Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
10 Январ, 2025   |   10 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:48
Пешин
12:36
Аср
15:32
Шом
17:16
Хуфтон
18:35
Bismillah
10 Январ, 2025, 10 Ражаб, 1446

Ҳадис шарҳи: Расулуллоҳ с.а.в. буюрган 7 нарса

19.12.2017   7104   5 min.
Ҳадис шарҳи:  Расулуллоҳ с.а.в. буюрган 7 нарса

 

Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга етти нарсани буюрдилар ва етти нарсадан қайтардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга жанозага эргашишни, касални бориб кўришни, чақирилган жойга боришни, мазлумга ёрдам беришни, қасамни оқлашни, саломга алик олишни, акса урган кишини дуо қилишни буюрдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизни кумуш идишни ишлатишдан, тилла узук тақишдан, ипак матодан кийим кийишдан,  жуда юпқа (нафис) либос кийишдан, тилла ипдан тўқилган матодан кийим кийишдан қайтардилар(Имом Бухорий ривояти).

Шарҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга нимани буюрган бўлсалар, унга амал қилишимиз, нимадан қайтарган бўлсалар, ундан тийилишимиз дунё ва охиратимиз саодати гаровидир.

Жаноза – фарзи кифоя. Жаноза дейилганда, жаноза намози ва маййитни дафн этиш тушунилади. Жаноза намози каби маййитни дафн этиши ҳам фарзи кифоядир. Жаноза намозида қатнашган киши бир қийрот ажр олади, маййитни дафн этишда ҳам иштирок этса, икки қийрот савобга эга бўлади.

Тобутни тўрт киши кўтариши суннатдир. Тобутдан олдин юрилмайди, шовқин қилмасдан, тобутни силкитмай тез юрилади. Маййит қабрга қўйилмасдан олдин ўтирилмайди.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): Бир мусулмоннинг жанозасида имон ва сабр-тоқат билан қатнашган киши икки қийрот ажр билан қайтади”, дедилар (Имом Бухорий ва Имом Абу Довуд ривояти).

Хаста кишини бориб кўриш суннатдир. Баъзилар касал кишини бориб кўриш вожиб ҳам дейишган. Ҳадиси шарифда бундай дейилган: Касалларни бориб кўринглар, очларга таом беринглар, қийналган кишиларни қутқаринглар (Имом Бухорий ривояти). Имом Муслим ривоятидаги ҳадисда: Ким бир мусулмон биродарини бориб кўрса, то қайтиб келгунича жаннат мевалари ичра бўлади, дейилган. Касал кўргани борган киши беморнинг бош тарафида ўтириб, унинг кўнглини кўтарадиган илиқ сўзлар айтиши, пешонасига қўлини қўйиб меҳрибонлик қилиши ва уни толиқтириб қўядиган даражада кўп ўтирмай, тезда чиқиши одобдандир. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): «Касал кўргани борган киши “Аллоҳумма ишфи абдака” (“Эй Аллоҳ, бандангга шифо бер”), деб айтсин», деганлар (Имом Муслим ривояти).

Ҳар бир дард сабабли банда чеккан азиятлари эвазига гуноҳлари каффорат қилинади. Шунинг учун хаста кишини бориб кўриб, ундан дуо олинади. Умму Сулайм розияллоҳу анҳо айтади: «Мен касал бўлдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени кўргани келдилар ва: Эй Умму Сулайм, ...агар сен бу хасталикдан соғайсанг, худди темир занги оловда тозаланганидек гуноҳлардан покланасан, дедилар» (Имом Абу Довуд ривояти).

Чақирилган жойга бориш мўминларнинг бир-бирларидаги ҳақларидандир. Уламолар никоҳ эълони учун чақирилган жойга бориш лозим, дейишган.

Қўлидан келса, мазлум кишига ёрдамлашиш вожиб бўлади. Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: Биродаринг золим бўлса ҳам, мазлум бўлса ҳам ёрдам бер”. Шунда бир киши: “Эй Расулуллоҳ, мазлумга-ку ёрдам берамиз, аммо золимга қандай қилиб ёрдам бериш мумкин”, деди. Шунда Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): Золимни зулм қилишдан қайтаришинг, унга қилган ёрдаминг бўлади, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Бир бандаи мўминни мунофиқнинг зулмидан ҳимоя қилган  кишини қиёматда фаришталар дўзах оловидан ҳимоя этади. Қудсий ҳадисда бундай дейилади: Иззат ва Жалолимга қасамки, албатта, золимдан тезда ва кейин ҳам интиқом оламан. Албатта, мазлумни кўриб ёрдам беришга куч-қуввати етиб унга кўмаклашмаган кишидан интиқом оламан” (“Китобут тавбеҳ”, Имом ибн Ҳиббон ривояти).

Пайғамбаримиз алайҳиссалом бўлар-бўлмас нарсаларга қасам ичишдан қайтарганлар. Аммо киши қасам ичса, уни оқлаши, агар қасамини бузса, каффорат тўлаши лозим бўлади.

Салом бериш суннат, унга алик олиш фарздир. Бир жамоадан бир киши саломга алик олса, бошқаларидан соқит бўлади. Агар ҳеч ким жавоб бермаса, барча бирдек гуноҳкор бўлади.

Саломни эшитган ёки лабларидан салом бериш ифодасини англаган кишининг алик олиши вожибдир.

Акса урган киши “алҳамдулиллаҳ”, деса, уни эшитганлар “ярҳамукаллоҳ”, дейиши лозим. 

Эркак кишига ҳам, аёлга ҳам кумуш ёки олтин идишларни ишлатиш, яъни унда таом истеъмол қилиш, сув ичиш мумкин эмас.  Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: Олтин ва кумуш идишларда сув ичманглар ва уларда овқатланманглар.

Эркаклар  олтин узук тақишдан қайтарилган. Подшоҳ ёки қозилар зарурий ҳолларда кумуш узук тақиши мумкин, холос.

Ипак матодан бўлган кийимларни кийиш эркак кишиларга ҳаромдир. Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ипак ҳарирни олиб ўнг ёнларига, бир олтинни олиб чап ёнларига қўйдилар. Сўнгра мана шу иккаласи умматимнинг эркакларига ҳаромдир”, дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).

 

Абдувоҳид ЎРОЗОВ,

Тошкент шаҳридаги “Пул емас ота” жоме масжиди имом ноиби

Сийрат ва ислом тарихи
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Имконияти чекланганларни қўллаб-қувватлаш давом этади

7.01.2025   5682   1 min.
Имконияти чекланганларни қўллаб-қувватлаш давом этади

Ўтган 2024 йили Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фонди раҳбариятининг Қатар давлатининг Ўзбекистондаги элчихонасида бўлиб ўтган учрашув давомида хайрия йўналишидаги бир қанча масалалар юзасидан музокаралар бўлиб ўтган эди. Хусусан, Қатар давлатининг фавқулодда ва мухтор элчиси кам таъминланган оилаларга ёрдам ажратиш, имконияти чекланган фуқароларни қўллаб-қувватлаш, улар учун касб ва билимга ўргатиш курсларини ташкил этиш, зарурий жиҳоз-ускуналар (эшитиш мосламалари, ногиронлик аравачалари, қўлтиқтаёқ ва протез ортопедия-маҳсулотлари) билан таъминлаш каби бир қанча йўналишлар доирасида фонд билан ҳамкорлик қилиш истагини билдирган эди.

Кеча ана шу музокаралар натижаси ўлароқ, Қатар давлати маблағлари ҳисобига харид қилинган юздан ошиқ ногиронлик аравачалари ва 80 га яқин қўлтиқтаёқлар “Вақф” хайрия жамоат фондига олиб келинди. Ногиронлиги бўлган фуқароларни қўллаб-қувватлаш акцияси доирасида келтирилган мазкур жиҳозларни топшириш жараёнида Қатар давлатининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси вазифасини вақтинча бажарувчи Фаҳад Али ал-Ҳаммадий иштирок этиб, фонд билан ҳамкорликдан миннатдор эканлигини, ўзгалар парваришига муҳтож инсонларга оз бўлсада ёрдам бераётганидан хурсандлигини билдирди.

Ўз навбатида “Вақф” хайрия жамоат фонди бошқаруви раҳбари Исохон Абдуллаев Қатар элчихонаси вакилига миннатдорлик билдириб, бу ҳамкорлик ҳар икки томон учун ҳам хайрли бўлаётганини, бу жиҳозлардан кўплаб инсонларнинг мушкули осон бўлишини таъкидлаб ўтди.

Ўзаро мулоқот давомида икки томон ҳам бу каби хайрли ташаббусларни янада кўпайтиришни мақсад қилишди.

Имконияти чекланганларни қўллаб-қувватлаш давом этади
Ўзбекистон янгиликлари