмайди, шовқин қилмасдан, тобутни силкитмай тез юрилади. Маййит қабрга қўйилмасдан олдин ўтирилмайди.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Бир мусулмоннинг жанозасида имон ва сабр-тоқат билан қатнашган киши икки қийрот ажр билан қайтади”, дедилар (Имом Бухорий ва Имом Абу Довуд ривояти).
Хаста кишини бориб кўриш суннатдир. Баъзилар касал кишини бориб кўриш вожиб ҳам дейишган. Ҳадиси шарифда бундай дейилган: “Касалларни бориб кўринглар, очларга таом беринглар, қийналган кишиларни қутқаринглар” (Имом Бухорий ривояти). Имом Муслим ривоятидаги ҳадисда: “Ким бир мусулмон биродарини бориб кўрса, то қайтиб келгунича жаннат мевалари ичра бўлади”, дейилган. Касал кўргани борган киши беморнинг бош тарафида ўтириб, унинг кўнглини кўтарадиган илиқ сўзлар айтиши, пешонасига қўлини қўйиб меҳрибонлик қилиши ва уни толиқтириб қўядиган даражада кўп ўтирмай, тезда чиқиши одобдандир. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): «Касал кўргани борган киши “Аллоҳумма ишфи абдака” (“Эй Аллоҳ, бандангга шифо бер”), деб айтсин», деганлар (Имом Муслим ривояти).
Ҳар бир дард сабабли банда чеккан азиятлари эвазига гуноҳлари каффорат қилинади. Шунинг учун хаста кишини бориб кўриб, ундан дуо олинади. Умму Сулайм розияллоҳу анҳо айтади: «Мен касал бўлдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени кўргани келдилар ва: “Эй Умму Сулайм, ...агар сен бу хасталикдан соғайсанг, худди темир занги оловда тозаланганидек гуноҳлардан покланасан”, дедилар» (Имом Абу Довуд ривояти).
Чақирилган жойга бориш мўминларнинг бир-бирларидаги ҳақларидандир. Уламолар никоҳ эълони учун чақирилган жойга бориш лозим, дейишган.
Қўлидан келса, мазлум кишига ёрдамлашиш вожиб бўлади. Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: “Биродаринг золим бўлса ҳам, мазлум бўлса ҳам ёрдам бер”. Шунда бир киши: “Эй Расулуллоҳ, мазлумга-ку ёрдам берамиз, аммо золимга қандай қилиб ёрдам бериш мумкин”, деди. Шунда Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Золимни зулм қилишдан қайтаришинг, унга қилган ёрдаминг бўлади”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Бир бандаи мўминни мунофиқнинг зулмидан ҳимоя қилган кишини қиёматда фаришталар дўзах оловидан ҳимоя этади. Қудсий ҳадисда бундай дейилади: “Иззат ва Жалолимга қасамки, албатта, золимдан тезда ва кейин ҳам интиқом оламан. Албатта, мазлумни кўриб ёрдам беришга куч-қуввати етиб унга кўмаклашмаган кишидан интиқом оламан” (“Китобут тавбеҳ”, Имом ибн Ҳиббон ривояти).
Пайғамбаримиз алайҳиссалом бўлар-бўлмас нарсаларга қасам ичишдан қайтарганлар. Аммо киши қасам ичса, уни оқлаши, агар қасамини бузса, каффорат тўлаши лозим бўлади.
Салом бериш суннат, унга алик олиш фарздир. Бир жамоадан бир киши саломга алик олса, бошқаларидан соқит бўлади. Агар ҳеч ким жавоб бермаса, барча бирдек гуноҳкор бўлади.
Саломни эшитган ёки лабларидан салом бериш ифодасини англаган кишининг алик олиши вожибдир.
Акса урган киши “алҳамдулиллаҳ”, деса, уни эшитганлар “ярҳамукаллоҳ”, дейиши лозим.
Эркак кишига ҳам, аёлга ҳам кумуш ёки олтин идишларни ишлатиш, яъни унда таом истеъмол қилиш, сув ичиш мумкин эмас. Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Олтин ва кумуш идишларда сув ичманглар ва уларда овқатланманглар”.
Эркаклар олтин узук тақишдан қайтарилган. Подшоҳ ёки қозилар зарурий ҳолларда кумуш узук тақиши мумкин, холос.
Ипак матодан бўлган кийимларни кийиш эркак кишиларга ҳаромдир. Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ипак ҳарирни олиб ўнг ёнларига, бир олтинни олиб чап ёнларига қўйдилар. Сўнгра мана шу иккаласи умматимнинг эркакларига ҳаромдир”, дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).
Абдувоҳид ЎРОЗОВ,
Тошкент шаҳридаги “Пул емас ота” жоме масжиди имом ноиби
Набавий башорат
Имрон ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Сизнинг яхшиларингиз менинг асримдагилардир. Сўнгра улардан кейин келадиганлар, сўнгра улардан кейин келадиганлар”.
Имрон розияллоҳу анҳу: “У зот алайҳиссалом икки марта ёки уч марта айтдиларми, билолмадим”, деди. “Кейин шундай бир қавм келадики, улар гувоҳлик сўралмаган ҳолда гувоҳлик беришади, хиёнат қилишади, омонатдор бўлишмайди, назр қилиб, вафо қилишмайди, уларда семизлик пайдо бўлади”» (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Ҳадис шарҳи
Уламолар ушбу ҳадисда касаллик ёки бошқа физиологик хусусиятлар туфайли туғма семизлик эмас, балки айнан овқатга очкўзлик ва нафсни тиймаслик, ортиқча овқатланиш натижасида орттирилган семизлик ҳақида гап кетаётганини айтишади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида семизлик кенг тарқалган ҳодиса эмас эди ва саҳобалар бу муаммони хаёлларига ҳам келтиришмаган. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларининг ҳолидан хавотирга тушганлар.
Семириш – глобал эпидемия
Бугунги кунда ортиқча вазнга эга бўлиш, семириб кетиш инсониятни ташвишга солаётган муаммолардан биридир. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) семиришни глобал эпидемия деб эълон қилган.
Агар шу ҳолат давом этса…
Сўнгги 50 йил ичида одамларда вазн ортиши динамикаси кескин ортди. Бугунги кунда Ер сайёрасида 2,5 миллиарддан ортиқ одам (38%) ортиқча вазнга эга. Агар шу ҳолат давом этса, 2035 йилга келиб бу кўрсаткич 50%дан ошиши мумкин ва инсониятнинг ярмидан кўпида семириш ташхиси қўйилади.
Семизлик ёш танламайди
Семириб кетиш фақат катталар учун эмас, ҳатто болалар ва ўсмирлар орасида ҳам тез ўсиб бораётгани янада хатарлидир. Ҳар йили 2,8 млн ўлим ортиқча вазн сабаб содир бўлади.
Семиришнинг сабаби нима?
Диетологларнинг фикрига кўра, ҳозирги вақтда истеъмол қилинаётган озиқ-овқатлар ниҳоятда осон ҳазм бўлади ва зарур бўлган калориядан бир неча баравар кўп концентрацияни ўз ичига олади. Одамлар бундай овқатларни тобора кўп истеъмол қилишлари оқибатида семизлик келиб чиқмоқда. Албатта, бу сабаблардан бири.
Ортиқча овқат – шаҳватни келтириб чиқаради!
Ортиқча овқатланиш шаҳват кучайишига олиб келади. Натижада инсоннинг ҳар қандай ёмонликка бошлайдиган нафсига қарши курашиши қийинлашади. Шунинг учун меъёрида овқатланиш, нафл рўза тутиш мақсадга мувофиқ.
Ўз нафсингиз билан бўладиган оғир жангда муваффақият ва зафарлар тилаймиз.
Олдини олиш учун нима қилиш керак?
Соғлом овқатланиш, жисмоний тарбия билан шуғулланиш. Айниқса кўпроқ пиёда юриш – қон-томир касалликлари, инсульт, хавфли ўсмалар ва қандли диабет каби касалликларнинг олдини олади.
Даврон НУРМУҲАММАД